Абдукарим Зикирёев “Ҳинд сори”да пишган қовун ёхуд Мирзо Бобур кашфиётлари

Юртимиз дунёнинг энг қадимий тамаддун ўчоқларидан бири ҳисобланади. Кўҳна Турон заминида яшаб ижод этган олимлар дунё тарихи, илм-фани, маданияти равнақига улкан ҳисса қўшганлар. Бу асарлар дунё цивилизациясининг ўлмас ёдгорликлари сифатида алоҳида эъзоз топган. Бутун жаҳонга маълум ва машҳур бўлган шундай ёдгорликлардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асаридир.
ХVI асрнинг ноёб ёдгорлиги ҳисобланган бу асарда Мирзо Бобурнинг тарихда нафақат кучли саркарда, ҳукмдор ва шоир, балки етук илмий иқтидорга эга бўлган табиатшунос аллома сифатидаги фаолияти ҳам акс этиб турибди. Академик Азиз Қаюмовнинг таъкидлашича, “Бобурнома” мазмун эътибори билан қомусий асардир. Унда Марказий Осиё ва Ҳиндистон ўлкаларининг тарихи, адабиёти, географияси, табиати, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига оид қимматли ва энг ишончли маълумотлар жамланган. “Бобурнома“ни ҳажми ва қиммати, материалларнинг бой ва ранг-баранглиги, маълумотларининг кўламига кўра аллома илмий меросидаги шоҳ асар дейиш мумкин.
Мирзо Бобурнинг кузатувлари шунчалик аниқ ва образлики, улар ХV — ХХ асрлардаги машҳур Европа саёҳатчилари маълумотларидан аҳамияти, тўлиқ ва ишончли баёнлари билан устун туради. Бобур шундай ёзади: “Ҳисор ва Хатлон ва Самарқанд ва Фарғона яйлоқлари тамом Кобул вилоятининг яйлоқларига ўхшашдир… Тоғлари тамом Кофиристондур (ҳозирда Нуристон). Тоғларида ножу (қарағай) ва чилғўза (кедр) ва балут (дуб) ва ёнғоқ ёғочлари бисёр бўлур, ўсимликлари сероб…”.
“Бобурнома”дан келтирилган маълумотларнинг нақадар ишончлилигини айнан мана шу жойларда Бобурдан тўрт аср кейин — 1916 — 1926 йилларда илмий сафарда бўлган академик Н.И.Вавиловнинг мураккаб экспедицияси кундаликлари ҳам тасдиқлаб турибди. Унинг “Беш қитъа” деб номланган китобида экспедиция кундаликлари қуйидагича баён этилган:
“… Кобул тумани катта эди. Биз бу ернинг флораси советлар Ўрта Осиёсидаги ўсимликлардан кам фарқ қилишини кўрамиз….”. Н.И.Вавилов Нуристон тоғ ёнбағирларини: “Нуристон 2950-3000 метр баландликдан бошланади. У ерда типик ўрмон зонаси, нинабарглилар салтанати; қарағай, ёнғоқ ва дуб ўсади. Ўт қопламлари бой, ажойиб ўсимликлар макони…”, дея таърифлайди.
Бу икки китобда келтирилган маълумотлар бир жиҳатдан бир-бирига нақадар яқин бўлса, иккинчидан, “Бобурнома”нинг ниҳоятда юқори илмий савияда ёзилганини тасдиқлайди.
“Бобурнома”нинг катта бир қисми биология фанининг турли тармоқлари, хусусан интродукция, систематика ва классификация, биологик хилма-хиллик, экология, қўриқхоналар ва боғ яратиш соҳаларига бағишланган. Уларни ўрганиш, илмий изланишларда фойдаланиш, тарихий-илмий ҳақиқатни рўёбга чиқариш ва баркамол авлодни табиатсеварлик руҳида тарбиялашда ниҳоятда қўл келади.
Бобур замонида биология ҳали фан сифатида шаклланмаган эди. Шунга қарамай, у ўз асарида биринчилардан бўлиб табиат ва унинг мувозанати, ўсимлик ва ҳайвонларни номлаш, уларнинг таснифи, турли минтақаларнинг ўсимликларини иқлимлаштириш, бир жойдан иккинчи жойга кўчириб ўтқазиш ҳамда табиатни эъзозлаш ҳақида қимматли маълумотлар ёзиб қолдирган. “Бобурнома” муаллифи ўсимликлар интродукцияси, яъни ўсимлик турларини илгари ўсмаган, табиий шароити ўзгача жойларга кўчириш, иқлимлаштириш ва тарқатиш масалаларига катта эътибор берган. Бу жараён бутун жаҳон кўламида асосан XVI — XVII асрларда бошланган. Олимларнинг таъкидлашича, ҳозир ер куррасининг барча қитъаларида етиштирилаётган маданий ўсимликларнинг аксарияти интродукцентлар ҳисобланади. XVI — XVII асрларда Америкадан Европага маккажўхори, картошка, кунгабоқар, помидор, тамаки, қалампир ва бошқа неъматлар келтирилган. Шакарқамиш эса Америкага Жануби-шарқий Осиёдан Канар ороллари орқали интродукция қилинган. XVII асрдан бошлаб Америкада Европадан келтирилган олхўри, олма, нок, каштан ва бошқа дарахтлар ўстирилади.
Ўсимликлар табиий яшаш жойларидан янги ҳудудларга кўчирилганда унинг хўжалик жиҳатидан қимматли ҳисобланган белгилари яхшиланган. Яъни ҳосилдорликнинг ошиши, ўсимлик вазнининг кўпайиши, ҳар хил касаллик ва зараркунандаларга нисбатан чидамлилиги ортиши кузатилади. Ўрта Осиё ҳам бир қатор маданий ўсимликларнинг келиб чиқиш маркази ҳисобланади. Шу билан бирга XVI асрда ва ундан аввалроқ Ўрта Осиёга ҳам бу ернинг табиати учун номаълум бўлган ўсимликлар келтирилган. Шундай ўсимликлардан бири шакарқамиш. У Ҳиндистондан Афғонистоннинг Кобул вилояти орқали ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Денов ва Сариосиё туманларига келтирилган.
“Бобурнома”ни мутолаа қилган китобхон Марказий Осиёда ўсимликлар интродукцияси ер куррасининг бошқа қитъалари каби айнан XVI асрда бошланганлигига гувоҳ бўлади. Лекин илмий ва ўқув адабиётларида бу ҳақда маълумот берилмаган. Айрим олимлар Европадан Ҳиндистон ва Хитойга денгиз йўлларининг очилиши Марказий Осиёга янги, ноёб ва ғаройиб ўсимликларнинг кириб келишини чеклаб қўйган, Ўрта Осиё хонликларининг тарқоқлиги туфайли нафақат Америка ва Европадан, балки қўшни юртлардан ҳам ўсимликларни олиб келиб иқлимлаштиришнинг иложи бўлмаган, деб ҳисоблайдилар.
Бобур 1514 йили Одинапур қўрғони жанубида (Кобул вилояти) “Боғи вафо” деган катта боғ яратади. Ўша йили Пахор Хонни енгиб, Лахор ва Диболпур шаҳарларини эгаллайди ва у ерлардан банан келтириб, “Боғи вафо”га эктиради. Бананлар яхши ҳосил беради. Ундан бир йил аввал шу боғга шакарқамиш келтириб эктирган эди. У ҳам яхши ўсади. Шундан сўнг шакарқамишни Бухоро ва Бадахшонга юборади. Ўша пайтлар Бадахшон ва Бухоро мамлакати кенгликлари Денов ва Сариосиё ҳудудларида бир-бирига туташ бўлган. Шунинг учун ҳам Денов ва Сариосиёнинг табиий шакарқамишзорлари шўролар давригача сақланиб қолганди. Собиқ империя даврида бу ерларда шакарқамиш хўжалиги ташкил этилиб, унинг хомашёсидан Самарқанд вино заводида ром ишлаб чиқариларди. Демак, биз Ўзбекистоннинг жанубий туманларида ўсувчи шакарқамиш XVI асрда дастлаб Бобур томонидан интродукция қилингани учун буюк ватандошимиздан ҳар қанча миннатдор бўлсак арзийди.
Мирзо Бобур ўсимликларни нафақат жанубдан шимолга, балки шимолдан жанубга ҳам тарқатган. Бу ҳақда “Кобул ва кентда Сардсерий меваларидан узум ва анор, ўрик ва олма, беҳи ва олмурут, шафтоли ва олхўри, бодом ва ёнғоқ кўп бўлади. Мен олу-болу (тоғ олча) ниҳолларини келтируб эктирдим, яхши тоғолчалар бўлди ва ҳануз тараққий этмоқда”, деб қайд этган. “Бобурнома”да атиргулни, қовунни ва узумни ҳам Ҳиндистонга интродукция қилингани тўғрисида маълумот бор. Бобур 1526 йили Панипат шаҳрида “Кобул-Бахт” боғида биринчи марта Ўрта Осиё қовуни билан узумини ўстириш бўйича тажрибалар ўтказади. Унинг таъкидлашича, балхлик полизкор деҳқонни таклиф қилиб, қовун экишни буюради. Деҳқон етиштирган қовунларидан бир нечтасини Бобур ҳузурига олиб келади. Асарда ҳийлагина яхши қовунлар бўлгани таъкидланган. Бобур “Ҳашт беҳишт” боғига бир-икки ток кўчатини ҳам эктиради. Улар ҳам ривожланиб, яхшигина ҳосил беради. Шайх Гўран шу узумдан бир саватини Мирзо Бобурга юборади, унинг ҳосили ҳам ёмон бўлмаган экан. Бобур ўз мемуарида Ҳиндистонда қовун ва узумнинг бунчалик яхши ҳосил берганидан ўта хурсанд бўлганини ёзади. 1988 йили Тошкентда бўлиб ўтган анжуманда қатнашган Кашмир университети профессори Н.К.Пандит ва шоир А.Бисмиллаҳнинг гувоҳлик беришича, Ҳиндистонда ҳозир ҳам узумнинг “Ангури Самарқанди” нави етиштирилар экан.
Фанда ўсимликларни қўш ном билан, яъни оқ қайин, қора тол деб аташ швециялик биолог олим К.Линней томонидан киритилган деб эътироф этилади. Шунингдек, ўсимликларда ҳам жониворларда бўлгани каби жинсий кўпайиш мавжудлигини К.Линней аниқлаган деб тан олинган. Ҳолбуки, айнан шу даврларда Бобур ҳам (1483 — 1530) айрим ўсимликларни қўш ном билан ифода этган. Бобурнинг ёзишича, Кобул яқинидаги Гурбанд туманида “Дашти шайх” деган жой бўлиб, у ерларнинг баҳори жуда яхши келади, хилма-хил лолалар ўсади. Бобур лолаларнинг хилларини санаб чиқишни буюради. Ўттиз икки-ўттиз уч хил лола борлиги маълум бўлади. Бир нав лоладан қизил гулнинг ҳиди келгани учун уни Бобур “Лолаи гулбўй” деб аташни таклиф этади. Лоланинг бу тури “Дашти шайх”нинг бир бўлагида учраши, ўзга ерларда эса ўcмаслиги ҳам таъкидланган. Яна шу жойдан қуйирокда, Гурбандан чиқишда лоланинг бошқа тури ҳам учрайди. Унга “Лолаи Садбарг” деб ном берилади. Бу лола ҳам бир бўлак жойдагина учрайди холос. “Бобурнома”да келтирилган деярли барча дарахтлар, ўт-ўланларнинг номлари қўш ном билан ёзилган. Масалан, қулон қуйруқ, кўк шибоқ, меҳри гиёҳ, себи Самарқанди, анори донакалон ва ҳоказо.
Бобур айрим ҳолларда бир сўз билан айтиладиган ўсимлик номларини ҳам тўлиқ ифода орқали икки сўз билан ёзишга ҳаракат қилган: “Андижон вилоятида бу ўтни бутка ўти дейдилар. Нима сабабдан шундай ном билан аталиши маълум эмас эди, Кобул вилоятида уни “Бутаи ках” дер эканлар, чунки у бута-бута бўлиб ўсар экан”.
Бобур Ҳиндистоннинг жуда кўп ўсимлик ва гулларига ҳам таъриф беради. Ҳиндистон хурмоси тўғрисида ёзар экан, у дарахтнинг баъзи жиҳатларини ҳайвонларга ўхшатади. Сигирлар буқасиз қисир қолганидай, хурмо ҳам эркак гулли шохларини, урғочи гулли шохларга теккизмаса яхши мева бермаслигини ёзади.
Бинобарин, Бобур К.Линнейдан 200 йил аввал ўсимликларни қўш ном билан атаб, уларда ҳам ҳайвонларга ўхшаш жинсий кўпайиш мавжудлигига биринчилардан бўлиб аҳамият берган.
Бугун бозорларимиз иссиқ иқлимли мамлакатларнинг мевалари билан ҳам тўлиб-тошмоқда. Айниқса, банан, ананас, киви, кокос ёнғоғини йилнинг хоҳлаган фаслида харид қилишингиз мумкин. Бироқ илмий-техник савия тараққий этган ҳозирги кунда ҳам кўпчилик кокос ёнғоғини қандай чақишни билишмайди. Уни оғир нарсалар билан уриб синдириш натижасида ёнғоқ ичидаги шарбатнинг катта қисми тўкилиб кетади. Ҳолбуки, “Бобурнома”да кокос ёнғоғи шарбатининг бир томчисини ҳам исроф қилмасдан ажратиб олиш йўллари кўрсатилган: “…Яна норгулдур, араблар норжил дерлар. Ҳиндистонликлар нолир дейди. Норгул меваси Ҳиндистон ёнғоғидир, андин қора қошиқлар ясайдилар, улуғроғидан ғижжакнинг косасини қилурлар. Худди ёнғоққа ўхшаш устида кўк пўсти бўлур. Норгулни пўстини артгач, бир учида мусаллас уч тушук (чуқурча) ўрни зоҳир бўлур, иккитаси қаттиқ, бири эса бўш, андак ишорат билан тешиладур, бу тушукни тешиб, ул сувни ичадурлар. Мазаси ёмон эмас…”.
Бобур Ўрта Осиёнинг деярли ҳамма шаҳарларида бўлган. У жойларнинг иқлим шароитлари ва атроф-муҳит тозалигига тавсиф берган. У шундай ёзади: “Фарғона шаҳарларидан бири Ўш. У ерда ҳаво тоза, оқар сувлар кўп. Баҳори кўп яхши бўлади, Андижон сойи Ўшнинг маҳаллалари ичи билан ўтиб Андижонга боради. Бу сойнинг ҳар икки томонида боғлар кўп. Боғлар сой билан қўшилиб кетган, бинафша гуллари кўп латиф бўлади, оқар сувлари бор, баҳори жуда яхши бўлади, қалин лолалар ва гуллар очилади. Фарғона вилоятида сафо ва ҳавода Ўшга ўхшаш шаҳар йўқ”.
“Бобурнома”да Косонсойга ҳам яхши таъриф берилган. Унинг ёзишича, Косонсойнинг ҳавоси яхши сафоли, боғлари кўп, боғлар асосан сой ёқасида бўлгани учун “пўстини беш барра”, яъни худди қоракўл териси билан безатилган пўстинга ўхшайди, сафо ва ҳавода Ўш билан Косонсойнинг ўхшашлиги бор. Ҳавонинг мусаффолигини шоир боғ ва узумзорлар сероблиги билан боғлайди. “…Андижоннинг ошлиғи вофир, меваси фаровон, қовун ва узуми бисёр яхши бўлур. Андижоннинг ношпотисидин яхшироқ ношпоти бўлмас”. Бироқ, Андижон ҳавоси тоза бўлмагани учун, кузда кўпчилик безгак билан касалланади. “Фарғонанинг қадимий шаҳарларидан бири Хўжанддур. Унинг шимолий тарафида тоғ бор. Бу тоғда феруза кони ва баъзи бошқа конлар мавжуд. У ернинг ҳавоси жуда ҳам тоза эмас. Айтишларича, бу ҳолат шимолда жойлашган тоғлардаги кон ишлари билан боғлиқ”…
Бобурнинг ҳавони, табиий муҳитни ифлослантирувчи манбалар ҳақида ёзган маълумотлари ҳам унинг экологик мувозанат қонунларига биринчилардан бўлиб аҳамият берган донишманд инсон эканини кўрсатади. Бобурнинг табиатга, уни билишга, она юртнинг ўзига хос табиий хусусиятларини англашга муҳаббати бениҳоя кучли бўлган. У ҳаётдан, табиатдан завқланган, табиат ва жамият ҳодисаларига илмий тафаккур, яъни олимона эътибор билан ёндошган. Бобур “Ёмонлик қилганингдан кейин офатлардан эмин бўлмагин, чунки табиатнинг жазоси аниқдир”, деб ёзишининг боиси ҳам шунда.
Бобур қайси вилоятга борган бўлса, у ернинг табиати, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг хилма-хиллигини илмий асосда тасвирлаган. “Бобурнома”да келтирилган экологияга оид илмий дунёқараш билан танишув орқали ҳар бир китобхоннинг табиат инъом этган мўъжизалар, ҳайвонот ва ўсимлик олами, табиий ресурслар, мусаффо ҳавони эъзозлаш, ҳимоя қилиш ва келгуси авлодларга етказиш бурчини онгли равишда идрок этиш ҳисси кучаяди.
“Бобурнома”да Марказий Осиё ва Ҳиндистоннинг табиати, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, иқлими, атроф-муҳит ҳолатига оид бой маълумотлар мавжуд. Бу қомусий асарни чуқур таҳлил қилиш табитатшунослик, биология ва экология фанлари тарихини ўрганишда ҳам муҳим тарихий манба бўлиб хизмат қилади. “Бобурнома”ни ана шу нуқтаи назардан ўрганиш ва таҳлил қилиш айни чоғда Бобур қомусини яратишни ҳам кун тартибига қўяди, деб ўйлаймиз.

Абдукарим Зикирёев,
биология фанлари доктори, профессор
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 6ғсонидан олинди.