Нодир Рамазонов. “Узумни ёнчғондин сўнгра…” (2008)

Алишер Навоий ғазалиётида мукаммал ишланган мавзулардан бири май мавзусидир. Май Навоий лирикасида ёрга етиштирувчи восита сифатида талқин этилади. “Хазойин ул-маоний”га кирган 2600 ғазалнинг етмишга яқини бошдан охиригача май мавзусидадир. Бундан ташқари, яна 800га яқин ғазалда май мавзуси қаламга олинган. Одатда, май мавзуси билан боғлиқ байтлар ғазалнинг кульминацион байтлари бўлиб келади ва унда илгари сурилган ижтимоий-ахлоқий муаммонинг ечими вазифасини ўтайди.
Май улуғ шоир лирикасида ичимлик мазмунида эмас, балки символик — илоҳий файз, илҳом маъносида қўлланган ва мураккаб образ даражасига кўтарилган мавзу. Аммо ҳар қандай образ ҳаёт воқелигига асосланади. Шу маънода, Навоий майни образ сифатида тасвирларкан, унинг деталларини, шаклий белгиларини ўша давр маиший ҳаётидан олади. Биз май мавзуси қаламга олинган байт ва ғазаллар орқали ўша давр кишиларининг маиший турмуши ҳақида муайян тасаввур ҳосил қиламиз. Қуйида Навоий асарларида май ва унинг навълари ҳақидаги, май ичиш одоби билан боғлиқ, май тайёрлаш ва уни истеъмол қилишда фойдаланилган идишлар ҳақидаги маълумотларга тўхталмоқчимиз.
Аввало шуни таъкидлаш керакки, май азалдан шарқ табобатида, жумладан, Навоий даврида ҳам, турли касалликларни даволашда кенг қўлланган. Масалан, Алишер Навоий “Муншаот”даги мактубларидан бирида адресатга (унинг кимлиги ҳозирча номаълум) мурожаат этиб, ўзи қурдирган “Дор уш-шифо”даги беморлар учун май юборишини сўрайди. У айнан қандай навли май лозимлиги, унинг тайёрланиш усули ҳақида ҳам батафсил ёзади: “Ҳукамо қавли бода тарбиятида мундоқдурким, киши тиласаким, май улча мумкиндур талх келгай, қуярда керакким, узуми улча мумкиндур чучумиш бўлғайким… узум ҳар неча чучукрак бўлса, бодаси аччиқроқ келур. Бу мазкур бўлғон узумни ёнчғондин сўнгра янги купгаким, неча қатла ёғлағондин сўнгра қалин мумламиш бўлғайлар — қуюлғай ва бир йилдан сўнгра сузгайлар, дағи уч ой таъриф қилғон йўсунлуқ купда бошин беркитиб қўйғайлар. Ондин сўнгра соф шишаларга солиб қирқ кун бек тоқларда қўйғайлар… Ондин сўнгра ул май тўрт сифатқа мавсуф бўлур (яъни бундай майнинг тўрт хусусияти бўлади): сафойи лавн (тиниқ рангли), тийби таъм (хуштаъм), атри ройиҳа (хушбўй, ёқимли ҳидли), эътидоли қуво (мўътадил қувватли, яъни жуда ўткир, кучли ҳам, кучсиз, таъсирсиз ҳам эмас). Бу навъ тартиб била тўрт сифатқа мавсуф бўлғон жинсдан оз миқдори кўп маразға илож бўлур, деб муқаррар қилибтурлар. Бу вақтда “Дор уш-шифо”дағи ғурабо ва муразодин (беморлар) баъзиға атиббо (табиблар) буйруғи била бу навъ жинс дарбойист бўлубтур. Хотирға андоқ келдиким, чун ул фарзанд кўпрак авқот бу амрға иштиғол кўргузур, анинг сувчихонасида шак йўқки, бу навъ жинс бўлғусидур. Ондин бирор нима юборилса, нотавон ғарибларға ва сиҳҳат сармоясидин бенасибларға агар қуввате ва сиҳҳате етишса шак йўқки кулли савоб анинг зимнида бўлғусидурур”.
Навоийнинг мактуби орқали бизгача қимматли этнографик маълумотлар етиб келган. Муҳими шундаки, мактубда тилга олинган масалалар — узум қанча ширин бўлса, май шунчалик аччиқ (ўткир) бўлиши, майнинг шифобахшлик хусусиятлари, унинг сифатларига оид маълумотлар Навоий лирикасида тўла ўз аксини топган, кўчма, символик мазмунда талқин қилинган.
Навоий асарларида майнинг бир неча нави ҳақида маълумот берилади. Булар: қизил, асфар (сариқ), кўк (райҳоний), жигарранг, ноб (тиниқ, рангсиз) майлар; бундан ташқари, улуғ шоир гул (лола, насрин), гулоб, тарёк, афюн қўшиб тайёрланган май навлари, аччиқ, аммо таъсири кучли “жуҳудий бода” ҳақида маълумот беради. Энг кўп қаламга олинган май нави қизил майдир:

Бўйлаким лаълинг майининг шавқидин маст ўлмишам,
Бодадек қоним тўк, этсам бодайи ҳамрони ёд.

“Бодайи ҳамро” — қизил май. Ёрнинг лаълдек лаблари шавқидан маст лирик қаҳрамон ёдига асло қизил май ва ундан етадиган роҳат келмайди.

Ёки:
Қўй гулу булбулни, гулгун май тўла тут булбула,
То ўқут булбул мақолотини очиб гул дафтарин.

Асфар (сариқ) май:

Майи асфарки тўкулмиш қўюбон юз ичсам,
Каҳрабони кўрунгуз жилва қилур коҳ чекиб.

Яъни мен сомонга бош қўйиб сариқ майдан ичганда томган май томчилари худди каҳрабо сингари сомонларни ўзига тортиб олади. Байтдаги май илоҳий файз маъносида ишлатилган ва бу билан шоир илоҳий файзнинг нафақат инсонга, балки жонли-жонсиз барча мавжудотларга бирдай таъсир ўтказишини бадиий ифодалаган.

Ёки:
Маеким — оташин, чиқғай сариғ гуллар, агар деҳқон,
Томизса қатра андин суварур чоғда бўстонин.

Яъни агар деҳқон боғини суғораётган маҳалда сариқ рангли (оташин) майдан сувга бир томчи томизса, унинг боғида сариқ гуллар унади. Бунда майнинг (албатта, мажозий маънодаги) борлиққа таъсири, ўзгартирувчанлик хусусияти ўз бадиий ифодасини топган.
Кўк (райҳоний) май:

Хати райҳони ичра бодайи лаълин хаёл айлаб,
Учар ҳар лаҳза руҳум, соқиё, тут роҳи райҳоний.

Лирик қаҳрамон соқийга мурожаат қилиб, ундан ёрнинг хати — юзидаги кўк майса сингари тукларига монанд май тутишини ўтинади.
Жигарранг май:

Олам аҳлидин агар йўқтур жигаргун соғаре,
Кошки юз минг қадаҳ хуни жигар ҳам бўлмаса.

Яъни олам аҳлику менга жигарранг соғар тутмайди (қувонч, фараҳ, хурсандлик етказмайди), кошкийди юз минг қадаҳ жигар қони тўлдирилган қадаҳ ҳам тутмаса. Бунда шоир ўзининг жамиятга муносабатини май мавзуси орқали ифодалаган ва “жигарранг соғар” деталидан моҳирона фойдаланган.
Ноб (тиниқ, соф) май:

Давр эл соғарини қилди майи ноб тўла,
Жуз менинг эски сафолимники, хуноб тўла.

Яъни давр бошқаларнинг қадаҳини соф май билан тўла қилди (уларнинг тилак, мақсадларини рўёбга чиқарди, хурсанд қилди), фақат менинг эски пиёламни юрак қони билан тўлдирди.
Албатта, юқорида келтирилган мисоллардаги май мажозий характерга эга, бироқ унинг навлари, ранги ҳақидаги маълумотлар, таъсири тўғрисидаги қайдлар реал ҳаётий заминдан олинган ва кўчма, символик мазмунда талқин қилинган.
Навоий ғазалларида турли гиёҳ, гул, моддалар (тарёк, афюн) қўшиб тайёрланадиган (мамзуж — аралаш, аралаштирилган) майлар ҳақидаги маълумотларга ҳам дуч келамиз. Масалан, лола ва насрин қўшиб тайёрланган майнинг хусусияти унинг турли рангда товланишидир:

Боғи ҳуснунгким гул очти ранг-ранг, эй муғбача,
Гўё ичтинг майға барги лолаву насрин солиб.

Ёки:
Гўшаи майхонадин гулшанға борманким, манга,
Гул уза насрин — майи гулранг уза куп ёғи бас.

Юқоридаги байтлардаги “насрин” — оқ рангда очиладиган гул тури. Қизил май устидаги хум ёғининг оқ доғлари (биз юқорида келтирганимиз мактуб мисолида хумнинг май солинишидан олдин бир неча қатла ёғланишини кўриб ўтган эдик) қизил гул устига оқ гул сочгандек гўё. Демак, Навоий даврида майга лола, насрин ва бошқа гулларнинг баргларига солиб истеъмол қилиш одати бўлган ва ушбу одат билан боғлиқ маълумот кўчим сифатида шоир ғазалиётига ўтган ва мажозий маънода талқин этилган.
Бундан ташқари, тарёк ва афюн (қорадори) қўшилган майлар ҳам тиббиёт мақсадларида кенг истеъмолда бўлганини қуйидаги байтлар тасдиқлайди:

Қасдим этмиш ҳажру бехудлуғ иложимдур даме,
Майға афюн ёр қил гар айлар эсанг ёрлиғ.

Ёки:
Майда афюн эзгил, эй муғким, бу эски дайр аро,
Телбарармен ғуссадин гар бир нафас ҳушёрмен.

Навоий ғазалларидаги май мавзуси билан боғлиқ этнографик маълумотлар орасида май ичиш одоби, тартиб-қоидаси билан боғлиқ қайдлар ҳам мавжуд. Масалан, филология фанлари доктори, профессор А.Абдуғафуров “Бадоеъ ул-луғот”га таянган ҳолда Навоийнинг:

Ғам ғизоси орасинда қани туркона аёғ,
Тўра ойини била томса тўқуз, оқса ўтуз —

байтидаги “тўра ойини” ибораси ва у билан боғлиқ май ичиш қоидасини батафсил таҳлил қилган. “Тўра ойини” билан боғлиқ май ичиш қоидаси, шунингдек, қуйидаги байтда ҳам акс этган:

Муғанний бир навое туз, Навоий нағмае кўргуз,
Аёқчи, томса тут тўққузки, Доройи жаҳон келди.

Эски одатларга кўра, май ичиб бўлингач, қадаҳнинг тагида бир томчи май қолса — тўққиз қадаҳ, мабодо оқадиган миқдорда май ичилмай қолса — ўттиз қадаҳ жарима қуйилган. Навоийнинг май мавзуси тасвирида ушбу одатни қаламга олиши “тўра ойини” ўша давр зиёфатларида амалда бўлганини кўрсатади.
Навоий ғазалларида май тайёрланадиган ва ичиладиган идиш турлари ҳақида ҳам маълумот берилади. Май тайёрланадиган идишларнинг кенг истеъмолда бўлгани хум, куп. Май ичиш учун мўлжалланган идишларнинг энг кўп учрайдиганлари эса қадаҳ, жом, зарф ва батдир. Навоий биллур қадаҳ ҳақида маълумот берган:

Соқиё, дай шиддатидин ақлу ҳис бетоб эрур,
Чораси жоми биллурин ичра лаъли ноб эрур.

Дай — қишнинг энг совуқ ойи ва ундан қутулишнинг чораси — биллур жом ичидаги соф май. Байтда камдан-кам учрайдиган ҳолат — майнинг ўз маъноси, яъни ичимлик мазмунида ишлатилганини кўришимиз мумкин. Байтдаги май баданни қиздирувчи ва қишнинг қаҳратонига қаршилик кўрсатишга кўмаклашувчи восита.
Бат — араб тилида ўрдак дегани. Бироқ “бат” Навоий ғазалиётида ўрдак шаклида ясалган қадаҳ маъносида келади:

Май батининг кўр нишотафзолиғин ҳузн аҳлиға,
Ким, сочар суҳбатни гарм айлар учун минқори ўт.

Яъни ўрдак шаклида ясалган май идишининг ғам аҳлига (ошиқларга) роҳатбахшлиги шу даражадаки, суҳбатни қизитиш мақсадида унинг тумшуғидаги тешикчалардан (минқор) ўт сочилади. Кўриб турганимиздек, бат шунчалик ўрдакка монанд қилиб ишланган идишки, ҳатто унинг тумшуғи ва ундаги тешикчалар ҳам яққол намоён бўлган.
Навоий лирикасидаги май, унинг навлари, май ичиш одоби билан боғлиқ маълумот ва деталларни ўрганиш бизнинг ХV аср маданий-маиший ҳаёти ҳақидаги тасаввурларимизни кенгайтиради; Навоий шеъриятининг реал ҳаёт билан алоқаси, реалистик элементларнинг бадиий талқинида шоир маҳорати масаласини ўрганишда катта аҳамият касб этади; май — абстракт мавзу, мураккаб образ бўлиб, унинг талқин ва тасвирида реал ҳаётий деталлардан фойдаланиш мазкур мавзунинг тушунилишини осонлаштиради, шоир ва ўқувчи орасидаги масофани яқинлаштиради, Алишер Навоийнинг юксак фикрларини англашда кўприк вазифасини ўтайди.

Нодир Рамазонов,
ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги
Тил ва адабиёт институти илмий ходими
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 6-сонидан олинди.