Игнанинг тешигидай булоқчалардан, ипдай-ипдай ирмоқлардан бошланган дарё умид билан денгизга интилади. Аммо яхши ният – ярим мол… Чоҳ, чириган тўнгак, ҳиссиз харсанг шўх ирмоқча йўлини тўсиб ташлаши мумкин. Инсон умри ҳам ирмоқ, ариқ, дарёникига ўхшайди. Озод Шарафиддинов дарёдай жўшганича олтмиш йиллик машаққатли, мураккаб йўлни босиб ўтди.
Истиқлол барча юртдошларимизга, жумладан, устозга туганмас куч, имконият берди. Бинобарин, Озод ака истиқлол моҳиятини чуқур англади, имкониятларидан унумли фойдаланди. Олтмиш йилда амалга оширмаган ишларни 10-15 йил ичида тўла-тўкис, юксак мақомда уддалади. “Жаҳон адабиёти” журналининг юзта сони, “Ижодни англаш бахти”, “Довондаги ўйлар” китоблари, кўплаб таржималари, ватандошларига айтган безавол фикрлари Озод Шарафиддиновдан қолган бебаҳо бойлик, қадриятдир.
Умрининг сўнгги ўн йилида устоз глобаллашувнинг иссиқ, совуқ нафасини ҳис қилиб яшади. “Нажот — ҳамкорликда”, “Барселонада ўзбек патири”, “Eътиқодимни нега ўзгартирдим?”, “Виждон керакдир инсонга”, “Мангулик шуъласи” сингари мақолаларида чайқалиб турган олам руҳи сезилди, жаҳоний тафаккур юксаклиги кўзга ташланди. “Мана, салкам ўн йилдирки, жонажон юртимиз кўксида Мустақиллик байроғи мағрур ҳилпирамоқда, — деб ёзган эди О. Шарафиддинов “Виждон керакдир инсонга” мақоласида. — Биз аллақачон мустақилликнинг буюк қудратини, меҳнаткаш халқ оммасига нималар беришини амалда кўриб турибмиз… Лекин мен шу йилларда фавқулодда муҳим бир соҳада ўзгаришлар қилина бошланганини алоҳида таъкидламоқчи эдим. Бу маънавият соҳасидир… Биз янги, демократик, адолат қарор топган жамият қурмоқдамиз. Бу жамият фақат халқ хўжалиги ривож топган фаровон жамиятгина бўлиб қолмай, виждон ва инсоф, иймон ва адолат каби умумбашарий қадриятлар тантана қилган жамият ҳам бўлмоғи керак”. Озод домла Юртбошимизнинг глобаллашув жараёнида маънавиятнинг ўрни, аҳамияти ҳақида зарур ва теран фикрлар айтилган “Юксак маънавият – енгилмас куч” (2008), “Eнг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш” (2009) асарларини кўрмадилар. Агарки, устоз ушбу асарларни ҳам ўқиганида эди, жуда-жуда қувонган бўларди. Негаки, ҳар икки китобда глобаллашув жараёнида маънавиятнинг ўрни, аҳамияти ҳақида зарур, теран ва бетакрор фикрлар айтилган.
Озод Шарафиддинов умр бўйи ёшлар билан бирга бўлди: таълим-тарбия берди, асарлар ёзди, таржималар қилди, давраларда тўлиб-тошиб сўзлади. Бошқача айтганда, устозлик О.Шарафиддиновнинг табиатига сингиб кетган эди. У устоз-шогирдлик фалсафасини чуқур англар, ўргатувчи масъулияти, ўрганувчи бурчини мукаммал биларди.
Маълумки, истиқлолдан кейин мангу силсила — устоз-шогирдлик муносабати тараққий этди. Юртбошимиз устозлар обрўсини кўтарди, шогирдлар учун лозим шароитларни яратиб бермоқда. Донишманд инсонлар устоз-шогирдлик муносабатларини ҳозирги замон талаблари билан бойитади, тўлдиради.
Аслида Озод Шарафиддинов устозлардан ёлчиган шогирд эди. У отасидан кўрмаган меҳрни, мардона муносабатларни Қ.Аҳмедов, С.Комилов, М.Содиқовдай мактаб ўқитувчиларидан, шоир Ҳасан Пўлатдан кўрди. САГУ (ҳозирги ЎзМУ)га киргач, ҳақиқий устоз-шогирдлик муносабатларининг гувоҳи бўлди. Ҳозирги Миллий университет қадимдан чин зиёли, миллатпарвар олимлар йиғилган муқаддас даргоҳ бўлган. Бу ерда устозу шогирдларнинг ёзилмаган қатъий қонуни бўларди. Аввало, устоз шахсий алам, дардларини зинҳор достон қилмас, минбардан фақат ҳақ гапни айтарди. Олимлик ва одамийлик — университетдаги устознинг юксак сифати бўлмоғи шарт эди.
Дорилфунунда дарс берган одам борки, олим, сиймо бўлавермаган. Илмий ходим ҳам мақолалар ёзади, изланишлар олиб боради. Талабаларга маъруза ўқиган, амалий машғулот олиб борганларнинг бари устоз саналмаган. Олим ва устоз — университетнинг таянчи, бетакрор ўзлиги, ўқитиш, таълим беришдаги безавол йўсин. Озод Шарафиддинов университетда ҳақиқий олимларни кўрди, чин устозларни топди. Шу кунларда “Домлалар” деган китоб ўқувчилар қўлига етиб борди. Унда Озод Шарафиддиновнинг бетакрор фазилатлари, одам танлашдаги тамойиллари, олимлик ва одамликни ўта нозик талқин қилгани кўзга ташланади. Унда йигирмата уста домланинг бетакрор хусусиятлари акс эттирилган. С.Қосимов, ака-ука Воҳидовлар, Н.Долимов, Ғ.Каримов, А.Саъдий, З.Мирҳожиев, К.Зелинский, М.Алавия, М.Қўшжонов, Т.Иброҳимовлар — тиниқ, ёрқин характерлар.
Синчков Ёзувчи шу характерларни ҳаракатга келтириб зўр асар яратиши мумкин. Шўро замони ҳақиқий олимнинг ярқ этиб кўринишини қўлламаган. Ажойиб олимлар ўзларига “имидж” танлашга мажбур бўлганлар. Масалан, Солиҳ Қосимов ўзи ясаган ниқобга ишона бошлаган. Устозлар ҳар хил кишилар бўлишларидан, шахсий ҳаётларидаги йўқотиш, қийноқларидан қатъи назар олимлик моҳиятларига хиёнат қилмаганлар. Турсун Иброҳимов деган тилшунос аждаҳо комидан қайтган — ўлимга ҳукм этилган инсон эди. У қамоқдан қайтгач, САГУда тилшуносликдан дарс берган. Озод Шарафиддинов Т.Иброҳимовдаги энг нозик нуқтани бундай тасвирлайди: “Кам куларди, бироқ бирор муносабат билан жилмайиб қўйса, шунда ҳам кўзидаги мунг йўқолиб кетмас, табассуми ҳам алланечук ғарибона ва аянчли кўринарди”.
“Юсуф Тоҳирий бағри кенг, талабалар билан ота-боладай муомала қиладиган инсон эди. Унинг дарсидан ҳеч ким хуноб бўлиб чиқмасди. Домладаги оҳанрабо талабаларни зумда ўзига тортиб оларди Мен ҳам Тоҳирий домла талабаси бўлганман. Бир куни домла аудиторияга пилдираб кириб келди. Дўмбоқ-дўмбоқ қўлларини кафедрага қўйди-да:
— Ўзвакнинг болалари, бир гап айтайми? — деди. Домла ҳангома бошламоқчи-ю, талаба қарши бўладими?
— Айтинг, домла. Эшитамиз, устоз.
— Мен композитор бўлсам, бир опера яратардим. Унга тож қилиб “Феруз” ашуласини кийдирардим. Ҳамма тинчиб қолди. Домланинг кўзидан ёш келди.
— Энди дарсни бошлаймиз, — деди домла.
Мана шундай улуғ инсон фирқавий идораларда ўзини юқотиб қўйган. Айтадиган муҳим гапини унутган”. Ҳа, “Домлалар” китобининг фазилатлари кўп. Ҳали бу асар, устоз ва шогирдлар ҳақида кўп гаплар айтилади.
“Домлалар”да О. Шарафиддинов У. Норматов, Н. Каримов, И.Ғафуров, Б. Қосимов, Н. Бобохўжаев, С. Содиқ ҳақида ғурур билан ёзган. Домла шогирдларини қанчалик эъзозласа, шогирдлар ҳам ҳамиша устоз ҳурматини жойига қўйдилар. Устоз ва шогирдлик — муқаддас, мангу ришта. Озод ака устоз-шогирдлик силсиласи давом этса, маънавият, инсонийлик, инсоф, эзгулик миллат фазилати бўлиб қолаверишига ишонарди.
Абдуғафур Расулов,
филология фанлари доктори
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).