Абдулла Тожибоев (1909-1998)

Абдулла Тожибоев (Әбділда Тәжібаев) Қизил Ўрда шаҳрида дунёга келган. Интернатда ўқиб тарбияланган. 1948 йилда Қозоғистон Давлат университетининг филология факультетини битирган. Шундан кейин ёшлар газетасида Бош муҳаррир ўринбосари, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси бошқармасининг Раиси, котиби, “Қозоқ адабиёти” газетасининг Бош муҳаррири, М.Авезов номидаги Адабиёт ва санъат институтида бўлим мудири вазифаларида ишлаган.
Илк шеърлари 1927 йилдан чоп этилган. Қозоғистон Олий кенгашининг Фахрий Ёрлиғи, Давлат мукофоти билан тақдирланган. 1985 йилда “Қозоғистон халқ шоири” фахрий унвонига сазовор бўлган.
“Чин юракдан” (1949), “Севган юраклар” (1951), “Ҳаёт ва шеърият” (1962), “Таниш овозлар” (1984) каби кўплаб тўпламлари нашр этилган.
Абдулла Тожибоев – XX аср қозоқ шеъриятида ёрқин из қолдирган шоир. Унинг лирик шеърларини ёд билмайдиган қозоқ йўқ деса бўлади.

ОЛТМИШ ЁШ

Қоратов бошини босди оппоқ қор,
Босди-ю, ярқираб қолди у мангу.
Ям-яшил қирларни тарк этди виқор,
Сап-сариқ япроқлар тўкилар дув-дув.

Қоп-қора сочимни босди оппоқ қор,
Босди-ю, йилтиллаб қолди умрбод.
Қип-қизил юзимда энди ўзга ҳол,
Ён-атроф олису ўзгача ҳаёт.

Биламан, қайтадан барқ урар офтоб,
Биламан, қайтадан қизийди тупроқ.
Майсалар гуркираб ниш урар шитоб,
Қайтадан яшарар ям-яшил япроқ.

Ва лекин қайтмайди менинг баҳорим,
Чарақлаб ёнмайди кўзим, нигоҳим.
Кўксимда йўқ менинг оҳ ила зорим,
Ҳали ҳам беқиёс ҳаётим, боғим!

Шуҳрат таржимаси

ШОИРЛИК

Шоирлик оғир меҳнат тушунганга,
Кон қазувчи, тош йўнувчи ишиндан-да.
Ёлғизсан, ёрдам тилаб ололмайсан
Энг яқин, энг суюкли кишингдан-да.

Ажибдир илк севгига дучор кезинг,
Ғойибдан дунёларни қучар кезинг.
Ўйингда уя қурган полапонинг
Юксакка қанотланиб учар кезинг.

Ажибдир туғилиши туйғуларнинг,
Кўзингдан қочар пайти уйқуларнинг
Ҳисларинг юрагингда мавжланганда
Ажибдир товланиши ёғдуларнинг.

Осонмас руҳинг ерга ҳеч қўнмаса,
Таскину тасаллига ҳеч кўнмаса;
Яъниким шеър қийноғи юрагингда
Ҳовурин чиқармаса, ҳеч сўнмаса.

Билмайсан шунда кимга не дерингни,
Бер, дейсан, ширин дамлар, кўмагингни,
Қопқоғин ёнартоғнинг очиб юбор,
Осмонга рўпара қил юрагимни!

БЕТКЕНБОЙГА

Ёш эдинт, айландинг-ов қартимизга*,
Ётибди талай йиллар ортимизда.
Бир кезлар олов-оташ қалблар эдик,
Қолмапти бугун шундан ёртимиз-да.

Ортмайин отимиз-да, донғимиз-да,
Шунда ҳам керак эдик халқимизга.
Бугунга айнимасдан етдик омон
Бурунги букилмаган қалпимизда.

Юрдик биз кечикиб, гоҳ эрта кетиб,
Қўймади ҳеч ким бизни эркалатиб.
Умримиз ардоқлаган ушбу юртдир,
Ўстирди ўтдан қўрқмас эркак этиб.

Бировлар ўз наздида ўлмас гўё,
Умрининг чўғи сўниш билмас гўё.
Тўйгач сўнг кекиради, қаприқади,
Сир суви тиззасидан келмас гўё.

У жуда улуғ, оддий эрмас гўё,
Ҳар кимдек ўз ризқини термас гўё.
Уяту андишани қайдан билсин,
Ундайга худо жазо бермас гўё.

Беткенбой, айландинг-ку қартимизга,
Қолибди талай йиллар ортимизда.
Етайлик хуш айёмга қўл ушлашиб,
Бурунги сутдек тоза қалпимизда.
______________
* Қари, кекса маъносида.

ТИЛАК

Мен бугун сочи оқ-оппоқ
Абдулла деган отаман.
Кун сайин сенга, Ватаним,
Оқ тилак тилаб ётаман.

Оқ тилак тилаб ётаман,
Оқ феъли шундоқ отанинг.
Такрорлаб сўзин тилагим,
Сенга бахш этгум, Ватаним.

Тоғларим турcин силкинмай,
Денгизим тинсин хўрсинмай,
Қуёшим ёнсин ярқираб,
Ойдиним турсин ялтираб.

Тиниқсин яқин, олислар,
Тиниқсин тегра-атрофлар.
Қон тўкар офат урушдан
Титрамасин ҳеч япроқлар.

Оҳлар тортмасин сибизғам,
Қайғуланмасин куй сира.
Ингранмасин ҳеч қўбизим,
Ғуссаланмасин дўмбирам.

Неварам ўйнаб-кулсин-ей,
Капалак қувиб юрсин-ей.
Куз пайти кетган оққувим
Кўкламда қайтиб келсин-ей.

Оққувим қайтиб келсин-ей,
Мовий кўлига қўнсин-ей,
Оқ булутларни кўрсин-ей,
Сўнг шўх сайраб берсин-ей.

Мен бугун сочи оқ-оппоқ
Абдулла деган отаман.
Янги йил келди — йўлларинг
Оқ бўлсин доим, Ватаним!

* * *

Тун — мудраган қора бароқ мисоли,
Мудрайди у жунбушлардан тинч, холи.
Бу чоғ кимдир тебратади ғойибдан
Қалбимдаги ўланга эш хаёлим.

Кўнглим тинчдир кундуз ёнган яловдай,
Аллалайман туйғуларим ҳуркитмай.
Тек қотмишдир рўпарамда ўйларим
Бурчакдати тўмағали* бургутдай.
______________
* Бургутлар бошига кийдириб қўйиладиган халта-каллапўш.

* * *

Кўкни кўрдим, кўкламга яна етдим,
Чечаклари товланди чекка-четнинг.
Қоратўрғай чақирди деразамдан
Еп-енгилдай турдим-да, юриб кетдим.
Ва шу зум бу кўкламга етмаган кўп
Дўстларим номини жим зикр этдим.

* * *

Мен ҳам шу юрт кўркининг бир хумори,
Мен ҳам уни севаман эл қатори.
Сохта ўлан ҳеч қалбни титратмайди,
Асл шеърнинг бўлмайди ҳеч ғубори.
Наҳот менинг қалбимда ёлғон жарчи?
Ханжар билан қоқ ёриб қаранглар-чи.

* * *

Ўй-хаёллар эргаштирса изидан бог,
Етолмайди унга агар чопса-да от.
Адоғи йўқ ўкинчларга кўмилгайдир
Виждони-ла баҳсга тушса ҳар қандай зот.
Шу аснода тунги уйқу бузилади,
Шундайларга ажал кўзи сузилади.

* * *

Туққан юртга ўтади эркалигим,
Абекем, — деб сийлайди элим бугун.
Тиришса ҳам номимдан не бир каслар,
Босолмас асло улар қалбим унин.
Қозоққа етса бас-да сўзим, ахир,
Эмасми бу мен учун буюк фахр?!

Мирпўлат Мирзо таржималари