Умарали Норматов. Қодирийнинг сўнгги илтижоси

Адиб ҳаётининг ўқилмаган саҳифалари

Улкан сўз санъаткори Қодирий 1937 йил 31 декабрда ҳибсга олинганидан сўнг, то 1956 йилга қадар, салкам йигирма йил давомида, унинг табаррук номини тилга олиш имкони бўлмади, фақат адибнинг ўзи эмас, асарлари ҳам қатағон қаҳрига учраб, бу буюк зот ижодий мероси, қисмати ҳақидаги бор ҳақиқат сир сақланди. Мустабид ҳукмдор вафотидан сўнг, айниқса, эллик олтинчи йили, унинг мудҳиш кирдикорлари ошкор этилгач, кўплаб қатағон қурбонлари қатори Қодирий шаънини қайта тиклаш, ижодий меросини халққа қайтариш, адиб фожиавий қисматига оид бор ҳақиқатни юзага чиқариш ҳаракати бошланди. Бу қутлуғ ишда ҳақиқатпарвар, қалби пок, фидойи давлат арбоблари, адиблар, журналист, адабиётшунос олимлар қатори ёзувчининг садоқатли фарзандлари – Ҳабибулла Қодирий билан Масъуд Абдуллаевнинг хизматлари беқиёсдир. Ҳар иккалови ҳам сўнгги нафасига қадар, ота шаънини ўрнига қўйиш фикри-ёди билан яшаб ўтдилар. Ҳабибулла Қодирийнинг ҳаётлигида икки бор чоп этилган “Отам ҳақида” деб номланган хотиралар китоби, умри сўнггида ёзилиб, вафотидан сўнг “Ёшлик” журналида эълон этилган “Қодирийнинг сўнгги кунлари” ҳужжатли хотира қиссаси, Масъуд Абдуллаевнинг бир қатор хотиралари қодирийшуносликнинг бебаҳо ҳужжатлари бўлиб қолди. Улар ёнига адабиётшунос олимлар, фидойи публицистлар, ёзувчиларимизнинг улуғ адиб қисматига оид мақола, эссе, тадқиқот, рисолаларини ҳам қўшадиган бўлсак, бу борада, кўп хайрли ишлар амалга оширилганлигига гувоҳ бўламиз. Истиқлол йилларига келиб, қодирийшунослик кўлами янада кенгайди, теранлашди, адиб ҳақидаги бор ҳақиқатни айтиш учун кенг йўл очилди.

Шунга қарамай, афсус, ҳанузга қадар Қодирий ҳаёти, фаолияти, унинг фожиавий қисмати, хусусан, Москвада Валерий Брюсов номли Адабиёт институтида ўқиган даври, шоҳ асарлари – “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романларининг дунёга келиш тарихи, адибнинг уларга материал йиғиш учун Қўқон ва Марғилонга қилган сафарлари, шунингдек, 1936 йилги Қозон сафари тафсилотлари етарлича ёритилган эмас. Айниқса, адиб умрининг поёни – унинг қаерда, қай тарзда қатл этилгани, табаррук жисми – хоки-поки қаерда экани ҳанузгача аниқлангани йўқ. Тўғри, Давлат Хавфсизлик қўмитаси архивида сақланаётган “Абдулла Қодирий иши”да ўлимга маҳкум қилинганлиги тўғрисидаги суд ҳукми 1938 йил 4 октябрда ижро этилгани ҳақида аниқ ҳужжат-маълумот мавжуд. Аммо у қаерда, қай тарзда амалга оширилгани хусусида ишончли ҳужжат йўқ. Куюнчак адабиётшунос олимлар, жумладан, Собир Мирвалиев бу жумбоқни аниқлаш йўлида кўп саъйи ҳаракатлар қилди, олимнинг 2004 йили “Фан” нашриётида чоп этилган “Абдулла Қодирий” китобининг “Қатағон фожиалари” бобида ана шу саъйи ҳаракатлар жараёни батафсил ёритилган. Аммо уларни узил-кесил ҳақиқат деб қабул қилиш қийин. Камина ҳам бу борада, баъзи уриниш-суриштиришлар қилганман, Ҳабибулла ака, Масъуд акалар йиққан маълумотлар билан танишганман. Қайта-қайта ўйлаб, сарҳисоб қилиб қарасам, айни шу жумбоққа оид Масъуд ака сўзлаб берган воқеа, гарчи узил-кесил ҳукм дейиш учун асос бўла олмаса-да, мавжуд маълумотларга, муҳими, Собир Мирвалиев суриштирувлари натижаларига яқинлиги, уларни бир қатор янги тафсилотлар билан тўлдириши жиҳатидан қимматлидир. Хотирамда сақланиб келаётган бу нодир тафсилотларни Масъуд ака Абдулла Қодирий таваллудининг 95 йиллигига бағишланган анжумандаги чиқишида, жамоатчилик олдида мухтасар тарзда баён қилиб, шу соҳага дахлдор масъул ходимлардан ҳануз мавҳумлигича қолаётган жумбоқни ҳал этиб беришларини илтимос қилган эди… Эртаси куни Масъуд ака билан учрашувда, мазкур масалага оид ўзига маълум тафсилотларни қоғозга тушириб, матбуот орқали эълон этишни маслаҳат берган эдим. У бунга рози бўлган эди. Аммо натижасини кўрмадим. Улар қоғозга тушганми-йўқми номаълум. Эҳтимол, бу машъум ҳодисани қоғозга тушириш учун юраги дов бермагандир. Бу орада, Масъуд ака ҳам оламдан ўтди, ўша анжумандаги Масъуд ака нутқини тинглаганлар сафи ҳам тобора камайиб боряпти. Айни ўша нутқ, аниқроғи, Масъуд ака суриштириб билган 1938 йил 4 октябрь тунидаги воқеага шоҳид бўлган Миролим Миркомилов хотира-ҳикоясини сиз, азиз ўқувчиларга ҳавола қилишни лозим кўрдим.

Ўша ҳодиса шоҳиди Миролим Миркомилов – бешикчи уста ҳамда миришкор боғбон Қодирийнинг ашаддий мухлисларидан саналган, бир неча бор адибнинг Самарқанд дарвозада жойлашган боғ ҳовлисидаги гурунгларда иштирок этиб, унинг суҳбатларини тинглаган. Ўз навбатида, Қодирий ҳам бу одамнинг Бўзсув бўйидаги боғида меҳмон бўлган. Ёзувчи бошига тушган кўргиликларни эшитиб, ич-ичидан ўртаниб юрган кезлари, қарангки, бу садоқатли зот адибнинг умри поёни воқеаларининг шоҳиди бўлган.

Миролим Миркомилов, одатдагидек, ёз ойларини оиласи билан Бўзсув бўйидаги боғида, қиш кунларини эса шаҳар ҳовлисида ўтказарди. 1938 йилнинг эрта кузида оила аъзолари шаҳар ҳовлисига кўчиб ўтган, ҳали мева-чевалар охиригача йиғиб олинмаганлиги учун боғ ҳовлида танҳо ўзи қолган эди. Тунлар аёз. Бунинг устига бир ҳафтадирки, боғ ортидаги жарликда содир бўлаётган тунги нотинчликлар унга уйқу бермайди. Ярим тундан бошлаб, дам-бадам янграган ўқ овозлари, ўлимга маҳкум этилган шўрликларнинг оҳ-фиғонлари, ингроқлари, гоҳо калимаи шаҳодат садолари қулоғига чалинади, боғбонни безовта қилади. Энг сўнгги тун даҳшати ҳаммасидан ошиб тушади. Бора-бора боғ деворига яқинлашиб, ўн беш – йигирма одим нарида қоронғи тунда содир бўлаётган қотиллик жазаваси поёнида кутилмаган ҳодиса рўй беради. Бирин-кетин қисқа танаффуслар оша янграган ўқ овозлари, инграшлардан сўнг, девор ортидан боғбон қулоғига таниш овоз эшитилади: “Татармисан? Мусулмонмисан?” Боғбон бирдан ҳушёр тортади. “Бу ўзимизнинг Қодирий-ку!” дея, ичдан овозсиз ҳайқиради. (Эҳтимол, Қодирий командирнинг рус тилидаги татарчага хос оҳангдаги буйруқларидан унинг татар миллатига мансуб­лигини сезиб, шундай савол бергандир?) Шу заҳоти, боғбон орани тўсиб турган пахса деворга яқинлашиб, девор тирқишидан мўралайди. Тунги ғира-ширада, бир-бирига рўпара турган командир билан маҳбусга кўзи тушади. Бояги саволга жавоб бўлмайди. “Сукут аломати ризо” нақлига амал қилиб маҳбус сўзида давом этади: “Командир ўғлон! Фляганг борми?” Яна жимлик. Маҳбус энди ундан илтижо қилади: “Худо ҳақи, умрим сўнггида, сендан биргина илтимосим – флягангни бериб тур. Таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқий. Бор-йўғи беш минут муддат бер…” Сўнгги илтижо ҳар қандай тош юракни ҳам эритиб юборадиган оҳангда айтилганидан боғбон ўзини қўярга жой тополмай қолади. Қолаверса, маҳбуснинг татарча лафзи, айтган сўзлари командирнинг тош юрагини юмшатди, шекилли, маҳбус ўтинчини индамайгина бажо келтиради. Асрга тенг ўша фиғону изтиробларга тўла дақиқалар қандай ўтганини боғбон умрининг охирига қадар эслаб, эзилиб юради. Сўнг яна ўша таниш, аммо бу гал мардона овоз эшитилади: “Отангга раҳмат, командир ўғлон! Мен тайёрман! Буйруғингни беравер!” У ёғи нима бўлганини боғбон билмайди. Бирдан янграган ўқ овози қулоғини кар қилади, ўша сўнгги ўқ ўзига теккандай, эсидан оғиб, девор ёнига қулаб тушади. Бир пайт ўзига келиб, кўз очиб қараса, тонг ёришиб қолибди. Ҳам тонгги аёздан, ҳам бояги кўргиликлар изтиробидан вужуди титраб, аранг ўрнидан туради. Таҳорат олиб, бомдод намози поёнида Қуръон тиловат қилиб, одатдагидек, бу кеча шаҳид кетганлар ҳақига бахшида этади.

Шундан сўнг Миролим Миркомилов девор ошиб, тунги ўзи шоҳид бўлган ҳодиса жойига боради. Боягина тупроқ тортилган чоҳ чеккасида шаҳидлардан бирининг оёқ учи очиқ қолганига кўзи тушади. Бу эса, сўнгги шаҳид – Қодирийнинг оёғи экани аён. Қотиллар тонг ёришиб қолгани учун, охирги буйруқ ижросидан сўнг, ажал чоҳига апил-тапил тупроқ тортиб жуфтакни ростлаганлар. Уста – боғбон дарҳол ортга қайтиб, боғ ҳовлисидан кетмон олиб чиқади, ялпи мозор – чоҳга тупроқ тортиб, уни шиббалайди. Сўнг якка ўзи жаноза ўқиб, шаҳид кетганлар, жумладан, қадрдони – буюк адиб Қодирий руҳи поки олдидаги бурчини адо этади.

Кейинчалик, архив ҳужжатларидан маълум бўлдики, ўша машъум 4 октябрь туни Қодирий қатори Чўлпон, Фитрат каби жами ўн саккизта зиёлилар қатл этилган. Эҳтимол, уларнинг барчаси, айни шу Қодирий жисми поки қулаган чоҳга дафн қилингандир, ўша машъум туннинг сўнгги қурбони балки Қодирий бўлгандир, Қодирийга ўқилган жаноза уларга ҳам бахшидадир…

Масъуд ака буларни ўша мудҳиш воқеа шоҳиди саксон ёшни қоралаб турган Миролим Миркомиловнинг оғзидан ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари охирида эшитган, камина эса, Масъуд акадан эшитганларимни орадан йигирма уч йил ўтиб, айни шу ҳодиса содир бўлган 4 октябрь куни изтироблар оловида ёниб қоғозга туширдим. Ҳодиса тафсилотлари оғиздан-оғизга ўтиш асносида, муайян таҳрир – ўзгаришларга учраши, табиий. Масъуд аканинг оламдан ўтганига ҳам ўн беш йилдан ошаяпти. Каминани ҳам боғлаб қўйгани йўқ. Кўзимнинг тиригида қадрдоним – Масъуд аканинг армон тўла арзи-ҳолини қоғозга тушириб, Қодирий мухлислари ҳукмига ҳавола қилишни бурчим, деб билдим. Мабодо, Масъуд ака Миролим Миркомиловдан эшитган ўша машъум кеча ҳақидаги хотираларини вақтида ёзиб қолдирган бўлса-ю, у топилиб, эълон этилса, менинг ёзганларим, эҳтимол, ўз кучини йўқотар. Менинг битикларимда муайян сакталикларга йўл қўйилган бўлса, олдиндан узримни ҳам айтиб қўйишни лозим кўрдим.

Пировардида, ўқувчи эътиборини яна бир муҳим жиҳатга тортиб ўтсам: Миролим Миркомилов гувоҳлигида содир бўлган – ҳам унинг қалбини ўртаган, ҳам уни лол қолдирган Қодирийнинг бақо бўсағасида ўзини тутиши, имон-эътиқод бобидаги қатъияти, лўнда, мардона сўзлаш тарзи, 1926 йилги унинг устидан уюштирилган жиноий иш жараёни, хусусан, “Суддаги нутқ” номи билан аталган машҳур ҳужжат руҳига тўла мос келади. Ўша нутқда шундай жумлалар бор: “Мен тўғрилик орқасида бош кетса “иҳ” дейдиган йигит эмасман… Кўнглида шамси ғубороти, тес­каричилик мақсади бўлмоғон содда, гўл, виждонлик йигитга бу қадар хўрликдан ўлим танқисроқдир. Бир неча шахсларнинг орзусича маънавий ўлим билан ўлдирилдим. Энди, жисмоний ўлим менга қўрқинч эмасдир”.

Бу беқиёс жасур сиймонинг орадан ўн икки йил ўтиб, рақиблари қаршисида: “Мен – тайёрман. Буйруғингни беравер!” дея кўксини ўққа тутиб бериши, кишида заррача шубҳа туғдирмайди, аксинча, адиб табиатига хос айни ҳақиқатни яна бир карра тасдиқлайди.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 1-сон.