Низомиддин Маҳмудов. Тил даҳоси (2006)

Мутахассисларнинг тахминий ҳисоб-китобларига кўра, бугунги кунда курраи заминда уч мингдан ортиқ тил бор. Табиийки, бу тилларнинг ҳар бири муайян бир қавм учун эъзозли она тилидир. Демак, уларнинг ҳар бири ўзининг собит соҳиби, пойдор посбонига эга. Зотан, ўзини, ўзлигини қўришни уддалай олмаган қавмнинг тили ўзи билан бирга тарих қаърида йўқликка маҳкум бўлганки, бу тиллар эндиликда «ўлик тиллар» номини олган.
Ўша уч мингдан ортиқ тилнинг бири бўлмиш ўзбек тили ўзбекнинг эҳтиромли ва эътиборли она тили, мустақиллик шарофати билан бугун йигирма олти миллионли Ўзбекистоннинг ўктам ва умрибоқий давлат тили сифатида ривожу равнақ йўлини тутгани аниқ.
Ҳар қандай шахснинг, ирқу эътиқоди, замину замонидан қатъи назар, миллий-руҳий мағзини она тили тайин ва таъмин этади. Юртбошимизнинг қуйидаги сўзларини ҳамиша ёдда тутмоқ лозим: «Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади… Она тили — бу миллатнинг руҳидир. Ўз тилини йўқотган ҳар қандай миллат ўзлигидан жудо бўлиши муқаррар».
Айтиш жоизки, айни шу миллий-руҳий мағз мутлақо ўзига хос бир моҳият бўлиб, миллатнинг тафаккур тарзини, «идрок кўзи»ни қатъи белгилаб беради. Дунё файласуфлари томонидан минг йиллардан бери таъкидлаб келинаётган тил ва тафаккурнинг бирлиги тўғрисидаги қоиданинг асл маъниси ҳам шу. Рус тилининг машҳур изоҳли луғатини яратган Владимир Далнинг отаси — даниялик, онаси эса олмон аёли бўлишган. Унинг мана бу эътирофи диққатга сазовор: «На майл-истак, на диний ишонч, на аждодлар қони инсоннинг у ёки бу халққа мансублигини тайин этади… Ким қайси тилда ўйласа, у ўша халққа мансубдир. Мен рус тилида ўйлайман». Ҳақиқат шуки, тил миллатнинг тамалини тайин этадиган, илигини соғлом сақлайдиган, асрлардан асрларга тўзғитмай олиб ўтадиган бетакрор қудратдир.
Шунинг учун она тилидаги тафаккурнинг тархи бутун, ҳузури узоқ бўлишини исботламоқнинг кераги йўқ. Она тилидаги тафаккурнинг тириклиги аждодлар қонининг, боболар шонининг бардавомлиги учун мунтазам масъулиятнинг тириклиги, шу тил эгаси бўлмиш қавмда шунчаки қорин қайғуси эмас, балки миллат, юрт, Ватан, бирлик туйғусининг бикирлиги билан чамбарчас боғлиқ эканлиги бор гап. Бу ўринда яна «она» истилоҳининг тил билан баробар Ватанга нисбатан ҳам қўлланишини эсга олмоқ мумкин. Славяншунослар Қадимги Русда «язык» сўзининг халқ деган маъноси ҳам бўлганлигини таъкидлайдилар.
Француз тили дунёдаги нуфузли тиллардан бири, 250 миллион киши шу тилда сўзлашади. Тил соҳасидаги тадқиқотлари билан ном қозонган, ЮНЕСКО, НАТО, Европа ҳамкорлиги комиссияси маслаҳатчиси профессор Андре Дензин француз тилининг келажаги ҳақида қайғурар экан, уни асраш, ривожлантириш, камида инглиз тилидан кейин дунёда иккинчи тил бўлиши учун саъй-ҳаракат кўрсатиш лозимлигини айтади. Францияда ишлаб чиқарилган маҳсулот, агар француз тилидаги ёрлиқ билан таъминланмаган бўлса, маҳсулот ишлаб чиқарувчи амалдаги қонунларга кўра жавобгарликка тортилади.
Бугун мамлакатимизда Давлат тили ҳақидаги қонунимиз ишлаяпти. Бу қонун она тилимизнинг давлат тили сифатидаги ривожи билан боғлиқ жараёнларни тўла-тўкис белгилаб берган. Тўғри, қонуннинг ижроси, унинг амалиётга татбиқида оқсоқликлар, сусткашликлар, эътиборсизликлар мавжуд. Тилнинг равнақини жамият равнақи, шу жамият аъзоларининг миллий-маданий даражаси, миллий-руҳий мувозанатисиз тасаввур этиб бўлмайди. Зотан, миллий-маданий даража, миллий-руҳий мувозанат, ақлий юксалиш она тилисиз мумкин эмас. Демакки, мазкур оқсоқликларнинг юзага келишида айни жамият аъзоларининг ҳам «ҳиссаси» борки, буни ҳам эътироф этмоқ лозим.
Мустақиллик боис, дунё билан бўйлашмоқ, етти иқлимдаги фан ва технология илғорлари билан бўйлашмоқ, пешқадам илм қаерда бўлса, ўша ерга бориб ўрганмоқдай улкан имкониятлар эшиги очилди. Бунинг бирламчи воситаси, албатта, тилдир, шунинг учун ҳам хорижий тилларни жадал ва тугал ўрганиш эҳтиёжи туғилди. Хорижий тилни эгаллаш жуда ҳам яхши бир урфга кирди, хорижий тилни билиш жамиятда обрўли сифатга айланди. Буюк келажак бўсағасида турган Ўзбекистон учун бу мутлақо табиий ва зарурий ҳолдир. Аммо Президентимиз кадрлар тайёрлашда хорижий тилларни ўрганишнинг аҳамиятини таъкидлар экан, шундай деб уқтиргандилар: «Шунга алоҳида урғу беришимиз зарурки, чет тилларни ўрганиш минбаъд она тилини эсдан чиқариш ҳисобига бўлмаслиги лозим». Чунки она тилини унутиш ҳисобига ўрганилган хорижий тил она тилининг ўрнини босиб олиши муқаррарки, бунда миллий тафаккур ва миллий идрок бутунлай бошқа, бегона тафаккур ва бегона идрокка айланади.
Ана шу фавқулодда муҳим жиҳатлар эътиборга олинадиган бўлса, хорижий тил таълими ва айниқса, хорижий тилдаги таълимда она тилига айни хорижий тилдан заррача кам бўлмаган аҳамият берилмоғи шарт. Инглиз, француз ёки бошқа чет тилини мукаммал биладиган мутахассис ўзбекнинг биринчи тили, албатта, она тили бўлиши лозим. Кўпинча, аксар ёшлар инглизча ёки бошқа бир чет тилини билишини катта имтиёз ҳисоблашади-ю, лекин она тилини билмаслиги улкан кулфат, фавқулодда фақирлик эканлигини идрок этмайди ёки тан олмайди. Инглиз тилида булбул бўлиб сайрайдиган, аммо она тилига нописандлик билан қарайдиган, ўз она тилини худди ўзбекчани янги ўрганган инглиздай таталайдиган ўзбекдан миллий туйғу излаш мантиқсиз бир ҳаракатдир.
Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, хорижий тилларни мукаммал эгаллаётганлар юртимизнинг энг қобилиятли, истеъдодли ва закий фарзандларидир, шубҳасиз, улар миллатнинг сара гулларидир, уларнинг Худо берган бу салоҳиятларини мунтазам рағбатлантириш керак. Бу — мутлақо исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Айни замонда, миллий ўзликнинг бемисл қудратга соҳиб иҳотачиси бўлмиш она тили билан ёшларни мунтазам ва мукаммал қуроллантирмаслик кўламли глобаллашув жараёнларига юз тутган бугунги дунёда миллий фожиа дарвозаларини билиб-билмасдан очиб қўйиш билан баробар. Миллий маданиятдан бегоналашув, миллий маданиятнинг моҳиятидан бебаҳралик ва шунинг натижасида юзага келадиган миллий қадриятларга нописандлик айни фожианинг омилларидир.
Она тилидаги собитлик, она тили оҳангларига содиқлик ҳар қандай бошқа миллий маданиятнинг мағзини чақа билиш, ғайри шуурий бир тарзда бўлса-да, уни англаш, унга ҳурмат-эҳтиром билан қарашдай инсоний фазилатни барқарор қилишга кўмак бериши табиий. Масалан, она тили француз тили бўлган парижлик ёки инглиз тилида сўзлашувчи лондонлик ва ёки немис тилида фикрловчи берлинлик бетакрор санъаткор Муножот Йўлчиеванинг соф ўзбекча тил ва тамоман миллий оҳанг уйғунлигидан туғилган мумтоз қўшиқларини ҳузур билан тинглаб, ҳайратларини самимий олқишлар билан ифода этганлигини бу ўринда эсламоқнинг ўзи кифоя.
Ҳар бир касб эгасининг ўзига хос иш қуроли бор, бу қурол ишни бажаришни осонлаштиришга, қулайлаштиришга ёрдам беради. Шунинг учун ишни тугатгандан кейин тадбирли одам иш қуролини тозалаб, тартибга келтириб, авайлаб четга олиб қўяди. Санъаткор ҳам худди шундай: дутор, тор ёки бошқа чолғу асбобини эҳтиётлаб ғилофда асрайди, овозининг ҳам бузилмаслиги учун тегишли тадоригини ҳамиша кўриб юради. Аммо таассуфлар бўлсинки, энг асосий қуроллардан бири бўлмиш сўзга эса аксар санъаткор бениҳоя сезгисиз, палапартиш, нописанд муносабатда бўладики, бу ҳам бир урфга айланиб бормоқда.
Жуда гўзал ва бой адабиётимиз бор, мумтоз адабиётимизда ҳам, бугунги истиқлол даври адабиётимизда ҳам бетакрор шеъриятнинг дилбар намуналари, қўшиқ дейиладиган сеҳрли дунёга ранг ва оҳанг берадиган сўз дурдоналари мавжуд. Аммо негадир санъаткор шундай улкан заҳирадан энг ғариб, энг ночор, энг довдир сўз тизмаларини атайлаб излаб топгандай, агар ана шундайларини топишга қийналса, борингки, тополмаса, унда унинг ўзи алмойи-жалмойи, юзсиз, тилини масхараловчи талмовсирашдан иборат «шеърий намуналар»ни тизиб қўя қолаётгандай туюлади. Тилга истаганича зўрлик қилади, тилдаги сўзларнинг эрку иродасига тамомила зид равишда бир-бири билан қовушмайдиган сўзларни бўйнидан боғлаб бирлаштиради, маъно-мазмун, қоида деган тушунчаларни хаёлига ҳам келтирмайди. Сўзлар бир-бирига мутлақо қовушмайди, аммо «санъаткор» ҳеч бир уялмай «бу менинг ижодим», деб ҳам қўяди. Бундай «санъаткор» она тилига оталикни даъво қилгандай бўлади, она тилининг метиндай мустаҳкам қоидаларини назар-писанд қилмай, уларни ўзининг мантиқсиз измига солишда орланмайди.
Бундай нодуруст ҳолатларга жуда кўп мисоллар келтириш мумкин. Лекин айтиш жоизки, улар танқиддан тубан бўлиб, айни тизмаларни таҳлил этиш қоғозни исроф қилишдан бошқага ярамайди. Бу ҳақда матбуотда бот-бот ёзилмоқда, танқид қилинмоқда, таклифлар айтилмоқда, тегишли бадиий кенгашларга дашномлар берилмоқда. Таассуфки, жиддий ўзгариш кўзга ташланаётгани йўқ. Менимча, бадиий кенгашлару нотамом қўшиқлар матнини «филтрловчи» яна бошқа муассасалар ҳам ўз ишини масъулият билан адо этмоғи лозим. Аммо муаммони бу билан бутунлай ҳал этиш қийин. Бу борада аввало, қўшиқчининг тил туйғуси, сўз сезгиси, умуман, миллий маданиятини мунтазам тарбиялаб бормоқ бирламчи масалага айланмоғи зарур. Санъат билан боғлиқ ўқув юртларининг барчасида она тили ва адабиёт таълими сифатига эътибор ва масъулият кескин оширилиши бугунги куннинг қатъи талабидир. Санъаткорнинг ақлий-руҳий дунёсида она тили сезгиси кучли бўлмас экан, миллий идрок, миллий шуури мунтазамлашмас экан, ҳар қандай тақиқ жиддий самара бериши маҳол.
Кирилл-ўзбек ёзувидаги имло қоидаларини менсимаслик, уни истаганча ўзгартиришни ҳам она тили қоидаларига оталик даъвоси, дейиш мумкин. Ўзбек тилидаги «милиция» сўзини «мелиса», «цирк» сўзини «сирк» тарзида ва яна қанчадан-қанча сўзларни хоҳлаганча ўзгартириб ёзиш тўғри эмас. Биз лотин-ўзбек алифбосига ўта бошлаган бўлсак ҳам, кирилл-ўзбек алифбосидаги имло қоидаларини ҳеч бир давлат муассасаси бекор қилгани йўқ, бу имло қоидаларига амал қилиш ўз вақтида тасдиқланган расмий ҳужжатга кўра барча учун мажбурий. Янги лотин-ўзбек алифбосининг имло қоидалари бутунлай бошқа, уни кирилл-ўзбек ёзувига кўчириш тўғри бўлмайди, бундай қилинганда жуда кўп чалкашликлар келиб чиқади.
Тилнинг асл эгаси — халқ. Тил даҳоси шу қадар буюк ва қудратлики, унинг ривожида қатъи қонуният бор, уни ҳеч ким буза олмайди. Тилшунос ундаги мавжуд қонуниятларни очиши, темир қоидаларининг мағзини холис чақиб бериши мумкин, холос. Бироқ янги қонуниятлар яратиб, уни тилга «едира олмайди». Тил нимани тан олиш, нимани олмасликни ўзи ҳал этади. Маълумки, 90-йилларнинг бошида «тайёра», «тайёрагоҳ», «илмгоҳ», «ҳужжат-асровхона» каби қанчадан-қанча сўзлар сунъий бир тарзда ясалди ва тилга тиқиштирилди, аммо тил даҳоси уларни асло қабул қилмади. Она тилига ўринсиз оталикни даъво қилиб бўлмайди. Она тилини бошқа тилларнинг тазйиқидан асрамоқ, қўримоқ зарур.
Бетакрор она тилимиз — ўзбек тилининг теран мантиғи миллий тафаккуримиз тарозисининг асл тоши ўлароқ асрлардан асрларга саломат ўтиб бормоғи учун ҳар бир ўзбекистонлик масъулдир. Она тилимизнинг пойдорлиги Ватанимиз пойдорлигининг тамали эканлигини ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ.

Низомиддин Маҳмудов,
филология фанлари доктори
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 3-сонидан олинди.