Артур Шопенгауэр (1788-1860)

Олмон файласуфи Артур Шопенгауэр ўзига тўқ савдогар оиласида дунёга келди. У аввал тижорат, тиббиётдан сабоқ олиб, кейин фалсафани ўргана бошлади. 1809 йилдан бошлаб Германиядаги энг машҳур Геттинген дорилфунунида ўқиди. Тиббиёт, физика, зоология, фалакиётшунослик, табиий тарих, психология, мантиқ, инсон мияси анатомияси фанларини ўрганди. 1811 йилдан эса Берлин дорилфунунида Фихте ҳамда Шлейермахер маърузаларини тинглаб, фалсафадан сабоқ олди.

Шопенгауэрда ёшлигиданоқ тушкунлик кайфияти шакллана бошлаган. «Ҳаёт – жуда шубҳали нарса ва мен умримни у ҳақда фикрлаш учун бағишлашга қарор қилдим», — деб ёзганди файласуф ўзининг ҳаётий маслаги тўғрисида. Шопенгауэрнинг ўзига ишончи жуда юксак бўлган.

У кексайган чоғида ҳам хасислиги, сўзларининг кескинлиги ва сабрсизлиги билан шуҳрат қозонган.

Ҳамкасбларининг таъкидлашича, Шопенгауэр ўта сершубҳа одам бўлган. Доимо атрофидагилар гўёки ундан ниманидир яшириб, унга қарши фитна уюштираётганидан гумонсираб юрган.

Шопенгауэрнинг Берлин дорилфунунидаги доцентлик фаолияти узоқ давом этмаган. Чунки у ўз маърузаларида бошқа файласуфларни таҳқирлаб ёдга олар ёки уларни умуман тилга олмасди.

1825 йилда Шопенгауэр ўқитувчиликни ташлаб, Франкфурт-Майн шаҳрига кўчиб боради ва ҳаётининг кўп қисмини шу ерда ўтказади. У инглиз, француз, италян ва испан тилларини мукаммал билган.

Шопенгауэр 30 ёшида «Олам ирода ва тасаввур сифатида» деб номланган энг машҳур асарини ёзган.

У биринчи бўлиб «руҳий ҳаловат» атамасини қўллаган. «Энг олий даражадаги турфа ва давомий ҳузур-ҳаловат руҳий ҳаловатдир…» деб ёзганди файласуф.

Шопенгауэр куннинг асосий қисмини икки хонали уйидаги иш бўлмасида ўтказган. Мутолаа – унинг энг севимли машғулоти эди.

Файласуф бир умр бўйдоқ ўтган. У юқумли касаллик туфайли вафот этишдан ўлгудек қўрққан. Шундай хавфни сезиши билан дарҳол турар жойини алмаштирган.

Шопенгауэрнинг қуйидаги асарлари маълум:

«Кўз ва гуллар тўғрисида» (1816), «Олам ирода ва тасаввур сифатида» (1819), «Ахлоқнинг асоси» (1841), «Этиканинг икки асосий муаммоси» (1841), «Дин ҳақида» (1851), «Парерга ва Парамипоменон» (1851), «Севги метафизикаси». Бу асар икки жилддан иборат бўлиб, «Парерга» – лотинча «Қўшимча асарлар» деган маънони англатади. Шопенгауэрнинг машҳур «Турмуш ҳикматлари» тўплами ҳам ана шу китобга киритилган.

Артур Шопенгауэр 1860 йилда вафот этди. Ўлим тўшагида ётган файласуфдан дўстлари қаерга дафн этиш тўғрисида сўраганларида, у: «Менга барибир. Улар мени излаб топишади», деб жавоб берган экан.

* * *

Фалсафа менга ҳеч нима бермади, бироқ у жуда кўп нарсаларни сақлаб қола олди.

* * *

Фалсафанинг бошланиши ҳайронликдан эмас, балки ҳайрат ва қайғудандир.

* * *

Агар тафаккур йўқ қилинса ёки барча бошчаноқлардаги мия олиб ташланса, бутун олам барҳам топади. Буни ҳазил деб қабул қилмаслигингизни илтимос қиламан. Мен жиддий гапираяпман. Чунки олам фақатгина бизнинг (барча жониворларнинг) тасаввуримиз сифатида мавжуддир, холос. Бу тасаввурлардан ташқари олам йўқ.

* * *

Эътиқод ва билим – тарозининг икки палласи: бири қанча баланд бўлса, иккинчиси шунча пастдир.

* * *

Фалсафанинг шу топгача муваффақиятсизликка учраб келаётганининг сабаби шундаки, уни санъат йўлидан эмас, илм йўлидан излайдилар. Файласуф фалсафа илм эмас, санъат эканлигини ҳеч қачон унутмаслиги керак.

* * *

Мукаммал давлатга асос солиш учун энг аввало шундай мавжудотларни яратиш керакки, токи улар ҳамма ерда ва ҳар доим ўз манфаатларини жамият фаровонлиги йўлида қурбон қилишга қодир бўлсинлар.

* * *

Мен ва менинг вақтим: бир-бирига сира тўғри келмайди.

* * *

Ҳар бир чеклаш бахтга йўллайди. Яъни, бизнинг нигоҳларимиз, ҳаракатларимиз ва шубҳа-гумонларимиз доираси қанчалик тор бўлса, шунчалик бахтиёрмиз. Улар қанчалар кенг бўлса, биз шунчалар кўп азобланамиз ва хавотирга тушамиз. Чунки улар билан бирга бизнинг ташвишларимиз, истакларимиз ҳамда хавотирларимиз ҳам ўсиб, кўпайиб боради.

* * *

Агар кимнингдир тўғри сўзлаётганига шубҳа қилсанг, ўзингни унга ишонаётгандек тут: шунда у ёлғонни янада бўрттириб, сирни очиб қўяди. Борди-ю, унинг сўзларида яширишга уринаётган ҳақиқат оҳангини пайқаб қолсанг, ўзингни унга ишонмаётгандек кўрсат: шунда у ҳақиқатнинг қолган қисмини ҳам айтиб беради.

* * *

Ҳар бир одам ўзга бир одам учун бир кўзгудирки, у орқали барча камчиликларни яққол кўриш мумкин. Бироқ айрим одамлар бошқа бир ит деб кўзгудаги аксига қараб ҳураётган кўппак каби ҳаракат қиладилар.

* * *

Бирор кимсага тириклигида ҳайкал қўйиш – келгуси авлодлар уни унутмаслигига умид йўқлигини эълон қилиш билан тенг.

* * *

Уйланиш ҳуқуқларнинг ярмини камайтириш, мажбуриятларни эса икки баравар ошириш демакдир.

* * *

Инсоннинг ҳақиқий феъл-атвори майда-чуйдаларда: улар инсон ўзини назорат қилишдан тўхтаганда юзага чиқади.

* * *

Мутолаа калланг ўрнига бошқанинг калласи билан ўйламоқ демакдир.

* * *

Маълумки, кўпчилик бўлиб кулфатларга дош бериш осонроқ. Афтидан, одамлар бекорчиликни ҳам кулфатлар қаторига киритишади. Ва биргаликда бекорчилик қилиш мақсадида мажлислар уюштиришади.

* * *

Умр қисқа. Ҳақиқат эса узоқ яшайди. Келинг, ҳақиқатни сўзлайлик!

* * *

Агар чиндан ҳам кимдир биз учун жуда қадрли бўлса, буни унинг ўзига айтишни жиноятга қўл уриш билан баробар деб билмоқ керак. Бу унча ёқимли бўлмаса-да, тўғри маслаҳат. Чунки ортиқча эркалаш одамлар уёқда турсин, ҳатто итларни ҳам бузади.

* * *

Ёлғиз қолиш бизни доимо одамлар кўз ўнгида яшаш заруриятидан ва шунинг баробарида уларнинг фикри билан ҳисоблашишдан фориғ этади.

* * *

Ёлғизликни севмайдиган одам – эркинликни севмайди. Чунки фақат ёлғизликдагина эркин бўлиш мумкин.

* * *

Шундай авлодлар келадики, улар менинг ҳар бир сатримни қувонч билан қўллаб-қувватлайдилар.