Хитой файласуфи Шан Ян камбағаллашган аслзода оиладан бўлиб, ҳақиқий исми Гуньсунь Ян эди. Шан Ян Вэй салтанати ҳукмдори Вэн-хоунинг биринчи вазири файласуф Ли Куй (424-386 йиллар)нинг қўлида таҳсил олди. Кейинчалик у саройда маслаҳатчи ва ислоҳотчи вазифаларида хизмат қилди. Шан Ян легистлар мактабининг вакилларидан эди. Унинг «Шан вилояти ҳукмдорининг китоби» номли асари бизга маълум.
Цинь ҳукмдори Сяо Гун (м.а. 361-388 йиллар) Шан Ян таълимоти билан қизиқиб, унга давлат ислоҳотларини ўтказишни ишониб топширди. Бу воқеа қадимий Хитойда янги фалсафий таълимотнинг илк бор ҳаётга татбиқ этилиши сифатида тарих саҳифаларига битилди. Ва бу иш катта муваффақиятлар билан амалга оширилди.
Шан Ян ўта юксак фаросат соҳиби эди. У ўз ислоҳотлари баъзи гуруҳлар томонидан қаршиликка учрашини аввалдан кўра билди. Шу боис барча шубҳа ва гумонларнинг олдини олиш, жамоатчиликда давлат қонунларининг кучига ишонч туйғуларини уйғотиш учун аввалдан махсус фармон чиқарди. Бу ғаройиб фармонда кимда-ким катта ғўлани елкасига ортиб, мамлакат пойтахтининг шимолий дарвозасидан жанубий дарвозасига қадар олиб борса, ўша одамни 10 тилла танга билан мукофотлаш ваъда қилинганди. Ўша вақтларда 10 тилла танга жуда катта бойлик саналарди. Шу туфайли фармонни эшитган фуқаролар ишонишни ҳам, ишонмасликларини ҳам билмай ҳайрон қолдилар. Ҳеч ким бу ишни бажаришга журъат этмади. Шунда пойтахтнинг марказий майдонида мукофот 50 тилла танга қилиб белгилангани ҳақидаги фармойиш ўқиб эшиттирилди. Бир фуқаро бу ишни амалга оширишга розилик билдириб, ғўлани ҳамманинг кўз ўнгида елкасига ортди-да, шаҳарнинг бир бурчидан иккинчи бурчига олиб борди. Ҳукумат вакиллари халойиқ гувоҳлигида 50 тилла тангани санаб, эгасига топширдилар. Бу тадбир одамларни давлат қонунларига ишонтириш мақсадида атайин ўйлаб топилганди. Шан Ян шунга ўхшаш амалий тадбирлар ёрдамида жамоатчиликни давлат қонунларига ишонишга ва ҳурмат қилишга ўргатган.
* * *
«Агар билимлар мунтазам рағбатлантирилаверса, тинимсиз кенгая боради. Ва натижада мамлакатни идора этиш мушкуллашади, чунки макр-ҳийла кучайиб кетади. Билимларга тўсиқ қўйиб, рағбатлантирилмаса, одамлар самимий ва оддийликларича қоладилар», — деб ёзади Шан Ян.
* * *
Давлат ё деҳқончилик ва ё уруш туфайли осойишталикка эришиши мумкин, ҳукмдор ҳам ё деҳқончилик, ёки уруш туфайлигина обрў-эътибор қозонади.
* * *
Агар мамлакат қашшоқ бўлса-ю, урушга қарши бутун кучини сафарбар этса, унга душман мамлакатда оғу пайдо бўлади. Қашшоқ мамлакатда эса олти турдаги текинхўрлик барҳам топади. Борди-ю, мамлакат бадавлат бўлиб, ҳеч ким билан уришмаса, оғу шу мамлакат ичида пайдо бўлиб, олти кўринишдаги текинхўрлик юзага келади. Натижада бундай давлат заифлашади.
Текинхўрликнинг олти кўриниши қуйидагилардир:
1. Кексайганда лоқайд яшашга интилиш.
2. Донни ўйламай-нетмай сарфлаш.
3. Гўзал либос ва лаззатли таомларга ружу қўйиш.
4. Серҳашам буюмларга муҳаббат.
5. Ўз вазифасига совуққонлик билан қараш.
6. Таъмагирлик.
* * *
«Бир лаҳза ҳам қонунни ёддан чиқармаслик даркор, — дейди Шан Ян. — Тарафкашларни кучсизлантириш, гапга чечанларни қўлга олиш ва ҳар қандай мулоҳазакорликка чек қўйиб, мамлакатни фақат ва фақат қонунга таяниб бошқариш жоиздир».
* * *
Қаттиқ жазо чораларини қўллаб, жиноят учун ўзаро жавобгарлик тизими жорий этилганда одамлар ўзларида қонун кучини синаб кўришга журъат қилолмайдилар.
* * *
Нодон халқни бошқариш осон. Тентак одамларни оғир меҳнатга мажбурлаш осон. Ақлли кишиларни эса машаққатли меҳнатга жалб этиш мушкулдир.
* * *
Жазо куч-қувватни пайдо қилади, куч-қувват қудратни, қудрат эса ларзага солгувчи улуғворликни, улуғворлик ўз навбатида эзгуликни юзага келтиради. Демак, эзгуликнинг ибтидоси жазодир.
* * *
Мутлақо доно ҳукмдор донишмандликка эмас, қонунга таяниб иш кўради. Агар у қонундан воз кечиб, илмни афзал кўрса, унинг фуқаролари ўз ишларини ташлаб, шуҳрат кетидан қува бошлайдилар.
* * *
Одатда, ҳукмдор эзгулик, ақл-фаросат, жасурлик ва куч-қувват бобида фуқаролардан фарқ қилмайди. Шунга қарамай халқ орасидаги донишманд зотлар ҳукмдорга қарши ҳийла-найранг ишлатишга журъат этолмайдилар; фуқаролар ичидаги жасур ва кучли одамлар ҳукмдорни ўлдиришга жазм қилолмайдилар; фуқаролар сон жиҳатдан кўпчиликни ташкил этсаларда, ўз ҳукмдорларини тахтдан ағдаришга қўрқадилар; баъзи одамлар юксак мукофотлар эвазига беҳисоб бойликни қўлга киритишга қодир бўлсалар-да, бунинг учун курашиб ўтирмайдилар; ва ниҳоят, фуқаролар кескин жазо чоралари қўлланган чоғда ҳам норозилик билдиролмайдилар. Буларнинг барисига сабаб битта. У ҳам бўлса — қонун.
* * *
100 нафар одам бир қуённи қувар экан, жониворни 100 бўлакка ажратиб, бўлашиб олиш учун эмас, балки ҳали ҳеч ким бу қуёнга эга бўлмагани боис бу ишни бажарадилар. Ва аксинча, агар бутун бозор қуён сотувчилар билан тўлиб-тошиб кетса ҳам ҳеч ким қуённи ўғирлашга журъат қилолмайди. Чунки бу қуёнларга эгалик ҳуқуқи ўрнатиб бўлингандир.
* * *
Аслзодалик мартабаси ва маош билан рағбатлантириш усули мамлакатни ё яшнатади, ё ҳалокатга маҳкум этади.
* * *
Ҳукмдорга бирон-бир катта мансабдорнинг қилмишлари ҳақида хабар етказган киши насл-насабидан, одамлар орасида тутган даражасидан қатъи назар, ўша мансабдорнинг амали, аслзодалик мартабаси, ер-мулки ва маошига тўла ворислик қилади.
* * *
Агар уруш ёрдамида уруш оловини ўчириш мумкин бўлса, унга йўл очиб бермоқ лозим. Борди-ю, қатл этиш орқали қотилликка барҳам бериш имкони бўлса, қатлга ҳам рухсат этиш жоиздир.
* * *
Инсонлардаги бойликка ва аслзодаликка интилиш ҳаваси қабр ичидагина барҳам топади.
* * *
Сув оқими доимо пастга интилганидек, одамлар бойликка талпинадилар. Шу боис ҳукмдорнинг фармойишидан ўзларига фойда тегишини кўзлаган одамлар унинг ҳар қандай буйруғини сўзсиз бажарадилар.
* * *
Инсонпарвар киши бошқа одамларга нисбатан инсонпарвар бўлиши мумкин, аммо бу ўзгаларни инсонпарвар бўлишга мажбур этолмайди. Инсонпарвар киши ўзга одамларни севиши мумкин. Аммо у одамларни бир-бирларини севишга мажбур қилолмайди. Бундан кўриниб турибдики, оламни бошқариш учун фақат одамсеварлик ва адолатнинг ўзигина кифоя қилмайди.