Қадимий юнон файласуфи Арасту Фракиянинг Стагира шаҳрида туғилган. Шу туфайли баъзан Арастуни Стагирит деб ҳам аташади.
Арастунинг отаси Никомах Македония ҳукмдори Аминт II нинг шахсий табиби бўлган. Арасту Македониянинг бўлғуси ҳукмдори Филипп билан болалигиданоқ бирга ўйнаб катта бўлган. У 17 ёшидан 37 ёшигача (367-347 йиллар) файласуф Афлотуннинг Академиясида таҳсил олган.
м.а. 343 йилдан бошлаб Арасту Искандар Мақдуний (Александр Македонский)га мураббийлик қила бошлайди. Искандар Мақдуний ҳукмдорлик тахтига ўтиргач, ўз устози ва дўстига атаб ҳайкал барпо этади. Бу ҳайкалнинг пойида шундай ёзувлар бор эди: «Искандар ушбу ёдгорликни Никомахнинг ўғли, буюк донишманд ва авлиё Арасту хотирасига ўрнатди».
Шарқ асотирларида ёзилишича, бир куни Искандар Зулқарнайндан сўрайдилар:
— Не сабабдан устозинг Арастуни отанг Султон Файлақус (Филипп)дан ҳам аъло кўрасан?
Шоҳ Искандар шундай жавоб қайтаради:
— Отам менинг жисмимни тарбиялаб, осмондан ерга олиб тушди. Устозим Арасту эса менинг руҳимни тарбия қилиб, ердан осмон қадар юксалтирди.
Арасту пешонасига сочини тушириб, калта соқол қўйиб юрган. Замондошларининг гувоҳлик беришича, лаблари четидаги доимий кинояли табассум натижасида пайдо бўлган ажинлар Арасту ўзини файласуф Афлотуннинг шогирди, деб билишидан дарак берарди. Арасту юнон илм-фани қўлга киритган билимларни эгаллаш борасида Афлотунни ҳатто шоҳ Искандардан ҳам устун қўйган.
м.а. 336 йилда Арасту Афина шаҳрида ўзининг хусусий мактабини очди. Бу илмгоҳ кураш мактаблари қаторида ва Афинанинг шимолий дарвозасидаги Ликей майдонларига туташ ерда жойлашганди.
Арастуни ҳаяжонга солувчи муаммолар фавқулодда қизиқарли ва теран эди. Масалан, инсон энг аввало ўзини севиши керакми ё бошқаними, деган савол уни кўп ўйлантирарди. Ўзини кўпроқ севган одамни худбинликда айблайдилар. Бошқа томондан олиб қаралганда эса, инсон аввало ўзининг энг яқин дўсти бўлган кимсани кўпроқ қадрлаши ва севиши лозим, дейилади. Ваҳоланки, ҳар бир одамнинг ўзидан ўзга садоқатли дўсти борми оламда? Демак, инсон аввало ўзини ҳурмат қилиши ва севиши лозим, деб фикр юритади Арасту.
Агар файласуф Зенон Элейский Арастуга замондош бўлганида шу сўзлари учун унга таъзим қилиши турган гап эди.
Арасту ҳавас қиларли даражада ўткир зеҳн соҳиби бўлган.
У 445270 сатрдан иборат 28 та китоб ёзган. Файласуфнинг «Методика», «Метафизика», «Жон ҳақида», «Поэтика», «Осмон ҳақида», «Физика», «Риторика», «Севги ҳақида», «Уйқу ва бедорлик ҳақида» асарлари шу китоблар сирасига киради.
* * *
Арастуга бир одам унинг ортидан ғийбат қилганини айтишганда, у:
— Ҳечқиси йўқ. Ортимдан калтаклашса ҳам майли, — деб жавоб берган экан.
Файласуфдан тез кексайиб бораётганининг боисини сўрашганда:
— Бу олижанобликдандир, — деб жавоб берган.
Ундан яна фалсафадан қандай наф олгани ҳақида сўрашганда эса қуйидагича жавоб қайтарган:
— Бошқалар қонун қаршисидаги қўрқув туфайли мажбуран бажарадиган ишларни мен ўз ихтиёрим билан адо этишни ўргандим.
* * *
Арастунинг орзуси тарки дунё қилган бахтиёр файласуфларнинг афсонавий оролидаги академия боғининг шийпонида назарий фикрлар билан банд бўлиб, осойишта ҳаёт кечиришдан иборат эди.
* * *
Арастунинг шиори: файласуф имкон қадар ўткинчи нарсалардан узоқроқ туриши ва ўзининг «ватани» — чин ҳақиқатлар салтанати томон интилмоғи лозим.
* * *
Арасту ўз устози Афлотунни танқид қилиш даражасига етгач, «яғриндор Аристокл» (Афлотун) буни: «Бу тойчоқ ўзини дунёга келтирган бияни аллаламоқда», — деб шарҳлаган экан.
* * *
Арасту жисм ўзининг оғирлигига мутаносиб тезликда ерга қулашига қаттиқ ишонган. Унинг нима сабабдан бундай деб ўйлашини ҳеч ким тушунолмаган. Чиндан ҳам тошнинг момиқ патга нисбатан ерга тезроқ тушиши кундек равшан ҳақиқат-да. Шу боис файласуф ҳеч иккиланмай фикрида қатъий турган.
Биринчи бўлиб Ҳалилео Ҳалилей (1564-1642 йиллар) бу фикрга шубҳа билан қараб, Италиядаги машҳур «қулаётган» Пиза минорасидан бирининг оғирлиги бир фунт, иккинчисиники эса 100 фунт бўлган икки тошни баравар пастга ташлаган. Буни қарангки, ҳар икки тош ҳам бир вақтда, баравар ерга келиб тушган.
* * *
Афсоналарга қараганда, Арасту Эвбей оролини Беотиядан ажратиб турувчи Еврип бўғозидаги сувнинг кучли қайтиши ва кўтарилиши муаммосини ечолмай, ўзини сувга ташлаган.
* * *
Арастунинг ўлимидан сўнг унинг илмий асарлари уйи яқинидаги ғорда сақланган. Кейинчалик Искандариядаги мозийгоҳга топширилган. Бу қўлёзмалар орасида асл нусхалар йўқ эди. Уларни милоднинг 70 йилида Сулла исмли саркарда Румга ўлжа сифатида келтириб, бир неча нусхада кўпайтирган. Арасту 200 йиллик унутилишдан сўнг фалсафа оламида шу тариқа қайта қад ростлади.
* * *
«Ҳақиқатни излаш ҳам осон, ҳам мушкул, — деганди Арасту. — Чунки ҳеч ким унга тўлиқ эришолмайди. Шунинг баробарида, ҳеч ким уни умуман пайқамаслиги ҳам мумкин эмас. Аммо ҳар бир одам табиатни англашимиз учун озгина бўлса-да, ўз ҳиссасини қўшади, ушбу ҳиссалар йиғиндиси натижасида эса улуғвор манзара пайдо бўлади».
(Арастунинг бу сўзлари Вашингтондаги миллий фанлар академияси биноси пештоқига ўйиб ёзилган).
* * *
Фарангистон президенти генерал Шарл де Голл (1890-1970) Арасту ҳақида шундай фикр билдирганди: «Чуқур фикрлар, енгил таҳлил ва ишончли мулоҳазалардан холи бўлган ҳар қандай касбга доир илм беҳуда ҳийла-найрангга айланади. Оз бўлса-да, ушбу сифатларни ўзида жо этган, аммо уларни тарбиялай олмаган, шунингдек, улардан фақат ҳарбий соҳада фойдаланганлар янглишадилар. Ақл муайян касб маҳоратидан топиб бўлмайдиган хилма-хилликни талаб этади. Умумий маданият ҳақиқий бошқарув мактабидир. Оламда битта ҳам саркарда йўқки, ўз ҳарбий санъатини инсон тафаккури хазинаси эвазига юксалтирмаган бўлсин. Биз буюк саркарда Искандар Мақдунийнинг ғалабалари асосида, албатта, Арастуни кўрамиз…»
* * *
Инсон фалсафа билан шуғулланиши керакми? Бу саволга шуғулланиши керак ва ёки керак эмас, деб жавоб қайтариш мумкин. Агар «инсон фалсафа билан шуғулланиши лозим» дейилса, ҳаммаси тушунарли. Ҳеч қандай савол туғилмаслиги табиий. Борди-ю, одамлар «фалсафа билан машғул бўлмасликлари даркор» деб жавоб қайтарилгудек бўлса, буни исботлаш учун ҳам (яъни машғул бўлмаслиги даркорлигини) фалсафий фикрлашга тўғри келади. Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, инсон ҳар қандай вазиятда фалсафа билан шуғулланмоғи керак.
* * *
Ҳайрат фалсафанинг ибтидосидир.
* * *
Ҳар куни Қуёшнинг осмон тоқини айланиб ўтишини, тунда эса ўзга ёриткичларнинг бир текис жилваланишини кузата туриб, бу ҳаракат ва уйғунликларнинг сабабкори Худонинг мавжудлигига иймон келтирмаслик мумкин эмас.
* * *
Кемалар учун унинг ҳаракатини бошқарувчи одам, арава учун аравакаш, қўшиқ учун бошловчи, қўшин учун саркарда ва давлат учун қонун қандай ўрин тутса, Худо ҳам олам учун шундай ўрин тутади.
* * *
Табиат ўзини ўзи даволовчи одамга ўхшайди.
* * *
Ҳеч нарса тасодифан содир бўлмайди. Биз тасодиф деб атайдиган ҳамма нарсанинг ўз сабаби бор.
* * *
Сезги буюмларнинг шаклини уларнинг моддиятисиз қабул қилиш қобилиятидир. Бу худди темир ва олтиндаги тасвирнинг мумга жо бўлишига ўхшайди. (Яъни мум сезги бўлса, темир ва олтин — буюмлар. С.Ж.)
(Буни яна шундай тушунтириш мумкин. Биз кўриб турган тошнинг айнан ўзи эмас, балки унинг шакли қалбимиздан ўрин олади).
* * *
Ҳаракатнинг пайдо бўлиши ёки ғойиб бўлиши асло мумкин эмас.
* * *
Сафсатабозлик ва диалектика ҳам фалсафа машғул бўлган масалалар билан шуғулланади. Фалсафа диалектикадан ўзига хос қобилиятлари билан, сафсатабозликдан эса танлаган йўли билан фарқланади. Яъни диалектика бирор жабҳани донишмандлик нуқтаи назаридан билишга уринади. Сафсатабозлик эса ўткинчи донишмандликдир, холос.
* * *
Руҳ танасиз эмас, тана ҳам эмас, дегувчилар тўғри йўл тутадилар. Чунки руҳ тана эмас ва айни вақтда танада макон топган бир нарсадир.
* * *
Руҳ қўлга ўхшайди. Қўл — қуролларнинг қуроли, ақл — шаклларнинг шакли, сезиш — ҳис қилинаётган нарсанинг шаклидир.
* * *
Руҳни танадан ажратиб бўлмайди.
* * *
… Вақт «ҳозир»сиз мавжуд бўлолмайди ва бутун маъносини йўқотади. Зеро, «ҳозир» ўзида ҳам ибтидони, ҳам интиҳони жо этгувчи ўрталикдир.
* * *
Тафаккур ва фикрлаш айнан бир нарса бўлиб, ҳар иккиси ҳам моддиятдан айридир.
* * *
Табиийлик ва инсон… Агар биз ёғоч курсини ерга кўмиб, унинг ўсиб чиқиши учун йўл тополганимизда ҳам ундан бари бир янги курсилар эмас, балки дарахтлар ўсиб чиқаверади.
* * *
Табиат эркин одамларнинг жисмоний уюшмаси билан қулларнинг жисмоний уюшмаси ўртасидаги фарқни ҳам таъминлаб қўйган. Қулларнинг жисми бақувват бўлиб, зарур жисмоний юмушларни бажаришга мослашган. Эркин одамлар эса қаддиларини тик тутиб юрадилар ва оғир жисмоний меҳнатга ярамайдилар. Аммо улар сиёсий фаолиятга яроқлидирлар.
* * *
Шон-шуҳратга интилишда ҳам, ундан қочишда ҳам меъёрни сақлай билинг.
* * *
Ҳурматли одамнинг қандайлигига одатда унинг ишига қараб баҳо берилади. Бусиз унинг мақсадини билиб бўлмайди. Агар инсоннинг виждонини ва гўзалликка интилишларини бевосита кўриш мумкин бўлганда, бу одам бажараётган ишисиз ҳам олижаноб зот саналаверарди.
* * *
Худбинлик ўзини ўзи севиш билан эмас, бу севгининг меъёрдан ортиб кетиши билан белгиланади.
* * *
Шуҳратпарастлар бу сифатдан холи бўлган одамларга нисбатан ҳасадгўйроқдирлар.
* * *
Қашшоқликдан, хасталикдан, умуман, иллат саналмайдиган ва инсоннинг ўзига боғлиқ бўлмаган нарсалардан асло чўчимаслик даркор.
* * *
Истакларини енга олганлар букилмас инсонлардир. Ўзини мағлуб эта олганлар жасур ва мардонадирлар.
* * *
Эзгулик қилишдан чўчийдиганларни ахлоқий гўзал одамлар тоифасига қўшиб бўлмайди. Ҳамма яхши нарсаларни яхши деб билган, бойлик ва амал ҳам буза олмайдиган одамлар энг олижаноб инсонлардир.
* * *
Биз бўш вақтни қўлга киритиш учун бўш вақтдан маҳрум бўламиз, тинч яшаш учун эса уришамиз.
* * *
Виждон олижаноб инсоннинг одил ҳакамидир.
* * *
Ранж ва алам чекмай, ҳузурланмай эзгу ишларни амалга ошириш мумкин эмас.
* * *
Маълум бир ахлоқий сифатларга эга бўлмай туриб, чунончи, муносиб инсон бўлмай туриб, ижтимоий ҳаётда ҳаракат қилиб бўлмайди.
* * *
Мақсад эмас, балки унга етиш воситалари ҳал қилувчи ўринни эгаллайди.
* * *
Ошна-оғайнилари мўл одамнинг дўсти бўлмайди.
* * *
Ҳар бир ишнинг бошланиши шу ишнинг деярли ярми бажарилгани билан баробардир.
* * *
Жиддийлик кулги билан, кулги эса жиддийлик билан енгилади.
* * *
Арасту ўз фалсафасини ҳеч қачон метафизика деб атамаган. Умуман, унинг замонасида бундай атама бўлмаган. Бу янги сўзни м.а. 1 асрда Искандария кутубхонасининг қўриқловчиси родослик Андроник тасодифан «ўйлаб топган». Яъни бир куни Арастунинг қўлёзмалари ўрамини жавонга тахлаш чоғида у аввал табииёт ҳақидаги «китоб»ларни, кейин эса фалсафий мазмундаги асарларни тартиб билан жойлаштиради. «Кейин» сўзи юнонча «мета» деган маънони англатади. Шу тариқа метафизика сўзи пайдо бўлди («мета» — кейин, «фюзик» — лотинча табииёт маъносини билдиради). Бир қарашда тасодифан юзага келган бу сўз буюк тақдир «эгаси» бўлди.