Италиялик файласуф Макиавелли Флоренциядаги аслзода, аммо унча бой бўлмаган оилада ўсди. Унинг таржимаи ҳолида кўпгина ноаниқликлар мавжуд.
Макиавелли 1498 йилдан давлат хизматчиси бўлиб ишлай бошлади. Макиавелли гарчи юқори мансабларда ишламаса-да, катта сиёсатнинг сир-асрорларини яхши биларди. 1512 йил ҳукумат тепасига Медичи келиши билан Макиавелли Флоренциядан қувиб чиқарилди. У кейинчалик ҳибсга олиниб, қийноққа солингани ҳақида ҳам маълумотлар бор.
Макиавелли ҳам барча кашфиётчи ижодкорлар каби таъқиб ва тазйиқларга дучор бўлган. Жан Боден ва Томмазо Кампанелла биринчи бўлиб Макиавелли қарашларини қоралашган.
Макиавелли анъанавий равишда сиёсат оламининг файласуфи ҳисобланиб келган.
Унинг қуйидаги асарлари маълум: «Ҳукмдор» (1513), «Тит Ливийнинг биринчи 10 та китобига доир мулоҳазалар» (1516-1517), «Мандрагора» (1518), «Ҳарбий санъат тўғрисида» (1519-1520), «Андрия» (1519), «Катруччо Кастракани ҳаёти» (1520), «Флоренция тарихи», «Тил ҳақида сўзлашув».
Буларнинг орасида энг машҳури «Ҳукмдор» асаридир. 1559 йилда Макиавеллининг ҳамма асарлари илк «Тақиқланган китоблар рўйхати»га киритилган.
* * *
Мақсад воситани оқлайди.
* * *
Фақирлигим — ҳалоллигим ва содиқлигим исботи.
* * *
Ҳар қандай вазиятда ҳам марҳаматли бўлишни истовчи одамга кўплаб марҳаматсиз кишилар орасида ҳалок бўлишдан ўзга йўл қолмайди.
* * *
Ҳокимиятни сақлаб қолишни истовчи одам золимликка таяниши керак.
* * *
Ҳар бир ишни у қандай воситалар билан амалга оширилганига қараб эмас, балки мақсадга эришилган-эришилмаганига кўра баҳолайдилар.
* * *
Замон ва ахлоқий мезонлар ўзгарувчандир. Шунинг учун замонга пешвоз чиққан кимсанинг ҳамма орзуси ушалади ва у бахтиёр бўлади. Замондан ва вазиятдан юз ўгирган одам бахтсизликка маҳкум.
* * *
Хушомадни йўқотишга уринган ҳукмдор ўзига нисбатан нафрат уйғотиб қўйиши мумкин. Бунинг сабаби шундай изоҳланади: табиблар дейдиларки, сил касаллигини бошланғич даврда аниқлаш қийин, аммо даволаш осон. Агар хасталик ўтказиб юборилган бўлса, аксинча, уни аниқлаш осон-у, даволаш мушкул. Давлат ишларида ҳам шундай: эндигина пайдо бўлаётган иллат ўз вақтида аниқланса, уни йўқотиш қийин эмас. Бунга фақат доно ҳукмдорларгина қодирдирлар. Агар иллат ҳар кимга яққол кўринадиган даражада авж олган бўлса, ҳеч қандай дори-дармон кор қилмайди.
* * *
Мамлакат ичидаги фавқулодда фармонлар ҳам ҳукмдорларга улуғворлик бағишлайди… Бошқачароқ айтганда, фуқаролардан бири диққатга лойиқ ишга қўл урганда ҳукмдор уни имкон қадар узоқроқ ёдда сақланиб қоладиган тарзда тақдирлаши ёки жазолаши фойдалидир. Ҳукмдор учун энг асосийси барча амаллари билан юксак ақл-идрокка эга бўлган буюк инсон шуҳратига эришишга интилишдир.
* * *
Инсоннинг излагани ва топгани ўртасидаги доимий номувофиқликдан ким бехабар?
* * *
Фақат тўғри қарор қабул қилишга умид боғлаш ярамайди. Ҳар қандай қарорнинг шубҳали эканига тан бериш керак. Чунки одатда бир кўнгилсизликка чап бериб, иккинчисига рўпара бўламиз. Аммо барча кўнгилсизликларни тарозига солиб, энг оз даражадагисини эзгулик деб қадрлаш ақллиликдир.
* * *
Яхшилик ҳам худди ёмонлик каби нафрат уйғотиши мумкин.
* * *
Гарчи янги тартиблар одамлар онгини ўзгартирса-да, эскисини имкон қадар кўпроқ сақлаб қолиш керак.
* * *
Ҳеч бир иш йўқки, унинг амалга ошиши эски тартибларни янгилари билан алмаштиришга нисбатан оғирроқ, кечиши хавфлироқ, муваффақияти шубҳалироқ бўлсин. Янги тартибларни жорий этишни бошлаган ҳар бир одамни эски тартиб тарафдорларининг адовати, янгиларидан манфаатдорларнинг бепарволиги кутади. Бепарволикни қисман қонун ҳимоясидаги рақибдан чўчиш, қисман амалиётда ижобий баҳо олмагунча янгиликка ишонмайдиган одамларнинг ишончсизлиги билан изоҳлаш мумкин. Эскилик тарафдорлари имконият туғилиши ҳамоноқ шиддат билан хуруж қилганда, янгилик тарафдорлари сусткашлик билан мудофаага ўтадилар.
* * *
Фақат ўзингга ва жасоратингга асосланган ҳимоядан яхшироғи, ишончлироғи, пишиқроғи йўқ.