Франческо Петрарка (1304-1374)

Италиялик файласуф ва шоир Петрарка Франческо Ареццо шаҳрида туғилди. Унинг отаси нотариус хизматчиси бўлиб, Флоренциядан шу шаҳарга қувғин қилинганди.

1312 йилда унинг оиласи Авеньон шаҳрига кўчиб ўтади. 9 ёшли Петрарка бу ерда устози Конвеневоле да Прато шарофати билан Цицероннинг мусиқа каби жозибали ва ҳузурбахш нотиқлик санъатидан баҳраманд бўлиб, бир умр унинг мафтунига айланади. Бу ҳақда Петрарканинг ўзи шундай деб ёзади: «Цицероннинг сўзларидаги оҳангдорлик ва жарангдорлик мени ўзига шу қадар мафтун этгандики, ундан ўзга ўқиган ва эшитганларимнинг ҳаммаси қўпол ва келишимсиздек туюларди».

1326-1330 йилларда Петрарка Монпелье ва Болон дорилфунунининг ҳуқуқшунослик куллиётида сабоқ олади. У Болон дорилфунунида акаси Герардо билан бирга ўқийди.

Петрарка 1326 йилда руҳонийликни қабул қилади.

1330 йилда эса кардинал Жованни Колонн хизматига киради ва 1337 йили илк бор Римга сафар қилади. 1341 йилда у Капитолиянинг биринчи шоири деган унвонга сазовор бўлади.

Петрарка Жованни Боккаччо (1313-1375) ва Колюччо Салютати (1331-1406) каби иқтидорли ижодкорлар билан дўстлашган.

Ўз ўлимини «ибодат ёки ижод дамларида қарши олишни» орзу қилган файласуф 1374 йилнинг 19 июлига ўтар кечаси — 70 йиллик таваллудига бир кун қолганда вафот этади.

Петрарканинг қуйидаги асарлари маълум: «Филология» (комедия, 1326-1336 йилларда ёзилган), «Канцоньере» (шеър ва қўшиқлар, 1336-1358 й), «Машҳур кишилар ҳақида» (1338-1358 й.), «Африка» (1342-1343 й.), «Шеърий номалар» (1350-1352 й.) ва ҳоказо.

* * *

Ҳар бир одамнинг шахсий ташвиши ўзига етиб ортади. Наҳотки сен бошингга тушган кўргуликларга бошқа ҳеч ким дучор бўлмайди, деб ўйласанг. Янглишасан. Деярли ҳеч ким ташвишларни четлаб ўтолмайди. Кимнинг асари ёки жасорати кўзи очиқлигида юзага чиқибди? Инсон ўлимидан сўнг шуҳрат қозонади. Бунинг сабабини биласанми? Чунки ҳасад унинг жисми билан бирга яшайди ва бирга ўлади.

* * *

Сен аввал бир разм солгин-а, ҳамманинг оғзига тушган, мақталган асарлар кимга тегишли? Бундай асарларнинг муаллифлари аллақачон бу дунёни тарк этишган. Сенинг асарларингни ҳам мақташларини истайсанми? Дунёни тарк эт! Зеро, инсоннинг ўлимидан сўнг унга мойиллик уйғонади. Умрнинг интиҳоси шуҳратнинг ибтидосидир. Борди-ю, инсон кўзи очиқлигида шуҳрат қозонса, билгилки, бу ерда қандайдир ғайриодатийлик зоҳирдир. Яна бир гап айтаман: токи оламда сени танигувчи бир шахс қолса ҳам ўз мақсадингга тўла эришолмайсан. Сени билгувчилар ҳам қабрга кириб, уларнинг ўрнига нафрат ва адоватдан холи одамлар келгандан кейингина адолатли ажрим бўлади. Унгача майли, давр устимиздан истаганча ҳукм чиқараверсин.

* * *

Тан олиб айтишим жоизки, мени айнан бир одамнинг интилишлари орасидаги ўзаро низо ҳайратга солади! Тўғри-да, қай биримиз ёзда ҳам, қишда ҳам айнан бир нарсани истаймиз? Йўқ, фикримни тугал айтолмадим: қай биримизнинг бугунги ва эртанги хоҳишларимиз бир-бирига мос келади, қай биримиз оқшомда ҳам тонгги истаклар билан яшаймиз? Кун соатларга, соатлар эса дақиқаларга бўлинади. Инсоннинг хоҳиш-истаклари ана шу дақиқалардан ҳам кўпдир. Мен ана шу нарсадан жуда ҳайратланаман. Одамларнинг бундан ажабланмаслиги эса мени яна ҳам ҳайратлантиради.

* * *

Мен ўзим ишонч ҳосил қилган бир нарсага сени ҳам ишонтиришга уриниб кўрмоқчиман: сен пок киши қандай ҳаракат қилса, шундай йўл тут. Зеро, ҳатто чиркинлик душмани бўлган покиза жониворлар ҳам уясидан чиққанда атроф булғанганини сезса, дарҳол бошпанасига биқиниб олади. Гар бу замин узра бир фароғат ва юпанч тополмасанг, ўзингга қайт. Ўз-ўзинг билан бўл, ўзинг билан фикрлаш ва ҳамсуҳбат бўл, ёлғизликдан, ўзинг билан танҳо қолишдан сира чўчима. Агар ўзинг билан ўзинг бўлолмасанг, одамлар орасида ҳам ёлғизлигингча қоласан.

* * *

Инсон токи тирик экан, ёшидан қатъи назар, фикрлаш ва ҳукм чиқаришга қодирдир. Унинг умр йўлида эзгулик ва иллатларга ҳам, шон-шуҳрат ва шармандаликка ҳам жой топилади. Одатда куз ойининг ёқимли ва баракали бўлиши учун ёзда меҳнат қилиб унинг ғамини ейиш керак. Худди шунга ўхшаб, умр шоми — кексалик ҳаётнинг туссиз, мевасиз, ҳасратли ва бефойда қисмига айланиб қолмаслиги учун ёшликда тинимсиз меҳнат билан унинг пойдеворини мустаҳкамлаш зарур. Ана шунда кексалик осойишталик, мўл-кўлчилик ва эзгуликдан куч олади, фойдали ва қувончли ўтади.

* * *

Биз тўхтовсиз равишда ўлим томон яқинлашиб борамиз дейлик, мен ушбуни ёзаётганимда, сен ўқиётганингда, ўзгалар тинглаётганда ёки тингламаса ҳам ўлимга қараб бораверади. Сен ушбуни ўқиётганингда мен ҳам ўлим томон кетавераман. Шу йўсинда ҳамма тўхтовсиз равишда ўлимга томон ҳаракатланаверади. Биз бу фоний дунёда яшар эканмиз, ўлим сари тинимсиз қадам ташлайверамиз. Бу ҳаракат эзгу ишларимиз билан чин дунё — ҳеч ким ўлмайдиган, ҳамма мангу яшайдиган, ҳеч қандай ўзгаришлар сезилмайдиган, саодатли онлар тугаб қолишидан чўчимай, ҳаёт кечириш мумкин бўлган олам томон йўл қуриб битиргунимизча давом этади.

* * *

Ҳаддан ортиқ тиришиш муваффақиятлар йўлини тўсади. Ироданинг ҳаддан ошиқ зўриқиши эса ишга халақит беради.

* * *

Ҳар қандай одам ўзини ўзгалардан осонроқ кечиради ва аксинча, бошқаларни ўзидан кўра тезроқ овутади.

* * *

Инсоннинг кўнгли доимо бир хил таом тусамайди. Бас, шундай экан, ақл ҳам мудом бир тарзда озиқланавермаслиги жоиз.

* * *

Одатда ёвузлик эзгуликдан, даҳшатли тўфон чароғон кундан кўра кўпроқ ёдда қолади.

* * *

Табиат бугунги кунга ва келажакка ишонч туғдириш учун ҳаёт интиҳосини номаълумлик пардаси остига яширди.

* * *

Инсон аянчли аҳволдан қутулишни чин дилдан истаса, албатта, мақсадига эришади.

* * *

Инсон руҳий куч-қувват ёрдамида эришолмаган нарсасига баъзан ор-номус кучи кўмагида эришади.

* * *

Калтафаҳм ва жоҳил кимсалар деярли ҳамма ишни яширинча бажарадилар.

* * *

Камёблик ҳар бир нарсанинг қадрини оширади. Агар ҳар бир қарич ерда дур учраса ҳам оёқ остида топталиши турган гап. Камёблик туфайли энг оддий нарсалар ҳам қимматбаҳо хазинага айланган. Масалан, Ливия чўлларида ташналикда азоб чеккан одамлар Рум саркардасининг кафтидаги озгина сувга ҳам ҳасад билан қарашган.

* * *

Мақсадим — қашшоқликка юз тутмай, исрофгарчиликка йўл қўймай, ўзгаларга буйруқ бермай, бировларга тобе бўлмай яшаш.