• Бошингга дард тушса, чўчқани ҳам “отам” деб юборасан.
• Зўрлик билан тикланган уй лаънат билан бузилади.
• Охирги бурда нонингни қандай бўлиб берганингни унутган дўстинг ўлиб кетса ҳам ачинма.
• Атлас ва бўз бир нарҳда бўлмайди.
• Камбағаллик қисмати уят эмас.
• Иштонсизнинг тушига икки газ бўз кираркан.
• Давомий ёмғирнинг булути ҳам бўлмайди.
• Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал.
• Адолатлига Худо беради.
• Худо мулкка эмас, қалбга боқади.
• Агар мушукнинг қаноти бўлганда, у ҳамма қушни тутиб ерди.
• Ойсиз кечада юлдузлар ёрқин нур сочади.
• Бир қўлда икки тарвузни кўтаролмайсан.
• Ўз уясида сичқон ҳам шерга ўхшайди.
• Уч юз йиллик ботқоқдан ичимлик суви қидирма.
• Мевадан эгилган шох ерга интилади.
• Шамол олиб келганини шамол олиб кетади.
• Боғбоннинг нигоҳи доим олмада.
• Ўғри дунёдаги ҳаммани ўғри деб ўйлайди.
• Ўғри ўз тўшагида ўлмайди.
• Ўғирланган ноннинг мазаси бўлмайди.
• Душман билан кўзинг кўзингга тушдими, дадил ҳаракат қил.
• Қаҳрамон гапга нўноқ бўлади.
• Нодон сочдан хода ясайди.
• Аҳмоқ гапирди — эшитаётган ақлли бўлсин!
• Аҳмоқлик — тузалмас касаллик.
• “Емайман” деб еттита нонни еб юборади.
• Қичқириқ — ғозники, тухум — чумчуқники.
• Оч товуқнинг тушига дон кираркан.
• Очнинг тушига бир хуржун нон кираркан.
• Анчадан бери урилмаган эчки чўпонинг таёғига ишқаларкан.
• Кўздан узоқ — кўнгилдан йироқ.
• Бир қинга икки ҳанжар сиғмайди.
• Пул тошни ҳам эритади.
• Дарахтни кесишса бутун ўрмон эшитади.
• Болалар асалдан ширин.
• Аҳмоққа ҳар куни байрам.
• Тикишдан олдин ипни тайёрла.
• Уйдаги нарҳ бозорникига ўхшамайди.
• Яхши хотин — хонадон безаги.
• Дўст кўзга қарайди, душман — ерга.
• Бошқани эшитиб, ўз фикрингдан қолма.
• Аҳмоқ нодонлигини ҳеч қачон тан олмайди.
• Агар сени эшитишмаса, жим ўтир.
• Агар сен тулки бўлсанг, мен унинг думиман.
• Чўпон хоҳласа эчкидан ҳам пишлоқ олади.
• Пулинг бўлса — ақллисан, бўлмаса — нодон.
• Ошқозон фақатгина пичоқни севмайди.
• Аёлни мулойимлик безайди.
• Бўш дастурхонга фотиҳа қилмайдилар.
• Ҳасад яхшиликка олиб келмайди.
• Бақувват буқага ачиган сомон таъсир қилмайди.
• Ёзда йиққанингни қишда ейсан.
• Қарғага ҳам ўз полопони гўзал кўринади.
• Агар бурун бўлмаганида икки кўз ҳам чиқишолмасди.
• Илон ҳам думига ким текканини эслайди.
• Агар оғзига сув кириб кетмаганида қурбақа ҳам гапириб юборарди.
• Туҳматчининг бошига ҳам ёмон кунлар тушади.
• Ачиган пилладан ипак чиқмайди.
• Кузги жўжадан хўроз чиқмайди.
• Камбағалнинг исмини ҳатто дўстлари ҳам унутишади.
• Устанинг санъати ишидан билинади.
• Ҳақиқий эркакка битта сўз етади.
• Ҳамма ўзини буюк деб ўйлайди.
• Қайси бармоғингни кесиб олсанг ҳам — оғриқ битта.
• Тошни ҳам силлиқлаш мумкин, эгри одамни ўнглаб бўлмайди.
• Томчи йиғилиб кўл бўлади.
• Қалам — ёзиш учун, болға — уруш учун.
• Икки ит урушаётса қочиб қол.
• Камбағалга қўриқлаш навбати етгунча кеча ҳам узун бўлади.
• Кимни севсанг — ўша гўзал.
• Туядан катта фил ҳам бор.
• Ким сенга бировнинг камчиликлари ҳақида гапирса, у сени бошқалар олдида ҳам калака қилади.
• Карвончи билан дўст тутинсанг дарвозанг кенг бўлсин.
• Кўп гапирган кўп адашади.
• Озига рози бўлмаган кўпига ҳам рози бўлмайди.
• Эшакни уролмаган эгарни уради.
• Ишлаган нон тишлайди.
• Тийинни қадрламаганга сўм ҳам қадрсиз.
• Озни қадрламаган кўпни ҳам баҳолай олмайди.
• Қочишга отланган йиқилишдан қўрқмайди.
• Кўп қасам ичган кўп алдайди.
• Отини тез алмаштирган битта жилов билан қолади.
• Қопағон итга суяк керак ёки таёқ.
• Муз юпқа жойдан ёрилади.
• Ёлғон — рост эмас, сирка — асал эмас.
• Севганингни доим кечира оласан.
• Кичкина дори катта касалликларни даволайди.
• Пул оз бўлса — сарфинг оз, пулинг кўпайса — ҳаржинг кўп.
• Ўзини мақтаган устанинг нархи арзон.
• Бургутнинг жойи — бургутнинг инида.
• Кўп сабр қилсанг кўп нарсани ўрганасан.
• Азобимни икки кўзим тортади, ишимни икки қўлим бажаради.
• Эркак изза бўлгандан кўр бўлгани яхшироқ.
• Бир қўлда ҳар хил бармоқ.
• Етти уйга саккиз хўжайин.
• Гапга чечан — ишга нўноқ.
• Бировнинг отида юрсанг қўл-оёғинг кир бўлар.
• Эшакни кўпроқ хипчинласанг кўпроқ юради.
• Эшакка эгар солган билан от бўлиб қолмайди.
• Ҳақиқий эркакка қилич тиғидан сўз тиғи ўткирроқ.
• Душманингга ишонма, у билан бирга ўтирма.
• Мушук “Маккага бориб келганман” деса ҳам ишонма.
• Тухумни қаерга қўйишни ҳамма қарға ҳам билавермайди.
• Чопон кийган ҳамма ҳам эркак эмас.
• Ҳамма ҳам яхшиликка яхшилик билан жавоб қилмайди.
• Фойда келаётган эшикни ёпма.
• Ҳамма қамишдан ҳам шакар олиб бўлмайди.
• Қуённи оғиз билан тутма.
• Қувур эгри бўлса бўлсин, муҳими, тутун чиқсин.
• Шошилма: қишнинг думи узун.
• Тўғри ва нотўғрини билмасдан қозилик қилма.
• Чанқоғини қондираётганда нафақат одамни, илонни ҳам тега кўрма.
• Нурни кўрмасдан кўр ҳам ўлмайди.
• Меъёридан ортиқча чаққонлик тез қаритади.
• Ортиқча ҳаракатчан от тез чарчайди.
• Икки эшакка арпа тақсимлашни билмаган одам бошқа ҳеч нарсани эплолмайди.
• Эски душманингга ачинма: дўст бўлиб қолмайди.
• Нодон бойишга интилади, доно — комилликка.
• Кўр китоб ёзмайди.
• Кўр хотинга кўр эр керак.
• Олманинг ҳиди келадиган пиёз йўқ.
• Ҳаромдан келган бойлик осон соврилади.
• Йўл узун бўлса ҳам майли, муҳими текис бўлсин.
• Ё катта пулинг бўлсин, ё ширин сўзинг.
• Яқинда туғилган қушча ўтган йилгига сайрашни ўргатади.
• Қишлоқдаги хабарларни ёши улуғдан сўра, бегонанинг оиласини — кичикдан.
• Хафа бўлганга икки марта тўла.
• Хафа бўлиш — қулнинг иши.
• Ўзидан кетган мушук шерга ҳам ташланади.
• Бир марта яраланган бир умр дардни билади.
• Осмонга нарвон қўйиш учун ёлғиз ниятнинг ўзи камлик қилади.
• Дўстнинг ниқобини кийган душмандан ёмони йўқ.
• Эшак ўлса, бўтаси ўрнига қолади.
• Эшакнинг қулоғи буқаникидан фарқ қилмайди.
• Асални эслаб оғзинг ширин бўлиб қолмайди.
• Уйдаги ўғридан ҳимояланолмайсан.
• Ош қилиш истаги билан арпа гуруч бўлиб қолмайди.
• Экилган нарсанинг униб чиқиши меҳнатга боғлиқ.
• Бир пуд туз билан ҳам Самур шўр бўлиб қолмайди. (Самур — Жанубий Доғистондаги дарё).
• Очиқ оғиз оч қолмайди.
• Тиш ковлаганинг билан тўйиб қолмайсан.
• Эгар сотиб олганинг билан отли бўлолмайсан.
• Пода кеч қолгани билан оқшом кеч қолмайди.
• Жанжалсиз пиширилган ош — ширин.
• Мева қурти мевадан чиқади.
• Тоғдаги ёлғиз қабрга ва ўрмондаги ёлғиз дарахтга қийин.
• Куйга қараб ўйна.
• Дўстлашиш осон, дўстликни сақлаб қолиш қийин.
• Денгизга тушиб кетган бешта ит билан ҳам у хиралашиб қолмайди.
• Кабобнинг ҳидига югурсанг — эшак тамғаланадиган жойга бориб қоласан.
• Вақтида етилган ҳосилни шамолга совурма.
• Ҳақ гап аччиқ.
• Яхши қўшни соясида оқсоқ қиз ҳам турмушга чиқиб кетади.
• Тоғ ҳақида тоғликка гапир.
• Қул каби ишла, бек каби е.
• Худо учун мушук ҳам сичқонни тегмайди.
• Айтишдан олдин сўзни яхшилаб чайнаб ол.
• Қилич яраси тезда битади, ёмон тилнинг яраси битиши қийин.
• Болани бешикдалигида тарбиялаб олиш лозим, бузоқни — арқондалигида.
• Гуруч тозаламасдан ош қилолмайсан.
• Денгизда балиқ сотилмайди.
• Битта қўйдан иккита пўстин ололмайсан.
• Қўшнинг билан дўстлаш, аммо деворни бузма.
• Кўрнинг энг катта истаги — икки чақнаган кўз.
• Яхшига ёндош, ёмондан қоч.
• Тўйни нодондан четлаб ўтолмайсан.
• Ҳар кимнинг тиши ўзи учун керак.
• Ўз таёғинг доим сершох туюлади.
• Сотиб бўлдингми — бозорда қолма.
• Биров меҳнат қилади, биров уни сидиради.
• Эшакдан кейин, хондан олдин юрма.
• Уйда ўтириб нон тополмайсан.
• Кундуз куни айтганингни кечаси қайтаролмайсан.
• Кўрга ҳаммаёқ қоронғи.
• Сўзга ишонма — ишини текшир.
• Юракдан айтилган сўз юракка етиб боради.
• Ноўрин кулгу ёш келтиради.
• Ит эгасини унутмайди, мушук — уйини.
• Ит итни емайди.
• Ёрдамга ишонган ит бўрини қувиб солади.
• Итга суяк ташламай ишни битиролмайсан.
• Бойқуш кундуз куни кўрмаса, Қуёш айбдор эмас.
• Отаси яхши бўлгани билан боласи ҳам яхши бўлиб қолмайди.
• Тўқнинг оч билан иши йўқ.
• Асли қора нарса ювилгандан сўнг оқариб қолмайди.
• Ошқозон бўш бўлса қўллар ҳаракатга тушади.
• Меҳнат мўл бўлса, ҳосил ҳам мўл бўлади.
• Номард ўз соясидан ҳам қўрқади.
• Аёлнинг ақли товонида бўлади.
• Кимнинг пули оз бўлса, дарди ҳам оз.
• Ёлғоннинг умри қисқа.
• Яхши устанинг асбоблари ҳам яхши бўлади.
• Сахийнинг чўнтагида доим пул бўлади.
• Илонни ўлдириб, илон боласини қолдирма.
• Илон чаққан ҳамма арқондан қўрқади.
• Яхши отга қамчини кўрсатсанг бас.
• Яхши қўшни ёмон акадан афзал.
• Сандиқни қулфлаганинг билан тақдирни ўзгартиролмайсан.
• Қулоқ кўп нарсани билгани билан қулоқлигича қолади.
• Қўшнилар билан дўстона яшамоқчимисан — улардан қарз олма!
• Олтин нархини заргар билади.
• Нимани кўрмасанг, ўшани хоҳламайсан.
• Одам фойда чиқадиган нарсага интилади.
• Ҳаром орқали яшагандан ҳалол ўлган яхши.
• Азобга тутилмаслик учун гўнгга яширинишга ҳам рози бўласан.
• Бировнинг эҳсони билан тўйиб қолмайсан.
• Бугун қовурилган тухум, эртанги товуқдан афзал.
• Умумий қозон музда ҳам қайнайди.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.
Лезгинлар — Россия Федерациясидаги халқ (411 минг киши, 2002). Доғистонда (367 минг киши), Озарбайжонда (178 минг киши), РФнинг Марказий федерал округи (14 минг киши), Приволжск федерал округи (10 минг киши), Тюмень вилоятида (10 минг киши), Қозоғистонда (14 минг киши), Туркманистонда (10 минг киши) яшайди. Умумий сони тахм. 650 минг киши (2002). Доғистоннинг тоғлик аҳолисини адабиётларда 19-аср ва 20-аср бошларида лезгин деб аташган. Лезгин тилида сўзлашади. Диндорлари — сунний мусулмонлар, шиалар ҳам бор.