Жавонмардлик

«Аббосия» халифаси Мутаваккилнинг Фатҳ исмли бир ёш қули бор эди. Фатҳ ақлли, тарбияли ва зийрак йигит бўлгани учун Мутаваккил уни фар-зандликка қабул қилиб, ўз фарзандларидан кўпроқ унинг тарбиясига аҳамият берарди. Фатҳ доимо сувда сузишга ўрганишни ҳавас қиларди. Кемачилар унга Дажла дарёсида сузишни ўргатдилар. Кунлардан бир кун Фатҳ Дажла дарёсида сузиб, ўз ҳунарини кўрсатмоқчи бўлди. Шу ният билан ҳеч кимга сездирмай дарё қирғоғига бориб, ўзини сувга ташлади. Сув жуда тез оқарди. Фатҳ қулоч отишга улгура олмади. Сув уни оқизиб кетди. Фатҳ сув юзида қалқиб кетавериб, ниҳоят сув уни қирғоқ яқинига оқизиб келтирди. Фатҳнинг дармони қуриган эди. Қирғоқ бўйидаги бир кичик ғорга кириб олиб, жон сақлади, бир неча кун у ерда умр ўтказди.
Фатҳнинг сувда оқиб кетганини кўрган одамлар бу воқеани дарҳол Мутаваккилга хабар берган эдилар. Мутаваккил ҳамма кемачиларни чақириб, Фатҳни топиб келтиришга буюрди.
Фатҳни тириклигича ёки ўлган бўлса жасадини келтирган кишига инъом-эҳсон ваъда қилди. Ҳамма кемачилар Фатҳни излашга киришдилар. Бир кемачи Фатҳ ётган ғорга келиб қолди. Ғорда ўтирган Фатҳни кўриб, жуда шодланди, дарҳол уни қайиққа ўтқазиб, Мутаваккилнинг ҳузурига келтирди. Халифа жуда ҳам хурсанд бўлиб, топиб келтирган кишига кўп инъом-эҳсон қилди.
Мутаваккил, ўғлим неча кундан бери овқат емаган, оч ётган, деб ўйлаб овқат келтиришга буюрганди, Фатҳ қабул қилмай қорни тўқ эканини айтди.
Мутаваккил ҳайрон бўлиб, ўғлидан бунинг сабабини сўради.
— Мен ғорда бир ҳафта турдим. Ҳар кун бир идиш ичига жойланган йигирматача нон сув юзига оқиб келарди. Мен ўша нонлардан уч-тўрттасини олиб қолиб, идишни яна оқизиб юборардим, Мана шу нонларни еб ҳаётимни сақладим. Қизиғи шунда-ки, ҳар бир ноннинг юзига «бу нонларни дарёга ташлаган киши Ҳасан кафшдўзнинг ўғли Муҳаммаддир» деган жумла ёзилганди,— деб жавоб берди Фатҳ.
Мутаваккилнинг буйруғи билан жарчи шаҳар халқига:
— Ҳар кун дарёга нон оқизадиган киши ўзини маълум қилсин, халифа унинг иззат-ҳурматини бажо келтириб, инъом-эҳсон билан хурсанд қиладилар — деб эълон қилди. Эртаси куни бир киши халифа ҳузурига келиб, ҳар кун дарёга нон оқизиб турган киши ўзи эканини айтиб, нонларга ёзилган жумлани далил этиб кўрсатди. Мутаваккил ундан: «Шу иш билан неча вақтдан бери машғул бўласиз? Нон оқизишдан муддао нима?»—деб сўради. У киши:
— Мен бобомдан: «Яхшилик қилиб, дарёга ташласанг ҳам албатта бир кун сенга фойдаси тегади» -деб эшитган эдим. Менинг қўлимдан бошқа хил яхшилик келмас эди, куч-қудратим фақат нонга етарди. Шунинг учун сувда ғарқ бўлишдан ёки бошқа бир фалокатдан қутулиб дарё қирғоғи бўйида оч ўтирган одамлар олиб есинлар деб, ҳар кун дарёга нон оқизардим. Нонларимни олиб еганлар ҳаққимга дуо қилсинлар деб, нон юзига ўзимнинг ва отамнинг исмини ёзиб қўярдим. Бир йилдан бери шу иш билан машғулман. Бобомнинг сўзларига ишониб қилган яхшилигимнинг мукофотини кўрарман деб  умид этаман,— деди.
Мутаваккил у кишига кўп илтифот қилиб:
— Бобонгиз жуда тўғри айтган, қайси йўл билан бўлса ҳам яхшилик қилган киши, албатта яхшилик мукофотини олади. Сизнинг қилган яхшилигингиз соясида ўғлим Фатҳ очлик заҳматини чекмаган, ҳаётини сақлаб қолган,— деб Фатҳнинг бошидан ўтган воқеани айтиб берди. У кишига кўп олтин ҳадя қилди, инъом-эҳсон қилиб, уни хурсанд этди.