Боғбон боғига учта ўғри кирганини кўриб қолди. Буларнинг бири халққа фатво берадиган фақиҳ (олим), иккинчиси пайғамбар авлодидан эканини айтувчи бир зот,учинчиси эса шайхга кўп йиллар мурид бўлган сўфи эди. Боғбон ўзича ўйлади. Ҳозир буларни тутиб эплаб бўлмайди, куч бирликта. Яхшиси, бу учликни тарқатиб, уларни алоҳида алоҳида жазолаш лозим. Шу ниятда уларга жимгина яқинлашди. Боғига хуш келганларини айтди, сўнгра сўфига:
— Менинг уйим шу яқин атрофда. малол келмаса, бориб бир шолча олиб кел, дарахтнинг тагига тўшаб ўтирайлик, деб илтимос қилди.
Сўфи кетгач, фақиҳ билан шарифга қараб:
— Сизлар улуғ инсонларсиз. Бирингиз фатво билан йўл кўрсатасиз, яна бирингиз билан фахрланамиз. Бу мечкай, хасис сўфи ким бўлибдики, сиздек улуғ зотлар билан ҳамтовоқ бўлса? Уни келиши билан даф илинг, қаерга кетса кетсин. Сизлар эса боғимда энг азиз меҳмонларим бўлиб еб ичасизлар, деди.
Бу таклиф уларга маъқул келди. Сўфини: “кет бу ердан, сен билан дўст бўлишни истамаймиз”, деб ҳайдашди. Сўфи узоқлашгач, боғбон уни тутиб олди ва:
— Ҳой, сен кўппак Боғимга киришга қандай журъат этдинг, сенга бу йўлни қайси шайх кўрсатди дея уни роса дўппослади.
Боғбон боққа қайтди. Энди шарифга қараб: азиз дўстим. Ҳойнаҳой очқагандирсан. Сенга кичкина бир хизмат; менинг уйимга бор. Хизматкоримга айт юпқа нон билан қази берсин. Олиб келсанг, уччаламиз қоринни тўйдирамиз, деди. Оғзидан сўлаги оққан шариф боғбоннинг уйига равона бўлди. Бу орада боғбон факиҳга:
— Мана бу шариф деганингиз бемаъни одам. Ўзини пайғамбар авлодидан деб даъво қилади. Онаси қандай аёл бўлган, ким билади? Сен ақлли, билимли, кўпни кўрган одам бўлсанг, қандай қилиб, унга ишониб, ёнингда олиб юрибсан? дейиши билан фақиҳнинг ичига гўё бир қурт ўралади. Шариф келар келмас сўка бошлади:
— Ҳой ёлғончи, бу боққа сени ким чақирди?Ўғрилик сенга кимдан мерос қолган? Арслон боласи, арслонга ўхшар. Қани менга айтчи, сен пайғамбарга қайси томондан ўхшайсан? деди ва яна бир қанча аччиқ гаплар айтди. Уни олдига солиб ҳайдади.
Боғбоннинг истагани бўлди фақиҳ ёлғиз қолди. Та ёқни қўлига олди ва:
— Эй ношуд фақиҳ сенинг фатвонг боққа рухсатсиз киришми? Буни қайси ҳуқуқ китобида, қайси қонунда ўқидинг? деб фақиҳни ура бошлади.
Боғбон гапириб урар, уриб гапирар эди. Бечора фақиҳ бошига ҳар таёқ тушганда:
— Ур, уравер, фурсат ғанимат… Дўстларидан айрилганнинг куни шу, ҳаққи эса таёқтир. Ур.., дея инграрди.
Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”сидан