Ошиқ посбон ҳикояти

Бир посбон — соқчи йигит бор эди, бир гўзалга ошиқу зор эди. Кечаю кундуз уйқусиз ва беқарор эди. Уйқусиз ошиқнинг ҳамдами бўлган дўсти унга ҳайрихохлик билан деди:
— Эй уйқусиз дўстим, кечаси бироз уҳла. Ошиқ посбон айтдики:
— Посбон кечасини ёр ишқи билан ўтказади. Соқчи иккидан бирини: ё уйқуни, ё ошиқликни танлаши керак. Баъзилар уйқуни ўзига лойиқ деб билади: Мард посбон эса ошиқликни танлайди. Соқчиликда ухлаб қолган қанча сарбозлар бошидан айрилди. Агар мен озгина ухлаб қолсам, эл-юрт (омма) нотинч ва заиф бўлиб қолади.
Ҳар кеча ишқ мени имтиҳон қилади. Ишқ посбонга ҳам посбонлик қилади. Гоҳ келиб, мени қамчилайди. Гоҳ юзимни ғам билан қора қилади. Агар уйқусиз ва ҳур ошиқ бир дам ухлаб қолса, ўша замон ишқ ундан узоқлашади. Бутун кеча халқ осойишини йўқотади, агар посбон ухлаб қолса, халқ оҳу фиғон қилади.
Ошиқ посбоннинг дўсти айтдики:
– Эй ишқ оташида куйган ва тобланган йигит, бутун кеча бир лаҳза кўзингда уйқу бўлмади.
Ошиқсоқчи деди:
– Посбон ухлаши яхши эмас. Ошиқнинг юзи кўз ёшидан бошқа сув билан ювилмайди. Агар соқчи уйқусиз бўлса, бошқа ошиқларнинг кўзи ёшли бўлмайди.
Аслида уйқу ташқаридан келмайди. Уйқу ичкаридан келса (кўнгил ухлаб қолса) сув ташқаридан келади. Ошикдик посбон билан дўстдир. У туфайли посбоннинг кўз ёши дарёдай бўлса, уйқу лашкари бу жойдан қочади.
Посбон ошиқликдан яхшилик топади, уйқусизликдан ҳаёт мағзини топади. Эй мард йигит, агар жўянда (бахт изловчи) бўлсанг, ўйлаб кўр, кўп сўзловчи (гўянда) бўлсанг, ухлаганинг яхши.
Эй ошиқ, дил кўчасида посбон бўл, дилингни турли ўғрилардан эҳтиёт қилиб, сақла. Агар дил уйига ўғри тушса, йўлингни йўқотиб қўясан. Дилинг гавҳарини ўғрилардан сақла.
Агар сен шундай сифатли посбон бўлсанг, дилинг маърифат чироғидан равшанлашади. Мард инсонлар ҳаётнинг қонли дарёсидан маърифат ёрдамида соғ-омон чиқади. Агар дардли инсонлар, уйқусизлар кўпайса, дил бедор, ҳушёр бўлади. Кам ухласанг, дилинг ишкда вафодор бўлади.
Агар кўп гапираверса, жавонмардлик дарёга чўкиб, йўқолади. Чўкканларнинг эса фарёди ҳам етиб келмайди.
Ошиқлар абадият йўлида бошловчилардир. Муҳаббатдан маст бўлганларнинг ҳаммаси уйқудадирлар. Ошиқ аёллар ҳам мардларнинг мардидир. Улар ишқ майидан етарлича ичганлар.
Ишқ завқини топганларнинг кўнгли равшан, улар ҳар икки оламнинг калитини топганлар. Ошиқ аёл мард эркак каби улуғ инсондир. Агар эркак ошиқ бўлса, у теран, чуқур дарёдир.

Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.