Ошиқ дарвеш ҳикояти

Бир дарвеш бир шаҳзодага ошиқ бўлди. Кеча-кундуз шаҳзода ёдида оҳу нола чекар, аммо шаҳзодани ҳеч кўрмаган эди. Одамлар дарвешга танбеҳ бериб, насиҳат қилардилар:
– Сен қаердаю подшо қаерда, агар бу ишинг подшонинг қулоғига етса, сени қаттиқ жазолайди, ўз хунингга ўзинг зомин бўласан, – дер эдилар. Аммо дарвеш бу гапларга эътибор қилмас, шаҳзодани ўз қибласи, каъбаси деб билар, унинг ҳусну жамолини мақтар, беқарорлигини, ошиқлигини изҳор этар эди.
Подшо бу гапни эшитиб, ранжиди ва дарвешни ушлаб, қатл этишга ҳукм этди. Дарвеш бу гапни эшитиб, хафа бўлиш ўрнига шод бўлди, наъра тортиб, бошини тошларга ура бошлади, ақл-ҳушини йўқотди. Шу ҳолда уни қатлгоҳга олиб бордилар. Дарвеш қатлни уюштирувчи ҳокимдан бир муддат мухлат сўради, бир ракаат намоз ўқиб олайин, деди. Ҳоким ижозат берди.
Дарвеш кўзидан иссиқ оташли ёшларини тўкиб. юзини тупроққа қўйиб деди:
–    Эй Аллоҳи ҳозиру нозир, эй парвардигори қодиру қаҳҳор, шоҳимнинг умрини узун, давлатини фузун эт, унинг ҳеч бир гуноҳи йўқ. Аммо жоним танимдан чиқишдан олдин менга шаҳзодани жамолини бир бор кўрсат, буни менга насиб эт. Ҳеч бўлмаса, ахир бир бор унинг юзини кўрайин, кейин ўлсам майлига, майлига унинг олдида жон берайин, жонимни унга топшириб, Исмоил сингари қурбон бўлайин. Бир эмас, минг жоним бўлганда ҳам унга бағишлаган бўлардим. Эй парвадигор, минглаб одамларнинг ҳожатини чиқарасан, менинг ҳам ҳожатимни чиқар…
Парвардигор ул дарвешнинг ноласини эшитди ва подшоҳ кўнглига раҳм солди. Ҳоким шоҳ олдига одам юборди ва дарвешнинг ўлим олдидан айтган илтимосини билдирди. Фақир дарвешнинг ҳолати ва сўзи шоҳга таъсир қилди, шоҳнинг қалбида ҳам дард пайдо бўлди. Шоҳўғлини чақириб, деди:
–    Дарвешдан юз ўгирма, уни ўзингга яқинлаштир, ҳозир эса вазир билан бирга ўша бечора ошиқ олдига боринглар ва унинг кўнглини кўтаринглар.
Шаҳзода отасининг сўзига кириб, дарвеш олдига йўл олди. Гўё гавҳар садаф томон, дарё эса қатра томон йўл олгандай бўлди. Йўқ, қуёш тупроқ олдига келгандай бўлди. Шаҳзода дор остига, дарвеш олдига етиб келганда, бутун йиғилган халойиқ ҳайратдан қичқириб юбордилар. Қиёмат қўпгандай бўлди. Шаҳзода гадони тупроққа беланган ҳолда кўрди. Дарвеш гўё маҳв бўлган, йўқолган эди. Унинг жисми қарийбки кўринмас, халқ назаридан яширингандай эди. Шаҳзода бечора дарвешни бу ҳолда кўриб, кўзларига ёш олди, раҳми келди.
Воқеан, кимки ишкда содиқ ва собит бўлса, маъшуқ ҳузурига келади, ошиқу маъшуқ бир-биридан ажралмасдир, ишқ бор жойда ҳусн, ҳусн бор жойда ишқ мавжуд. Дарвеш шаҳзоданинг овозини эшитган бўлса-да, лекин юзини кўрмаган эди. Шаҳзода отдан тушиб. гадонинг юзини тупроқдан кўтарди ва тиззасига қўйди. Гадо шоҳининг юзини яқиндан кўрди. Гадо бир олов, шаҳзода эса бир дарёи раҳмат эди. Олов нур дарёсига етган эди. Гадо шаҳзодага қараб деди:
– Эй, шаҳриёр, мунча зор этдинг!
Сўнгра бу бахту саодатни етказган Аллоҳга шукр этди ва бир наъра тортиб, жонини жабборга топширди. Гўё у оламда йўқ эди. Бир шамъ лип этиб ўчгандай бўлди. Дилбарининг висоли маълум бўлгач, мутлақфоний бўлиб, йўқолди-кетди. Буни соликлар билурлар, ишқ не куйларга солиши, не-не мўъжизалар кўрсатиши уларга маълумдир.
Мардларнинг бари йўлда фано бўлдилар, Ҳаққа фоний бўлиб, Ҳақдан огоҳ бўлдилар. Эй вужудинг йўқликка йўғрилган, сенинг лаззатинг алам билан омухтадир, бир муддат остин-устун бўлмагунча, орому хотиржамликни кўрмайсан. Ишқ — кимё, сени покловчи хумдон. Мунча фикрга ғарқсан. Ақл – қўрқув келтиради, ақл мардликни бўғади, ақлни қўй. Хумдонга кир, мен каби ўзингдан кечгин, бир нафас ўз оламингни тарк эт. Менга қарагин: менки, мен эмасман, мен йўқман, мендан бошқа ҳам қолган эмас. Мен истаган нарса ақлдан ҳам, хайру шаррдан – яхши ва ёмондан ҳам балавдшир. Менга фақр офтоби нурини сочгач, икки олам кўзимга тариқча қимматсиз бўлиб қолди, ул қуёшнинг шуъласин кўрганимдан кейин мен батамом йўқолдим, қатра дарёга қўшилгандай бўлди. Неки излаган бўлсам, топган бўлсам оқар сувга отдим. Бир қатра эдим -йўқолдим. Гарчи йўқолиш ҳар кимнинг қулидан келмаса ҳам, аммо мендай бир кишининг барҳақ фоний бўлиши етарлидир.

Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”идан.