Обрў

Фазл номли мўътабар бир одамнинг икки яқин одами бор эди. Бирининг оти Назар, яна бирининг оти Соқиб эди. Бир кун Фазлнинг ҳузурида Назар билан Соқиб бир-бирлари билан ҳазиллашдилар, аскиябозликка киришдилар, охир ҳазиллари зилга айланди, ҳар иккиси қизишиб бир-бирини ҳақорат қилишга, уришишга киришдилар. Назар Соқибни икки қўли билан силкиб эди, Соқибнинг дўпписи ерга тушди. У бундан жуда ҳам аччиғланди. Фазл унга:
— Нега жуда ҳам ғазабландинг? Ҳазилкашликда бундай ишлар жуда кўп бўлади. Дўппингнинг ерга тушиши билан бунча аччиғланишинг тўғри эмас,— деди.
Соқиб аччиғини босолмай:
— Нега аччиғланмайин? Сендек улуғ киши ҳузурида дўппим ерга тушиб кетиб, обрўйим тўкилди,— деган эди, Фазл кулиб:
— Дўппингнинг ерга тушиб кетиши учун мунча ғазабланишинг ўринсиз. Менинг қошимда сенинг обрўйинг тўкилганига кўпгина вақт бўлди. Эсингда бор-ми, бир куп менга: «Менинг отим бир кечанинг ўзидаёқ Марв шаҳридан Нишопур шаҳрига етди»—деб ёлғон сўзлаган эдинг, ўша кундан бошлаб сўзингга ишонмай қолдим. Обрўйинг тўкилди. Энди обрў учун талашмай қўя қол, ёлғончида қандай обрў бўлади?— деди.

Қитъа:
То иложинг бор эса, ёндирма ёлғондан чироғ,
Чунки ёлғоннинг чироғи ичра йўқдир ҳеч ёғ.
Ҳар замоники агар ёлғондан урсанг, бир нафас,
Сўнгра ҳаргиз қилмагайсан обрўйингдан сўроғ.