Бир куни Абдураҳмон Жомий Хожа Аҳрор Валининг зиёратига отланди. Йўлда энликкина ариққа дуч келди. Сакраб ўтаётиб, чўнтагини ушлади. Унинг чўнтагида саккиз тиллоси бор эди.
Хожа Аҳрор Валининг мол-дунёси беҳисоб эди. Яйловларда унинг минглаб моли ўтлаб юрар, булар муридлар тарафидан ҳазрат эшонга назр қилинган жонзотлар эди.
Хожа Аҳрор “Халқдан келгани – халққа!” деган эътиқодда бу молларнинг бир қисмини етим-эсир, ғарибу ғурабога эҳсон қилиб турар эди. Буни Жомий ҳам биларди, лекин, барибир, суҳбат чоғи тили қичиб, Валийга таъна қилди:
– Тақсир, дунёга ўта берилиб кетаётир экансиз, деб эшитамиз, Сиздек пири комилнинг молу манотга бу қадар ҳирс қўйғони ажаб ҳол эрур…
Хожа Аҳрор Валий кулди.
– Мавлоно, бизнинг мол-дунёга ўчлигимиз сизникидан ортиқ эмас. Ҳузуримизга келаётиб, ариқдан сакрадингиз. Киссангизда саккиз тилло тушиб қолмасин, деб жонингизни ҳовучлаб ўтганингизни ҳам кўриб турдик. Нафс ўзларида ҳам бор экан, мавлоно…
Жомий кулиб юборди.