Бағдодда катта меросга эга бир одам бор эди. Қисқа вақтда шунча бойликни елга совурди; йўқсил ва муҳтож ҳолга келди. Мероснинг – молнинг вафоси йўқ – инсонга фойда бермай ўтиб кетади. Зеро, уни ҳеч заҳмат-машаққатсиз қўлга киритган эди.
Меросхўр танг аҳволда қолгач, қўл очиб Аллоҳга ёлвора бошлади. Бир неча кун дуо-илтижолар қилгач, ниҳоят бир кечаси тушида: “Ризққа эришмоғинг учун Мисрга боришинг керак, у ерда катта бир хазинага эга бўласан”, дейилди. Одам уйғонгач ҳеч вақт ўтказмай Миср йўлига равона бўлди. Бу узоқ масофа уни қийнаб қўйди. Оч, чанқоқ, чарчаган эди. Бир неча кун паришон ҳолда Миср кўчаларида тентираб юрди. На бир бурда нон топди, на хазинанинг изини. Ниҳоят тиланчилик қилишга қарор қилди. Уялгани учун кечаси тиланарди. Иттифоқо, ўша кунлари Қоҳирада ўғрилар кўпайиб қолишган эди. Миршаб уни тутиб олди, ўғри деб ўйлаб роса калтаклади. Шунда уқувсиз тиланчи, бечора йўқсил: “Илтимос, урма. Мен ўғри эмасман. Сенга ҳақиқатни айтаман!” дея дод-фарёд солди.
– Қани айт-чи унда, кечанинг бундай вақтида бу ерда нима қидиряпсан? – деди миршаб. – Балки бегонадирсан. Аммо ёлғон гапира кўрма, менга тўғрисини айт!
Одам қасамлар ичиб бошидан ўтганларни тушунтира бошлади:
– Мен на ўғри, на киссавурман, бир ғариб бағдодликман, – дея кўрган тушини ва қидираётган хазинани айтди.
Миршаб унинг тўғри гапираётганига ишонди ва:
– Ҳой ахмоқ, сен қандайин ақлсиз одамсанки, бир тушга ишониб, хаёлга берилиб шу ерларга қадар келибсан. Мен неча йилдирки Бағдодда, фалон маҳалланинг фалон кўчасидаги уйнинг фалон жойида бир хазина яширинганини тушимда кўраман. Шунга ишониб бўларканми? Қани, тезроқ бу ердан туёғингни шиқиллат. Йўқса қўлимдан қутулолмайсан, – деди.
Бу гапларни эшитган одамнинг севинчи ичига сиғмас, чунки миршаб таърифлаган уй Бағдоддаги уйининг худди ўзгинаси эди. Жон ҳолатда Бағдодга йўл олди. (Маснавий, VI-жилд, 4206 – байт)
Бўлди сархуш бу хабардин, кетди дард,
Тангрига тилсиз, дудоқсиз айтди ҳамд.
Деди: шу калтак менга нуқлу навот,
Чун дўконим ичрадир оби ҳаёт.
Бир буюк ризққа етишдим бўйласам,
Кўрлигимдин ваҳм аро муфлис эдим.
ШАРҲ
Шарҳимиз аввалида ўзбек халқ мақолларини келтиришни маъқул кўрдик:
Ҳар ерни қилма орзу,
Ҳар ерда бор тошу тарозу.
Ҳар ернинг ўз ботмони бор.
Қайга борсанг ҳам, қозоннинг қулоғи тўртта.
Хўроз ҳамма ерда бир хил қичқиради.
Бормаган жойда олтин бор,
Кўрмаган жойда кумуш.
Фалон ерда олтин бор,
Борсанг бақир топилмас.
(бақир – қизил мис)
Бу мақоллар орқали яшаб, ишлаб, ҳаётингни ўтказиб турган, оз бўлса-да ризқинг келиб турган жойингнинг шарт-шароитига, иссиқ-совуғига, яхши-ёмони, оғир-енгилига кўниккин, сабр-қаноат қилгин. Агар бу шарт-шароитларни ёқтирмай, иссиқ ўрнингни ташлаб, қўнимсизлик, қаноатсизлик қилиб, яхшироқ ерни қидириб кетсанг, барибир (ҳамиша ҳам) қадр-қиммат тополмайсан. Негаки, ҳар бир ернинг ҳам яхши ва ёмон жиҳатлари, қийинчиликлари, камчилик ва нуқсонлари бўлади, бўлмай иложи ҳам йўқ. Бинобарин, ўз ерингни тарк этма, сабр қилсанг, шундайлигича қолиб кетмайсан, бир ризқ эшиги очилгай, каби маънолардаги панд-ўгитлар беради доно халқимиз.
Дарҳақиқат, инсон баъзан хом хаёл ортидан қувлашдан ўзини тиёлмайди. Кимлардир қўлидаги имконият, уйи ичидаги хазинадан бехабар диёр-диёр кезади, аниқроғи сарсону саргардон юради.
Ҳазрати Мавлоно Румий хазина ортидан югураётган одамни шундай гапиртиради: “Хазинанинг бошида туриб йўқсилликдан ўлаётибману хабарим йўқ. Чунки зулматда, ғафлат пардаси ортида эканман”.
Деди шўрлик: ганж эрур хонамда чун,
Мен фақирмен йўқсилу зормен нечун?
Бўла бир йўқсил гадо ганж узрамен,
Чунки зулмат ичра, ғафлат ичрамен.
Ҳикояда англатилган каби баъзан жуда яқиндаги неъмат ва имконларга неча заҳмат ва қийинчиликлардан сўнггина эришилади. Нима деймиз? Бу ҳам бир омад, ҳеч йўқдан яхши.
* * *
Бу ҳикоя қуйидагича ҳам тушинилиши мумкин: Аслида хазина бир мажоздир, эришилмоқчи бўлинган нарса ишқдир, илоҳий ишқ хазинасидир. Ва ёхуд асл хазина ўзимиздадир. Ўз ичимиздаги хазинага етишмоққа мақсад қилишимиз керак. “Бир мен бордир менда мендан ичкари” сири бу хазинага ишорат этади. Келинг, ишқ хазинасини топган Ошиқ Юнус Эмронинг ҳикоя шарҳига ёрдам берувчи ушбу шеърини тўлиқ эшитайлик:
Бир мен бордир менда мендан ичкари…
* * *
Энди Ҳазрат Навоийдан эшитамиз:
Ўз вужудингга тафаккур айлагил,
Ҳар не истарсан, ўзингдин истагил.
“Ал – кимёгар”
Брозилиялик адиб Пауло Коэлонинг “Ал-кимёгар” романи бутун дунёда, жумладан бизда ҳам севилиб ўқилди. Ҳатто бу асар уч фарқли таржима ҳолида (Озод Шарафиддинов, Аҳмад Отабоев, Азиз Саид) нашр этилди. Роман ҳақида кўплаб баҳс-мунозаралар, эътирофлар бўлди.
Бу романнинг асосий мавзуси “Маснавий”дан ўрин олган қоридаги ҳикоянинг деярли айнисидир. Ёзувчи билан ўтказилган мулоқотда “Маснавий”ни ўқиганмисиз?” саволига жавоб бермаган бўлса-да, маданият ўлароқ мусулмонликни таниган, тан олган ёзувчининг ҳикояни ўрганиб романида қўллаганини айтиш мумкин.
Ҳикоянинг илдизлари қадимларга ҳам бориши мумкин, фарқли версиялари балки бошқа халқларда ҳам учраши мумкин. Муҳими бу қадимги ва жаҳоншумул мавзуни ўзига хос услуб билан – румиёна ёхуд коэлона услуб билан ўқувчисига етказишдир.
Юқоридаги ҳикоянинг бошқа бир версиясини “Уч узум донаси” номи ила ёзувчи Искандар Пала қаламидан тақдим этмоқдамиз.
Уч узум донаси
Истанбулнинг Тўпқопи маҳалласида Акариечи (Таккечи) Иброҳим Оға Жомеси дейилувчи Меъморий шоҳ асар бор… Бу жоменинг қурилиши билан боғлиқ ажиб ҳикоя айтилади.
Иброҳим Оға “Ёпиқ Бозор”нинг ҳунармандларидан бўлиб қалпоқ сотувчилиги билан кун кечирган, ҳалол, кўзи тўқ, камтарин инсон эди. Камбағал бўлгани учун Тўпқори ташқарисидаги эски бир Византия уйида яшар, ҳар кун бозоргача пиёда бориб келарди. Бир кеча тушига бир пири фоний кириб дедики:
– Болам, Боғдодга бор, кўприк рўпарасидаги Хурмо дарахтига ўралган ишкомда уч узум донаси қисматинг бор. Олгину офият ила егин.
Иброҳим Оға тушлар содиқ бўлганда рўёбга чиқишини билиш билан бирга, тушга у қадар қаттиқ эътибор бермайдиганлардан эди. Пайғамбар ёхуд авлиёуллоҳнинг туши бўлса, бошқа гап. Ўзи каби оддий бир одамнинг туши нима бўлибди? Устига устак уч узум донаси учун неча ойлик йўл машаққатини тортишга арзийдими?
Бироқ, Иброҳим Оға айни тушни яна кўрмасинми?!
Ўша кун ишга борган, аммо ақли кўрган тушида эди. Ниҳоят учинчи кун ҳам айни тушни кўргач, ҳеч кимга бир оғиз гап айтмасдан елкада халта, оёқда чориқ, қўлда асо “Қайдасан Бағдод?” дея йўлга тушади.
Иброҳим Афанди ҳафталаб йўл босади ва ниҳоят Дажланинг тўлиб-тошиб оқиб, яшартиргани Доруссаломнинг марказий кўприги ёнига боради. Яқиндаги ошпаз дўконига кириб қорнини тўйғазаркан, бир томондан кўприк атрофига разм солар, тушидаги хурмо дарахтига ўралган ишкомни қидира бошларди. Во ажаб!
Тушида таърифлангани каби бир хурмо кўчати кўприкнинг нариги ёқасида турарди. қорнини тўйдиргач, ширинлик нияти билан уч узум донасини емоқ учун ишком олдига келади. Бироқ, қайси узум бошидан узиб ейишни билмай туради. Кейин ишком ёнидаги ўриндиққа ўтириб узумларга разм сола бошлайди. Иттифоқо барглари орасида фақат уч узум донаси бор бошга кўзи тушади. Аммо узум боши бир оз тепароқда эди. Яқинлашиб бир-икки сакраса-да, қўли етмайди. Шу пайт ёнига кекса бир одам келади:
– Ассалому алайкум, оға. Узум емоқчи бўлсанг, ана – шунчаси олдингда, нега бунча сакраяпсан?
Қалпоқчи Иброҳим ҳайрон қолади. Ҳақиқатан бу саволга нима деб жавоб берсин. Ниҳоят бошидан ўтказганларини қарияга бирма-бир айтиб беради.
Кекса киши уни эшитган сайин кула бошлайди ва ниҳоят айтади:
– Ҳой, намунча содда бўлмасанг. Мен уч йилдан бери шунга ўхшаган туш кўраман. Менга ҳам тушимда: “Истанбул диёридаги Тўпқопи ташқарисида жойлашган Тўпчилар маҳалласида бир қалпоқчининг кўмир омбори остида уч хум олтин бор. Бориб ол”, дейишади, лекин мен жойимдан қимирламадим. Сен бўлсанг уч дона узум учун келибсан. Бунчалар ҳам аҳмоқ бўладими одам?
Бу сўзларни эшитган Иброҳим Оға ҳушидан кетмаслик учун ўзини зўрға тутади. Чунки одам таърифлаган манзил Истанбулдаги яшаш жойи кўмир омбори ҳам унинг омбори эди. Одамга ҳеч нима сездирмаслик учун у уч узум донасини еб, дарҳол йўлга чиқади. Истанбулга келиб кўмир омборини қазийди. Дарҳақиқат, уч хум тилла бор эди. Олтинларни олади ва кўп хайр-ҳасанотдан ташқари ҳозир унинг номи билан аталаётган у кўркам жоме масжидини қурдиради.
Насибага қаранг! Бировни уч узум дони ила иҳё этади, кимнидир уч хум билан маҳрум қолдиради.
Турк тилидан Абдумурод Холмуродов таржимаси,
“Маснавий ҳикоятларидан дарслар” китобидан олинди.