Бир амирнинг жуда чиройли оти бор эди. Ҳатто подшоҳнинг отлари ичида ҳам унинг тенги йўқ эди. Амир бир кун бу отига миниб Хоразмшоҳ ташкил қилган маросимга қўшилди. Подшоҳнинг кўзи беихтиёр бу отга тушди. Отнинг туриши, хатти-ҳаракатлари, ранги султоннинг ақли ҳушини олди. Отнинг қаерга қарамасин гўзал ва жозибадор эди.
Подшоҳ сафардан қайтгач, дарҳол бу отни олиб келишларини амр этди. Аъёнлар амирнинг уйига бориб шоҳнинг амрини етказдилар. Амир паришон бўлди. Ахир, подшоҳнинг амрига қарши чиқиб бўладими?
Ночор, вазир Имодулмулкнинг ҳузурига югурди. Унинг ёнига бориб
Деди: олсинлар бисотим бешу кам,
Мен берай боримни ҳам, йўғимни ҳам.
Лек ўлимдир менга отдан айрилиқ,
Олсалар отимни, ўлгаймен аниқ.
Мен биларменким, қўлимдан кетса от,
Қолмагай жисмимда сўнгайдир ҳаёт…
Кетса ёрим, сабр этармен ҳар қалай,
Кетса от, сабру қарорим қолмагай.
Имодулмулк амирнинг елкасини силади, унга тасалли берди:
– Сен ташвишланма, мен сенга отингни қайтариб олиб келтираман, – дея туриб подшоҳнинг ҳузурига кетди.
У подшоҳ ҳузурида овоз чиқармай, тек турар, бироқ ичидан дуолар қиларди. Худди шу пайт хизматкорлар отни олиб келдилар. Подшоҳ тахтидан тушди. Имодулмулкка отни кўрсатиб:
– Нақадар гўзал, нақадар тенгсиз бир от! Ҳамма аъзолари нақадар нуқсонсиз! – деди. Имодулмулк:
– Тўғри айтаяпсизку-я, ҳазрати олийлари, лекин менга отнинг боши ниҳоятда хунук кўринмоқда, – деди.
Подшоҳ диққат билан қаради. Ҳақиқатан бу отнинг боши ҳўкизнинг бошига ўхшарди. Шу он отга бўлган бутун севгиси йўқ бўлди; отни эгасига қайтариб берилишини буюрди. Аслида:
Бу бир баҳона эрди, чунки Тангри, Ҳай,
Шоҳ дилин отдан совутди ҳар қалай.
Кўрмасин, деб ёпди эшикни Худо,
Ул сухан эрди эшикдин бир садо…
Ул эшик ҳар гал ғичирлар шул йўсин,
Бонгини тинглаб, кўролмассан ўзин.
Янграса ҳикмат ила гар хушовоз,
Ланг очилгай бир эшик жаннатда боз.
Тўлса ғийбатга қулоқнинг тешиги,
Ланг очилгайдир жаҳаннам эшиги.
Тингла бонгин, гар йироқдирсен бу дам,
Бахтиёр улким, кўрар эшикни ҳам.
(Маснавий, VI-жилд, 3485 – 3493 – байтлар)
ШАРҲ
Хоразмшоҳлар Мавлоно Румий туғилган ҳудуд ва атрофда 1100 – 1230 йилларда ҳукм сурган бир сулоладир. Ҳукмдорлиги даврида кўплаб дин, адабиёт ва тасаввуф олимлари етишиб чиққан.
Ҳикояда бўлишолмаган бир отдан сўз юритилмоқда. Аждодларимизнинг отга бўлган севгиси бу ҳикояда ҳам намоён бўлмоқда. Исломиятдан аввал қадимий туркийлар отнинг кўкдан тушганига ишонишар (“Осмондан яшиндай энган бедовсан”. “Қундуз ва юлдуз” достонидан. – А.Т.), бу ҳайвон тотем (муқаддаслаштирилган) ҳайвонлар орасида эди. Ҳатто туркийларда бир киши ўлса уни оти, отнинг эгар-жабдуқлари билан кўмиш одати, қабр тошларга, гиламларга, қоя тошларга от расмларини солиш каби одатлар мавжуд эдики, бу ҳам отга бўлган ҳурмат-эҳтиромнинг кўриниши эди.
“От – йигитнинг қаноти”, “Оти борнинг қаноти бор”, “От тегди – қанот тегди”, “От дўсти – ота дўсти”, “Яхши от – ярим ризқ”, “От ушлаган – азобидан қутулар” (ушлаган – бу ўринда “боққан, асраган” маъносида ишлатилган), “Отли йигит – бахтли йигит”, “Бошсиз бўри бўлмас, Тотусиз турк бўлмас” (бурк – қалпоқ, телпак; тоту, тоти – кичик, мўъжаз от.) каби ўзбек халқ мақоллари ҳам бежизга айтилмаган.
Отга бўлган бундай муносабат исломиятдан кейин ҳам қайсидир маънода давом этган бўлиши керакки, Хоразмшоҳ чиройли отни қандай бўлмасин қўлга киритмоқ истар. Бироқ, шу нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, исломият отга бўлган муносабатни ҳам изга солди, даражасини белгилаб берди, бу борада ҳаддан ошмасликни таъкидлади. Отнинг ҳам Яратувчининг бир мўъжаз неъмати эканини, унинг фойдаларини айтди.
Қуръони карим отни Аллоҳ томонидан инсонга берилган улуғ неъмат эканини айтди: “У зот яна сизлар минишингиз учун зийнат қилиб отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди). Яна сизлар ҳали билмайдиган нарсаларни ҳам яратур” (Наҳл, 8)
Бироқ бошқа дунё моллари, зеб-зийнатлари каби “қиммат баҳоли” отлар ҳам синов-имтиҳон учун берилганини таъкидлади:
“Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, (қиммат) баҳоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш чиройли қилинди. Ҳолбуки, бу нарсалар ҳаёти дунёнинг (ўткинчи) нарсалардир. Аллоҳнинг ҳузурида эса энг гўзал қайтадиган жой – жаннат бордир. Яъни, ўткинчи нарсаларга кўнгил бермай, ҳақиқий гўзалликни севмоқ лозим” (Оли Имрон, 14).
Пайғамбаримизнинг (с.а.в) бир ривоятга кўра, ўн беш (Ибн Можа. “Мухтасар ус-сияр”), бошқа ривоятга кўра, еттита (Ибн Гузай ал Қалбий. “Китобул хайл”) отлари бўлган.
Нававий “Ат-тақриб ва-т-тайсир” асарида (Байрут–1400–1980) қуйидагиларни ёзади: “Аллоҳ Расулининг (с.а.в.) отлари бор эди. Биринчи минган отлари Сақбдир. Пешонаси ва оёғида оқи бор эди. Сабха исмли яна бир отлари бўлган. Бу айни пайтда ўзлари билан ғазотга чиққан илк от эди. Бошқа бир отлари эса Муртажаздир. Расули Акрам бу отларини бир бадавийдан сотиб олганлар. Сахб бин Саъд шундай дейди: “Расулуллоҳнинг Лизоз (Лазоз), Зариб ва Лухайф (Лахиф) исмли уч нафар отлари бўлган. Лизозни у зотга Муқовқис ҳадя қилган. Лухайф (Лахиф) эса Робиа бин Абил Баронинг совғасидир”.
Расулуллоҳ унга бир неча туя берганлар. Маълумотларга қараганда, Пайғамбаримиз кўпроқ қора рангли, пешонасида ва олдинги оёғидан бошқа оёқларида оқи бўлган отларни яхши отлар дея таърифлаганлар.
Ас-Саъдус-Самарқандий “Жонзотларнинг тиббий хосиятлари” асарида яна бир эътиборли маълумотни келтиради: “Расули Акрамнинг отлари бор эди. Ва ҳадисда келибдурким, “Ҳеч оқшом йўқки, магар от бу дуони ўқимагай: “Робби, иннака саххоратани ли-ибни Адама ва жаъалту ризқи фи-ядиҳи (Парвардигорим, мени Одам фарзандига бўйсундирдинг ва ризқимни унга боғладинг. Эй Худовандо, бас мени унга севимли қил!)”
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида марҳамат қилдилар: “От уч хил иш учундир. Бири савоб, бири – парда ва яна бири гуноҳдир. Савоб – шуки, киши уни Тангри йўлида ўтлоқда ёки уйида боқса, унга савоб ёзилур. Ўтлаши учун уни яйловга ёки ўз боғчасига боғлаб қўйса, арқони етган жойгача савоб ёзилаверади…
Бойлик ва зориқмаслик учун боқиб, парвариш қилиб, миниб Тангрининг ҳаққини унутмаган бўлса, унга шу от дўзахдан парда бўлади. Агар киши уловини фахр ва риё ёхуд мўминларга қарши ҳаракат учун боқса, бу билан унга гуноҳ ёзилади”.
* * *
Ҳикоямизда амир ва ҳукмдор орасида отга соҳиб бўлиш борасида тортишув баён этилмоқда. Ваҳоланки, бунинг чораси тасаввуф тушунчасида мавжуддир. Машҳур тасаввуф таърифларидан бири шундай: “На сен бир нарсага молик бўлгайсан, на бир нарса сенга молик бўлгай”.
Ҳикоятда эса бунинг тескарисини кўрмоқдамиз. Ўртада қимматбаҳо бир от бор, асл соҳиби уни жуда яхши кўради. Яъни, отга молик, от унинг мулки. Аммо отга бўлган севгиси шу даражада зиёдаки, гўё от унга молик, от севгисининг асири – мубталосига айланган. Отдан айрилиб қолиш унинг учун ўлим билан баробар. Айни тарзда ҳукмдор ҳам шунга ўхшаш туйғунинг асири ўлароқ мажбуран бўлса-да бировнинг отига эгалик қилмоқчи. Бу ҳам ҳатни қийинлаштиришдан бошқа нарса эмас. Хўш, чора нимада? Чора – ҳар нарсага лойиқ, меъёрида баҳо бермоқ. Аллоҳдан ўзга ҳар нарса фонийдир, мосуводир, ортидан жон-жаҳд билан елиб-югуришга арзимайди.
Нотўғри англашилмасин – ҳаракат қилмайлик, мол-мулк соҳиби бўлмайлик демаяпмиз. Аммо соҳиб бўлган нарсаларга топинадиган даражада боғланиб қолмайлик. Акс ҳолда ҳафсаламиз пир бўлади. Пул чўнтагимизда бўлсин, қалбимизда эмас. От ҳам табласида яшаши керак, кўнглимизда эмас.
* * *
Филология фанлари доктори, профессор Нажмиддин Комилов ёзадилар: “Ал-фақру фахрий” ҳадиси тасаввуф аҳлининг байроғига айланган эди, чунки “фақр” тушунчаси тасаввуфда махсус мавқега эга. У мақомотнинг алоҳида босқичини англатишдан ташқари, умуман, дарвешликнинг моҳиятини ҳам белгилаб келади. Тасаввуф луғатларида қайд этилишича, фақр “улуғ бир моҳият, инсоннинг илоҳий аслидир; фақрлик – дунёнинг моли ва аҳволидан ҳеч нарсага эга бўлмаслик. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд айтганларидек:
Ҳечи мо нею ҳеч кам не,
Аз ҳеч – ҳеч ҳеч ғам не,
Жанда дар пушту пуш гўристон,
Рўзе ки мирам, ҳеч мотам не.
Ҳеч нарсамиз йўқ, шунинг учун ҳеч камимиз йўқ. Ҳеч – ҳеч, яъни у – бу нарса дейишдан ҳеч бир ғамимиз йўқ. Эгнимизда жанда-ю орқада қабристон, ўлган кунимиз мотам ҳам йўқ. (Н. Комилов. “Тасаввуф” Тошкент “Мовороуннаҳр” – “Ўзбекистон”, 2009, 89-бет)
Тасаввуф аҳлининг ушбу шиори ҳам бу борадаги фикрларимизни ойдинлатади: “Ла маъбуда иллаллоҳ. Ла мавжуда иллаллоҳ. Ла мақсуда иллаллоҳ”
* * *
“Дунёни кўр, сайр қил, ичига кир, аммо эҳтиёт бўл – дунё сенинг ичингга кирмасин” (Муҳаммад Нуруллоҳ сайдо ал-Жазарий) қоидасига амал қилиш энг тўғри йўл.
Ҳа, ҳаёт аталмиш дангиздан ўтаётганда қайиқ ичига сув киргизмасдан, яъни дунё севгисини қалбимизга олмай соғ-саломат рўпарадаги бандаргоҳга етиб олсак марра бизники.
Сўфи Оллоёр айтадилар:
Ҳарис улдур, агар дунёйи фани,
Йиғай деса муҳаббат бирла они.
Агар бўлса кишида моли саҳли,
Кўнгул берса эрур дунёнинг аҳли.
Бисотида бир арпа қурси бўлса,
Ани дун аҳли бил, гар ҳирси бўлса.
* * *
Аллоҳ таоло инсонга турли неъматлар бериб имтиҳон қилиш ҳақиқат. “Сад” сурасида Сулаймон пайғамбар ва учқур отлар билан боғлиқ қисса шу жиҳатдан ибратлидир: “Биз Довудга Сулаймонни ҳадя этдик. (Сулаймон) нақадар яхши бандадир. Дарҳақиқат, у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) қайтгувчидир. Эсланг, унга (бир куни) кечки пайт гижинглаб тургувчи учқур отлар рўбарў қилинган эди. Бас, у (ўша отларга маҳлиё бўлиб, кун ботиш олдидан ўқийдиган намози қазо бўлгач), деди: “Дарҳақиқат, мен Парвардигоримни эслашдан (яъни, ўқийдиган намозимдан қолиб) бу суюкли отларни суюб эркалашга берилиб кетибман!
Ҳатто (қуёш ҳам) парда ортига беркинибди (яъни ботиб кетибди)! У (от)ларни менга қайтаринглар-чи! Бас, У (қилич билан отларнинг) оёқ ва бўйинларини “силаш”га киришди (ва уларни Аллоҳ йўлида қурбонлик қилиб юборди)” (30-33 – оятлар)
Улуғ олимимиз Олтинхонтўра Соғуний бу оятларни тафсир қила туриб, жумладан, шундай ёзадилар: “Буларнинг (яъни отларнинг. – А. Т.) адади 1000 эрди. Аларнинг намойишиға машғул бўлиб аср намозини унутиб қўйдилар. Қасддан тарк этмадилар. Кейин маҳзун бўлиб, аларни сўйиб садақа қилдилар”.
* * *
Ҳикоямиздаги Имодулмулкнинг ўша даврда яшаган ақлли, тажрибали, ҳамманинг ҳурматига сазовор донишманд зот экани маълум бўлмоқда. Бундай инсонларнинг борлиги жамият учун омаддир. Ҳукмдорлар, подшоҳлар билан халқ ўртасида бу каби зотлар кўприк, яхши муносабатга воситачи бўлишган. Бировнинг молига ноҳақ кўз тикилган пайтларда булар орага кириб ноҳақликнинг олдини олишган, ўртани ислоҳ қилишган.
Имодулмулк амрнинг отини олиб қолиш учун қўллаган тадбири диққатни тортади: “Султоним, от жуда гўзал, бироқ боши бир оз ғалати, ҳўкиз бошига ўхшайди”.
Бу – талқиннинг кучи ва биз катта аҳамият берган бир неча нарсага муносабатимизнинг ўткинчи эканига ёрқин мисолдир. Кўпчилигимизнинг ҳаётимизда содир бўлгандир: бир пайтлар ниҳоятда ёқтирган бир ашёни, вақт ўтиб ёқтирмай қоламиз. Айниқса, бир ташқи омил, таъсир этувчи бўлса, бу ҳолат янада ўнни намоён этади.
Мавлоно Румий мансуб бўлган тасаввуф тушунчасида ҳам бу изофийликларга, келиб-кетувчи ҳавасларга чиройли жавоб бор. Маъруф Кархий (815 йилда вафот этган) дейдики: “Тасаввуф ҳақиқатларни олмоқ, инсонларнинг қўлидагилардан умид узмоқдир”.
Ҳа, ҳақиқатларни, ҳақиқий бўлганни, қолувчи бўлганни олмоқ. Яъни, ўшанга баҳо бермоқ, уни хуш кўрмоқ! Ундан бошқаларига фақат лойиқ бўлган қиймат бермоқ керак. Ҳақиқатларнинг ҳақиқати (Ҳақиқатйўл Ҳақойиқ) Аллоҳ таолодир. Ягона ҳақиқий борлиқ Удир. Унга оид бўлган, У томондан тавсия этилган ҳақиқатлар асл йўналмоғимиз керак бўлганлардир. Машру йўлдан соҳиб бўлганимиз мол, мулк, мақом, мавқе, от, арава, автомобиль, кўшк, сарой, умр йўлдош, фарзанд – буларнинг ҳаммаси хуш нарсалардир, кўз қувончидир – ҳаётга ранг ва чирой қўшади. Буларсиз бир дунё тасаввурга сиғиши қийин. Бироқ, уларнинг ҳеч бирига топинадиган даражада боғланмаслигимиз лозим. Буларнинг бари кеманинг сузишига ярайдиган сув мисолидир. Кема ташида қолсалар, гўзалдирлар. Кеманинг ичига кириб қолишса, яъни қалбимизда жой олсалар, кемамиз маънан ғарқ бўлади.
* * *
Жалолиддин Румий тасвирлаётган Имодулмулк қалби дунё севгисидан ҳоли, мол-дунёга рағбати йўқ муҳтарам зотдир. У
Гар ғарибликда амир эрди мудом,
Лек амирликда фақир эрди мудом.
Барча муҳтожларга эрди чун падар,
Даф этарди ҳар зиёну ҳар зарар.
Кўрса айб, ёлгувчи марди Ҳув эди,
Феъли халқнинг феълидин айру эди.
Бу комил инсонга хос белгиларки, шоҳга унинг гаплари шунинг учун ҳам ўз таъсирини дарҳол ўтказди, шоҳ фикридан қайтди.
Румий шоҳнинг ҳолатини тасвирлар экан, ҳар нарса Ҳақ таолонинг қудрат қўли остида, у бандаларини хоҳлаган йўл билан синаши мумкинлиги ҳақидаги ҳақиқатни эслатади:
Бир нима кўрсатса кўзга, хоҳиши,
Бир нима беркитса кўздин, хоҳиши.
Билдиким, ғойибдин эрмиш бул сабақ,
Ҳар нафас бир имтиҳон айлайди Ҳақ.
Шунинг учун бўлса Румий ушбу ҳикоянинг сарлавҳа остига яна бир нигин сарлавҳача қўяди: “Қанчалар гўзал бўлмасин Юсуф оғаларининг ҳасади туфайли муштарийларга хунук кўрина бошлади”. “Юсуфга у қадар рағбатлари йўқ эди” (Юсуф сураси, 20-оятга ишора).
Румий ҳикоя сўнгида қалбнинг ҳам эгаси Аллоҳ таоло экани, уни хоҳлаганидек буриши мумкинлиги ҳақидаги қудсий ҳадис мазмунини иқтибос санъатининг ўзига хос бадиий талқини тарзда ўқувчисига эслатади:
Дил кўздин очгай, бекитгай Зулжалол,
Дамба-дам айлаб неча сеҳри ҳалол.
Ул сабабдинким демишди Мустафо:
Пастни пасту ҳақни ҳақ кўрсат Худо…
То етиб охирга, ағдарсанг варақ,
Етмагай афсус, надоматдин сабоқ.
Ул Имодким макр бунёд айлади,
Ҳақ уни айларга иршод айлади.
Макри Ҳақдир аслида сарчашма ул,
Икки бармоғи аросинда кўнгул.
Ҳа, Жалолиддин Румий ҳикоя баҳонасида ўқувчисини маънавият осмонининг бир неча буржларига саёҳат қилдирадики, бу саёҳатга қўшилган сиз – биз йўловчилар нақадар бахтлимиз!
Турк тилидан Абдумурод Холмуродов таржимаси,
“Маснавий ҳикоятларидан дарслар” китобидан олинди