Имтиҳон

Хиёнат, ўғрилик кўчасидан ўтмаган, пок, соф қалбли одам халқнинг ишончини қозонади, иззат-ҳурматга сазовор бўлади.
Қадим замонда Сарондип оролида ўзининг мулойимлиги билан машҳур бўлган бир подшоҳ ҳукм сурарди. Баъзан нобакор кишилар унинг мулойимлиги, лутфкорлигини суистеъмол қилардилар. Подшоҳ кимни хазиначи этиб тайин қилса, бир неча вақтдан кейин унинг хиёнати юзага чиқарди. Шунинг учун подшоҳ хазинадорликка номусли, пок виждонли бир одам тополмай қайғуланиб юрарди.
Кунлардан бир кун эронлик сайёҳ Сарондипга келиб қолди, бир неча вақт подшоҳнинг азиз меҳмони бўлиб турди. Бир кун подшоҳ донишманд билан суҳбатлашиб ўтирган вақтида юрагидаги дардини изҳор қилиб айтди:
— Эй азиз меҳмоним, сиз жуда кўп жойларни кезганингиз натижасида одамларнинг табиатлари, хулқ-атворлари билан жуда яхши танишгансиз деб ўйлайман. Иффатли, номусли, матонатли бир одамни топиб олиш учун соғлом усулни биласиз, деб ишонаман.
Донишманд жуда чуқур хаёлга ботиб деди:
— Шундай одамни топишдан ҳам қулай бир нарса йўқ. Бир кунни тайин қилиб, хазиначи бўлишни орзу қилганларни саройингизга даъват қилинг, уларни биттадан чақириб чолғу ҳавоси, оҳанги остида рақс эттиринг, ким чаққонлик билан рақс этса ана ўшани хазиначи этиб тайин қилинг.
— Сиз кулгили бир латифа сўзлаяпсиз, деб гумон этаман, чаққонлик билан рақс этган одам энг номусли, энг моҳир хазиначи бўла олади, деб даъво қилиш тўғри бўлмаса керак,— деди подшоҳ ҳайрон бўлиб.
Донишманд шундай жавоб берди:
— Ишонинг, хазиначи тайин қилиш учун бундан ҳам яхшироқ бир имтиҳон усули йўқдир.
Тайин этилган кунда хазиначи бўлишни истаганларнинг ҳаммаси интизорлик хонасига тўпландилар. Улар олтмиш тўрт киши эдилар. Подшоҳ ҳузурига кириш тартиби шундай эди, кутиш хонасида ўтирганларни навбат билан чақирар эдилар. Чақирилган киши иккинчи бир — олтину ёқутлар турган хонада ёлғиз ўзи бироз кутиб ўтиргандан кейин подшоҳ ҳузурига чақириб олардилар. Подшоҳ унга чолғу ҳавосига кўра рақс этишни буюрарди. Рақс этганидан кейин уни яна бошқа бир хонага чақириб, натижани кутиб ўтиришни буюрардилар. Шундай қилиб, олтмиш тўрт кишининг ҳаммаси рақс имтиҳонидан ўтди.
Хазиначи бўлишни истаган олтмиш тўрт кишидан 63 таси жуда ёмон рақс этдилар, рақс этаркан, қўллари билан чўнтакларини беркитиб турардилар, Подшоҳ ёнида ўтирган донишманд буларнинг рақсларини кўриб: «Ҳа, ярамас ўғрилар» деб қўярди.
Уларнинг ичидан биттаси, яъни олтмиш тўртинчи номзод жуда чаққонлик ва жуда эркинлик билан рақс этди. Тажриба тамом бўлгандан кейин подшоҳ бу чаққон ўйнаган одамни қучоқлаб табриклади, уни хазиначи этиб тайин қилганини билдирди: донишманд ҳам уни янги мансаб билан муборакбод этди. Ёмон ўйнаган олтмиш уч раққосни ўғирликда айблаб, жазо маҳкамасига ҳавола қилди.
Сабаби нима? Сабаби шу: кутиш хонаси ёнидаги иккинчи бир хонага — жуда кўп олтин, кумуш, лаъл, ёқут каби қимматли тошлар қўйилган эди. Кутиш хо-насидан чақирилиб ўша хонада бироз кутишга буюрилган ҳар бир номзод чўнтакларини олтин ва қимматли тошлар билан тўлдириб оларди. Рақс вақтида ўғирлагани билиниб қолишидан қўрқиб, қўллари билан чўнтакларини босиб секин ўйнарди. Чаққон ўйнаган киши олтин, кумуш ва қимматли тошлардан биттасини ҳам олмаган пок, соф одам эди.