Ўғрилик

Тамғоч номли ҳукмдорга қаллоб бир йигит гулдаста тақдим қилди. Тамғоч у йигитдан гулларни қаердан олганини сўраганди, йигит гулзордан келтирганини айтди. Тамғоч яна:
— Ўз гулзорингданми?— деб сўради. Йигит ўзининг гулзори йўқлигини, гулларни бошқа бир кишининг гулзоридан олганини сўзлаб берди. Тамғоч яна:
— Гулзор эгасини рози қилиб, гуллар ҳақини тўладингми?—деб сўради. йигит:
— Гулзор эгаси йўқ экан, бир неча гул олганим учун эгаси хафа бўлмас,— деди.
Тамғоч ғазабланди:
— Демак, ўғрилик қилгансан. Бировнинг мулкига кириб, эгасидан сўрамай-нетмай унинг нарсасига қўл теккизиш энг ярамас иш эканини билмадингми? Келтирган гулдастангни ол, гулдаста эгасини топиб ундан кечирим сўра, узган гулларингнинг ҳақини тўлаб, уни рози қил. Бу гал ёш бўлганинг учун сени кечирдим, яна ярамас йўлларга юрсанг, қаттиқ жазо бераман,— деди.
Йигит Тамғоч ҳузурида товба қилди, бундан кейин ҳалол меҳнат қилишга ваъда берди, гул эгасини излаб топиш учун чиқиб кетди.
Айтишларича, кунлардан бир кун безорилар Тамғочнинг дарвозасига:
— «Эй, ҳоким, бизлар шундай сабзи кўкатларидирмизки, бошимизни узишга ҳар қанча уринсангиз ҳам яна ҳам кўпроқ кўкарамиз»,— деб ёзиб кетдилар. Тамғоч уларнинг хатлари ёнига: «Бизлар жуда моҳир, уста боғбонлардирмиз. Сабзиман деб бекорга лоф урманг. Сизлар девпечаксиз, зарарли бегона ўтларни таг-томири билан юламиз»,— деб ёздириб қўйди:

Байт:
Ҳар девпечак бош чиқарса мамлакат гулзоридан
Осилмасдан қолмагай ҳеч уста боғбон доридан.