Хаста подшоҳ

Бир подшоҳ оғир хасталикка чалинди. Бир талай ҳакимлар: “Бу дардни фақат шу хусусиятдаги инсоннинг ўти даволай олади”, – дедилар. Ҳукмдор дарҳол амр этди; подшоҳнинг мижозига яқинроқ бўлган одамни излай бошладилар. Охири шундай хислатга эга, ёш ўспирин йигитни бир қишлоқдан топиб келтиришди. Ҳукмдор йигитнинг ота-онасини чақиртирди; уларга ҳадялар бериб мамнун қилди ва ризолигини олди.
Ваколатли қозилар, “Подшоҳ эсонлиги учун халқдан бирининг қонини тўкмоғи уйғундир” деган қарор чиқаришди. Бераҳм жаллод, дарҳол ҳозиру нозир бўлди. Шунда йигит осмонга қараб кулимсиради. Бундан ажабланган шоҳ, дарҳол:
–Ўзинг ўлимга кетяпсан.. Беғам бўлиб кулишингни боиси не? Сени ким кулдиряпти? – дея сўради.
Шунда йигит подшоҳга қараб:
–Боланинг эркалигини ким кўтаради, ота-она… Мени улар ҳозиргина мол-дунё учун ўлимга сотиб кетдилар. Даъвони кимга қиладилар, қозиларга.. Қози ўлимимга фатво чиқарди. Адолатни кимдан истайдилар, подшоҳдан. Подшоҳга эса менинг ўлимим керак… Шунинг учун осмонга қараб, “Эй, Алоҳим! Ёлғизнинг Ёри Ўзимман дегандинг, мана мен ёлғиз турибман. Сендан бошқа сиғинадиганим йўқ!” дея кулиб тургандим, – деди.
Бу гапларни эшитиб, шоҳнинг қалби эриб, кўзларидан ёш оқди. “Бир бегуноҳнинг қонини тўкиб, яна қанчалик умр кўрардим. Шундай йигитни ўлдирганимдан кўра, менинг ўлганим минг чандон яхшироқ эмасми?.. ” – дея йигитни озод қилишларини буюрди. Ва уни ёнига чақириб, бағрига босди; юз-кўзларидан ўпиб, йигитга ҳисобсиз даражада ҳадялар берди.
Айтишларига қараганда, йигитни озод этган ҳукмдор, бир ҳафта ичида соғайиб, яна бир қанча йил узоқ умр кўрган экан.

Ҳикмат

Марҳамат қилганга Аллоҳ ҳам марҳамат қилади. Кимки бир мазлумга шафқат кўрсатса, уни ҳимоя этиб қўриқласа, Аллоҳ ҳам унга раҳм қилади, шафқат кўрсатади.

“Гулистон”дан
Кавсар Шодиева таржимаси