“Ёзувчи бўлишдан аввал ўқувчи бўлиш керак”. Бу – аксиома. Зеро, Абдулла Қодирий таъкидлаганидек, “Ёзувчи бировни такрорлаб қўймаслик учун ҳам ўқиши керак”. Агар тарихга назар ташланса, кўплаб буюк адиблар мутолаа орқали маҳоратини оширганини кўриш мумкин. Жумладан, Жеймс Жойс ҳам.
Габриэле Д’Аннунцио. Француз адиби Флобердан кейин Толстой, Якобсон ва Д’Аннунцио яхши романлар ёзди.
Ганс-Кристиан Андерсен – Даниядаги энг яхши ёзувчи. Дунёда ундан яхши ёзадигани йўқ. Ҳеч ким Андерсенчалик тарихни болаларга яхши ҳикоя қилиб беролмайди. У – жаҳонда ноёбдир.
Стендаль асарлари Наполеон урушлари, яъни французлар дунёга ҳукмрон бўлган даврлар ҳақида. Унинг позицияси шундай. Бундан ташқари, унинг китоблари романтизмдан иборат, бироқ уларда муаллифнинг ҳис-туйғуси жуда кам. У ҳеч қачон сентиментализм руҳида шаклланмади.
Уильям Вордсворт барча инглиз шоирларидан кўра буюкроқ, ҳам даҳоликка лойиқ. Унинг оқпадар ўғил ҳақидаги китоби – “Экскурсия”ни ўқинг.
Даниэль Дефо асарлари менга жуда ёқади. Кутубхонасида ҳамма ёзувчиларнинг сайланма асарлари бўлиб, у барчасини охиригача ўқиб чиққан. Жумладан, Флобер, Бен Жонсон ва Ибсенни. У “Робинзон Крузо” асарини инглизларнинг “Улисс”и деб айтган эди.
Жон Донн ижоди Шекспир асарлари сингари жозибадор ва ўқишли. Агар бошқа асарлар билан солиштирилса, аминманки, француз шоирлари китобларининг сийқаси чиққани ойдинлашади. Жон Донн классицизм оқими ортидан эргашмаган даҳо. У ва Чосер “мўмин-қобил” одамларга қўшилмаган, ҳаётни севгувчи адиблар эди.
Аристотель менинг наздимда, ҳамма замонларнинг энг буюк мутафаккири. Унинг асарларида ҳамма нарсага аниқ ва оддий таъриф берилади. Кейинчалик эса унинг фикрлари асосида том-том китоблар ёзилди.
Эрнест Ҳемингуэй ҳаёт ва адабиёт орасидаги тафовутни камайтирди. Аслида, бу ишни барча ёзувчилар қилиши керак. Эрнест Ҳемингуэй ҳамма нарсани борича ёзди. Шунинг учун ҳам биз уни севамиз. У биз ёзувчиларни ёзган ва ҳали ёзишга улгурмаган ҳаётга олиб кирди.
Оноре де Бальзакнинг донғи ва маҳорати ўқувчини ушлаб туради, деб ўйлайман.
Данте. Италян адабиёти Дантедан бошланиб, Дантеда тугайди. Шунинг ўзи кифоя. Дантеда ҳамма нарса тикланиш руҳида. Мен Дантени Библияни севганчалик севаман. У руҳимни озиқлантиради. Қолган ҳаммаси даҳмаза.
Ги де Мопассан… Қизиқарли ва жонли… аммо унинг асарларини буюк ишлар деб айтмаган бўлардим.
Йоганн-Вольфганг Ҳёте. Кекса Фаустнинг ёшартирилиши менга ёқмайди.
Михаил Лермонтов. “Замонамиз қаҳрамони” асари жаҳонда менинг китобимга ўхшаган ягона асар. “Замонамиз қаҳрамони”нинг шафқатсиз тақдири менга китобимни эслатиб туради.
Александр Пушкин. Мен бир нарсани тушунолмайман: Пушкиннинг аскарлар, ёвуз одамлар, танти қаҳрамонлар ҳақидаги асарларидан қандай завқланиш мумкин? Пушкин болаларча яшади ва ёзди, шу тариқа ўлди ҳам.
Лев Толстой. Ҳамма даврларда ҳам адабиётга янгилик олиб кирганлар энг яхши ёзувчи деб тан олинган. Лев Толстой буюк адиб. Унинг асарлари ҳеч қачон ўлмайди. Чунки унинг елкасида доим боши бўлган.
Жек Лондонга қарши бирор гап айтолмайман. Чунки биз бир-биримиздан тубдан фарқ қиламиз.
Ҳомер барча аспектлар ва спецификаларни “Одиссея”да ифодалаб берган, шу жумладан, майда деталларни ҳам. У оддий сўзлардан фавқулодда маънолар чиқара олади. Ҳомернинг асарлари шу даражада ажойиб ёзилганки, улардан бир нечта ёзувчиларни топиш учун одам жуда ақлли бўлиши шарт эмас. Булар эртаклардек ажойиб ва бутун ер юзини бирдек боғлаб турадиган асарлардир. Уларни қайта ёзишнинг иложи йўқ. Ҳаммасидан кўра энг ажойиби ва кенг қамровлиси “Одиссея”дир. У “Ҳамлет”, “Дон Кихот”, “Илоҳий комедия”, “Фауст”дан ҳам буюкроқ ва ижтимоийроқ.
Антон Чехов адабиётга янгилик олиб кирди. Сиртдан қараганда, у биринчи драматург. Чехов кичкинагина деталлардан ҳам трагедия, комедия, характер ва ҳис-тўйғу ярата олади. Шунингдек, унинг асарларини ўқиганда пьесалар худди кўз очиб юмгунча тугаб қолгандек таассурот уйғотади. Чехов асарларида қаҳрамонлар доим кўзбўямачиликлардан ўзини тияди ва парда туширилади. Аммо, билингки, улар ҳис-туйғуни унутиб, янги кўзбўямачиликларни яратишади.
Марсель Пруст – аналитик натюрмортчи. У фақат герцогинялар ҳақида ёзади. Мени эса уларнинг хизматкорлари кўпроқ қизиқтирган.
Франческо Петрарка мени мафтун этолмаган, чунки унда интеллект етишмайди. У гўзаллик шайдоси, холос.
Фёдор Достоевский. Ўйлаб топилган қотилликни бўйнига оладиган Фёдор Достоевский қаҳрамонларидан кўра Руссонинг қандай қилиб кумуш қошиқчаларни ўғирлагани тўғрисидаги иқрорномасини эшитиш қизиқроқ.
Проспер Мериме асарлари қизиқарли, бироқ бу дуруст ёзувчи дегани эмас.
Кардинал Ньюменнинг насри юқори баҳоланган. Лекин Кардинал Ньюмен асарларини ўқиган одам ишониб бўлмайдиган нарсаларга дуч келавериб чарчайди.
Иван Тургенев асарларида психологик анализнинг илк кўриниши намоён бўлса-да, эскича йўсинда ёзилгани боис ғижирлаган эшикдек одамнинг жонига тегади. Мен унинг яхши одамлигини ёқтираман. Кучсиз севгидан кўра севмаган дуруст деганларидай. Шунинг учун Иван Тургеневни буюк ёзувчи деб тан ололмайман.
Ҳенрик Ибсен. Норвегиялик буюк адиб Ҳенрик Ибсеннинг асарларини ўқиб таъсирланган камина Жойс руҳонийликни ташлаб, адабиётга ўзини урди. Ва шунингдек, барча ҳаваскор ёзувчилардек кумирига мактуб ҳам ёзди:
“Университетда таҳсил олган йилларимда доим Сизнинг номингизни Ирландияда ҳаммага танитиш учун кўкларга кўтарардим. Ҳар доим Сизнинг драма тарихидаги ҳақиқий ўрнингизни одамларга кўрсатиш учун жон-жаҳдим билан курашдим. Сиз ҳеч қачон истеъдодингизни пеш қилиб халқ олдида обрўнгизни оширишга уринмагансиз, назаримда, инсон қадр-қиммати ҳам шунда. Қолаверса, сизнинг сатирангиз, драматик маҳоратингиз ва пьесаларингиздаги жозиб оҳангдорлик ҳар қанча мақтовга лойиқ. Сизнинг саркаш жасоратингиз эса ҳаёт сирларини билишга ундайди”.
Азим Рўзиев тайёрлади.
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 3-сон