Низом Комил: “Тўғри таржима – яхши таржима дегани эмас…” (2016)

Низом Комил – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими. 1937 йили туғилган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институт(ҳозирги университитет)ида таҳсил олган.  Нодар Думбадзе, Эрих Мария Ремарк, Фозил Искандар каби адибларнинг асарларини ўзбек тилига маҳорат билан ўгирган.

– Низом ака, фан-техника ютуқлари ҳаётга тезлик билан татбиқ этилиши туфайли тилимизда жуда кўп янги сўзлар пайдо бўлди. Бу атамаларнинг аксарияти ўзбекча муқобили билан алмаштирилмаяпти. Яъни инглизлар, руслар, французлар қандай атаса – бизда ҳам худди шундай қўлланиляпти. Бу борада қандай йўл тутсак тўғри бўлади деб ўйлайсиз?

– Жамият ривожи, фан ва техника тараққиёти тилга ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Янги-янги атамалар пайдо бўлади ва улар дунёдаги барча тиллар бағрига сингиб кетади. Бу табиий ҳол. Бундан чўчимаслик керак. Энди муқобил сўзлар масаласига келсак, бошқа тиллардан ўзбек тилига кириб келаётган барча атамаларнинг муқобили она тилимизда бор, дейиш ҳам тўғри эмас. Мана, масалан, велосипед, машина, поезд, самолёт деган атамаларнинг муқобили борми? Йўқ. Чунки мен юқорида номларини тилга олган нарсалар илгари бизда бўлмаган. Демак, бу атамаларнинг муқобили бўлиши ҳам мумкин эмас. Уларни аллақандай сунъий номлар билан аташ ғирт нодонлик. Бу сўзлар аллақачон тилимизга ўрнашиб бўлган ва беминнат хизмат қилиб келмоқда. Эсимда, 1989 йили ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши билан тилни бутунлай “тозалаш” тарафдорлари ҳам пайдо бўлди. Аэропортни тайёрагоҳ, самолётни учоқ, институтни олийгоҳ, илмий-тадқиқот муассасаларини илмгоҳ дейиш расм бўлди.
Аммо бу ҳол узоққа чўзилмади. Тилимиз бу атамаларни ҳазм қилолмади, тупуриб ташлади. Яна ўз ўзанига тушиб олди. Ташқаридан туриб тилга зўравонлик қилиш бефойдалигига ўшанда амин бўлганман.

– Таржима асарларда ҳамон Ҳегел ва Гегель, Ҳайне ва Гейне, Ҳюго ва Гюго, Ҳеракл ва Геракль… сингари турфалик бор. Бундай икки хил ёзилишнинг сабаби аниқ, албатта…

– Сиз тилга олган алломалар исмларининг турлича ёзилиши ва талаффуз этилиши фақат таржима асарларда эмас, бошқа нашрларда ҳам учраб туради. Гап шундаки, рус тилида юмшоқ “Ҳ” товуши йўқ, шунинг учун руслар “Ҳ” ўрнига “Г” товуши ва ҳарфини ишлатишади. Бизга ҳам руслардан ўтган. Гейне, Гюго ва ҳоказо. Ўзбек тилида эса “Ҳ” товуши бор, бинобарин, бу буюк адиб­лар ижод қилган тилларга мос равишда Ҳайне, Ҳюго дея талаффуз этилса ва шу шаклда ёзилса тўғри бўлади, деб ўйлайман.
– Сизнинг назмда ҳам қалам тебратганингиздан хабаримиз бор. Шеърлар, ғазаллар ва мухаммасларингизни ўқиганмиз. Айтинг-чи, таржима қилиш учун қай бири осон: шеърми, ҳикоями?

– Назмда қалам теб­ратганим қурсин! Эсласам, уялиб кетаман. Сўзни қофиялаштириш шеърият эмаслигини англагунимча… “қанча қоғозларнинг бошига етдим”. Аллоҳга шукр, бу дарддан қутилганимга анча йиллар бўлди. Роман таржимаси жараёнида дуч келганим шеърий парчаларни бир гал Эркин Воҳидов, бир гал раҳматли Муҳаммад Юсуф ўзбекчалаштириб берган. Ўзим учун эса тўрт сатр шеърни таржима қилишдан кўра ўн саҳифали ҳикояни ўзбекчага ўгириш енгилроқ. Аммо бир нарсани ҳам айтиб қўйишим керак: таржималарим китобхонга сал-пал маъқул бўлаётган экан, бунда шеъриятга ошуфталигимнинг ҳам ҳиссаси йўқмикин, деган ўй баъзан кўнглим кўчаларини оралаб қолади.

– “Сўз сўйлашда ва улардан жумла тузишда узоқ андиша керак”, деб ўгит беради ҳассос ёзувчимиз Абдулла Қодирий. Ўқувчи (тингловчи, томошабин) дидини жизғанак қилаётган бозор адабиёти ва тижорий ўзандаги театр-кино намуналарининг бу борадаги ҳолати барчамизга аён… Сизнингча, санъат ниқобини тутган жўнлик, саёзлик, ўртамиёналик, дидсизлик билан қандай курашиш мумкин? Ё айрим зиёлиларимиз айтганидек, лойқа оқаётган дарёнинг тинишини кутиш керакми? Таржимоннинг ўқувчи дидига мослашишини ёқ(оқ)лайсизми?
– Жаннатмакон Абдулла Қодирийнинг андиша ҳақидаги гапини зап келтирдингиз-да! У зот асарга қўйиладиган кўпдан-кўп талабларни назарда тутган ва ўзи ҳам бунга тўла амал қилган. Лекин ҳозир-чи? Ўша андиша ҳаммада ҳам борми?! Ким ўзини ёмон ёзувчи ёки ёмон шоирман, дейди? Ким ўзини ёмон режиссёр ёки ёмон рассомман, деб истиҳола қилади? Овора бўласиз – демайди. Сиз айтган “бозор адабиёти”нинг маҳсулотлари ҳам ана шундай андишасизликнинг меваларидир. Афсуски, бунга қарши курашиш осон эмас. Чунки “Ёмон асар яратиш тақиқланади” деган қонун йўқ. Истак бор, холос. Биласизки, истак – қонун эмас. Бутун умид газета ва журнал, нашриёт муҳаррирларидан. Уларнинг диди ва эътиқоди ҳал қилувчи кучга эга. Ўзим ҳам ноширликдан нафақага чиққанман, умримнинг кўп вақтини андишасиз қаламкашлар билан олишишга сарфладим. Назаримда, дидсизликка қарши курашиш учун биринчи галда дидни, савияни кўтарадиган асарларни кўпроқ тарғиб қилишимиз лозим.
Ҳар қандай санъат вакилининг, жумладан, таржимоннинг ҳам, ўқувчи ёки томошабин дидига мослашиши – истиқболсиз йўл. Бу йўл адабиётни ҳам, бошқа санъат турларини ҳам тубсиз жар ёқасига етаклайди.

– Машҳур грузин ёзувчиси Нодар Думбадзенинг “Эллада” (Ҳелладос), “Кукарача”, “Оқ байроқлар”, “Абадият қонуни” асарларини ўзбек тилига маҳорат билан ўгиргансиз. Яна америкалик ёзувчи Ирвин Шоунинг “Тунги дарбон” романини ҳам ўзбек ўқувчилари эътиборига ҳавола қилдингиз. Думбадзенинг фалсафий, ўйлашга ундовчи асарларидан “Тунги дарбон” буткул фарқ қилади; бу ҳар ишга учиб-қўниб юрадиган киши ҳақидаги саргузаштларга бой роман. Сизни ушбу бадиияти унчалик баланд бўлмаган асар таржимасига нима ундади?

– Нодар Думбадзе – бошқа олам, албатта. Ирвин Шоунинг “Тунги дарбон” романини эса устоз Озод Шарафиддиновнинг буюртмасига кўра таржима қилганман. У киши ўша кезлари “Жаҳон адабиёти” журналининг бош муҳаррири эдилар. Журнал эндигина чиқа бошлаган йиллар эди. Янги нашрга ўқувчиларни кенгроқ жалб этиш учун саргузашт асар керак бўлиб қолган-да. Бунинг бошқа боиси йўқ. Таржима жараёнида ўзим ҳам асар воқеалари қаърига шўнғиб кетганимни сезмай қолганман. Сиз айтгандек, бадиияти унча баланд бўлмаган шу китоб Москвада бир неча миллион нусхада чоп этилган.

– Бугун хорижий тиллардан бевосита таржима қилаётган ёш таржимонларимиз пайдо бўлди. Бироқ айрим таржимонларнинг ишларида пала-партишлик, матнни бир марта ўгириш билан кифояланиш, таҳрирга қайтмаслик каби қусурларнинг асорати кўзга ташланмоқда. Бу борада устоз таржимон сифатида қандай маслаҳат берардингиз?

– Таржимонлар сафи кенгайиб бораётгани кишини қувонтиради, албатта. Аммо гап сонда эмас, сифатда. Талаб ёшу қарига баробар. Тўғри таржима – яхши таржима дегани эмас. Шунинг учун ёш таржимонларимиз тинмай изланишлари, ўқиб-ўрганишлари, адабий тил нимаю бадиий тил нима – бунинг фарқини аниқ-равшан ажрата оладиган бўлиш­лари зарур. Таржима орқасидан бойиб кетаман дейиш – хомхаёл. Таржима жараёнида ширин азобларни ҳис этсангиз, сиздан бой одам йўқ. Ана шу азобларни ҳис этиш учунгина яшайдиган ижодкорлар бор.

– Таржима қилиш учун бирор хорижий тилни мукаммал билишнинг ўзи кифоя­ми?

– Тил билган яхши. Аммо бирор бир тилни мукаммал биламан, дейишдан ҳайиқиш керак. Ҳар бир тил – тубсиз уммон. Унинг тагига етиб бўлмайди. Нима, мени ўзбек тилини мукаммал билади деб ўйлайсизми? Бэ-э! Таржима жараёнида ундан сўз тиланаман, холос. Қайси тилдан қайси тилга таржима қилманг – умрингиз “тиланчи”лик билан ўтади.

– Сизга ёққан, таржимон сифатида тан берган учта таржима асарни айтиб ўтсангиз. Ва албатта, сабабларини ҳам…

– Яхшиси, мен тан берган учта таржимоннинг исм-шарифини айтиб қўя қолай. Булар – Мирзакалон Исмоилий, Қодир Мирмуҳаммедов, Иброҳим Ғафуров. Уларнинг таржималари бу даргоҳга қадам қўйган ёш таржимонларга йўлчи юлдуз вазифасини ўтайди.

– Ёш таржимонлардан кимларнинг ижодини кузатиб боряпсиз? Уларнинг ютуқлари нимада? Суҳбат сўнгида ёш таржимонларга қандай тилак­ларингиз бор?

– Ёш таржимонларнинг ижодини кузатиб бораман, десам, ёлғон сўзлаган бўламан. Кексалик… Ўзим ҳам таржимани йиғиштириб қўйганман. Негадир шеър ўқигим келаверади. Саксон ёшга яқинлашиб қолган одамнинг шеър ўқиб юриши ғалатироқ, шундайми?! Аммо начора… Ёшликда берган кўнгил.
Ёш таржимонларга маслаҳатим: шеърият билан дўст тутининг – мушкулингиз осон бўлади.

Ғиёсиддин Ўнаров гурунглашди.
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 1-сон