Ҳикматли латифалар ва нишонга урилган сўзлар

Мавлоно Жалолиддин Румий уйларида ейдиган ҳеч вақо қолмаганини хабар берган аёлларидан қайта-қайта сўрайверибдилар:
-Ҳеч нарса қолмадими?
-Йўқ.
-Оғизга оладиган ҳеч вақо йўқми?
-Йўқ.
-Ҳеч нарса-я?
-Ҳеч нарса…
-Ростданми?!
Хазрати Мавлоно шодликларидан юзлари гул-гул ёниб, қўлларини дуога очдилар:
-Аллоҳим, сенга ҳамду санолар бўлсинки, уйим Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадонига ўхшабди.

***

Бир киши Ҳасан Басрий (қ.с.) ҳазратларининг олдиларига келиб: “Фалончи сенинг ҳаққингда фалондай пистондай номаъқул гапларни гапирди”, дебди.
-Қачон?
-Бугун.
-Қаэрда?
-Уйида.
-Унинг уйида нима қилаётган эдинг?
-Зиёфатга борувдим.
-Зиёфатда нима единг?
Халиги киши саккиз хил таомнинг номини санади.
Шунда Ҳасан Басрий (қ.с.):
-Ўша одамнинг саккиз хил таоми қорнингга сиғдию бир оғиз сўзи сиғмадими? Тур, кет бу ердан! – дедилар ва ғийбатчини даргоҳларидан қувиб чиқардилар.

***

Бир христиан попи ўлкамизга келиб, ёшгина боладан черковнинг йўлини сўрабди.
Бола попни черковга кузатиб қўйибди. Миннатдор поп дебди:
– Баракалла, ўғлим! Эртага ҳам шу ерга келсанг сенга жаннатнинг йўлини кўрсатаман.
Бола жавоб берибди:
– Черковни йўлини билмаган жаннатнинг йўлини қаэрдан билардингиз?!

***

Боязид Бистомий ҳазратлари жиннихона ёнидан ўтаётганларида, бир табибнинг ҳавончада дори майдалаётганини кўриб:
-Беҳад гуноҳкорман, – дебдилар, – шу касалимга қарши доринг борми?
-Табиб бошини кўтариб улгурмасдан, жиннихона панжарасидан қараб турган бир хаста жавоб берибди.
-Тавбанинг томири билан истиғфорнинг япроғини аралаштир. Қалб ҳавончасида тавҳид тўқмоғи билан туйиб майдала. Инсоф элагидан ўтказ, кўз ёш билан йўғир, ишқ тандирида пишир ва бомдод билан шом орасида кўпроқ тановвул қил. Кўрасан хасталигингдан асар ҳам қолмайди.
Бистомий ҳазратларининг кўзлари жиққа ёшга тўлиб дебдилар:
-Ё, Роббим! Бу дунё хастахонасида не табибларинг бор!!!

***

Тарих соҳасида жаҳон миқёсида тенги кам олимлардан бўлган Маҳмуд Камолдан сўрадилар:
-Сиздаги билимнинг ўндан бирига ҳам эга бўлмаганлар сиздан бир неча баробар кўпроқ танилдилар. Бунинг сабаби нимада экан?
-Мин билмоқ учун ўргандим, улар билинмоқ учун!

***

Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд (қ.с.)дан муридлари бир каромат кўрсатишни сўрашди. Ҳазрат ўринларидан турдилар-да, енгил-энгил беш-олти қадам юриб, яна жойларига чўкдилар. Муридлар ҳайрон бўлиб қарашди. Ҳазрати Нақшбанд (қ.с.) дедилар:
-Икки елкамда тоғдай-тоғдай гуноҳларни кўтариб, қушдай енгил юришимнинг ўзи каромат эмасми?!

***

Бир киши машҳур турк шоири Маҳмад Акиф Эрсойни мазах қилмоқчи бўлибди:
-Афандим, сиз мол дўхтирлигини битирган эдингиз-а?
-Ҳа, бир еринг оғрияптими?!

***

Бир олим ғийбатчига дебди:
-Айтайлик, сен ёмонлаётган одамнинг обрўси камайди, аммо бу тўкилган обрў сеникига келиб қўшилмайди-ку!

***

Бир бой давлатмандлигидан керилиб, шайхга дебди:
-Сизга қанча пулу олтин керак бўлса, мана мендан сўранг!
-Йўқ, – дебди шайх. – Мен қулимнинг қулидан нарса сўрамайман.
-Иэ, қанақасига сизга қул бўлай? – дарқахр бўлибди бой. Шайх жавоб берибди:
-Нафс менинг ўулим, сен эса нафснинг қулисан!..

***

Ўқитувчи:
-Инсон одамсимон маймундан пайдо бўлган.
Ўқувчи ўқитувчига ишорат қилиб паст овозда:
-Баъзилари одамсимон эшакдан.

***

Дунёда ҳеч қандай далил қолмаган тақдирда ҳам, бир микробнинг ҳаёти Аллоҳни англаш ва англатиш учун етарлидир.
ПАСТEРНАК.

***

Дунё ясанган, безанган чиройли бир келинчак кабидир! У барчага кулиб боқади, аммо ҳеч кимга тегмайди.
Дунёнинг бу кайфиятини англаган буюк зотларимиз унга қиё ҳам боқмай ўтиб кетаверибдилар.

***

Биз йўлда учрашдик Азон эшитилди.
-Юр, жомеъга – дедим. – Бугун жумъа!
-Масжидга бормаслигимни биласан-ку, – деди.
-Биламан-у, аммо қачонгача бормайсан?!
-Нима десам экан, руҳим тўғри келмайди. Ҳали тайёр эмасман. Қолаверса, шимимнинг тиззалари титилиб, дазмоли бузилишидан ҳам қўрқаман… арзимайди…
Кулгим қистади.
-Ҳазиллашяпсанми?
-Ҳазил-пазили йўқ. Оқ кийимни яхши кўришимни, доғ туширмаслигимни биласан-ку!
Ҳақиқатан ҳам, шундай эди. У кўпинча оқ кийим киярди. Кийимлари доим дазмолланган, тоза, озода эди…
Орадан икки ой ўтиб, бехос, унинг жомеъ масжидида эканлигини эшитиб қолдим. Югурдим. Жомеъдаги номоз сафларининг энг олдида эди.
Секин-аста олдига яқинлашиб паст овозда:
-Қани, оғайни, сенга нима бўлди? Масжидга бормайман демаганмидинг? – деб сўрадим.
Ундан садо чиқмади. Чунки бошдан оёқ оппоқ кафанга ўранганча тобутда ётар, унинг учун жаноза намозларини ўқишларини кутар эди.

***

Салжуқ султонларидан бири, мавлоно Жалолиддин Румийни зиёрат қилиб, гап асносида салтанатлари орасидаги фарқни сўрабди.
-Сенинг салтанатинг, то кўзинг очиқ турган муддатгача давом этади. Меники эса кўзим юмилганидан кейин бошланади, – дебди мавлоно.

***

Йўлда ўзларига тўқнаш келаётган молни кўриб, Имом Аъзам йўл берибдилар. Сабабини сўраганларга эса шундай жавоб қилибдилар:
-Молнинг шохлари бўлса, менинг ақлим бор!

***

Муаллим савол қилди:
-Болалар, агар Аллоҳ ҳаммамизнинг жаннатга киришимизни истаса, нега бу дунёга юборди?
-Бир ўқувчи ўрнидан туриб жавоб берди:
-Муаллим сиз ҳам ҳаммамизнинг аъло баҳолар билан синфдан синфга кўчишимизни истайсиз, аммо нега имтиҳон қиласиз. Барчамизга бирдай беш баҳо қўйиб чиқмайсиз?!

***

Ўқитувчи келтирган қант-қурсини яшириб дарсга кирди-да, ўқувчиларга қараб:
-Аллоҳ бор дейдиганлар, қани, ҳозирнинг ўзида бергин деб ундан бирон нима, масалан, қанд сўрашсин-чи, Аллоҳлари уларга берармикин. Аммо мендан сўрасангиз шу заҳоти беришим мумкин, – дебди. Ўқитувчининг ҳийласини билиб қолган бир ўқувчи дебди:
-Муаллим, қанд менга аллергия беради, яхшиси сиздан битта олма сўрай қолай…

***

Боязид Бистомий ҳазратларидан:
-Сиз сув устида юрар эмишсиз. Қандай қиласиз? – деб сўрадилар.
-Бир қуруқ ёғоч ҳам сувда юради. Биз ёғочча бўлмадикми?!

***

Насриддин Хўжадан сўрадилар:
-Хўжам! Шу, дунё неча чақирим келаркин?
Шу асно ёнларидан тобут кўтариб ўтдилар. Насриддин Хўжа тобут томонга ишорат қилди:
-Ана ундан сўранглар, ўлчаш ишини битириб қайтяпти!..

***

Нажиб Фозил кемада китоб ўқиб кетаётган экан. Мухлисларидан бири яқинлашиб:
– Устоз, дунёга пайғамбар юборишнинг нима кераги бор эди? Аллоҳ ақл бериб қўйибди, йўлимизни ўзимиз ҳам топиб олардик, – дебди.
Нажиб Фозил китобдан бош кўтармай жавоб берибди:
– Кеманинг нима кераги бор. Денгиздан ўзинг сузиб ўтавер!..