Тошкентлик шоирлар

ХVI аср бошида Бобур мирзонинг буваси Юнусхон, кейинчалик эса шайбонийларнинг она(Робия султон бегим бинта Улуғбек мирзо) томондан Улуғбек мирзо авлодлари бўлган Наврўз Аҳмадхон(Бароқхон) бин Севинчхожахон ва унинг ўғиллари ҳамда Дўстум султон бин Искандархон ҳукумат юргизган Тошкент шаҳри илм-фан соҳаларидаги олимлар, меъморлар, мусиқа ва тасвирий санъат намояндалари, шоирлар фаолият кўрсатаётган маданий, адабий марказ ҳам эди. Ана шундай олимлардан бири Ҳиндистонга 1528 ва 1570 йиллари сафар қилиб, Бобур ва Акбар бин Ҳумоюн подшоҳ билан учрашган ҳамда ҳаждан қайтишда Туркия султони таклифига кўнмай, ўша мамлакатда қолишдан кўра, Тошкентда яшаб, ижод этишни афзал билган Ҳофиз Кўҳакий Тошкандий (вафоти 1585 йил) бўлса, унинг бошқа бир неча ҳамшаҳарлари ҳам Тошкент илмий, адабий муҳити ривожига муносиб ҳисса қўшганлар. Улардан бир нечасининг номи бизгача Ҳасанхожа Нисорийнинг «Музаккири аҳбоб»(1566), Мутрибийнинг «Тазкират уш-шуаро» (1605) ва «Нусхайи зебойи Жаҳонгир» (1628), Муҳаммад Ориф Бақоий Бухорий-Андижонийнинг «Мажмаъ ул-фузало»(1588-1593) тазкиралари орқали етиб келган. Улар орасида Ҳофиз Кўҳакийнинг ўғли Собир Тошкандий ҳам бор.

«Музаккири аҳбоб» Муқаддимасида Дўст Муҳаммад бин Наврўз Аҳмадхон номи тилга олиниб, ижодидан намуна берилади. Бошқа тошкент­лик шоирлар ҳақидаги маълумотлар эса тазкиранинг турли боб ва фаслларидан ўрин олган. Муаллиф сўзига қараганда, улардан Мавлонозода Абдул­ғаффор Тошкандий, мавлоно Ҳамидиддин Шоший тазкира ёзилган 1566 йилдан бурун вафот этиб, Тошкентда дафн қилинганлар. Тошкентнинг Турбат қишлоғидан чиққан мавлоно Абдуссамад эса, илмлар бўйича ном қозониб, Қашқар, Бухоро каби ўлкалар мадрасаларида ҳам дарс ўқитиш билан шуғулланган. «Музаккири аҳбоб» муаллифи мазкур мавлоно Абдуссамад билан қалин дўст бўлиб, у тазкира ёзилган 1566-йиллари кексалик ёшига етган экан. Ўша пайтда яна бир кексалик ёшига етган, аммо Нисорий кўрмаса-да, у билан хат ёзишиб турган тош­кент­лик ижодкор қози Мир Тошкандийдир. Тазкирада бу шеърият ихлосманди асарларидан намуна келтирилади. Мирзо Нажотий Тошкандий эса, 1566 йили ёш йигит бўлиб, Бухорога келиб таҳсил олаётган ва Нисорий билан яхши таниш экан.

Мутрибий иккала тазкирасида ҳам бир неча тошкентлик шоир ҳақида ноёб маълумотлар ҳавола этади. У 1626 йилнинг декабрида Лоҳурда Жаҳонгир подшоҳ билан учрашади ва яна 4 ой давомида бу бобурий ҳукмдор уюштирадиган оқшомги шеърият йиғинларида қатнашади. Шу кечалардан бирида Жаҳонгир бин Акбар Ҳиндистонга Мовароуннаҳрдан фозил кишиларни таклиф қилиш мақсади борлигини билдиради ва Мутрибийдан, ана шундай кишиларни таниса, тавсия этишини сўрайди. Мутрибий билан Ҳиндистонга борган ўғли Муҳаммад Али подшоҳ илтифотига лойиқ киши сифатида Собир бин Ҳофиз Кўҳакий Тошкандий номзодини кўрсатади. Шунда Жаҳонгир ўзининг 9 яшарлик пайти отаси Акбар ҳузурида Ҳофиз Кўҳакий Тошкандийни бир неча бор кўрганини айтади. Ўша чоғда Самар­қанддаги Мирзо Улуғбек мадрасасида муаллимлик қилган Собир Тошкандий Имом­қулихон давлатининг қози аскарлик лавозимига кўтарилган экан. Мутрибий ёзишича, Собир Тошкандий барча илмларни отаси қошида Тошкент шаҳрида ўзлаштирган.

«Музаккири аҳбоб» муаллифи тошкентлик олим, фозил ва шоир кишилар васфу таърифини қуйидагича келтиради:

«Салтанатдўст Дўст Муҳаммад султон бин Наврўз Аҳмадхон бин Севинчхожахон бин Абулхайр Баҳодирхоннинг муқаддас зикри. Яхши хислатлари кўп подшоҳзодадир. Латиф табъи шижоатга мойил ва олиму фозиллар суҳбатига жону дил билан ҳозир. Олий мажлисини бу тоифадан холи ўтказмайди, шоиру надим кишилар ҳам унинг олий йиғинида ҳозиру нозир. Кўнгил қувончи учун гоҳида шеър ва нафосат маишатига ҳам майл билдиради. Ва бу байтни унинг латиф шеъридан санайдилар.

Байт:
Нофайи он холи мишкин оҳуйи Чин чун бидид,
Аз хижолат пўст пўшиду раҳи саҳро гирифт.

(Мазмуни:
Чин оҳуси кўриб ул мишкинхол тароватини,
Уятдан тери ёпинди-ю, ихтиёр этди саҳрони.)»

«Мавлонозода Абдулғаффорнинг муқаддас ёдиким, ул зот Тошканд ви-лоятининг ашрафларидан бўлиб, бир неча вақт ўша шаҳарда қозиликнинг олий мансабига муносиб равишда иш олиб борган. У илму фазилатлар касб этган кишилардан саналади. «Фароиз»-ни яхши назм қилган. Пухта шеърлари ва ширин сўзлари бор. Ва ушбу матлаъси ҳам кўп машҳурдир.

Матлаъ:
Аз рамад гар дидайи мо дарди беҳад гард кард,
Ин ки маҳрум аз жамолаш кард моро дарди гард.

(Мазмуни:
Чанг кўзимизни оғритиб, дардини беҳад ҳам этди,
Бу гард дарди бизни ёр жамолига номаҳрам этди.)

Ва бу матлаъни ҳам Мирзо Жовам ҳақида кўп эътиборга сазовор даражада айтган.

Матлаъ:
Баҳри дил бурдан ба масжид омад он раънову маст,
Наъра аз арбоби дин омад барун: к-ин жо у маст?

(Мазмуни:
Дил ўғирлай деб масжидга раънову маст келибдир,
Дин аҳлидан чиқди садо: буёна у маст келибдир?)

(Иккинчи мисраъдаги «ин жо у маст» сўзлари араб алифбосида «ин жо(в)ам аст» кўринишига ҳам эга бўлиб, биринчисида «бу ерда у маст?», иккинчисида «бу Жовамдир» маъноларини беради. — И.Б.)

Мавлонозода Абдулғаффор Тошкандий шунчалик фазилатлар эгаси бўлишига қарамасдан, кейинчалик уни қозилик мансабидан туширганлар…»

«Мавлоно Ҳамидиддин Шошийнинг муқаддас ёди. Одамлар унинг муборак мажлиси ва ширин суҳбатини орзу қилишаркан. Шеърлари киши ҳиссиётида туғён қўзғатувчи ва гаплари шакар сочувчидир. Бу икки байт унинг малоҳатли каломидан.

Байт:
Агарче бонги най аз ҳад барун асар дорад,
Лек нишонаи май ҳолати дигар дорад.
Ба ҳар гуле ки назар мекунам дар ин гулшан,
Чу лола доғи ғами ишқ бар жигар дорад.

(Мазмуни:
Най товуши гар ҳаддан зиёд этса таъсир,
Май ўзгача аломат ила этар бизни асир.
Қай гулга солсам назар бу гулшанда бир-бир,
Лоладек юрагида ишқ ғами оташидир.)

Мавлоно Ҳамидиддин Шоший Тошкандда вафот этган, қабри ҳам ўша ерда…».

Олимлар сараси мавлоно Абдуссамаднинг муқаддас ёди. Мавлоно Абдуссамад Тошкентнинг Турбатидандир. Узоқ йиллар Тошкент шаҳрида илм ўргатиш ишлари билан машғул бўлди. Ва «Оллоҳ учун ҳаж ва умрани адо этинг» карим ояти мазмунига кўра шариф ҳарамлар тавофига юзланиб, тавоф шарафига мушарраф бўлиб қайтгандан сўнг ҳам яна Тошкандда анча фурсат турғун қолиб, дарс ўқитиш билан шуғулланиб юрди. Гарчи илмларда жуда олдингилар қаторида бўлмаса ҳам, аммо ҳеч бир илмдан бебаҳра ҳам эмас. Сўнг яна бир марта бенаво ушшоқ каби Ҳижоз оҳангини қилиб, йўли Қашқар тарафларга тушди…У ердан қайтиб келгач, Бухорода сокин бўлди. Шариф зоти шунча илму-фазилатлар эгаси бўлишига қарамай, андуҳу меҳнат азоби ва яна аллақандай балолардан ҳам қуруқ қолмаганди… Мавлоно нужум илмидан ҳам соҳиби вуқуф олимдир. Аммо, зикр этилгани каби, толеъ юлдузи риояту шафқат авжи сари юқори кўтарилмаган… Мавлоно Абдуссамад ҳозир олий ҳукмдор Искандархон-илоҳим мулки абадий бўлсин-буйруғи билан Ҳофиз Девон мадрасасида дарс ўқитиш билан машғул. Яхши шеърлари ва ёқимли сўзлари бор. Бу матлаъ эса мазкур мавлононинг рангин каломидан.

Матлаъ:
Туро бар руи гул ҳаргаҳ зи сунбул соябон ўфтад,
Барояд аз дилам оҳе ки оташ дар жаҳон ўфтад.

(Мазмуни:
Сен гулюзлик боши узра сунбул бўлса соябон,
Дилимдан чиққан оҳ оташи ичра қолар жаҳон.)

Мирзо Нажотий Тошканднинг таниқли кишиларидан. Таҳсил учун бу хайросор диёр Бухорога келди. Яхши табъи бор. Бу байт унинг рангин сўзларидан.

Байт:
Мегузорад вақф бар оёт руи мушафаш,
Дар довоти ғунча дорад сурхии бисёр гул.

(Мазмуни:
Мушаф юзи оятларин ажратар гуллик белги,
Ғунча довотдан, чун, чиқар қизил гул ранги.)

Қози Мир Тошкандийнинг чиройли зикри. Қадимдан Тошкент вилояти қозилиги алар жамоатига мансуб ва ҳамиша саховат, карам кўрсатиш хислати бу хонадон аҳлига ёр бўлиб келмоқда. Қози Мир жанобларининг жамоати ўзларининг мақтовли синовдан ўтган ахлоқ-атвори билан машҳурдир. Султонлар ул зотга эъзоз-икром кўрсатадилар. Жаноби Мир фазилатларнинг кўпи билан безанган ва бир неча муддат Самарқандда аржуманд олим мавлоно Аҳмад Жанд дарсларида илм олдилар. Тариқатда кубравия йўлини тутганлар. Ушбу ғазал ул киши қаламига мансубдир.

Ғазал:
Зи ҳижрон бе сару сомонам имрўз,
Бе жон аз меҳнати ҳижронам имрўз.

Чу гуйи афганда дар кўйи туам чарх,
Аз он саргаштайи давронам имрўз.

Зи сузи ишқи он моҳи жаҳонгард,
Ба гардун мерасад афғонам имрўз.

Зи ман гар хўрдаии биний, макун айб,
Ки ман масти майи жононам имрўз.

(Мазмуни:
Беқарор этмиш мени ҳижрон бугун,
Ҳижрон этмиш мени бежон бугун.

Човгон тўпидек кўйингда уриб чарх,
Шундан мен саргаштайи даврон бугун.

Олам кезгувчи ул ой ишқи ўтидан,
Етар фалакка чексам афғон бугун.

Айб этма, майдагап кўрсанг гар мени,
Маст этмиш мени майи жонон бугун.)

Фақирнинг бу китоби(«Музаккири аҳбоб» — И.Б.) шариф назарларига етишгач, ушбу рубоийни ёзиб юборган эдилар. Дуо либосидаги киши бўлган-лари учун уни табаррук ўрнида тазкирамизга қўшимча қилинди. Рубоий ушбудир:
Ин нусхайи дилгушо ки омад ба назар,
Кард аз дили ман меҳнати айём бадар.
Дорем тамаъ он ки ба рўзи маҳшар,
Ёбад назари қабул аз хайри башар*.

(Мазмуни:
Етишиб биза бул кўнгил очар китоб,
Қувди дилдан турмуш ғамин шу тоб.
Қиёматда топсин у қабул назарин
Башар аълосидан, етишиб кўп савоб…)».

(*Хайри башар (башарият аълоси) — ислом пайғамбари Муҳаммад с.а.в. кўзда тутилмоқда.)

Тайёрловчи ва таржимон Исмоил Бекжон
“Маърифат” газетасидан олинди.