Гётенинг гўзал ва ҳикматли сатрлари

Аслида Гёте катталарнинг шоири ва унинг номи жаҳоннинг Шекспир, Байрон, Пушкин, Гюго каби классиклари қаторида туради. Ҳатто, уни олмонларнинг Навоийси десак ҳам бўлади. Шоирнинг «Фауст», «Ғарбу Шарқ девони» цингари катта шеърий асарлари, «Ёш Вертернинг изтироблари», «Вилгелм Мейстернинг ўқиш йиллари» номли насрий асарлари, «Шеърият ва ҳақиқат» деган таржимаи ҳол, айни чоғда шеър ва ҳаёт тадқиқига оид катта китоблари икки асрдан бери ўқувчилар қўлидан тушмай келади. Ҳар қандай буюк ижодкор асар яратаркан, ёш китобхонларни ҳам назаридан четда қолдирмайди. Гёте ҳам бундан мустасно эмас.

ХVIII асрда яшаб ўтган машҳур олмон адабиётчиси Готфрид Ҳердер (1744-1803) халқ оғзаки ижодига, миллий тарих ва халқ шеъриятига яқинлик адабиётнинг тараққий этишига унумли таъсир ўтказишини кўп таъкидлар эди. Унинг ўзи ҳам халқ қўшиқлари, достонларини эл оғзидан ёзиб олиш билан шуғулланар ва бу соҳага катта шоир ёзувчиларни ҳам жалб қилган эди. Бу ишнинг натижаси ўлароқ, «Қўшиқларда халқ овозлари» номли тўплам тайёрлаб нашр эттирганда, бу ҳодиса олмон шеъриятида романтик ҳаракатнинг шаклланишига катта ҳисса қўшди. Ана шу тўпламга Гёте ёзиб олган бир қатор халқ қўшиқлари ҳам киритилган. Унинг халқ оғзаки ижодиётига, халқ қўшиғига қизиқиши, қўшиқлардаги самимият ва образли тилнинг ёрқинлиги уни бир талай шеърлар яратишга ундади. Айниқса, унинг «Ёввойи гул», «Ўрмон шоҳи» каби балладалари ва ҳикматли шеърлари эл орасида катта олқишларга сазовор бўлди. Қуйида биз Гётенинг ўша балладалари ва бир қатор ҳикматли шеърларини сиз, муштарийлар эътиборига ҳавола қиламиз.

***

Кимда шўхлик менга ёқар доимо?
Болада! Сабаби: уники дунё!

ЖАМИЯТ

Катта бир мажлисдан катта бир олим
Турди-да, уйига жўнаб кетди жим.
«Ёқдими?» — дедилар, у берди жавоб:
«Улар китоб бўлса ўқимас эдим».

***

Сабрсизлик қилган хароб бўлади,
Пушаймонлиғ ундан ҳам баттар.
Биридан гуноҳинг янада ортар,
Бири янгисига сабаб бўлади.

***

«Не қилдинг, ишларинг бу қадар улкан?
Дерларки, сен яхши инсон экансан!»
Авлодлар! Мен оқил ҳаракат қилдим,
Ўйламай босмадим биронта одим.

***

Парчала, ҳукм сур! Қандай беорлик!
Бирлаштир, етакла! Энг гўзал бойлик!

***

Ўзи айтганига ким қилса амал,
Етакчилик — унда кўринар гўзал.

***

Ҳар ким эшик олдин супурса ўзи,
Тоза бўлар бутун туманнинг юзи.
Ҳар ким ўз бурчини адо этса соз,
Ҳамманинг иши ҳам битади аъло.

***

Бекорга сен излама шифо!
Дардимизнинг энг оғир сири
Ҳовлиқмалик, бефарқлик аро
Турибди-ку қачондан бери.

***

Энг яхши бир сирни берайин сизга:
Даставвал қаранглар ўз ойнангизга!

***
Ёмонларни айбламангиз, этманг ҳалак,
Яхшилардан олиб юрсин яхши ўрнак.
Аммо кимдан асранишни яхшилар ҳам
Билиши шарт, чуқур ўйлаб боссин қадам.

***

Тинч, шовқинсиз қилавер меҳнат,
Майли, эргашмагин кимгадир.
Лекин кўрмоқ истасанг ҳурмат,
Ўзгани ҳам қилгин-да қадр.

***

Хоҳи севу, хоҳи ҳазар қил,
Бировларга етказма озор.
Бошқаларга теккизмасанг тил,
Билки, элда сенинг ўрнинг бор.

***

Менинг меросим комил, нақадар кенг, омондир,
Менинг мол-мулким замон, менинг далам замондир.

***

Ўзгани таниган, ўзига қараб,
Бу ерда ҳам бир якунга келмаса бўлмас.
Шарқ ила Ғарб
Энди бир-биридан айрилмас.

Икки дунё оралиғида
Керак дейман ўйлаб қадам босишимиз.
Яъни Шарқу Ғарб орасида
Яхши бўлмоғи шарт ҳар бир ишимиз.

***

Шеър ёзишни истасанг
Шеър юртида яшаб қол.
Шоирни билмоқ бўлсанг
Шоирнинг юртига бор.

Миразиз АЪЗАМ таржималари