Дунёни ахборот бошқаради

Азал-азалдан инсониятдаги оламни ўрганишга бўлган қизиқиш ажойиб ихтиролар қилишга ундаган. Шу яратувчанлик қобилияти воситасида кўплаб илм соҳибларининг номи мангуга битилди. Тарихчилар ҳар бир асрнинг одамзот учун алоҳида ўрни, бошқасини такрорламайдиган аҳамияти борлигини таъкидлайди. Дар­ҳақиқат, қадим чинликларнинг қоғозни кашф этишидан бошланган маданият олмониялик муҳандис Гуттенбергнинг босма дастгоҳ яратгунига қадар минг бор такомиллашиб, замонлар чиғириғида эланди.

Ва ниҳоят, биз нафас олаётган давр – ХХИ аср эндиликда “ахборот” сўзи билан ёнма-ён ишлатилмоқда.

Жадаллик билан ривожланиб бораётган техника ва технологиялар тизими инсон тафаккурининг сарҳад билмас эканига ишора.

Ёйдан то водород бомбасига қадар

Бундан минг йил аввалги уруш кайфиятида юрган ҳукмдорлар зирҳланган суворийлари, камону ўқ-ёйи, кўзи қонга тўлган жангари филлари билан рақибини бемалол саросимага сола олганини биламиз.

Яқин-яқингача эса давлатлар бир-бирига дўқ урганда, қуролли кучларини, ҳарбий салоҳиятини кўз-кўз қилиб, огоҳлантириб қўйишарди. Қарийб олтмиш йил давом этган “совуқ уруш” даврида атом бомбасидан тортиб, Ер шарини “ўз ўқидан чиқариб юбориш” даражасидаги қудратли водород бомбалари кашф этилди. Ана шу таҳликали жараёнда “кунчиқар юрт”нинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарлари аҳолиси, жанубий-шар­қий Осиё мамлакатларининг кўплаб халқи азият чекди ва ундан қолган асоратлар ҳалигача бартараф қилингани йўқ…

Йигирма биринчи асрга келиб, геополитика майдонида от ўйнатиб юрган давлатлар “хавф­ли ўйинчоқлар”дан онгли равишда воз кечишга мужбур бўлмоқда, чунки гарчи сиёсий жиҳатдан дипломатик муносабатларнинг совуқлашиб, мамлакатларнинг бир-бирини сайёра харитасидан «ўчириб» ташлашга бўлган интилиши натижа берган тақдирда ҳам, у икки томоннинг йўқ бўлиб кетиши, яъни бир-бирини маҳв этиши билан якунланади. Бундай хотимадан эса на у томон, на бу тараф наф кўради. Маълумки, ҳар қандай геосиёсат тагида иқтисодий манфаат ётади. Шундай экан, бугунги кунда барча давлатларнинг турмуш тарзи, ҳаёт кечириши ўзаро боғлангандир.

Аммо бу билан азалий келишмовчиликлар барҳам топди, деб бўлмайди. Аждодларидан авлодига мерос қолиб келаётган бу кайфият ҳамон тинч­ликпарвар халқларнинг, миллатларнинг кўнглини кемириб турибди. Фақат бугунги курашларда асосий қурол ўзгарган. Ахборот асосий кураш воситасига айланди.

Энг тансиқ “таом”

Ахборий жамият тушунчаси ўтган асрнинг 60-йилларида таниқли сиёсатчи ва иқтисодиёт билимдонлари томонидан тилга олинган постиндустриал жамият контсепциясининг узвий давоми сифатида вужудга келди. Постиндустриал жамият деганда, юксак даражада саноатлашган, илмий-техникавий инқилоб туфайли барпо этилган барқарор иқтисодий турмуш тарзига эга тузилма кўз олдимизга келади. Бунда яратилаётган мўъжизавий ихтиролар кашфиёт бўлибгина қолмай, хизмат кўрсатишга ва шу орқали мислсиз даромад келтиришга йўналтирилади. Пос­т­­ин­дустриал жамият ахборий жамият қуриш йўлидаги ўзига хос эволюцион жараёндир.

Ахборий жамият назарияси инсоният тарихидаги ҳозирча энг сўнгги тамаддун бўлиб, унинг асосий маҳсулоти ахборот ва тафаккурдир. Аҳамият берган бўлсангиз, дунёнинг жуда кўп бой кишилари айнан интеллекти эвазига инвестиция жамғаришмоқда. Ахборотни тўплаш, қайта ишлаш ва тар­қатиш орқали ҳар кеча-кундузда миллиардлаб маблағ айланишини тасаввур қилиш қийинмас. Биргина “Майкрософт” компанияси орқасидан минглаб ақлий салоҳият соҳиблари «сув ичади». Масалан, интернет тизимидаги браузер (қидирув хизмати) хўжайинлари сайтга кирувчиларни чек-чегарасиз маълумотлар билан оҳанрабодек чорлаб, ўз навбатида, бу харидорлар эътиборига йирик корхона ва фирмаларнинг маҳсулотлари рекламасини ҳам ҳавола этиш натижасида миллионерларга айланишди.

Америкалик сиёсатчилар ахборий жамиятнинг бир қатор муҳим кўрсаткичларини санаб ўтишган. Ахборий маҳсулотлар (оммавий ахборот воситалари маҳсулотлари, маданиятнинг турли кўринишлари ва ҳоказо) бора-бора ички ялпи маҳсулотлар (ишлаб чиқариш саноати, агросаноат, нефт қазиш ва металлургия) келтираётган умумий даромаддан ортиб кетади. Ягона глобал ахборот маконини яратиш учун, биринчидан, ҳар бир фуқаронинг хабар ва янгиликларга боғлиқлик даражасини ошириш талаб этилади. Улар бир соатлик вақтини ҳам ўзига алоқадор бўлган ахборотсиз тасаввур қилолмайдиган бўлиб қолади. Иккинчидан, одамлар дунёвий жараёнлар: сиёсий, иқтисодий, маданий, маънавий, мафкуравий воқеа-ҳодисаларга ҳам тааллуқли ахборот ресурслари билан ипсиз боғланишади. Учинчидан, кишиларнинг ахборот ва ахборий хизматларга бўлган эҳтиёжи ўз вақтида қондирилиши лозим. Мухтасар айтганда, бундай жамиятда ахборот энг тансиқ “таом” бўлиб қолади.

Янги тамаддун ихтирочилари

Инсоният умумтамаддунини таниқли футуролог А.Тоффлер учга бўлади: қишлоқ хўжалиги инқилоби, саноат инқилоби ва ахборий инқилоб. Буларнинг учинчиси – “ахборий жамият” сўзининг муомалага киритилиши бобида мутахассислар икки хил қарашни ўртага ташламоқда. Айримларининг фикрича, бу бирикма япон ҳукуматининг ишлаб чиқаришда стратегик мақсадларни белгилаб олиш бўйича масъул гуруҳи томонидан тайёрланган мамлакатларнинг истиқболдаги илмий, техникавий ва иқтисодий яратувчанликка оид салоҳиятини тад­қиқ этишга мўлжалланган махсус нутқда тилга олинган.

Иккинчи тоифадаги мутахассислар эса ахборий жамият тушунчасини дастлаб Ғарб сиёсатчилари Б.Клинтон ва А.Гор Миллий илмий жамғарма конференциясида сўзлаган нутқларида ишлатган, дейишади. Ахборий жамият қуриш дастури бўйича Европа экспертлар гуруҳи раҳбари Мартин Бангеманн бу фикрни ўша конференциядан сўнг учта йирик ахборий магистралнинг бунёд бўлиши, хусусан, Канада, АҚШ ва Буюк Британия нашрларининг айнан ахборий жамият тўғрисидаги давомий материаллар беришга қатъий киришгани билан изоҳлайди.

1960-йилларнинг иккинчи ярмида “ахборий хуруж” деган атама пайдо бўлди. Ахборотнинг жамиятдаги кўлами, кўрсаткичи юқори суръатларда ўсиб борди. Ва бу нарса кўплаб давлатларда ахборотга тегишли қонунлар ишлаб чиқиш ҳамда изчиллик билан жорий этишга сабаб бўлди.

Ушбу қонунларда асосан инсон ҳуқуқларини топташ ва ҳақоратлаш, туҳмат қилишга қаратилган ахборотларни тар­қатиш ҳамда даромад орттириш, одамлар шуурида воқеа-ҳодисаларга нисбатан салбий фикр уйғотиш, ваҳимага солиш цингари хатти-ҳаракатлар жиноят, деб белгиланди. Ахборий хуружлардан юрак олдирган собиқ иттифоқ эса ўз ҳудуди ва бу орқали аҳолиси онгини «изоляция»лади. Ахборий жамият тушунчасига қарши тсензурани ўрнатди. Лекин шунга қарамай, Ғарб мамлакатларининг айримларидаги демократик қарашлар, либераллашув куртаклари “ахборий жамият”нинг ривожланишига замин яратди.

Кун тартибида: ахборот хавфсизлиги масаласи

Ахборот мўмайгина даромад манбаи бўлгач, у билан жиддий шуғулланишга, ташкилий жиҳатдан уни етказиб берувчи воситаларни такомиллаштиришга зарурат туғилди. Мафкуравий томондан эса, уни тўплаш ва тарқатишда эҳтиёткорлик масалаларига эътибор қаратилди, давлатларнинг сир сақланадиган маълумотлари билан шуғулланувчи алоҳида ахборот хавфсизлиги органлари тузилди. Бунга параллел равишда хорижий мамлакатлар сирларини ўзлаштирувчи махфий разведка бюролари ҳам ташкил этилди.

Бир жиҳатни ҳеч қачон ёддан чиқармаслик керакки, ахборий жамиятда яшаётган ҳар бир шахс арзимас соатлар ичида қабул қилувчи ахборотни онгли равишда саралашга, қиёслашга, оқини оққа, қорасини қорага ажратишга ўрганиши шарт. Бу наинки шахсий ахборот хавфсизлиги учун, балки жамиятнинг маълум “хуруж”лардан холи бўлишида асқотади.

Соҳа мутахассиси Ф.Махлуп 1960-йиллар бошида ахборотга таъриф бераётиб, уни тафаккурнинг дастлабки маҳсулоти, яъни хомашё саноатининг (ҳали тайёр бўлмаган!) бир тури деганди. Рус олими В.Глушков эса уни жамиятни тақсимлаш ва бош­қаришда “қоғозсиз технология контсепцияси”, деб кўрсатган. Айнан японияликларнинг ахборотнинг хомашё сифатида қанчалик қадрли эканини фаол тар­ғиб қилиши оқибатида дунё бозорида рақобат кучайиб кетгани бор гап. Япон саноқ системаси ва ҳисоблаш машиналари ахборий жамият учун сув ва ҳаводек зарур бўлган техноқатлам вазифасини бажарган бўлса, у орқали “самурай”лар жаҳон бозорида етакчиликни қўлга олди.

1980 йилга келиб, ахборот сотиш ва тегишли хизматлар кўрсатиш бирданига юқорилаб кетди. Масалан, АҚШда ўша вақтдаёқ қишлоқ хўжалиги соҳасида 3 фоиз, хомашё ишлаб чиқаришда 20 фоиз, маиший хизмат кўрсатиш тармоғида 30 фоиз ва ахборот билан шуғулланишда энг кўп – 47 фоиз аҳоли банд эди.

Ахборий сектор – ҳаракатдаги, тез ўсувчи индустриядир. У, ўз навбатида, минглаб одамларни иш билан таъминламоқда. АҚШ кабелли телесаноатида бугунги кунда 100 минг нафардан зиёд ишчи фао­лият юритаяпти. Шу каби жиҳатларни инобатга олиб, БМТ Бош Ассамблеяси 2006 йил 27 мартдаги резолюциясида 17 майни – халқаро “ахборий жамият куни” сифатида нишонлаш таклифи билан чиқди.

“Чегаралар нисбийлашиб бораверади…”

Вақт ўтиши билан жамоавий ишлашдан индивидуал меҳнат қилиш даражаси ортиб боради ва ишчиларнинг автоматлашган маркази юзага келади. Бунинг самараси ўлароқ, одамлар жуда кўплаб ишларни уйидан кўчага чиқмай бажаришни уддасидан чиқишади. Бугунги кунда бутун дунё бўйича “компютерлаштириш” жараёни кечмоқда. У ўз ўрнида анъанавий ишлаб чиқариш ёки оддий қилиб айт­ганда, меҳнат қилиш тарзини ўзгартириб юборади.

Ахборий жамиятнинг энг катта ютуқларидан (айни пайтда камчилиги!) бири – бу чегараларнинг қисқариши, йўқолиши ҳолатидир. Ахборий жамият ривожини уч замонавий омил билан асослаш мумкин, улар – технократизм, постиндустриализм ва анъанавий футурология.

Мутахассис Д.Беллнинг фикрича, ахборий жамият пос­т­индустриал жамиятнинг янги босқичи бўлибгина қолмай, балки ахборот ва билимларни қайта ишлаш жараёнида “очилган” компютер инқилоби ҳамдир.

Профессор У.Мартин ҳам унинг бу сифат билан аталишини тасодифий эмас, деб билади. Унинг дастлабки қарашларига кўра, Япония, АҚШ ва Ғарбий Европада ўтган асрнинг 60, 70-йилларидаёқ постин­дустриал жамият кўриниши мавжуд эди. У илмий мақолаларидан бирида ахборий жамиятга технологик, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий шарҳ ҳам бериб ўтади.

Бу омилларнинг ҳар бири ахборий жамият қуришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Масалан, У.Мартин сиёсий шар­ҳида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, халқаро зиддиятларга барҳам бериш, ҳукумат фаолиятини назорат қилиш орқали тўпланадиган ахборотлар эркин тарзда ифода қилиниши зарурлиги ҳақида ёзади. Орадан бироз вақт ўтиб эса у “ахборий жамият” тўғрисидаги қарашларини ўзгартириб, ушбу ҳодисани “шунчаки Ғарб ва Европа сармоядорлари анъаналарининг ўзгарган талқини”, деб атади ва бир нечта сифатларини санаб ўтди. Бироқ ахборий жамият контсепциясини инкор этолмаслигини, у орқали башарият турмуш тарзи фаровонлашишини, иқтисодий тўкин-сочинликка эришилишини таъкидлаб: “Бундай жамиятда ҳаёт стандартлари, меҳнат ва дам олиш турлари, таълим ҳамда бозор тизими мислсиз даражада тараққий этади”, деган хулосага келди.

Хулоса: гегемонликнинг шарти ўзгарди(ми?)

Одамзот қадим-қадимдан идеал жамият қуришни орзу қилади. Уларга ўзича “янги дунё”, “адолат олами” деб ном ҳам қўяди. Ахборий жамият контсепция кўринишига келгунга қадар Ж.Лихтаймнинг “постбуржуазия”си, Р.Дарендорфнинг “посткапитализми”, К.Боул­динг­нинг “посттсивилизациялашган жамият”и, Г.Каннинг “постиқтисодий жамият”и ва Р.Барнетнинг “постнефт”га оид қарашлари бирор аҳамиятга эгадек эди гўё. Ахборий жамият уларнинг мантиқий давоми сифатида ўрганилса, “пост”­ларнинг энг сўнггиси, яъни Ф.Фукуяма ибораси билан айт­ганда “тарих интиҳоси”дир. Бинобарин, ахборий жамиятдан сўнг қандай жамият келишини Фукуямагина эмас, шу соҳада бош қотирган файласуфлар ҳам билмайди…

Ўтган аср иқтисоди, сиёсати ва бошқа ижтимоий жараёнларида билимнинг, идрок қилиш­(интуиция)нинг роли беқиёс бўлган эса, эндиликда унинг ўрнини янги фаолият тури – телекоммуникациялар эгаллайди. Аниқроқ қилиб айтганда, “марказий пулт”ни компютер ва оммавий ахборот воситалари бошқаради.

Давлатлараро ихтилофлар айнан ахборий хуружлар асносида юз бериб, ахборий курашлар қаршилигида давом этади. Қисқа қилиб айтганда, мамлакатлар глобал ахборий маконда ахборотга эгалик қилиш учун курашади. Аммо бундай тараққий этган даврда ахборотга муттасил эгалик қилишнинг имкони йўқ ҳисоби. Шундай экан, мабодо қайсидир томон бунинг уддасидан чиқолса, шубҳасиз, у дунё тизгинини ҳар жиҳатдан ўз қўлига олади. Чунки йигирма биринчи асрда инсониятни ахборот бош­қаради.

Зоҳиджон Холов
“Маърифат” газетасидан олинди.