Антон Чехов жаҳон адабиётида нуфузли ўринга эга. Унинг қандай ёзувчилигини асарлари айтиб турибди. Буюк адиб шахс сифатида ҳам ўрнак бўларли фазилатларга эга эди.
Бу ўринда ёзувчи қаламига мансуб бир хатга эътибор қаратмоқчимиз. Чеховнинг акаси Николай истеъдодли рассом эди. Бироқ қатъиятсизлиги, ичкиликка муккасидан кетгани сабаб ўзини ўзи хароб қилиб борарди. Адиб у ҳақда: «Миллатнинг кучли бир истеъдоди ўляпти, ҳеч бир сабабсиз ўляпти», деганди надомат билан. Ёзувчи акасининг заиф томонларини билар ва уни ўйлаб ҳамиша қайғурарди.
Чехов акасига бир хат ёзади. Мактубдаги фикрлар бевосита сизу бизга тегишли бўлмасада, унда катта ибрат бор.
«Сени «тушунишмаётгани»дан менга тез-тез нолиб турардинг. Бу масалада ҳатто Гёте ҳам, Нютон ҳам арз-дод қилмаган… Сени жуда яхши тушунишади… Агар сен ўзингни ўзинг тушунмасанг, бу бошқаларнинг айби эмас…
Уканг ва яқин кишинг сифатида ишонтириб айтаман: мен сени тушунаман ва ҳолатингни ич-ичимдан ҳис қилиб тураман… Барча яхши сифатларингни беш қўлимдай биламан, уларни қадрлайман ва чуқур ҳурмат билан қарайман. Хоҳласанг, сени тушунишимни исботлаш учун бу сифатларни санаб беришим мумкин. Менимча, ўта даражада меҳрибонсан, олижанобсан, худбинлигинг йўқ, охирги нонингни ҳам биров билан баҳам кўрасан, самимийсан; ҳасад ва нафратдан йироқсан, очиқкўнгилсан, одамларга ҳам, жониворларга ҳам шафқатлисан, бировнинг устидан кулмайсан, кин сақламайсан, ишонувчансан… Сенда бошқаларда йўқ катта устунлик бор: истеъдодлисан. Бу истеъдод сени миллионлаб кишилардан баланд кўтаради. Чунки Ер юзида ҳар икки миллион кишига битта рассом тўғри келади…
Истеъдод сени ўзига хос вазиятга қўяди: ҳатто қурбақа ёки ўргимчак бўлсанг ҳам, сени ҳурматлайверишади. Чунки истеъдод эгасининг айбларидан кўз юмилади. Сенинг биттагина айбинг бор. Ёлғон таянчинг ҳам, бахтсизлигинг ҳам, бошоғриқларинг ҳам шундан. Ҳаддан ортиқ тарбиясизсан. Кечирасану, лекин тўғрисиям шу. Гап шундаки, ҳаётнинг ўз қонун-қоидалари бор… Маданиятли даврада ўзингни эркин ҳис қилишинг, унда бегона ва ортиқча бўлмаслигинг учун маълум шаклда тарбияланган бўлишинг керак. Истеъдод сени шу муҳитга олиб киради, сен унга мансуб бўласан. Ва ўз навбатида сени бу муҳитдан тортади ҳам, сен маданиятли кишилар ва кўча одамлари орасида мувозанат сақлай билишинг керак…
* * *
Истеъдодлари бўлса, уни ҳурматлайдилар. Уни деб ҳузур-ҳаловат, айш-ишрат, ичкилик ва маишатлардан воз кечадилар.
* * *
Кундузи ҳам, кечқурун ҳам тўхтовсиз ишлаш, тинмай ўқиш, синчиклаб ўрганиш, иродали бўлиш керак. Ҳар бир соат олтинга тенг… Якиманкага бориш ва қайтиб келиш фойда бермайди. Барига қатъият билан тупуриш ва қўл силташ зарур… Бизникига кел, ароқ шишангни синдирда, ётволиб ўқи. Ҳеч қурса Тургеневни, ахир уни ўқимагансанку…
* * *
Тарбияли одамлар, фикримча, қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
Улар инсонни ҳурмат қилади, шу сабабли ҳамиша илтифотли, мулойим, хушмуомала, муросали… бўлади. Улар болғача ёки йўқолган ўчирғич сабабли жанжал кўтармайди; биров билан яшаб, кейин буни таъна қилмайди, кетаётиб: «Сиз билан яшаб бўлмайди!» демайди. Улар шовқин, совуқ, кўп қовуриб юборилган гўшт, овқатнинг тузи ўткирлиги ёки уйида меҳмонлар борлиги туфайли ғазабга минмайди…
Улар фақатгина камбағаллар ёки қаровсиз мушукларга ачинмайди. Улар оддий кўз билан кўриб бўлмайдиган нарсалар учун ҳам қайғуради…
Улар ўзларини маданий тарбиялаб боради. Кийимини алиштирмай ухламайди, уйларини тахтаканага тўлдирмайди, ёқимсиз ҳаводан нафас олмайди, исқирт полда юрмайди, керасинкадан овқатланмайди…
Улар майда-чуйда нарсаларга берилмайди. Машҳурлар билан танишиш, салонда дуч келган одамни ҳайратлантириш, қовоқхоналарда донг таратиш билан машғул бўлмайдилар.
Уларнинг юраги тоза, ёлғон гапиришдан қаттиқ қўрқадилар. Ҳазиллашиб ҳам ёлғон гапиришмайди. Ёлғон тингловчига ҳақорат бўлиб тушади ва унинг назарида сўзловчини қадрсизлантиради. Улар ўзини кўз-кўз қилмайди, кўчада ҳам ўзини яхши тутади, биродарларининг кўзига кул сочмайди. Улар вайсақи бўлмайди, сўралмаган пайтда ҳамма нарсани очиқ-ойдин гапиравермайди… Бегона қулоқлар ҳурмати учун кўпинча сукут сақлайдилар.
Улар бировнинг мулкини ҳурмат қилади, шу боис қарзларини қайтаради.
Бошқаларнинг раҳмини келтириш ёки ёрдам олиш учун ўзларини ерга урмайдилар. Ўзининг кўнгилхушлиги учун бировларнинг туйғуларини ўйин қилмайдилар. Ҳеч қачон «Мени тушунишмаяпти!» демайдилар.
Ва ҳоказо. Хуллас, тарбияланганлар шундай бўлади… Тарбияланиш ва ўзинг кирган муҳит даражасидан тубанда қолиб кетмаслик учун фақатгина Пиквикни ўқиш ва «Фауст»дан парча ёдлаб олиш кифоя қилмайди. Ёки извошга ўтириб Якиманкага йўл олиш, бир ҳафтадан сўнг у ердан ҳам бартараф бўлиш етарли эмас…»
Москва, 1886.
Рус тилидан Ориф Толиб таржимаси.
«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 6-сон