Антон Чехов. Қора роҳиб (қисса)

I

Магистр Андрей Васильич Коврин, ўта толиқиб кетганидан асаб дардига чалинди. У даволанишга бормади. Аммо бир куни вино олишга кетаётганида, шифокор ошнасини учратиб қолди. Дўсти унга баҳор-ёзни қишлоқда ўтказишни маслаҳат берди. Дарвоқе, Таня Песоцкая ҳам узундан-узоқ хат ёзиб, Борисовкага таклиф қилибди – меҳмон бўлиб келинг, дебди. Чиндан ҳам фурсат етиб қолибди, шекилли, бир айланиб келишга аҳд қилди.
Аввало – бу апрель ойида бўлганди – она юртига, ўзи туғилиб ўсган Ковринкага бориб, роса уч ҳафта ёлғиз яшади; йўллар селгигунча сабр қилиб, кейин собиқ васийси ҳамда устози, Россияда донғи чиққан боғбон Песоцкийникига от аравада жўнади. Ковринкадан Песоцкийлар турадиган Борисовкагача етмиш чақиримдан кўпмас дейишади, баҳорнинг ҳузурбахш қуёшида юмшоқ фойтунда юриш ҳақиқатан дилга ором бахш этди. Песоцкийлар ҳовлиси сувоғи кўчиб тушган баҳайбат устунлари, шерлар ҳайкали-ю дарвоза ёнидаги фрак кийган дарбонлари билан жуда маҳобатли кўринарди. Одми, аммо ваҳимали, инглиз русумида бунёд этилган эски боғ уйдан то дарёгача салкам бир чақиримга ёйилиб, юнг босган панжасимон илдизи ер юзига бўртиб чиққан қарағайлар қоплаган гилтупроқ нишаб қирғоққа бориб тақалади; пастда оқаётган дарё хилватида тўлқинлар жимирлаб, балиқчи қушларнинг юракни эзадиган чийиллаши эшитилади, бу гўшада завқ-шавққа тўлиб, дабдурустдан баллада ёзиб ташлагинг келади. Аммо уйнинг ёнгинасидаги ташқи ҳовлининг кўчат етиштириладиган қисми билан ўттиз ботмонча ерни эгаллаган мевазорда ҳаво айниган дамларда ҳам одамнинг кўнгли ёзилиб, димоғи чоғ бўлади. Нилуфар, камелия каби ғаройиб гулларни, турфа рангин, оқдан тортиб қоп-қора тусдаги ажабтовур лолаларгача, умуман, Песоцкий боғидагидай ранг-баранг чаманзорни бошқа бир ерда кўриш Ковринга насиб этмаган. Навбаҳор палласи чунонам барқ уриб очилган гуллар ҳозирча иссиқхонага яширинган бўлса-да, хиёбон бўйлаб очилиб ётган ёки у ёқ-бу ёқдаги тегара гулзорларнинг ўзи ҳам боғ оралаб, ўзингни нафис ранглар салтанатида юргандай ҳис этишинг учун етиб-ортади, айниқса, ҳар япроқда шудринг товланган тонгларда. Боғнинг, Песоцкий назарга илмайдиган манзарали дарахтлар экилган тарафи Ковринга қачонлардир, олис болалик дунёсида қолган эртакларни эслатади. Бу гўшада табиатга қаратилган минг турфа таҳқир, бемаъни қилғиликлар бежамасининг ҳар туридан бор! Бунда мевали дарахтлар бутаб ясалган панжаралар, эҳромсимон, терак шаклидаги нок, жўка; юмалоқ, шарсимон эман; олма дарахтидан соябон, равоқ, ванзель, қандил ва ҳатто, олхўри новдаларини кесиб, 1862 – Песоцкий илк бор боғбонликка қўл урган сана ёзилган. Бу ерда хурмо сингари танаси текис, чиройли, хушбичим дарахтга кўзинг тушса, яқинроқ бориб, синчиклаб қарасанг, қорағат ёки крижовник бўлиб чиқади. Барчасидан кўра, боғни яшнатиб, унга қайноқ ҳаёт нафаси бахш этиб турган ҳодиса, бу – тиним билмас ҳаракат. Тонг саҳардан қоронғу тунгача замбилғалтак, белкурак, челак тутган одамлар дарахт-у кўчатлар тагида чумолидай ғимирлайди…
Коврин Песоцкийлар уйига кеч соат ўнларда етиб келди. Таня билан отаси Егор Семёнич ғам-ташвишга кўмилган бир аҳволда эди. Юлдузлар чарақлаган очиқ осмон ҳам, ҳарорат ўлчагич ҳам саҳарда аёз тушишидан дарак берарди, устига-устак, боғбон Иван Карлич ҳам шаҳарга тушиб кетибди, ундан бошқа бировга ишонч йўқ. Кечки овқат устида фақат саҳарда тушадиган қиров ҳақида гап кетди ва ниҳоят, Таня ухламай, кечаси соат бирга борганда боғни айланиб, ҳаммаси жойидами-йўқми, кўриб чиқади, Егор Семёнич эса, соат учда, ҳатто ундан ҳам вақтлироқ уйғонади – мана шунга келишиб олишди.
Коврин Таня билан оқшом давомида суҳбатлашиб ўтиргач, ярим кечадан ошганда биргалашиб боққа чиқди. Совуқ тушиб қолганди. Ҳовлини тутатқи иси босиб кетибди. Егор Семёничга ҳар йили жарақ-жарақ соф даромад берадиган, савдога чиқариладиган мевалар етиштириладиган катта боғда ер бағирлаб тўшалган қора, қалин, аччиқ тутун дарахтларни қоплаб, ўша даромадларни музлаб қолишидан сақларди.
Шахмат усулида экилган кўчатлар қаддини ростлаб, бир текис саф тортган аскарларга ўхшарди, қатъий тартибда, бўйлари баравар, шохларига бир хил шакл берилганидан шундай манзара касб этгандики, ҳатто, одам уларга қараб зерикиб кетарди. Коврин билан Таня от гўнги, похол ва бошқа чиқиндиларнинг тутатқиси буруқсиган қатор оралаб аста юриб боришаркан, аҳён-аҳёнда тутун ичида шарпага ўхшаб кўринган ишчиларга дуч келишарди. Олча, олхўри ва олманинг айрим навлари гуллаган бўлса ҳам, боғ бошдан-охир тутунга ғарқ этилган эди, Коврин гулхона яқинига келгандан кейингина кўксини тўлдириб чуқур нафас олди.
– Болалик чоғимда ҳам шу боғда тутундан бўғилиб қолардим, – деди у елкасини қисиб, – аммо ҳалигача тушунолмайман, қандай қилиб тутун совуқдан асраши мумкин.
– Тутун булут ўрнини босади, у бўлмаса… – жавоб берди Таня.
– Булутнинг ўзи нега керак?
– Ҳаво булутли бўлса, саҳарда қиров тушмайди.
– Шунақами!
У кулиб юборди, сўнгра қизнинг қўлидан тутди. Қизнинг катта-катта кўзлари, ўта жиддий, совуқдан қизарган юзлари, ингичка қалам қоши, бошини ёнга буришга халал бераётган пальтосининг тик ёқаси, бутун борлиғи, озғин, хушбичим, шудринг тегмаслиги учун йиғиб олган кўйлагининг этаги ҳам йигитнинг кўнглини ийдириб юборди.
– Буни қаранг-а, катта бўлиб қолибсиз! – деди у. – Беш йилча аввал бу ердан кетганимда сиз жажжи қизча эдингиз. Шунақанги озғин, оёқларингиз узун-узун, бошяланг, калта кўйлак кийиб чопиб юрардингиз, сизни қарқара билан қўрқитардим… Вақт ўтишини қаранг!
– Чинданам, беш йил! – хўрсинди Таня. – Орада қанча сувлар оқиб кетди. Ростингизни айтинг, Андрюша, – дадил деди қиз йигитнинг юзига тик боқиб, – биздан узоқлашиб кетмадингизми? Буни нега сўраяпман ўзи? Сиз эркак кишисиз, жўшқин ҳаёт кечирасиз, сиз буюксиз… Бегоналашиб кетишингиз табиий! Аммо, нима бўлганда ҳам, Андрюша, бизни ўзингизникидек қабул этишингизни истардим. Бунга бизнинг ҳаққимиз бор.
– Ўзингизникиман, Таня.
– Чин сўзингизми?
– Ҳа, чин сўзим.
– Бугун бизникида суратингиз кўплигини кўриб ҳайрон қолгандирсиз. Биласиз-ку, ахир, отам сизни жуда яхши кўради. Баъзан мендан ҳам ортиқ суядигандай туюлади. Сиз билан фахрланади. Олимсиз, бошқалардан ажралиб турасиз, юқори мартабага эришдингиз, отам бу даражага етганингизни ўзи берган тарбиядан деб билади. Отамнинг фикрига монелик қилмайман. Майли.
Тонг ёриша бошлади, бу, айниқса, очиқ ҳавода дарахт шохларидан тутун парчалари ажралиб чиқа бошлаганда аниқ белги берди. Булбуллар сайради ва дала томонлардан беданалар питпилдиқ отгани эшитилди.
– Энди ухлаб олиш керак, – деди Таня. – Совқотиб кетдим. – Қиз йигитнинг қўлидан тутди. – Раҳмат, Андрюша, келганингиз учун. Бизнинг таниш-билишлар одми одамлар, бори ҳам кўп эмас. Бизда фақат боғ, боғ, боғ – бошқа ҳеч нарса. Дарахт танаси, яримтанаси, – кулди қиз, – апорт, ранет, боровинка, қаламча, пайванд… Бизнинг бутун умримиз боғда ўтади, ҳатто тушларимда ҳам олма-анордан бошқасини кўрмайман. Албатта, бу жуда яхши, фойдали, аммо баъзида кўнглинг яна нималарнидир тусаб қоларкан. Ёдимда бор, сиз таътил вақтида ёки шунчаки бизникига айланиб келганингизда уйимиз яна-да мусаффо бўлиб, янада ёришиб кетарди, қандилу жиҳозлар ғилофи ечиб олинарди. Ўша пайтда жажжи қизча бўлсам-да, ҳар ҳолда тушунардим.
Қиз тўлиб-тошиб сўзлади. Йигитнинг хаёлига, негадир, бутун ёзни мана шу кичкина, нимжон, гапи тугамайдиган маҳбубага хуштор бўлиб, унга овуниб ўтказиш фикри келди – иккисининг ёшида бўлиши мумкин, табиий ҳол-ку бу! Йигитнинг кўнгли эриб кетди-ю айни пайтда кулгиси қистади; у дилбар, ташвишли чеҳрага энгашиб, аста куйлади:

Онегин, яшириб не қилдим,
Татьянани телбавор суйдим…

Уйга етиб келишганда, Егор Семёнич аллақачон уйғонган экан. Ковриннинг уйқуси қочди, қария билан гурунглашиб яна боққа қайтди. Егор Семёнич басавлат, елкадор, мешқорин бўлиб, нафас қисиш дардидан азият чекарди, аммо ҳамиша жуда тез одимлардики, ортидан етиб юриш қийин эди. Юзи жуда ташвишли кўринар, доимо қайгадир шошар, бир дақиқа кеч қолсанг, бас, ҳаммаси барбод бўлади, деган ваҳимада тиним билмас эди!
– Мана, оғайни, сенга ортиқча ғалва… – гап бошлади у тўхтаб, руҳини кўтариб олиш учун. – Ернинг юзида, кўряпсанми, аёз, ернинг остида ҳарорат ўлчагич таёқчасига икки баробар чуқурроқда, илиқ… Бу нимадан?
– Тўғриси, билмайман, – деди Коврин жилмайиб.
– Ҳм… Ҳамиша билавериш мумкин эмас, албатта… Дунёқарашинг қанчалик кенг бўлса ҳам, ҳаммасини сиғдира олмайсан. Ахир, сен кўпроқ фалсафа бобида…
– Ҳа. Руҳшуносликни ўрганяпман, умуман, фалсафа билан бандман.
– Жонга тегмадими?
– Аксинча, шу билан тирикман.
– Худо ярлақасин… – деди Егор Семёнич, кейин ён соқолини силаб ўйланиб қолди. – Худо ярлақасин… Сендан хурсандман… хурсанд, оғайни…
Аммо, у бирдан бутун диққатини жамлаб, нимагадир қулоқ тутди, кутилмаганда юзи ваҳимали тус олиб, қаёққадир югуриб кетди, бир зумда дарахтларни қоплаган тутун булути ичра ғойиб бўлди.
– Ким бу олмага от бойлади, ким? – юракни ёргудек ваҳимали овоз эшитилди. – Бу аблаҳ ким, қайси жин ургур отни олмага бойлади? Худойим-ей, Худойим-ей! Ишдан чиқаришибди, совуқ урдиришибди, расво қилишибди, булғаб ташлашибди! Боғ пайхон бўлди! Боғ нобуд бўлди! Ё, Худо!
Ковриннинг ёнига қайтиб келган чолнинг юзида чарчоқ, хўрланиш аломатлари зоҳир бўлди.
– Бу лаънатиларни нима қилсанг бўлади? – деди у йиғлагудек бўлиб, қўлларини икки ёнига ташлаб. – Стёпка кечаси гўнг олиб келгач, отни олмага тушовлаб кетибди! Ўраб боғлабди, ярамас, арқон қаттиқ, олманинг танаси уч жойидан заҳаланибди. Бу нимаси! Қанча гапирсанг – шунча кам, билганидан қолмайди, кейин кўзи мўлтираб тураверади! Дорга оссанг оз!
Чол ўзини босиб олгач, Ковринни қучиб, юзидан ўпиб қўйди.
– Майли, Худо ярлақасин… Худо ярлақасин… – минғирлади у. – Бизникига келганингдан хурсанд бўлдим. Қай сўз билан айтай… Раҳмат.
Кейин у одатдагидай тез-тез одимлаб, ваҳимали қиёфада бутун боғни кезиб чиқди; собиқ шогирдига барча оранжерея, иссиқхона, тупроқсарой, яна ўзи айтганидай, юзйиллигимизнинг мўъжизасига айланган иккита асалари қутисини ҳам кўрсатди.
Улар боғни кўриб чиққунча қуёш кўтарилиб, чиройли боғни заррин нурга кўмди. Ҳаво илиб кетди. Тиниқ, ҳузурбахш, узун кунни дил-дилидан ҳис этган Коврин ширин хаёлга чўмди: ахир, май энди бошланди, ҳали олдинда худди шундай равшан, қувончли, узун кундузлари ила бутун ёз турибди, шунда бирданига кўксида бахтиёр ёшлик туйғуси жўш урди, бунақасини у болалигида, мана шу боғда чопқиллаб ўйнаб юрган чоғлари ҳис этган. У ҳам чолни қучиб, аста ўпиб қўйди. Икковлон ҳаяжон оғушида уйга қайтиб, қадимги чинни идишда, қаймоқли, тўйимли, ёғли нон билан чой ичишди – мана шу нонушта ҳам, бошқа икир-чикирлар ҳам Ковринга яна болалигини, ёшлигини эслатди. Ажойиб кайфияти билан қалбида уйғонган ўтмиш таассуротлари бир бўлиб, кўксига сиғмай, ёргудек бўлар, аммо ёқимли эди.
У Танянинг уйғонишини сабр билан кутди, сўнгра бирга қаҳва ичиб, сайр қилиб келди, шундан кейингина хонасига кириб, ишга ўтирди. У камоли диққат билан ўқир, белгилар қўяр, гоҳида очиқ деразага ёки стол устига терилган гулдонлардаги мусаффо, ҳали япроғидан шудринг нуқралари кетмаган намчил гулларга кўз ташлай деб бош кўтарар, сўнгра яна китобга эгиларди. Унинг томир-томирлари лаззатдан титраётгандай, жимирлаётгандай эди.

II

У қишлоқда ҳам шаҳардаги сингари асабий, безовта ҳаётини давом эттирди: тинимсиз ўқир, ёзар, итальян тилини ҳижжалаб ўрганар, ҳатто сайрга чиққанда ҳам тезда яна ишга ўтиришини орзиқиб ўйларди. У шунчалик кам уйқу бўлиб қолгандики, бундан атрофидагилар ажабланарди; мабодо кундузи бехосдан ярим соатча мизғиб қолса, кейин туни билан ухламас, эртасига, уйқусиз ўтган тундан кейин ҳам ҳеч нарса бўлмагандай ўзини тетик, қувноқ ҳис этарди.
У кўп гапирар, кўп вино ичар ва қиммат сигара чекарди. Песоцкийлар хонадонига тез-тез, деярли ҳар куни Таня билан роял чалиб, қўшиқ айтгани қўшни қизлар чиқарди; баъзида скрипкани қойилмақом чаладиган қўшни йигитча ҳам кўриниб қоларди. Коврин куй-қўшиқни иштиёқ билан тинглаган пайтлари аъзои бадани бўшашиб, кўзлари юмилиб, боши бир томонига эгилиб тушганда жисман ҳоригани аниқ сезилиб қоларди.
Бир оқшом кечки чойдан сўнг балконда китоб ўқиб ўтирганди. Меҳмонхонада Таня чинқириб, қўшни қизлардан бири йўғон овозда бақириб, йигитча эса скрипкада Браганинг машҳур серенадасининг машқини олаётган эди. Коврин қўшиққа қулоқ тутди, – русча, – аммо мағзини чақолмади. Ниҳоят, китобни бир четга суриб қўйиб, диққат билан тинглагач, тушунди: хаёлпарастлик дардига мубтало бўлган қиз тунги боғда шунчалар гўзал, ғаройиб, сирли наво эшитадики, бу уйғун оҳанглар илоҳий бўлиб, биз, оддий одамлар ҳис этолмаганимиз учун яна қайтиб самога кўтарилиб кетар эмиш. Ковриннинг кўзлари юмила бошлади. Шунда у ўрнидан туриб, мудроғини ёзиш илинжида меҳмонхона, кейин зал бўйлаб одимлади. Қўшиқ тингач, Танянинг қўлидан тутиб, балконга етаклади.
– Бугун эрталабдан бери бир афсона хаёлимдан кетмаяпти, – деди у. – Бирон жойда ўқиганманми ё эшитганманми, ёдимда йўқ, аммо бу афсона қандайдир ғалати, тушуниксиз. Аввалдан айтиб қўяй, унинг мазмуни жудаям аниқ-тиниқ эмас. Бундан минг йиллар олдин, Шомдами, Арабистондами… қора ридо кийган роҳиб саҳро узра елиб борарди. У ўтиб кетган жойдан бир неча чақирим нарида турган балиқчилар кўл юзида оҳиста бораётган яна бир роҳибни кўриб қолишади. Иккинчи роҳиб, бу – сароб эди. Энди, оптиканинг ҳар қандай қонуниятларини бир четга қўя турайлик-да, зеро, афсоналар бунга бўйсунмайди, давомини эшитинг. Ўша саробдан яна ўзга бир сароб яралибди, кейин ўша ўзгасидан учинчиси, шундай қилиб қора роҳиб шарпаси Ер қобиғининг бир қатламидан бошқасига интиҳосиз ўтиб бораверибди. Уни гоҳ Африкада, гоҳ Испания­да, гоҳ Мидияда, гоҳ Узоқ Шимолда… кўришибди. Ниҳоят, у Ер қобиғи чегараларидан ташқарига чиқиб, бутун коинот бўйлаб кеза бошлабди, ҳанузгача сўниши мумкин бўлган дастлабки муҳитига қайта олмас экан. Эҳтимол, энди у Марсдами ёки Жанубий Хочнинг қай бир юлдузида кўринар. Аммо, азизам, бу афсонанинг асл моҳияти, мағзи шундаки, роҳиб саҳрода аён бўлганидан сўнг роппа-роса минг йил ўтгач, яна қайта Ер қобиғига тушиб, одамларга кўриниш берар экан. Худди ўша минг йиллик вақт энди етиб келгандай туюляпти… Афсонада айтилишича, қора роҳибни бугун эмас – эртага кутиб олишимиз керак.
– Ғалати сароб, – деди афсона ёқинқирамаган Таня.
– Аммо, ҳаммасидан ҳам ажабланарлиси, – жилмайди Коврин, – бу афсона қайдан келиб миямга ўрнашиб қолганини сира эслай олмайман. Қаерда ўқидим? Эшитдимми? Ёки, эҳтимол, қора роҳиб тушимга кирганми? Худо ҳаққи, онт ичаман, ёдимда йўқ. Аммо, афсона фикру зикримни банд этди. Бугун, кун бўйи шу ҳақида ўйладим.
У Таняни меҳмонлар ёнига қўйиб юборгач, уйдан ташқарига чиқди, кейин хаёл билан одимлаб, тегара гулзорга бориб қолди. Қуёш ботаётган эди. Эндигина сув сепилган гуллардан намчил, димоқни қитиқловчи бўй тараларди. Уй томонда яна куйлаш бошланди, скрипка нағмаси олисдаги одам товушидай эшитиларди. Коврин афсонани айнан қаерда эшитган ёки ўқиганини эслашга уриниб, аста-секин томошабоғ сари одимлаб, дарё бўйига чиқиб қолганини сезмай қолди.
Тик қирғоқ устидан кетган сўқмоқ бўйлаб бўртиб чиққан илдизлар устидан ўтиб, пастга, сув ёқасига тушганда балиқчи қушлар чўчиб учиб кетишди, иккита ўрдак потирлаб учди. Ваҳимали қарағайларнинг япроқларида ботаётган қуёш нурлари ўйнар, аммо оқшом дарё юзасини қорайтириб бўлганди. Коврин оқим бўйлаб юриб, нариги қирғоққа ўтди. Энди қаршисида ҳали тўлиқ гуллаб бўлмаган жавдарзор шовуллаган бепоён дала ястаниб ётарди. Агар мана шу сўқмоқдан кетаверилса, у на одамзот макони, на бир тирик жон дуч келмас уфққа, қуёш ботаётган, оқшом шафағидай чексиз аланга қоплаган сирли манзилга олиб боради.
“Бу ерлар нақадар бепоён, эркин ва сокин! – ўйлади Коврин, сўқмоқдан одимлаб бораркан. – Гўё бутун олам мени пинхона кузатиб тургандай, уни англашимни, идрок этишимни кутаётгандай…”
Аммо, мана, жавдарзор юзаси чайқалиб, тўлқиндай жўшди, намозшомнинг енгил шабадаси унинг яланг бошини ҳам силаб ўтди. Бир зумдан сўнг яна шамол эсди, аммо бу шиддатли шамол эди – жавдарзор шовқинланди, орқа тарафдан қарағайзорнинг бўғиқ шовуллаши эшитилди. Коврин ҳайратга тушиб, жойида қотиб қолди. Уфқда, худди уюрма ё қуюн каби ердан то осмон тоқига қадар қоп-қора устун кўтарилди. Унинг шакли ноаниқ, аммо бир жойда турмагани ўша заҳоти билинди, шу томонга ўқдай учиб келарди, яқинлашгани сари тобора кичрайиб, аниқроқ шаклга кириб, даҳшатли тезликда тўппа-тўғри Ковриннинг устига бос­тириб келди. Унинг йўлидан қочиш учун Коврин ён тарафга, жавдарзор ичига ўзини отди, аранг улгурди…
Сочи оппоқ, қоши, ридоси қоп-қора роҳиб қўлини кўксида қовуштирганча ёнидан ўтиб кетди… Унинг яланг оёқлари ерга тегмасди. Уч қадамча нарига ўтгач, Ковринга ўгирилиб қаради, бошини ирғади-да, мулойим, айни пайтда қувлик билан жилмайиб қўйди. Аммо қанчалар оқ, ниҳоятда оппоқ, ориқ юз! У яна катталаша бошлади, сўнгра дарёнинг устидан елиб ўтгач, гилтупроқ қирғоққа, сўнг қарағайзорга сассиз урилиб, дарахтзор орасида тутундай тарқаб кетди.
– Мана, кўряпсизми… – минғирлади Коврин. – Демак, афсона замирида ҳақиқат бор.
Бу ғайритабиий ҳодисани англаб етишга уриниб ўтирмай, нафақат қора ридосини, ҳатто роҳибнинг юз-кўзини яқиндан аниқ-тиниқ кўрганидан мамнун бўлган Коврин ёқимли туйғулар оғушида ортига қайтди.
Боғда ҳам, хиёбонда ҳам одамлар хотиржам, ўз юмушлари билан банд, уйда куй-қўшиқ, ўйин-кулги авжида, – демак, роҳибни бир ўзи кўрибди, холос. У ҳамма-ҳаммаси ҳақида Таня ва Егор Семёничга айтиб беришни хоҳларди, аммо, барибир гапини ёлғонга йўйишади, қолаверса, бошқаларни чўчитиб қўйиши мумкин; яхшиси, жим бўлгани маъқул. У қаҳқаҳа отди, қўшиқ айтди, рақс тушди, роса ўйнаб-кулди, ҳамма, меҳмонлар-у Таня ҳам бугун унинг чеҳраси очиқ, нурлироқ, руҳланганроқ ва ўзи ҳам қандайдир бошқачароқ бўлиб қолганини айтишди.

III

Кечки таомдан сўнг меҳмонлар уйларига тарқалгач, у ҳам хонасига кириб, диванга ёнбошлади: роҳиб ҳақида мароқ билан хаёл суришни хоҳларди. Аммо орадан бир зум ўтмай, Таня кириб келди.
– Андрюша, отам ёзган мана бу мақолаларни ўқиб кўринг, – деди қиз унга бир тахлам рисола-ю босма қоғозларни узатиб. – Ажойиб мақолалар. Отам зўр ёзади.
– Қанақасига зўр бўлсин! – деди қизининг ортидан шошиб кирган Егор Семёнич зўраки жилмайиб хижолат бўлгандек. – Унинг гапларига қулоқ солма, яхшиси, ўқиб ўтирма! Агар тезроқ ухламоқчи бўлсанг, майли, ўқий қол: бу ажойиб уйқу дориси.
– Менингча, ажойиб мақолалар, – деди Таня камоли ишонч билан. – Сиз ўқиб чиқинг, Андрюша, ўшандан кейин, албатта, отамни кўпроқ ёзишга ундаб қоласиз. Боғдорчиликдан дарслик ёзишга ҳам отамнинг кучи етади.
Егор Семёнич бутун вужуди билан қаҳқаҳа отиб юборди, сўнгра юзлари қизариб, хижолат бўлганидан каловланиб, одатда муаллифлар айтадиган ибораларни такрорлай бошлади. Ниҳоят, чол ён бергандай бўлди.
– Шундай экан, аввал Гоше мақоласини ўқи, кейин мана бу русча мақолаларни ҳам, – минғирлади у қўли қалтираб рисолаларни бирма-бир узатаркан, – йўқса, тушунмайсан. Менинг эътирозимни ўқишдан олдин нимани инкор этганимни билишинг керак-ку. Аммо, арзирмикан… зерикарли. Майли, энди ухлаш пайти бўлди, шекилли.
Таня ташқарига чиқиб кетди. Егор Семёнич диванга, Ковриннинг ёнига ўтириб, чуқур хўрсинди.
– Ҳа, сен менинг қадрдонимсан… – деб гап бошлади у бироз сукут сақлагач. – Шунақа, суюкли магистрим. Мана, мақолалар ҳам ёзяпман, кўргазмаларда ҳам қатнашяпман, медаллар ҳам оляпман… Песоцкийнинг олмалари бошидан ошиб-тошиб ётибди, дейишади, Песоцкий боғдан жарақ-жарақ пул топяпти, дейишади… Бир сўз билан айтганда, бой ва шарафли Кичикбей. Аммо савол туғилади: буларнинг ҳаммаси нима учун? Боғ, ҳақиқатан ажойиб, ибрат бўларлик… Бу боғ эмас, юксак давлат аҳамиятига молик бутун бошли йирик муассаса, чунки бу, таъкидлаш жоизки, рус ишлаб чиқариши ҳамда рус хўжалиги тараққиётидаги янги давр. Аммо, ким учун? Мақсад нима?
– Ишнинг ўзи айтиб турибди.
– Мен бу маънода айтаётганим йўқ. Бир нарсани сўрамоқчиман: мен оламдан ўтгандан кейин боғ нима бўлади? Менсиз ўзинг кўриб турган мана шу боғнинг кўрку чиройи бир ойга етиб бормайди. Муваффақият сири нимада, боғнинг катталиги, хизматчининг кўплигида эмас, гап шундаки, мен ўз касбимни севаман, тушуняпсанми? Севаман, эҳтимол, ҳаётимдан ҳам ортиқ кўрарман. Менга қара: ҳамма ишни ўзим бажараман. Эртадан кечгача тинмайман. Пайванд қиламан, бутайман, кесаман, ҳаммасига – ўзим. Ёрдам беришмоқчи бўлишса, қизғанаман, ғазабланаман, қўрслик қиламан. Ҳамма сир меҳрда, яъни хўжайиннинг ўткир нигоҳида, хўжалик бошлиғининг дастида; қачонки бир соат бўлса ҳам қаёққадир меҳмонга борсам, хотиржам ўтиролмайман, боғим нима бўлдийкин, деб кўнглим алағда юраман. Мен ўлсам, боққа ким қарайди? Ким ишлайди? Боғбонларми? Хизматчиларми? А? Мана шунақа гаплар, хуллас, нима демоқчиман, муҳтарам дўстим: бизнинг ишимиздаги биринчи душман қуён эмас, тиллақўнғиз эмас, аёз эмас – бегона одам.
– Таня-чи? – сўради Коврин кулимсираб. – У қуёнчалик зараркунанда бўлмаса керак. У ишнинг кўзини билади, меҳнатсевар…
– Тўғри, билағон, меҳнатсевар бўлиб улғайди. Агар мендан кейин боғ унга қолса, у бош бўлса, албатта, нур устига аъло нур. Қани, айт-чи, Худо асрасину эрга тегиб кетса-чи? – пичирлади Егор Семёнич Ковринга қўрқа-писа кўз ташлаб. – Мана шундай бўлиши аниқ! Эрга тегади, бола туғади, ўшанда боққа қарашга қўли тегмайди. Мен энг аввало нимадан қўрқаман: қандайдир йигитчага турмушга чиқса, унинг нафси ҳакалак отиб, боғни савдогарларга ижарага берса, бир йилдаёқ ҳаммаси пайҳон бўлади. Бизнинг ишга хотин киши аралашса – Худо ургани бу!
Егор Семёнич хўрсиниб, бироз жимиб қолди.
– Балки, бу худбинликдир, аммо ростини айтаман: Танянинг турмушга беришни истамайман. Қўрқаман! Қаёқдандир бир олифта уйимга келиб, скрипкасини ғийқиллатиб юришидан қўрқаман; биламан, Таня унга тегмайди, жуда яхши биламан, чунки менинг ўша йигитчани кўрарга кўзим йўқ! Умуман, оғайни, шунақа гаплар, мен ҳийла ғалатироқман. Тан оламан.
Егор Семёнич ҳаяжонини яширолмай ўрнидан туриб кетди ва хона бўйлаб одимлай бошлади, афтидан, жиддий гап айтмоқчи-ю, аммо бир қарорга кела олмаётгани кўриниб турарди.
– Сени жуда яхши кўраман, сен билан очиқчасига гаплашиб олмоқчиман, – ўйлаб ўйига етди ниҳоят у қўлини чўнтагига солиб. – Айрим қалтис масалаларга ҳам тўғри ёндашадиган одатим бор, нимани ўйласам, шуни айтаман, кўнгилда кин сақлашга тоқатим йўқ. Очиқ айтаман: мен қўрқмасдан қизимни беришим мумкин бўлган ягона одам фақат сенсан! Ақллисан, кўнглинг тоза, мен бошлаган ишларни барбод бўлишига йўл қўймайсан. Энг асосийси – сени яхши кўраман, худди ўз ўғлимдай… фахрланаман. Агар Таня иккингизни бир-бирингизга кўнглингиз бўлса, унда мен нима ҳам қила олардим? Хурсанд бўламан, ҳатто ўзимни бахтли санайман. Бўяб-бежамасдан, тўғрикўнгил одам сифатида сенга айтишим лозим бўлган очиқ-ошкора гапим шу!
Коврин кулиб юборди. Егор Семёнич ташқарига чиқиш учун эшикни очди-ю бўсағада туриб қолди.
– Агар сен билан Танядан ўғил туғилса, уни зўр боғбон қиламан, – деди у хаёлга чўмиб. – Эҳтимол, барчаси пуч орзудир… Хайрли тун.
Ёлғиз қолгач, Коврин қулайроқ ёнбошлаб олиб, мақолаларни ўқишга тутинди. Бирининг сарлавҳаси шундай: “Оралиқ экинлар ҳақида”, бошқаси: “Ж.Z.нинг янги боғ тагидаги тупроқни курак кенглигида юмшатиш ҳақидаги қайдлари хусусида бир неча оғиз сўз”, учинчиси: “Яна юмуқ кўзларни пайвандлаш ҳақида” – қолгани ҳам шу тахлит. Аммо нақадар зардали, нотекис оҳанглар, нақадар асабий, деярли аччиқ пичинг­лар! Мана, сарлавҳаси энг беозор, мазмунан ола-қуроқ мақола: рус антонов олмалари ҳақида ёзилган. Аммо Егор Семёнич мақолани “audiatur altera pars” сўзлари билан бошлаб, “sapienti sat” билан тугатган, бу икки ибора орасида эса, “Ўзи турган минбар баландлигидан табиатни кузатувчи бизнинг патент олган боғбонларимизнинг беодоб олими” шаънига турфа заҳархандаларнинг бутун бошли фаввораси отилган ёки “Ишқивозлар ва ношудлар томонидан муваффақияти таъминланган” ж. Гоше борасида, яна, шу ернинг ўзида мева ўғирлаётиб дарахт шохини синдирган мужикларни савалаш билан чекланиб қолмаслик ҳақида бемаврид, сохта ва носамимий кесатиқлар ёзилган.
“Мақола чиройли, ёқимли, фойдали, аммо жиззакилик бор, можароли ўринлар кўп, – ўйлади Коврин. – Ҳамма ерда ҳам маслаги бор кишилар асабийлиги, ўта таъсирчанлиги билан ажралиб туради. Балки, шундай бўлиши керакдир”.
У негадир Егор Семёничнинг мақолаларини жон-дилидан севадиган Таняни эслаб қолди. Ўртабўй, рангпар, қотмадан келган, тўғрироғи, эти суякка ёпишган: кўзлари катта-катта, қора, ақлли, ҳамиша атрофига аланглаб туради, нималарнидир қидиради; отаси каби одимлайди – майдақадам, шошқалоқ. Сергап қиз, баҳс-мунозарани хуш кўради, ҳар битта, ҳатто арзимас иборани айтганида, бир йўла юз ифодаси, имо-ишора билан ҳам уқтиради. Бориб турган жиззаки бўлса керак.
Коврин ўқишни давом эттирди, аммо ҳеч балони тушуна олмай, мақолани четга отди. Кўнглида кеча оқшом рақсга тушганда, мусиқа тинг­лаганда босган ёқимли ҳаяжон уйғониб, хаёлидан ажойиб фикрлар ўта бошлади. Ўрнидан туриб, қора роҳиб сиймосини эслашга ҳаракат қилиб хона ичида юра бошлади. Агар ўша ғалати, ғаройиб қора роҳиб биргина унга кўринган бўлса, демак, дардга чалингани аниқ, йўқ нарсани кўриш даражасигача етиб борибди-да. Бу фикридан ўзи ҳам бироз қўрқиб кетди.
“Ахир, мен ўзимни бинойидай ҳис қиляпман, атрофдагиларга зиёним тегмайди; демак, менинг галлюцинацияларим хавфсиз,” деб ўйлади у тинчланиб.
У диванга чўкди, сўнг бошини кафтлари орасига олиб, бутун борлиғини қамраган қандайдир ширин бахтни туйгандек бўлди, кейин яна ишга ўтирди. Аммо китобдаги фикрлар уни қониқтирмасди, қандайдир улкан, ақл бовар қилмас, ҳайратларга чулғагувчи ниманидир истарди. Тонг оқариб қолганда уст-бошини ечиб, истар-истамас кўрпача орасига кирди: ахир, ухлаш керак эди-да!
Боғ томон йўл олган Егор Семёничнинг қадам товушлари эшитилганда Коврин қўнғироқчани чалиб, малайга вино келтиришни буюрди. У бир неча қадаҳ лафит сипқоргач, жойига чўзилиб, бошини кўрпача билан буркаб олди; шундан кейингина онги хиралашиб, ухлаб қолди.

IV

Егор Семёнич билан Таня тез-тез жанжаллашиб қолар, ўшанда бир-бирини аямай дилозор гаплар айтишдан ҳам тойишмасди.
Саҳар-мардонда иккиси қайсидир масалада келишолмай можаро чиқаришди. Таня йиғлаб хонасига кирди-да, қамалиб олди. Кейин на тушликка, на чой ичгани чиқди. Тартиб-интизом, адолат дунёдаги ҳар нарсадан устунлигини исботлаб қўйишни истаган Егор Семёнич аввалига гердайиб, бошини тик тутиб юрди, аммо тез орада шашти пасайиб, боши хам бўлиб, руҳан тушкунликка тушди. У хиёбон бўйлаб ғамгин одимлар экан, нуқул хўрсиниб: “Оҳ, Худойим, Худойим-ей!” дея такрорларди, ҳатто тушликда туз тотмади. Ниҳоят, ўзининг айбдор эканини тан олиб, виждон азобидан қутулиш илинжида ёпиқ эшикни қоқиб, ҳадиксираб чақирди:
– Таня! Таня!
Эшик ортидан кучсиз, йиғлаб-йиғлаб ҳолдан тойган қизнинг кескин оҳангдаги жавоби келди:
– Ўтиниб сўрайман, мени тинч қўйинг.
Бутун хонадон аҳлига, боғдаги хизматчиларга ҳам уй эгалари орасидаги хафагарчилик нуқси урди. Коврин қизиқарли ишларга кўмилиб ётган бўлса ҳам, охир-оқибат атрофидагиларни кўриб, ноқулай аҳволга тушиб қолди. Йигит нимадир қилиб бўлса ҳам бошқаларнинг кайфиятини кўтариш ниятида уларнинг ўртасига тушишни маъқул топди ва оқшомга бориб Танянинг қулфлаб олган эшигини тақиллатди. Қиз уни ичкарига киритди.
– Вой-вой, уят-е! – ҳазиллашиб гап бошлади йигит, йиғлайвериб кўзлари шишиб кетган Танянинг мумсираган юзига боқиб. – Наҳотки, шунчаликка борсангиз? Қўйинг-е!
– Сиз билмайсиз-да, мени қанчалик азоблашини! – деди қиз катта-катта кўзларидан қайноқ кўз ёшини дув-дув оқизиб. – У мени қийнаб юборди! – давом этди қиз куюниб. – Мен унга ҳечам ёмон гап айтганим йўқ… ҳеч нарса… Фақат, ортиқча ишчиларни… тутиб туришга зарурат… йўқ дедим холос… агар… агар керак бўлса, кунбай ишчи ёллаймиз, дедим. Ахир… ахир ишчилар бир ҳафтадан бери бекорчи, ҳеч бало қилгани йўқ… Мен… шуни айтдим, холос, у бўлса, ўшқириб берди, хафа қилди, ҳақорат қилди. Нега?
– Бас энди, етар, – деди Коврин қизнинг соч турмагини тўғрилаб. – Тергашиб, йиғлашиб олганимиз етарли, бас. Аразлаб юриш ярамайди, яхшимас… ахир, отангиз сизни жуда яхши кўрадилар-ку!
– У мени… менинг бутун ҳаётимни заҳарлади, – давом этди Таня ҳиқиллаб. – Эшитганим фақат таҳқиромуз гаплар… дилсиёҳлик. Ўзининг уйида мени ортиқча деб ҳисоблайди. Нимага? У ҳақ. Мен эртага бу ердан кетаман, телеграфисткаликка кираман… Майли…
– Қани, қани… Йиғламанг, Таня. Кераги йўқ, азизам… Иккингиз ҳам қизиққон, жаҳлдорсиз, иккингизда ҳам айб бор. Юринг, ўзим сизларни яраштириб қўяман.
Коврин мулойим, аммо ишонч билан гапирди, қиз эса, елкалари силкиниб, муштумини тугиб йиғлайверди, гўё чинданам даҳшатли бахтсизликка дучор бўлгандек эди. Арзимаган гап учун шунчалик чуқур қайғуга ботган қизга ачиниб кетди. Ахир, бу ҳилқатни кун бўйи, ҳатто бир умр бахтсиз қилиши мумкин бўлган чўпчаклар тўлиб-тошиб ётибди бу дунёда!
Таняни юпатгач, Коврин хаёлга толди: бу ёруғ оламда мана шу қиз билан отасидан бошқа уни ўзиникидай, туғишганидан ортиқ кўрадиган, севадиган одам зотини кундузи чироқ ёқиб тополмаса керак; агарда шу икки инсон бўлмаганда, эҳтимол, ота-онасидан эрта ажралиб меҳрга зор ўтган болалигидан то умрининг охиригача энг яқин кишилар, қариндош-уруғлар орасидагина бўладиган чинакам меҳр, оддий, беминнат муҳаббат нелигини билмай ўтиб кетармиди. Ўзининг хастаҳол, бузилган асабига оҳанрабо темирни тортган каби мана шу йиғлаётган ҳуркак қизнинг феълигина мос келишини билади. У ҳеч қачон дуркун, бақувват, икки юзи қип-қизил соғлом қизларга кўнгил қўймаган бўларди, унга рангпар, нимжон, бахтсиз Таня ёқарди.
У қизнинг сочлари, елкаларини меҳр билан силади, қўлини сиқиб, кўз ёшини артиб қўйди… Ниҳоят, қиз йиғидан тўхтади. Яна анчагача ота­сидан, бу уйдаги чидаб бўлмас турмуш тарзидан арзини давом эттирди, Ковринни ўзининг ўрнига қўйиб кўришини айтиб ёлворди; кейин оз-оздан ҳиқиллаб, жилмая бошлади, ундан кейин Худо ўзига тентакона феъл-атвор берганидан ёзғириб, ниҳоят, бирдан хушчақчақ кулгиси жаранглади-да, хонадан чопиб чиқиб кетди.
Орадан бироз ўтиб, Коврин боққа чиққан пайти Егор Семёнич билан Таня орада ҳеч гап ўтмагандай хиёбон бўйлаб сайр қилишар экан, жавдар нонга туз сепиб паққос туширишарди, чунки иккаласи ҳам кун бўйи туз тотмаган эди-да.

V

Ота билан қизни яраштирувчи вазифасини қойиллатиб уддасидан чиққанидан мамнун бўлган Коврин томошабоғ тарафга кетди. Эндигина скамейкага ўтириб, ўйга чўмгандики, узоқдан фойтуннинг тарақ-туруғи ва қизлар кулгиси эшитилди – бу уйга меҳмонлар келганидан дарак берарди. Оқшомда соялари ерга чўзилган боғ узра скрипка садоси таралиб, қўшиқ янграгандай бўлди, буларнинг барчаси бир бўлиб, унинг хотираси пучмоқларига яширинган қора роҳибни уйғотиб юборди. Қаерда, қайси мамлакатда ёки қай бир сайёрада экан ҳозир бу мўъжиза?
У афсонани аранг эслаб, хаёлида жавдарзорда кўрган ўша қора шарпа сиймосини тиклади, шу пайт рўпарасида, худди қарағай танасидан ажраб чиққандай, ҳеч бир сас-садосиз бошяланг, ўрта бўй, қора ридо кийган дарвишнамо одам пайдо бўлди, унинг рангсиз, мурданикига ўхшаш юзида қоп-қора қоши бўртиб турарди.
Бошини дўстона ирғаган гадо ёинки дарвишсифат одам скамейкага сассиз бориб ўтирди, шундагина Коврин ўзининг ёнига қора роҳиб келганини англаб етди. Икковлон оний лаҳза бир-бирига тикилиб қолишди – Коврин ҳайратда, роҳиб эса мулойим, аввалгидек, озгина қувлиги бор, кўнглидан ўтди йигитнинг.
– Ахир, сен саробсан-ку, – минғирлади Коврин. – Нима учун бу ерда, бир жойда ўтирибсан? Бу афсонага ўхшамайди.
– Ҳаммаси бир, – жавоб берди роҳиб шошилмай, унга юзини буриб паст овозда. – афсона, сароб ва мен – барчаси тасаввурингда уйғонди. Мен – шарпаман.
– Демак, сен аслида йўқсан, тўғрими? – сўради Коврин.
– Қандай истасанг, шундай ўйлайвер, – деди роҳиб мулойим жилма­йиб. – Мен хаёлингда яшайман, тасаввуринг ҳам оламнинг бир зарраси, демак, мен борман.
– Юз-кўзингдан жуда кекса, донишманд ва жонлидай кўринасан, ёшинг мингдан ўтган бўлса керак, – деди Коврин. – Тасаввурим шу қадар фавқулодда ҳодисани яратади деб ўйламагандим. Аммо, нега бунча ажаб­ланиб қараяпсан? Сенга ёқаманми?
– Ҳа. Сен адолатан назаркарда дея шарафланган камдан-кам одамлардан бирисан. Сен мангу ҳақиқатга хизмат қилгайсан: фикринг, мақсадинг, ҳайратомуз билиминг – бутун умрингга самовий муҳр босилган; назаркардаларнинг барчаси ақл ва гўзалликка, яъни мангуликка дахлдор.
– Сен, мангу ҳақиқат, дедингми… Аммо, одамзодга мангу ҳақиқат керакми, ахир, мангу ҳаётнинг ўзи бўлмаса?!
– Мангу ҳаёт бор, – деди роҳиб.
– Сен одам зотининг боқийлигига ишонасанми?
– Ҳа, албатта. Сиз, одам зотини буюк, порлоқ келажак кутмоқда. Ер юзида сен кабилар қанчалик кўп бўлса, келажак шунчалик тез рўёбга чиқади. Сизсиз, олий ибтидо хизматчиларисиз, онгли ва озод кишиларсиз инсоният нотавон бўлиб қолур эди; у табиий тамаддун орқали ўзининг ер юзидаги тарихининг интиҳосини жуда узоқ кутишига тўғри келарди. Сизлар бир неча минг йил олдин абадий ҳақиқат мулкига етказиб боргайсиз – сизнинг юксак аъмолингиз мана шу. Сиз Худонинг марҳаматига сазовор бўлгайсиз, бу оддий одамларга насиб этмагай.
– Мангу ҳаётнинг моҳияти нимада? – сўради Коврин.
– Бошқа ҳаётлар сингари – ҳузур-ҳаловатда! Чинакам ҳаловат илмда, мангу ҳаёт эса билиш учун сон-саноқсиз, битмас-туганмас илму фан булоқларини ато этади, айнан шу маънода: Отамнинг уйи бори моҳият манзили, дейилган.
– Сенинг суҳбатинг қанчалар ёқимли эканини ўзинг билмайсан-да! – деди Коврин, мамнун эканидан қўлларини ишқалаб.
– Ғоят мамнунман.
– Аммо биласанми, кетганингдан кейин сени бор-йўқлигинг ҳақидаги саволлар қийнайверади мени. Сен шарпасан – хаёлот ҳосиласи. Демак, мен руҳан хастаман, ақлдан озган дейишармиди?
– Ҳеч бўлмаганда, шундай. Нега ажабланасан? Сен хастасан, чунки ҳаддан ортиқ ишлаб чарчадинг, яъни, соғлигингни ғояга қурбон қилдинг, ҳаётингни фидо этадиган кунларга ҳам оз қолди. Нима, яхши эмасми? Бу – ўша, дунёдаги улуғ зотлар интилган мақсад.
– Руҳий хасталигимни била туриб ҳам ўзимга ишонсам бўлаверадими?
– Хабаринг борми, бу дунёда шараф топган даҳоларнинг кўпи шарпани кўргандир? Олимлар айтишади-ку, даҳолик телбаликка монанд, деб. Дўстгинам, ўртамиёна одамлар – оломон соғлом бўлади. Асабий асарни идрок этиш, қаттиқ толиқиш, насл бузилиши каби фикр-мулоҳазалар ҳаётдаги мақсадини аниқ билмаганларни ёки оломоннигина жиддий ҳаяжонга солиши мумкин.
– Римликлар айтган экан: mens sana in corpore sano.
– Римликлар ёки юнонлар айтган гапларнинг ҳаммаси ҳам тўғри эмас. Кўтаринки кайфият, ҳаяжонланиш, жазава – буларнинг барчаси пайғамбарлар, шоирлар, ғоя қурбонларини омилардан, одамзотнинг ёқимсиз ҳайвоний одатларидан, яъни жисмонан соғломлардан ажратиб туради. Такрор айтаман: соғмисан, эс-ҳушинг жойидами – подага қўшилиб чопавер.
– Ажабо, сен хаёлимга тез-тез келиб турадиган фикрларни такрорлаяпсан, – деди Коврин. – Худди кўнглимдагини билиб турганга ўхшайсан. Аммо, кел, яхшиси, мен ҳақимда гаплашмайлик. Мангу ҳақиқат деганда нимани тушунасан?
Роҳиб жавоб бермади. Коврин унга тикилган эди, танимай қолди: юзи хиралашиб, ҳавога сочилиб кетди. Кейин роҳибнинг боши, қўллари ғойиб бўла бошлади; жисми ўтирғич ва шомнинг хира пардасига аралашиб, ниҳоят, тамомила кўздан йўқолди.
– Галлюцинация тугади! – деди Коврин жилмайиб. – Эссиз…
У уйга қувноқ, кўтаринки кайфиятда қайтди. Қора роҳиб айтган гап­лар унинг қалбида, бутун борлиғида худбинлик эмас, балки оз бўлса-да, ёқимли туйғулар уйғотган эди. Назаркардалик, мангу ҳақиқатга хизмат қилиш, одамларни Худо даргоҳига бир неча минг йил аввал етказувчилар қаторидан жой олиш, яъни одамларни бир неча минг йиллик бенаф урушлар, гуноҳ, азоблардан халос этиш; ёшлигини, куч-қувватини, соғлигини, борлиғини ғояга қурбон қилиш – умум бахт-саодати йўлида ўлимнинг юзига тик қараш – қанчалар юксак, қанчалар иқбол! Унинг хотирасида покиза, ҳалол меҳнат билан ўтган кечмиши жонланди, нима мақсадда илм ўргангани ҳам, бошқаларга нима учун таълим берганини ҳам бир-бир хаёлдан ўтказди ва ниҳоят, роҳибнинг сўзларида муболаға йўқ, деган хулосага келди.
Томошабоққа етганда қаршисидан Таня чиқиб қолди. Энди эгнига бошқа кўйлагини кийиб олибди.
– Шу ердамидингиз? – сўради қиз. – Биз бўлсак, сизни қидиряпмиз, қидиряпмиз… Сизга нима бўлди? – ажабланди йигитнинг ҳайратланган, барқ урган юзига, жиққа ёш тўла кўзларига боқиб. – Андрюша, ғалати кўриниб кетяпсиз!
– Мен мамнунман, Таня, – деди Коврин қизнинг қўлларини елкасига қўйиб. – Мен бениҳоя шодман, бахтиёрман! Таня, азизам Таня, сиз фавқулодда ёқимли ҳилқатсиз. Азизам Таня, шунчалар мамнунманки, шунчалар мамнун!
У жўшиб, қизнинг қўлини ўпиб, давом этди:
– Мен ҳозиргина нурли, самовий, мўъжизали лаҳзаларни бошдан кечирдим. Аммо ҳаммасини айтиб беролмайман, чунки мени ақлдан озибди деб ўйлайсиз ёки гапимга ишонмайсиз. Келинг, яхшиси, сиз ҳақингизда гаплашайлик. Азизам, латофатли Таня! Сизни севаман, севишга кўникиб ҳам қолдим. Бизнинг яқинлигимиз, кунига ўн марталаб учрашувимиз қалбим эҳтиёжига айланиб бўлди. Билмадим, уйимга қайтгандан кейин сизсиз ҳолим не кечар экан.
– Қани, ҳали кўрамиз! – кулди Таня. – Икки кундаёқ ҳаммасини унутиб юборарсиз. Биз кичкина одамлармиз, сиз буюксиз.
– Йўқ, келинг, жиддийроқ гаплашиб олайлик! – деди йигит. – Сизни ўзим билан олиб кетаман, Таня. Хўпми? Мен билан кетасизми? Меники бўлишни истайсизми?
– Қани, кўрамиз! – деди Таня яна кулмоқчи бўлиб, аммо кулолмади, юзида қизил доғлар пайдо бўлди.
Қиз тез-тез нафас оларкан шошиб нарига кетди, уй томонга эмас, бошқа ёққа, томошабоққа.
– Мен бундай бўлади деб ўйламагандим… ўйламагандим! – дерди у умидсизликка тушиб қолгандай қўлини сиқиб.
Коврин эса қизнинг ортидан ўша-ўша, юзлари ҳайратомуз барқ урган алпозда тинмай сўзлаб борарди:
– Мен муҳаббат истайман, бутун борлиғимни ёндиргувчи муҳаббатни, буни менга фақат Таня, сиз ҳадя эта оласиз. Мен бахтлиман! Бахтиёрман!
Таня ақлдан озгандай қадди камон каби эгилди, гўё бирданига ўн ёшга қариб кетгандек кўринди, йигит эса, қизнинг фақат гўзаллигини кўриб, қалб ҳайратларини баралла айтарди:
– Сиз нақадар соҳибжамолсиз!

VI

Ковриндан, нафақат бир-бирига кўнгил қўйгани, ҳатто никоҳ тўйини тезроқ ўтказиш ҳақидаги хушхабарни эшитган Егор Семёнич ҳаяжонини босиш учун у бурчакдан бу бурчакка узоқ юрди. Қўллари титраб, бўйни шишиб, юзи қизариб усти очиқ енгил аравани тайёрлашни буюрди-да, қаёққадир шитоб билан жўнаб кетди. Таня, отларга қамчи босиши, фуражкасини деярли қулоғигача бостириб кийиб олганини кўриб, отасининг кўтаринки руҳини ҳис этди ва хонасига кириб, ичкаридан қулфлаб олганча кун бўйи юм-юм йиғлади.
Оранжереялардаги шафтоли-ю олхўрилар етилди; бу нозик ва ажо­йиб маҳсулотни қутиларга жойлаб, Москвага жўнатиш кўп эътибор, машаққат ва овворагарчиликларни тақозо этади. Ёз иссиқ, қуруқ келгани сабабли ҳар бир ниҳол ўз пайтида суғорилди, бунга эса жуда кўп ишчи кучи, вақт кетди, Ковриннинг нафратини қўзғатган капалак қуртини хизматчилар, ҳатто, Егор Семёнич-у Таня ҳам қўлда бўлса ҳам эзғилаб тугатишди. Мана шундай юмушлар орасида кўчат ва мева етказиб бериш бўйича кузга буюртмаларни қабул қилиш, талай ёзишмалар олиб бориш зарур бўлди. Иш айни авжига чиққанда, ҳамманинг қўли-қўлига тегмай қолган бир пайтда боғда ишлаётганларнинг тенг ярмини сафарбар этиш лозим бўлган, сира кечиктирилмас дала ишлари кучайгандан-кучайиб кетди; офтобда қорайиб, куйиб-пишган асабий Егор Семёнич гоҳ боққа, гоҳ далага от чоптирар, хуноб бўлиб, ўзини бўлаклаб ташлашни ёки шарт пешонасидан отиб, ҳаммасидан қутулиб қўя қолишини айтиб ёзғирарди.
Устига устак, Песоцкийлар ҳазилакам эътибор қилмайдиган сеп-сидирға даҳмазаси; қайчининг шиқирлаши, тикув машинасининг шақиллаши, дазмол иси ва жаҳлдор, дарров аразлаб қоладиган тикувчи хонимнинг инжиқлигидан уйдагиларнинг боши айланиб кетарди. Худди атай қилгандай, ҳар куни меҳмон босиб келарди, уларга мулозамат кўрсатиш, зиёфат уюштириш керак, ҳатто, улар баъзида тунаб қолишарди. Аммо бу ташвишларнинг барчаси тумандагидай сезилмай кечарди. Негадир Коврин айнан ўзига уйланишига ўн тўрт ёшидаёқ ишонч ҳосил қилган бўлса-да, Таня кутилмаганда босиб келган муҳаббат ва бахтдан ҳаяжонга тушмай қолмади. Қиз ўйлаб ўйига етолмас, ҳайрону лол, не қиларини билмас, ўз кўзларига ишонмасди… Гоҳо бахт шунчалар оғушига олардики, булутлардан баланд учгиси, ўша юксакларга чиқиб тангрига илтижо қилгиси келарди, аммо бирданига августга бориб, туғилган уйи билан видолашиб, отасини ёлғиз ташлаб кетишини ўйласа ёки Худо билади, негадир ўзининг нотавон экани, Ковриндай улуғ одамга арзимас, муносиб эмаслиги ҳақидаги хаёлга ботса – дарров хонасига кириб, ичидан зулфинни тушириб, анча вақтгача аччиқ кўз ёш тўкарди.
Меҳмонлар кўпайганда, қизнинг кўзига Коврин чиройли кўриниб кетар, ҳамма аёллар унинг ёрига маҳлиё боқаётгандай, ўзига эса ҳасад билан қараётгандай туюларди, шунда барча кибор хонимлар устидан ғолиб бўлгандек қалби ғурур, ҳайратларга тўлиб-тошар, аммо йигит бирор қизга жилмайиб боқса, рашк ўтида жизғанаги чиқиб, хонасига чопарди – яна кўз ёши. Ман шундай янги ҳис-туйғулар тўфони уни тамомила ҳолдан тойдирди, отасига бир нави мададкор бўлди-ю, аммо шафтоли, капалак қурти, хизматчилар ташвиши – ҳеч бирига тузукроқ эътибор қаратолмай, вақт қанчалар тез ўтиб кетганини сезмай қолди.
Егор Семёнич ҳам деярли шу аҳволда эди. У эртадан кечгача ишлар, доимо қайгадир шошар, баъзан нима қилаётганини ўзи ҳам билмас, жаҳлини босолмас – буларнинг барча-барчаси қандайдир сеҳрли муд­рашга ўхшарди. Унинг жисмига гўё иккита одам кириб олгандек: бири асл Егор Семёнич – боғбон Иван Карличнинг бетартибликлар ҳақидаги ҳисоботини эшитиб ғазабланувчи, мушкул аҳволга тушиб қолгандай бошини чангалловчи, яна бир бошқаси, аслидан ўзга, ишнинг бориши ҳақидаги гапни ярмида кесиб, боғбоннинг елкасига туртиб қўйиб, валақловчи:
– Нима десанг де, аммо наслда гап кўп. Унинг раҳматли онаси ажо­йиб, марҳаматли, ақлли аёл эди. Фариштадай тиниқ, меҳрли, покиза юзига боқишнинг ўзи бир роҳат бўлган. Чиройли сурат чизарди, шеър ёзарди, бешта чет тилини биларди, қўшиқ айтарди… Бечора, жойи жаннатда бўлсин, сил бўлиб ўлиб кетди.
Аслига ўхшамаган Егор Семёнич хўрсиниб қўйиб, бир дам сукут сақлагач, гапини давом эттирди:
– Кичкиналигида, меникида юрган даврида унинг юзи ҳам фариштадай тиниқ, ёқимтой эди. Қараши ҳам, юриш-туришию, гап-сўзи ҳам мулойим ва бежирим, худди онасига ўхшарди. Ақли-чи? У ақли билан доимо бизни ҳайратга солган. Ҳа, айтмоқчи, ҳозир магистр! Ўз-ўзидан бўлмайди бу! Қараб тур, Иван Карлич, ўн йилдан кейин у ким бўлади! Қўл узатсанг, етмайди!
Аммо ҳақиқий Егор Семёнич бирдан нималар деб валақлаётганини фаҳмлаб қолиб, юзи ваҳимали тус олиб, бошини чангаллаб қичқирарди:
– Шайтонлар! Расво қилишибди, булғаб ташлашибди, совуқ урдиришибди! Боғ барбод бўлди, боғ пайҳон бўлди!
Коврин эса аввалгидек қунт билан ишларкан, бўлаётган тўс-тўполонларни кўпда пайқамади. Муҳаббат юракдаги оловга мой сепиб, баттар гуриллатди, холос. Таня билан навбатдаги висолдан бахтиёр, ҳайратларга чулғаниб қайтар, яна худди ўша эҳтирос билан, ҳозиргина Танядан бўса олгандаги, дил изҳор қилгандаги иштиёқ билан китоб ёки қўлёзмасини ўқишга киришарди. Қора роҳибнинг назаркардалар, мангу ҳақиқат, инсониятнинг порлоқ келажаги ва ҳоказолар ҳақидаги гаплари қилаётган тадқиқотида ўзгача, ғаройиб аҳамият касб этар, қалбини ғурурга тўлдириб, ўзининг етуклигини теран ҳис этарди. Ҳафтада бир-икки марта томошабоғда ёки уйда қора роҳиб билан учрашиб турар, у билан узоқ суҳбатлашар, аммо бундан қўрқмас, аксинча, қалби завқ-шавққа тўлиб, шарпа фақат танланган, борлиғини ғояга бағишлаган фидойи инсонларга аён бўлишига ишончи ортиб бораверарди.
Бир куни роҳиб чошгоҳда пайдо бўлди-да, аста келиб ошхона деразасининг токчасига ўтирди. Бундан мамнун бўлган Коврин роҳибни қизиқтирган мавзуга тўхталиб, Егор Семёнич билан Таняга зукколарча ўз фикр-мулоҳазаларини билдирар экан, қора меҳмон ажойиб суҳбатни тинглаб, бош ирғаб маъқуллаб қўярди. Егор Семёнич ва Таня жилмайишарди, аммо Коврин шарпа кўнглига қараб сўзлаётганини ота билан қиз хаёлларига ҳам келтиришмасди.
Хаш-паш дегунча Успенский ҳайити келиб қолди, орқасидан тўй куни ҳам; тантана Егор Семёнич орзу-ҳавас қилгандек “қасира-қусур билан”, яъни икки кеча-ю икки кундуз чўзилган телва-тескари сайрлари билан бўлиб ўтди. Тўйгунча еб-ичишди, аммо уқувсиз ёлланма машшоқлар нағмаси, бақириб, валдираб айтилган қадаҳ сўзлари, малайларнинг чоп-чопи – ола-ғовур тўполонда оломон Москвадан олиб келинган қимматбаҳо винолар, тансиқ таомлар таъмини билишмади, эътибор ҳам беришмади.

VII

Қишнинг узун кечаларидан бирида Коврин ўрнида ёнбошлаб олиб алланечук француз романини ўқирди. Шаҳар шовқинига мослаша олмай, туни бўйи бош оғриқдан қийналиб чиқадиган бечора Таня аллақачон уйқуга ётган, гоҳида узуқ-юлуқ алаҳсирараб қўярди.
Соат тунги учга занг урганда Коврин шамни ўчириб, ўринга чўзилди; узоқ кўзини юмиб ётди, аммо Танянинг безовталаниши, устига-устак ётоқхона димлигидан уйқуси қочди. Соат тўрт яримга борганда яна туриб шам ёққан эди, кутилмаганда қаршисидаги креслода ястаниб ўтирган қора роҳибга кўзи тушди.
– Салом, – деди роҳиб, кейин бироз сукут сақлагач, сўради: – Энди нималарни ўйлаяпсан?
– Шон-шуҳрат ҳақида, – жавоб берди Коврин. – Ҳозиргина ўқидим, мана бу француз романида ёзилишича, ёш олим аҳмоқлик қилиб, шон-шуҳрат орзусида соғлигидан ажралди. Мен ўша шуҳрат касаллигини ҳис этмайман.
– Чунки сен ақллисан-да! Мақтовларга бефарқсан, улар худди болаликда ўйнаган ўйинчоғингга ўхшайди, бу сени ҳеч қачон қизиқтирмаган.
– Ҳа, гапинг тўғри.
– Машҳурлик сенга кулиб боқмайди. Бунинг ёқимли томони, ёки ажо­йиблиги ва ёки ибрати шундаки, кун келиб исмингни қабр тошига ўйиб ёзадилар, кейин вақт бу ёзувни зарҳали билан қўшиб ўчириб ташласинми? Ҳа, инсоният номингизни хотирасида сақлаб қолиши учун, бахтимизга, сиз кабилар кўплик қилади.
– Тушунарли, – дея рози бўлди Коврин. – Хўп, хотирлаш нега керак? Кел, яхшиси, бошқа мавзуда гаплашайлик. Масалан, бахт ҳақида. Бахт нима ўзи?
У соат миллари бешни кўрсатганда кароватда бемалол ўтириб олиб, оёғини гиламга осилтирганча роҳибга қараб сўз қотарди:
– Қадим замонда бир бахтли киши бўлган экан, хуллас, у ўзининг иқболидан қўрқиб кетибди – у жудаям улкан экан-да! Шунда маъбудлардан раҳм-шафқат қилишларини сўраб севимли узугини қурбонлик қилибди. Биласанми? Поликрат сингари мени ҳам бахтиёрлигим бироз безовта қиляпти. Менга ғалати туюлади, нега энди, эртадан кечгача фақат бахтлиман, бахт бутун вужудимни чулғаб олиб, бошқа ҳис-туйғуларимга йўл бермаяпти. Мен ғам-ташвиш ёки зерикиш нималигини билмайман. Мана, уйқусизлик дардим бор, кечаси ухламайман, аммо зерикмайман. Жиддий айтяпман: ўзимга ўзим ҳайрон қолиб боряпман.
– Нега, ахир? – ажабланди роҳиб. – Наҳотки, бахт ғайритабиий туйғу бўлса? Бахтиёрлик одамнинг табиий ҳолати бўлиши керак эмасми? Одамзод ақлий-ахлоқий жиҳатдан тараққий этиб борган сари янада эркинроқ яшаб, ҳаёти ҳузур-ҳаловатга тўлиб бораверади. Суқрот, Диоген, Марк Аврелийлар ғам-ташвишни эмас, бахтни ҳис этишган. Ва ҳаворий айтар: доимо шодланинг. Шодлансанг-чи, ахир, бахтли бўл.
– Маъбудларнинг қаҳри келса-чи? – ҳазиллашди Коврин кулиб. – Агар улар мени бор-будимдан маҳрум этишса, совуқда оч қолдиришса, кўнглим вайрон бўлади.
Шу пайт уйғониб кетган Таня аввало ажабланди, сўнгра даҳшатга тушиб эрига тикилиб қолди. Эри креслога қараб гапирар, имо-ишора қилар, жилмаярди: кўзлари ёниб, кулишида қандайдир ғайри оҳанглар тажассум топган эди.
– Андрюша, ким билан гаплашяпсан? – сўради Таня, унинг роҳиб томонга чўзган қўлини ушлаб. – Андрюша! Ким билан?
– А? Ким билан? – эсанкираб қолди Коврин. – Ана, у билан… Ана, ўтирибди, – деди у қора роҳиб томонга ишора қилиб.
– Бу ерда ҳеч ким йўқ-ку… ҳеч ким! Андрюша, сен касалсан!
Таня худди шарпадан ҳимоя қилмоқчи бўлгандай эрини қучоқлаб, бағрига босди, қўллари билан унинг кўзларини ёпди.
– Сен касалсан! – ҳўнграб юборди аёл вужуди титраб. – Кечир мени, азизим, дўстим, аммо кўпдан буён сезиб юрибман, кўнглинг безовта… Сен руҳан хастасан, Андрюша…
Хотинининг титроғи Ковринга ҳам кўчди. У креслога яна қаради, энди жой бўм-бўшлигини кўриб, оёқ-қўли бўшашиб кетганини ҳис қилди, қўрққанидан апил-тапил кийина бошлади.
– Ҳечқиси йўқ, Таня, ҳечқиси йўқ… – ғўлдиради у титраб. – Аслида, бироз тобим қочиб турибди… очиғини тан оладиган пайт келди.
– Кўпдан буён сезиб юрибман… отам ҳам пайқабди, – деди у ҳўнграб юбормаслик учун ўзини тутиб. – Ўзинг билан ўзинг гаплашасан, қандайдир ғалати куласан… ухламайсан. О, Худойим, Худойим, ўзинг асра! – деди у даҳшатга тушиб. – Аммо, қўрқма Андрюша, қўрқма, худо ҳаққи, қўрқма…
Таня ҳам кийина бошлади. Фақат эндигина, хотинига қараб туриб, Коврин мушкул аҳволга тушиб қолганини англаб етди, қора роҳиб нималигини, у билан бўлган суҳбатлар хаёлий эканини тушунди. Ақлдан озгани кундай равшан бўлди.
Иккиси ҳам нима қиларини билмай, кийинишиб катта хонага чиқишди: хотин олдин, эр кейин. У ерда йиғи овозидан уйғониб, эгнига халат ташлаб, қўлида шам тутган Егор Семёнич серрайиб турарди. У меҳмонга келган эди.
– Сен қўрқма, Андрюша, – деди Таня титраб, безгак тутгандай, – қўрқма… ота, бу ўтиб кетади… ҳаммаси ўтиб кетади…
Коврин ҳаяжон титроғидан тили калимага келмас эди. У қайнотасига ҳазил оҳангида:
– Табрик этинг мени, афтидан, ақлдан озганга ўхшайман, – демоқчи бўлди, аммо фақат лабини қимирлаб, ғалати жилмая олди, холос.
Эрталаб соат тўққизда унга пальто-пўстин кийдиришиб, шолрўмолга ўраб-чирмашиб файтонда касалхонага олиб келишди. У даволанадиган бўлди.

VIII

Яна ёз етиб келди, яна шифокор уни қишлоққа боришини маслаҳат берди. Коврин энди даволанган, қора роҳиб ҳам кўздан йўқолган, фақат озроқ куч йиғиб олиши керак, холос. Қишлоқда, қайнотасининг уйида яшаб, роса сутга тўйди, бир кеча-кундузда фақат икки соат ишлади, вино ичмади, чекмади.
Ильин куни арафасида кечқурун уйда ибодат маросими бўлди. Чаққон ёрдамчиси руҳонийга исириқдонни узатаётган пайти эски, ўша ҳайхотдай залдан мозор ҳиди анқигандай бўлди, Коврин диққинафасликка чидай олмай боққа чиқди. Муҳташам гулларга эътиборсиз боғ айланди, бироз скамейкада ўтирди, кейин томошабоғ оралаб кетди; дарёнинг бўйига етиб бориб, пастликка тушди, ўша ерда сувга тикилганча узоқ хаёлга толди. Ўтган йили ёш, фараҳбахш ва тетик кўринган илдизи бароқ улкан қайрағочлар энди шивирламас, худди уни танимагандай, қилт этмай, соқовдай туришарди. Аслида ўзи ҳам тақирбош, узун чиройли сочлари йўқ, қадам олиши ҳам суст, юзи ўтган йилгига қараганда тўлишиб, бироз оқарган. Оқим бўйлаб юриб нариги қирғоққа ўтди. Ўтган йилги жавдарзор ўрнига эгат тортиб, сули экишибди. Қуёш аллақачон ботган, уфқда эртага шамол бўлишидан дарак берувчи поёнсиз қизғиш шафақ ловулларди. Атроф жимжит. Ўтган йили қора роҳиб илк бор кўринган тарафга тикилган Коврин йигирма дақиқача, оқшом шафағи хиралашгунча тек туриб қолди…
У ланж, дили хуфтон бўлиб уйга қайтганда ибодат маросими тугаб бўлган эди. Егор Семёнич ва Таня айвондаги зинада ўтириб чойхўрлик қилишарди. Улар муҳим бир масалада қизғин гаплашаётган эди, аммо Коврин кўрингач, бирдан жимиб қолишди, у эса, ота билан қизнинг юз ифодасига қараб, гап ўзи ҳақида бораётганини фаҳмлади.
– Сут ичадиган вақтинг бўлди шекилли, – деди Таня эрига.
– Йўқ, бўлмади… – жавоб берди у энг пастки зинага ўтириб олгач. – Ўзинг ичавер. Мен ичмайман.
Таня отаси билан ташвишли кўз уриштириб олгач, ёлвориш оҳангида деди:
– Ўзинг айтдинг-ку, ахир, сут фойдали экан деб.
– Ҳа, жуда фойдали! – заҳархандалик билан деди Коврин. – Сизни табриклайман: жумадан кейин вазнимга яна бир фунт қўшилди. – У қўллари билан бошини маҳкам сиқиб, аламли минғирлади: – Нега, нега сиз мени даволадингиз? Бромли малҳамлар, бекорчилик, илиқ ванналар, ҳар қадам босилганда, ҳар қултум ютилгандаги хавотир, назорат, қўрқув – буларнинг бари, охир-оқибатда мени овсарга айлантириб қўйди. Тўғри, ақлдан оздим, буюклик васвасасига тушдим, аммо қувноқ, тетик, ҳатто бахтли эдим, бошқаларга ўхшамаган, ажойиб эдим-ку! Энди эса, оғир-босиқ, мулоҳазали бўлиб қолдим, аммо эл қатори, кўпнинг бирига айландим: мен – ўртамиёнаман, яшаш жонга тегди… О, сиз менга нақадар шафқатсизлик қилдингиз! Мен галлюцинацияларни кўрардим, аммо бу кимга халал берарди? Сиздан сўраяпман: кимга халал берарди?
– Тавба, нималар деяпсан! – хўрсинди Егор Семёнич. – Ҳатто, одамнинг эшитгиси келмайди.
– Сиз эса, эшитманг.
Бошқалар борлиги, айниқса, Егор Семёничнинг шу ердалиги Ковриннинг янада ғазабини қўзғади, у қайнотасининг саволларига қуруқ, совуққон, ҳатто қўрслик билан жавоб берар, унинг юзига қарамас, масхара қилар, хуллас, ёмон кўрарди. Егор Семёнич эса, энсаси қотиб, хижолат бўлиб томоқ қириб, ўзини заррача айбдор санамасди. Яқин кишилари орасидаги муносабатлар нима сабабдан бунчалик ўзгариб кетганини англаб етолмаган Таня отасига ачиниб, унинг кўзларига мунгли боқарди; бечора аёл эрини тушунишни истар, аммо ақли бовар қилмасди, фақат шуни яхши билардики, кундан-кунга орадаги муносабатлар совуқлашиб боряпти, кейинги пайтларда отаси бирдан қариб қолгандай, эри эса ғазабнок, инжиқ, тирноқ орасидан кир қидирадиган, юзи ҳам хунуклашиб борарди. Таня ўйин-кулгини унутди, қўшиқ куйламай қўйди, бугун тушликда томоғидан қил ҳам ўтмади, қандайдир даҳшатли воқеа юз беришидан ҳадиксираб, кечалари ухламай чиқади, шунчалар ғам-ташвишга ботдики, бир куни чошгоҳдан шомгача ўзини билмай беҳуш ётди. Бугун ибодат маросимида отасининг кўзларида ёш милтираганини сезиб қолди, ҳозир эса, учаласи айвонда ўтиришганда ўтган бу воқеаларни эсламасликка тиришар эди.
– Будда, Муҳаммад ёки Шекспир қанчалар омадли бўлишган; уларни жазава тутганда, завқ-шавққа тушганда марҳаматли қариндош-уруғлари, табиблари малҳам излашмаган! – деди Коврин. – Агарда пайғамбар асабийликка қарши бромли калий қабул қилиб, бир кунда икки соат ишлаб, сут ичганда, бу буюк инсон ўзидан кейин жуда кам нарса қолдирган бўларди. Табиблар-у марҳаматли қариндошлар шунчалик меҳрибонки, охир-оқибат, инсониятнинг мияси айниб, ўртамиёналик ҳам даҳоликка айланиб, тараққиёт барбод бўлади. Агар билсангиз эди, – деди Коврин алам билан, – сиздан қанчалар миннатдорлигимни!
У ўзининг қуюшқондан чиқиб кетганини сезиб қолди, яна ортиқча гап айтиб қўймаслик учун ўрнидан турди-да, хонасига жўнаворди. Атроф жимжит, боғ томонга очилган деразадан тамаки ва ялапа ҳиди уфурарди. Каттакон қоронғу залнинг поли, роял устида яшил доғлар пайдо қилиб ой шуъласи жимирлайди. Ўтган ёзнинг ҳайратлари яна Ковриннинг ёдига тушди, ўшанда ҳам ялапа ҳиди уфурганда деразада ой жилоланган. Ўтган йилги завқини қайта ҳис этиш илинжида хонасига шошиб кирди, аччиқ сигара чекди, малайга вино келтиришни буюрди. Аммо сигара томоғини ачитди, ёқмади, винодан ҳам ўтган йилги таъмни топмади. Унутиб юбордимикин! Сигара тутуни ва икки қултум винодан боши айланиб, юрак ўйноғи бошланди, зудлик билан бромли калий қабул қилишга мажбур бўлди.
Уйқуга ётишдан олдин Таня гап бошлади:
– Отамнинг сенга ҳурмати баланд. Сен эса, унга негадир қўрслик қиласан, бу қилиғинг унинг умрини емириб, адо қилади. Қара: кун эмас, соат сайин қарияпти. Ёлвораман, Андрюша, худо ҳаққи, раҳматли отанг ҳурмати ҳаққи, менинг хотиржамлигим учун отамга хушмуомалада бўл!
– Бўлмайман, истамайман ҳам.
– Аммо, нега? – сўради Таня қалтираб. – Менга тушунтириб бер-чи, нега?
– Шунинг учунки, менга ёқмайди, вассалом, – деди беҳафсала елка қисиб, – кел, у тўғрида гаплашмайлик: у сенинг отанг.
– Тушунмайман, тушунолмайман! – тўнғиллади Таня қўлидаги виски қуйилган қадаҳни сиқиб ва бир нуқтага тикилиб қолди. – Уйимизда ақл бовар қилмас даҳшатли воқеалар содир бўляпти. Сен ўзгариб кетдинг, ўзингга ўхшамайсан… Ақлли, ажойиб одам эдинг, энди арзимаган нарсадан жаҳлинг чиқади, жанжал кўтарасан… икир-чикирларга ҳам асабийлашаверасан, кейин эса, афсус чекасан, ўзингга ишонмайсан: сен ўзи ўшамисан? Ҳа, ҳа, аччиқланма, жаҳлинг чиқмасин, – давом этди у, айтган гапидан ўзи ҳам чўчиб кетиб эрининг қўлини ўпди. – Сен ақлли, марҳаматли, олийжанобсан. Отамга адолатли бўл. У жуда марҳаматли!
– У марҳаматли эмас, кўнгли очиқ, холос. Отангга ўхшаган ажойиб амакилар ўзига тўқ, олашовул, одатдан ташқари меҳмондўст, тентаксимон бўлади, бир вақтлар кўнглимга ёқиб, қиссаларда ҳам, ҳажвларда ҳам, ҳаётда ҳам мени хурсанд қилишган, энди эса, уларни кўрарга кўзим йўқ. Улар тиш-тирноғигача худбин. Айниқса, бўкиб овқат есалар ёмон кўриб кетаман, мешқоринга ўхшаб қоладилар, ҳўкиз ёки тўнғиздек кўринади.
Таня кўрпачага ўтириб, бошини ёстиққа қўйди.
– Бу азоб, – деди у, овозидан жуда толиққани, гапиришга мажоли қолмагани сезилди. – Қишдан бери тинч ўтган куним йўқ… Ахир, бу даҳшат-ку, Худойим! Қийналиб кетдим…
– Ҳа, албатта, мен – Иродман, сен билан отанг эса, миср болаларисиз. Албатта!
Ковриннинг юзи Таняга ўта хунук, ёқимсиз кўриниб кетди. Унга наф­рат, истеҳзо ярашмас эди. Ҳа, аввал ҳам унинг юзида нимадир етишмаслигини пайқаган, айниқса, сочини қирдиргандан кейин тамомила ўзгариб қолди. Уни ранжитадиган бирор гап айтгиси келди, аммо ўша заҳоти кўнгли нохуш бўлиб, ҳадиксираб, ётоқхонадан чиқиб кетди.

IX

Коврин мустақил кафедра олди. Кириш маърузасини ўқиш иккинчи декабрга тайинланди, бу тўғрида университет йўлагига эълон осиб қўйилди. Аммо ўша куни у касал бўлиб қолгани сабабли маъруза ўқий олмаслиги ҳақида талабалар назоратчисига телеграмма орқали хабар берди.
Унинг оғзидан қон келарди. Қон тупурар, аммо дард ойда икки марта зўрайиб, азобдан тинка-мадори қуриб, ҳушини йўқотиб ётиб қоларди. У касалдан чўчимасди, чунки раҳматли онаси шу дардга чалингандан ке­йин ҳам ўн йил, ҳатто ундан кўпроқ умр кўрган; бу дарднинг енгиллигига шифокорлар ҳам кафолат беришди, фақат ҳаяжонланмаслиги, соғлом турмуш кечириб, кам гапириш керак.
Январь ойида ҳам шу сабаб билан маъруза ортга сурилди, февралда эса, курсни бошлаш учун кеч бўлган эди. Маъруза ўқишни кейинги йилга қолдиришга тўғри келди.
Энди Таня билан эмас, ўзидан икки ёш катта, уни худди ёш боладай парвариш қиладиган бошқа аёл билан турмуш кечирарди. Энди тақдирга тан бериб, итоатли бўлиб қолган: бажонидил бўйсунади, Варвара Николаевна – дўстини шундай аташади – уни Қримга олиб боришга аҳд қилганда Коврин бу сафардан ҳеч бир наф чиқмаслигини билатуриб розилик берди.
Улар кечқурун Севастополга етиб келишгач, ҳордиқ чиқариб, куч йиғиб, келаси кун Ялтага етиб олиш учун бир кеча меҳмонхонада қолишди. Иккисини ҳам йўл ҳоритган эди. Варвара Николаевна чой ичиб бўлибоқ, жойига чўзилиб, ухлаб қолди. Аммо Коврин ётмади. Ҳали уйидалигида, вокзалга чиқмай туриб, Танядан хат олганди, аммо очишга журъат этолмади, ҳозир ўша хат ён чўнтагини чўғдек куйдирар, у ҳақидаги нохуш ўйлар тинчлик бермасди. Ҳозир самимий равишда, қалбининг туб-тубида Таняга уйланганини хато деб ҳисоблайди, у билан узил-кесил ажралишганидан мамнун, унинг тимсоли эса, бор-йўғи тирик мурдага айланди-қолди, фақат синчков тикиладиган катта-катта кўзлари ҳамон ёдидан ўчмайди, энди бу хотиралар аёлга нисбатан ачиниш, ўзига эса, нафрат туйғуларини уйғотади, холос. Хатжилддаги ёзув унга икки йил олдин ўзининг дилгирлиги, ёлғизлиги, ҳаётдан норозилигига ҳеч бир сабабчи бўлмаган одамларга тухмат қилганда ўта ноҳақ, шафқатсиз бўлганини ёдига солди. Ўшанда, бир куни касаллик пайтида ёзган диссертациясига қўшиб ҳамма мақолаларини йиртиб, майда-майда қилиб деразадан улоқтиргани, қоғоз парчалари шамолда дарахт шохи, гулларга илиниб қолгани ёдига тушди; ёзган ҳар сатрида ғалати, ҳеч бир асоссиз эътирозлар, енгилтабиатлик билан қилинган пичинг, қўрслик, буюклик васвасаси яққол сезилиб турарди, илмий изланишларидан фақат нуқсонларни эслайди, холос; сўнгги дафтарни ҳам парчалаб, деразадан улоқтиргандан сўнг нима сабабдандир кўксида чидаб бўлмас алам уйғонган, кейин тўғри хотинининг олдига йўл олган, бориб, унга кўп дилозор гаплар айтиб ташлаганди. Оҳ, Худойим, уни қандай хўрлади-я! Бир куни хотинининг дилини оғритиш учун унга, иккисининг турмуш қуришида отаси мунофиқлик, устамонлик қилгани, яъни алдаб, никоҳ уюштирганини айтиб юборди; тасодифан шу яқиндан ўтаётган Егор Семёнич бор гапни эшитиб, хонага югуриб кириб мушкул аҳволда қолди, тили калимага келмай фақат бир жойда турганча ер тепиниб, ғўлдирарди, холос, Таня бўлса, отасига қараб, титраб, қичқирганча беҳуш йиқилди. Ўтакетган бетамизликлар қилди ўшанда.
Буларнинг ҳаммаси таниш ёзувни кўргани асно хаёлидан бирма-бир кечди. Коврин балконга чиқди; сокинлик, илиқ ҳаво, денгиз ҳиди уфурар эди. Ажойиб кўрфазда ой ва чироқлар акси жилоланар, унда сўз билан ифодалаш мушкул рангинлик мужассам. Бу мовий, кўк рангларнинг нозик, ёқимли уйғунлиги ҳосиласи; айрим жойларда сув ранги мовий тусга, айримларида эса, ой нури қуюқлашиб, сув ўрнига кўрфазни нур қоплагандай, умуман, уйғун, сокин, ранглар тажаллиси ва ажойиб кайфият!
Пастки қаватда, балки балкон тагидаги дераза очиқ бўлса керак, аёлларнинг кулгуси баралла эшитиларди. Афтидан, базми жамшидга ўхшайди.
Коврин бор кучини жамлаб, хатни очди ва хонасига кириб ўқий бошлади:
“Ҳозир отам вафот этди. Бунинг учун сендан миннатдорман, чунки уни сен ўлдирдинг. Энди боғимиз пайҳон бўлади, бегоналар эгаллаб хўжайин чиқишди, бечора отам қўрқиб юрган мудҳиш воқеа содир бўлди. Бунинг учун ҳам сендан ўта миннатдорман. Сендан бутун борлиғим билан наф­ратланаман, тез орада ўлиб кетишингни тилайман. О, мен қанчалар азоб чекяпман! Кўксимни алам куйдиряпти… Минг лаънат сенга! Мен сени ажойиб инсон, даҳо дебман, сени севибман, аммо сен жинни экансан…”.
Коврин давомини ўқий олмади, хатни йиртиб ташлади. Бутун вужудини қўрқувга ўхшаш безовталик қамраб олди. Парда ортидан ухлаётган Варвара Николаевнанинг пишиллагани эшитилиб турар; пастки қаватдан эса, аёллар қийқириғи, кулгиси жаранглаб турган бўлса ҳам, бутун бошли меҳмонхонада у ўзидан бошқа тирик жон йўқдек ҳис этди.
Чунки бахтиқора, ғам адо қилган Таня ёзган хатида уни қарғаб, ўлим тилабди, ногоҳ кўнглини ваҳима босиб эшикка кўз ташлади, кейинги икки йил ичида ўзи ва яқинлари ҳаётида ҳаддан ортиқ бузғунчиликлар қилган ўша ёвуз руҳнинг эшикдан кириб, яна ўз измига солишидан қўрқиб кетди.
У энди бошидан ўтган табибдай, асаби қақшаганда, дарддан халос бўлишнинг ягона йўли – ишга андармон бўлиш кераклигини яхши биларди. Нима бўлса ҳам столга ўтириб бирон фикр билан хаёлини чалғитишга уринди. Қизил портфелидан унча катта бўлмаган қурама ишлар тафсилоти ёзиладиган дафтарчасини чиқарди, буни Қримда бекорчиликдан зерикиб қолишини ўйлаб олган эди. У столга ўтириб, ёзувлар билан машғул бўлди, яна кўнглида хотиржам, бепарво, итоаткор кайфият қайта уйғонгандай туюлди. Тафсилотлар ёзилган дафтарча, ҳатто бевафо дунё­нинг бенаф икир-чикирларини ҳам ўйлашга ундади. Ҳаёт инсонга бериши мумкин бўлган арзимас неъмат эвазига қанчалар кўп нарса талаб қилишини ўйлаб кетди. Масалан, қирқ ёшни қоралай деганда мустақил кафедра олиш, оддий профессор бўлиши учун ланж, зерикарли, оғир, содда тилда, устига-устак, ўзгалар фикрини баён қилиш, – бир сўз билан айтганда, ўртамиёна олим даражасига етиш учун у – Коврин ўн беш йил тинимсиз ўқиб-ўрганди, туну кун ишлади, оғир руҳий хасталикни бошдан кечирди, толесиз никоҳга дуч келди ва эслашни ҳам истамайдиган қанча ноҳақлик, телбаликларни енгиб ўтди. Охир-оқибат, англаб етдики у – ўртамиёна одамлардан бири экан, холос, ва бунга бажонидил рози бўлди, шукр қилди, унинг фикрича, ҳар бир киши, ким бўлса ҳам, ўз тақдирига бўйсуниши, пешонада борини кўриши лозим.
У дафтарча билан андармон бўлиб қоларди, аммо майдалаб йиртилган хат парчалари полни оқартириб, фикрини жамлашга халал берди. У столдан турди, хат парчаларини йиғиб олиб, деразадан сочиб юборди, аммо денгиздан эсган енгил шабада парчаларни қайтариб токчага урди.
Яна унинг борлиғини қўрқув ҳисси қамраб олди, яна бутун бошли меҳмонхонада ўзидан бошқа тирик жон йўқдай туюла бошлади… У балконга чиқди. Кўрфаз худди жонлидай, унинг саноқсиз мовий, кўк, феруза ва оловли кўзлари унга тикилиб, ўзига имлаётгандай кўринди. Аслида, ҳаво иссиқ, дим эди, чўмилса ҳам зарар қилмасди.
Бирдан балкон тагидаги пастки қаватда скрипка овози янграб, овози нозик икки аёл куйлай бошлади. Бу қўшиқ танишдай туюлди. Пастдагилар куйлаётган романс паришонхаёл қиз ҳақида: у кечаси боғда сирли оҳангларни тинглаб, бу уйғун наво муқаддас, биз бандалар учун тушунарсиз деган қарорга келади…
Ҳаво етишмай, ҳасратдан юраги хун бўлган Ковриннинг кўксини аллақачон унутилган ғаройиб, ширин орзиқишлар титратди. Кўрфазнинг нариги соҳилида баланд қора устун – ё уюрма, ё қуюн – пайдо бўлди. У даҳшатли тезликда кўрфаз устидан меҳмонхона тарафга бостириб келаверди, яқинлашган сари тобора кичрайиб, қорайиб борарди, унга йўл бериш учун Коврин ўзини аранг четга олиб қолди… Роҳиб ялангбош, ялангоёқ, сочи оқ, қоши қора, қўлини кўксига қовуштирганча ёнидан ўтиб, хона ўртасида тўхтади.
– Нима учун менга ишонмадинг? – гинахонлик қилди у Ковринга ёқимли жилмайиб. – Ўшанда сен даҳосан, деб айтган гапимга ишонганингда кейинги икки йилинг бунчалик қайғули, зерикарли ўтмас эди.
Ковриннинг ишончи комил, у – Худо назарига тушган даҳо, у қора роҳиб билан орада бўлиб ўтган гапларни дарров эслаб, нимадир демоқчи эди, аммо оғзи тўла қон кўкрагига оқиб тушди, у нима қиларини билмай кўксини чангаллади, шунда ёқаси жиққа ҳўл эканини пайқади. Парда ортида ухлаётган Варвара Николаевнани уйғотмоқчи бўлиб, бор кучини тўплаб, чақирди:
– Таня!
У полга йиқилди, қўлига суяниб қайта туришга уринаркан, яна чақирди:
– Таня! – деб қичқирди.
У Таняни чорлади, шудринг тушган мунаққаш гулларни, ям-яшил муҳташам боғни чорлади, томошабоғни чорлади, бароқ илдизли қарағайзорни, тўлқинланган жавдарзорни, мўъжизакор илмни, навқирон ёшлигини, мардлигини, бахтини чорлади, гўзал ҳаётни чорлади. У полда юзига тегай деб турган қон кўлобига кўзи тушгач, мадори қуриб, бошқа бирон сўз айтолмади, аммо бутун вужудини ифодалаб бўлмас, туганмас бахт чулғади. Пастда, балкон тагида серенада янграр, қора роҳиб эса, унинг даҳолигини, одамзоднинг нимжон жисми мувозанатини йўқотгани, энди даҳога тан бўлолмаслиги, шунинг учун жон бераётганини шивирлаб айтди.
Варвара Николаевна уйғониб, парда ортидан чиққанда Коврин ўлиб ётар, юзида табассум қотиб қолган эди.

1894

Рус тилидан Ҳумоюн таржимаси

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2019 йил 10-сон