Шарқ мумтоз шеъриятида оҳу, кийик cингари атамалар кўплаб ишлатилади. Уларнинг ҳар бири ўз ўрнида нафосат ва гўзаллик, қўрқув ва ҳадикни англатади. Қадимдан кийиклар ҳақида куй-қўшиқлар, афсоналар кўплаб яратилган ва кенг тарқалган. Териси ва гўштининг қимматбаҳолиги туфайли бундан бир неча йиллар олдин аёвсиз қирилган жониворлар аллақачон халқаро муҳофаза ҳужжати – “Қизил китоб”га ҳам киритилган. Бугунги авлод, афсуски, уларнинг айрим ёрқин турлари билан фақатгина сурати орқали танишишга мажбур.
Қорамоллар, қўй ва эчкидан ташқари барча жуфттуёқли кавш қайтарувчи ҳайвонлар кийиклар, деб аталади. Қовушшоҳлилар оиласига мансуб сутемизувчилар уруғи бўлмиш кийиклар ҳам бошқа ҳайвонот олами аъзолари цингари кўпаяди, насл қолдиради. Аммо уларнинг ҳаёт тарзи, кўпайиши бошқаларига ўхшамайди. Улар апрел ва май ойларида бир ёки иккитадан бола туғади. Кийиклар тутқун ҳолда, маданий боқувда эркинликдагига қараганда жуда тез кўпаяди, болалари ҳам кам вақтда улғайиб, оёққа туриб олишади, бироқ табиий шароитдагидан кўра сезиларли қисқа умр кечиради. Энг ачинарли жиҳати шундаки, улар озодликда ҳам бор-йўғи 6-7 йил, нари борса, 9 йил яшаркан, холос.
Кийиклар одатда очиқ ерларда, дашту биёбонларда умргузаронлик қилади. Танасининг тупроқ рангига ўхшашлиги кўпинча душманни чалғитиб, муқаррар хавфдан сақлаб қолади. Бундан ташқари, улар енгил ва тез югуради, унча-мунча йиртқич унинг ортидан чопиб, толиқиб қолиши кузатувчилар нигоҳида кўп бор такрорланган. Масалан, асосан Марказий Осиё ва Ғарбий Осиёда яшовчи жайронлар соатига 62 километр тезликда югура олади. Уларнинг кескин бурилиши, тўсатдан йўналишни 90 градус бурчак остида ўзгартириши қоплон, сиртлон ва бошқа гўштхўрларни ҳолдан тойдиради. Аксинча, танлаб ейишга одатлангани учун кўпинча оч қолиб, югурганда чарчаб, ёв ўлжасига ҳам айланади.
Кийикнинг 12 та, баъзи манбаларда 20 тага яқин тури кўрсатилади. Жумладан, аддакс, саудия (Саудия Арабистони), чинкара (Ҳиндистон, Эрон, Покистон), геренук, ғизол, билкис (Яман), арабика, спика, кюве, сариқ, сариқтумшуқ, томсон, жайрон, сайғоқ, гранти, антилопа, импала кийиги ва ҳоказо.
Улардан Ўзбекистон, Мўғулистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Покистон, Озарбойжон, Хитой цингари давлатларда оҳулар ва жайронлар машҳур. Оҳулар ва уларнинг ўзига хос сифатлари тўғрисида кўп эшитганмиз, ўқиганмиз. Мактаб, касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртлари адабиётларига киритилган кўплаб бадиий асарларда оҳу образига бот-бот дуч келамиз. Ўтган замонларда Шарқ халқларининг зодагон оилалари оҳуларни ўзларига рамз қилиб олишган, чунки оҳулар одамлар орасида ҳайвонларнинг энг тоза ва олий вакили сифатида таассурот уйғотган. Ҳомиладор аёллар маълум вақт давомида соатлаб оҳуларнинг кўзларига термулиб ўтиришган экан. Улар туғилажак фарзанди ана шундай чиройли, хушбичим ва шаҳло кўз бўлишига ишонган. Кийикнинг нигоҳлари чиндан ҳам жуда жозибадор ва ўйноқи бўлади.
Оҳуни ғизол деб ҳам аташади. Бу сўз асли араб тилидан ўзлашган, унинг юнон тилидаги ифодаси ҳам йўқ эмас: газелла. Ғизолнинг узунлиги 85-170 сантиметрдан ошмайди, бўйи 50-110 сантиметргача ўсади. Барча кийиксимонлар цингари ғизолларнинг фақат эркагида шохи бўлади (умуман, бу алоҳидалик барча кийикларга хосдир). Улар ташқаридан лирасимон қайрилган бўлади. Албатта, шохлар маълум вазифани бажаради: рақиб оҳу билан ҳудуд масаласини ҳал қилиш ва йиртқичлардан энг сўнгги ҳимоя воситаси сифатида ҳимояланиш учун асқотади.
ХХ аср бошида ғизоллар, жайронлар ўлкамизнинг қарийб кўплаб жойларида ёввойи ҳолда яшаган. Собиқ шўро тузуми яратиб берган ваҳшиёна имкониятдан сайёдлар унумли фойдаланди, улар томонидан амалга оширилган сон-саноқсиз овлар туфайли сайғоқу оҳулар миқдори кескин камайиб кетади. Пулдор кимсалар, хорижий меҳмонлар иштирокида тоғ ён-бағрида кечадиган зиёфатлар кийик гўшти аралашмаган таомсиз ўтмасди. Шу тариқа бир пайтлар дашту ўрмонларга зеб бағишлаган, халқнинг узвий бойлиги саналган жониворларнинг маълум вақт давомида туёқ изларини ҳам учратиш амри маҳол бўлиб қолди. Шукрки, орадан кўп ўтмай, қадрдон кийиклар юртимизнинг Бухоро, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида янги ҳаётини бошлади. Ушбу ҳудудларда кийикларни кўпайтириш учун махсус парваришхоналар очилди.
Ушбу жониворлар оҳулар ичида “қора қуйруқ”, “хара-сута”, “қора дум” деган номлари билан ҳам ажралиб туради. Унинг яғринидан бўйи 75 см.гача, думи 25 см.гача узунликда, вазни 33 кг.гача бўлади. 30 см. узунликдаги шохи қора рангда, танасининг туси ёздагига қараганда қишда ёрқинлашади.
Жайронлар чўл ва чалачўлларда, тақир-тақронларда, қумликларда умргузаронлик қилади. Уларни тоғ ён бағирларида ҳам учратиш мумкин, бироқ баланд қояларга чиқолмайди. Жазирама ёзда булоқ ва дарё қирғоқларида жон сақлайди. Саратон иссиғидан қочиб, салқин жойларда бир неча кунлаб ўтламасдан, кавш қайтариб ётади. Улар қайноқ ҳолатдаги сувни ичиб ҳам чанқоғини қондираверади, сувсизликка чидамли. Қишда ўт-эмиш излаб, уч кунда 15 км. йўлни босиб қўяди, бунда саксовул, янтоғу юлғунлар билан озиқланади. Изғиринли дамлар келиб, кунлар қаттиқ совиб кетса, шимолдаги жайронлар жанубга (ёнғин пайти жанубдаги подалар шимолга) кўчади, бу узоқ давом этувчи машаққатли юришда жониворларнинг кўпчилиги нобуд бўлади.
Жайронлар кам умр кечиргани туфайли эрта балоғатга етади, икки ёшга тўлар-тўлмас жуфти билан қўшилади ва 5 ярим ой деганда ёш кийикчаларни дунёга келтиради. Икки ярим ёшдан ҳудуд ва “сардорлик” масаласини ҳал қилишга киришади.
Ушбу жониворлар териси, гўшти, шохи ва киндигидан олинадиган антиқа мушк-анбар учун овланган.
Жанубий Осиё, Миср ва Африканинг бошқа ҳудудида ҳам кийиклар яшайди. Қадимги Мисрда оҳулар иккита муҳим аҳамиятга эга бўлган. Биринчиси, ёввойи ҳайвонларни қўлга ўргатиш мумкинлигини дастлаб айнан улар орқали англаган, уларнинг сутини соғиб ичган, гўштини истеъмол қилган, иккинчи томондан эса, кийикларда саҳро ва ёвузлик илоҳи Сетнинг ёввойи тажассумини кўриб, улардан ҳайиқишган, қўрққан. Яъни бир ҳайвонда икки хил сифат зоҳир, унинг гўзаллиги-ю нафосати алдамчи хусусиятга эга, деб ўйлаган. Шимолий Миср аҳолиси кийикни бошланажак уруш ва мағлубият рамзи сифатида қабул қилиб, унинг шарафига қурбонлик келтирган. Жанубий Миср аҳолиси кийикларни “илоҳлар қироличаси”, “само қироличаси” дея атаган ва сиғинган.
Бўйининг узунлиги тахминан 65 см., шохларининг узунлиги 20-39 см.гача келадиган чинкара (ҳинд ғизоли) ўртача 25 кг. вазнга эга бўлади. Унинг териси майин, кўзларининг тагидан то оғзигача иккита қора чизиқ тортилган. Ранги қизғиш, қорин қисми оқ рангда. Чинкаралар ҳинд яйловларида учтадан ўттизтагача тўпланиб, эрта тонг маҳали ёки ғира-шира тунда ўтлайди, худди туялар цингари узоқ вақтгача сувсиз яшай олади.
Кенг тарқалган кийиклардан яна бири – геренук. У сомали тилидаги «гарануг» сўзидан олинган, демак, геренуклар подасини Африка қитъасида учратиш мумкин. Ташқи кўринишидан жирафани ёдга солса-да, у қадар баланд эмас, пастак дарахтларга емиш илинжида орқа оёқларида тикка кўтарилганда, 150 см.гача чўзилади. Вазни 43-50 кг.дир. Шохларининг узунлиги 35 см.ни, яғринидан бўйи 95 см.ни ташкил этади. Геренуклар ўтмишда Миср ва Суданда ҳам учраган, аммо айни кунда фақат Сомали ва Эфиопиядан то Шимолий Танзаниягача бўлган ҳудудларда кенг тарқалган. Ана шу ҳудуд илмий тилда геренуклар ареали дейилади. Геренуклар денгиз сатҳидан 1800 метр баландликдаги тоғ қояларига бемалол кўтарила олади.
Кийиклар ичида энг тез югурадигани Томсон оҳулари бўлиб, улар соатига 80 км. тезликда чопади. У шотланд олими Жозеф Томсон номи билан аталади. Суданлик аҳоли Томсон оҳуларини халоскор сифатида қадрлайди, қаровсиз қолган одам болаларини оч қоплонлар ҳужумидан асраб қолиш учун ўзларини қурбон қилган жасоратли кийиклар ҳақида афсона ҳам яратилган.
Африка саванналари, Арабистон ярим ороли, Сурия ва Америкада тарқалган она антилопалар ҳар 5-6 ойда болалайди ва шу боис, умрининг охиригача кетма-кет туғиладиган зурриётлари парвариши билан банд бўлади. Ҳозирда кўплаб ўлкаларда антилопалар осонлик билан хонакилаштирилиб, кўпайтирилмоқда.
Кийиклар сергак ҳайвонлар ичида биринчи ўринда турса, ажабмас. Хавфни жуда тез пайқайди. Фақат “лоқайд” сайғоқларгина то йиртқич рўпарасида пайдо бўлмагунча пинагини бузмайди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, она табиатнинг тилсиз мўъжизаларидан бири – кийикларнинг гўзаллигидан баҳра олиш, моддий жиҳатларидан манфаат йўлида тинимсиз фойдаланиш оқибатида бугун инсоният етказаётган зарар шер, йўлбарс, бўри, қоплон, ёввойи дала мушуги ва бургут цингари йиртқичлар зиёнидан 2 баробар кўп экан. Дунёдаги неча минглаб кўнгилочар гўшалар, ҳайвонот боғларида тутқунликда сақланувчи кийикларнинг маҳзун кўзидаги изтиробни уқиш, унсиз оҳини тинглаш нақадар аянчли, қанчалик қайғули бўлмасин, афсуски, шикору сайдларга буткул барҳам берилмаяпти. Бинобарин, етмиш яшар отахондан шундоқ ҳам ўн марта кам умр кўрувчи кийиклар деярли бутун ҳаётини ҳадик-у қўрқувда, муттасил хавотирда ўтказади. Шундай экан, уларнинг нажоткорига айланиш ҳам, сайёдига айланиш ҳам ўзимизга боғлиқ…
Зоҳиджон Холов
“Маърифат” газетасидан олинди.