Шимол ўлкаларида, ботқоқликларда, торф ва мох босган майдонларда мухоловкага яқин уруғдош — росянка ўсади. Унинг асосий мақсади — ўлжасини елимлаб қўйиш. Росянка сиртдан мухоловкага ўхшайди, аммо унинг тиканлари йўқ, оч-қизил тукчаларида ёпишқоқ суюқ томчилари ялтираб туради. Чанқоғини бостирмоқчи бўлган ҳашаротларни ана шулар елимлаб олади. Ҳашарот, масалан, пашшанинг кичкина оёқлари тукчаларига тегиши билан ўсимлик ёпишқоқ суюқлик ажрата бошлайди, натижада пашша бутунлай елимланиб қолади. У оёқчаларини сугуриб олмоқчи бўлиб, типирчилайди, аксига олиб ёпишқоқ суюқлик изчил ажралиб чиқаверади. Бу орада ёпишқоқ тукчалар пашшани қучиб олади ва батамом баргига елимлаб ташлайди. Кейинги жараён мухоловканикидай давом этади.
Ботаник олимлар росянканинг 80 га яқин турини аниқлашган. Россияда кичик, гугурт қутисидай келадиган тури ўсса, Жанубий Америкада росянканинг энг каттаси ўсади ва у қирол деб аталади. У кичикроқ жониворларни тутиб олиши ва ҳазм қилиши мумкин.