Инсон минг йиллар мобайнида учаётган юлдузни кузатиб, бу қандай содир бўлиши тўғрисида хаёлларга толган. Бир вақтлар, улар ўзга дунёлардан учиб келади, деган қараш ҳам ҳукм сурган.
Эндиликда учаётган нарса «юлдуз» эмаслигини яхши биламиз ва уларни «метеорлар» деб атаймиз. Улар қаттиқ жисмлардан таркиб топган, космик фазода ҳаракат қилаётиб, баъзан Ер атмосферасига ҳам кириб қолади.
Метеор атмосферадан ўтаётганда, осмонда ёрқин из қолдиришини кузатишимиз мумкин. Бу из метеор юзаси ҳавода ишқаланиши натижасида иссиқлик ажралиб чиқишидан ҳосил бўлади.
Қизиғи шундаки, аксарият метеорлар жуда кичкина, тўғноғич бошчаси катталигидадир. Шу билан биргаликда, айрим метеорларнинг оғирлиги бир неча тоннага ҳам етиши мумкин. Аксарият метеорлар атмосферада ёниб кетади, фақат катта метеорларгина Ер юзасига етиб келади. Олимларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, бир кеча-кундузда Ерга минглаб метеорлар тушади, аммо Ер юзасининг асосий қисмини денгиз ва океанлар ташкил этгани учун ҳам метеорлар купинча сувли ерларга инади.
Биз бирор йўналишда учиб ўтаётган метеорни ҳам кўришимиз мумкин, лекин, минглаб учаётган юлдузлардан иборат метеорлар оқимига ҳам кўзимиз тушиб қолади. Ер метеор оқимини кесиб ўтаётганда, атмосферанинг юқори қатламларига тушган кўплаб метеорлар қизиб кетади ва биз шунда «метеорлар ёмғири»нинг гувоҳи буламиз.
Метеорлар қандай пайдо бўлган? Ҳозирги мунажжимлар метеорлар оқимини кометаларнинг қолдиғи деб ҳисоблашади. Комета парчаланиб кетганда, унинг миллионлаб зарралари космосда метеорлар оқими сифатида айлана орбита бўйлаб ҳаракат қила бошлайди. Ер ҳар 33 йилда шундай метеорлар оқими орбитасини кесиб ўтади.
Ер юзасига етиб келган метеор «метеорит» деб аталади. У ерга оғирлик кучи билан тушади. Мелоддан аввалги 467 йилда Қадимги Римда метеорит тушгани қайд этилган. Қадимги Рим тарихчилари буни муҳим воқеа сифатида солномаларга рақам этишган.