Астероид нима?

Дунёда осмон жисмларини кашф этиш сирнинг ошкор бўлишига ўхшайди. Астероидлар ҳам худди шундай кашф қилинган.

Тициус ва Боде деган икки олим турли вақтда, Марс — Миррих билан Юпитер — Муштарий ўртасида қандайдир сайёра бўлиши керак, деган бир хулосага келишди, чунки бу икки сайёра ўртасидаги масофада қандайдир очиқ жой бор эди. Шунинг учун бир неча мунажжимлар бу сайёрани излашга киришиб кетишди.

1801 йилда ҳақиқатан ҳам ўша жойда Церера деб ном олган сайёра топилди. Лекин унинг диаметри, бор-йўғи, 600 милдан иборат. Олимлар у кичик сайёралар гуруҳига мансуб бўлиши керак, деган қарорга келишди ва изланишларни давом эттиришди.

Бир оз вақт ўтгач, энг каттаси Церерадан икки марта кичик бўлган яна учта сайёра кашф этилди. Мунажжимлар бу тўрт сайёра қайсидир бир номаълум сайёра портлаши натижасида ҳосил бўлган тўрт бўлак, деган хулосага келишди. Аммо ўн беш йиллик муттасил изланишлардан сўнг бир мунажжим яна бир кичик сайёрани излаб топди ва изланишлар давом эттирилди.

1890 йилга келиб 300 та кичик сайёра топилди, 1890 ва 1927 йиллар оралиғида эса улардан яна 2000 таси кашф этилди. Асосан, Марс ва Юпитер ўртасидаги фазода Қуёш атрофида айланадиган бу кичик сайёралар астероидлар номини олди.

Ҳисоб-китобларга қараганда, уларнинг сони 100 000 тага етади, улардан айримлари жуда кичик бўлгани учун топиш анча мушкул бўлган. Айримларининг кўндаланг ўлчами бир неча юз метр, холос, уларнинг умумий массаси Ер массасининг арзимас қисминигина ташкил этади.

Астероидларнинг пайдо бўлиши тўғрисидаги фаразга кўра, улар Юпитер йўлдоши портлаши натижасида ҳосил бўлган парчалардир.