Ҳайвонларнинг тери ёки патларини янгиси билан алмаштиришини биз туллаш деймиз. Ёввойи ҳайвонлар, рептилиялар, қушлар ҳатто айрим ҳашаротлар туллайди.
Қушлар ўз ҳаётлари мобайнида турли патларнинг бутун бир тўпламини ўстиради. Вояга етиши билан патлар ёш кўринишига хос рангга эга бўлади ва қувватдан кетиши баробарида эски патлар тушиб кетади ва уларнинг ўрнига янгилари ўсиб чиқади. Патлар юлиб олинганда ҳам айни ҳол такрорланади.
Бундан ташқари, айрим қушлар жуфтлашиш даврида янги ёрқин патлар ўстиради. Шу тариқа аксарият қушлар бир йилда икки марта: жуфтлашишдан олдин ва жуфтлашишдан кейин туллайди.
Қушларнинг деярли барчаси кўп «олиб юрган» патларини бир вақтда ташламайди, бу туллаш даврида учиш қобилиятини сақлаб қолишига имкон яратади. Айни чоғда, аэродинамик мувозанат йўқолмаслиги учун патларнинг бири чап томондан, иккинчиси ўнг томондан жуфт ҳолда тўкилади. Фақат ўрдак, ғоз ва оққушлар туллаш даврида ҳамма патларини тўкади ва учолмай қолади. Улар сувда сузувчилар бўлгани учун хавфдан қутулиш мақсадида учиши шарт эмас, уларга сувга тушиб олишнинг ўзи кифоя қилади.
Туллаш даврида тиниқ патли нарлари кўпинча бир хил рангга бурканади, бу уларнинг ниқобланишига қўшимча имкон беради.