Римда насронийликни ким жорий қилган?

Чет мамлакатлардаги ҳар қандай дин ҳам римликларга ёқавермас эди. Масалан, улар Британия ва Галлияда мавжуд бўлган, одамларни қурбонлик қиладиган друидлар динини таъқиб этишарди. Рим бир неча бор уруш олиб борган Яҳудодан насронийлик империяга яширин кириб кела бошлади. Маъмурлар насронийларни таъқиб этишар ҳамда уларни амфитеатрда оммавий қирғин қилишни тез-тез уюштириб туришарди. Шунга қарамай, насронийлик яшовчан бўлиб чиқди ҳамда эрамизнинг 313 йилида император Константин уни Римнинг расмий дини сифатида эълон қилди. Бироқ кўплаб римликлар, аввалгидек, мажусий маъбудларга сиғинишарди.

Қачонлардир илк насронийлар ўзлари нафратланган Рим империясини унинг маданияти билан бирга яксон этишни орзу қилишганди. Эндиликда маълум бўлишича, ёввойи қабилалар ҳужуми пайтида нобуд бўлаёзган антик цивилизациядан кўп нарсани сақлаб қола олган куч айни насронийлик бўлган экан. Герман қабилаларидан биронтасининг насронийликка кириши эртами-кечми бу қабилада Ғарб черкови тили — лотин тилини биладиган, диний китобларни ўқий оладиган, рим рақамларини, рим календарини ва ҳатто ҳуқуқини биладиган кишилар пайдо бўлишини билдирарди. Лотин Библиясини, оз бўлса-да, тушуниш учун даставвал Рим классикларининг насрий ва назмий асарлари билан танишиш зарур эди. Шу боис насронийлар қадимги буюк мажусийлар — Гораций ва Овидий, Цицерон ва Тит Ливийлар асарларини хавфсала билан кўчириб ёза бошлаганлар. Қадимги римликларнинг кўплаб асарлари айни шу илк ўрта асрлар кўчирмалари орқали бизгача етиб келган. Кўҳна билимларни сақлаб қолиш ва тарқатишдек оғир меҳнат, энг аввало, монахлар зиммасига тушди.