Кечаси нур сочадиган юлдузлар ва кундузи оламни мунаввар этадиган Қуёш бир хил эканига ишониш қийин.
Қуёш ҳам Ерга энг яқин юлдуздир. Ердаги ҳаёт Қуёшга боғлиқ эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Қуёш нури тафтисиз Ерда ҳаёт вужудга келмас эди. Қуёш нури тафтисиз ўсимликлар ҳам, ҳайвонлар ҳам, одамлар ҳам бўлмас эди.
Қуёш диаметри — кўндаланг ўлчами 1 400 000 км.лик юлдуздир. Бу кўрсаткич Ернинг диаметридан 109 марта катта.
Қуёш билан Ер ўртасидаги масофа 150 000 000 км.дир. Қуёшнинг массаси Ерникидан 1 300 000 марта оғирдир. Лекин, қизиғи шундаки, Қуёш Ер сингари қаттиқ жисм эмас.
Буни исбот қилиш осон: Қуёш юзасидаги температура Цельсий шкаласи бўйича 6000 даражага етади. Бундай иссиқликда ҳар қандай металл ёки тош газга айланиб кетади, шунинг учун Қуёшнинг таркиби газдан иборат!
Илгари олимлар қуёш нури, тафти ёниш натижасида пайдо бўлади, деб ҳисоблашар эди. Аммо Қуёш юзаси юз миллионлаб йиллардан бери ҳаддан ташқари иссиқ бўлиб келаётгани инобатга олинса, ҳеч нарса бу қадар узоқ ёнмаслиги маълум бўлади.
Бугунги кунда олимлар Қуёш атом бомбасидаги каби ҳолатда иссиқлик ажратиб чиқаради, деган хулосага келишди. Қуёш материяни энергия — қувватга айлантириб беради.
Бу жараён ёнишдан фарқ қилади. Ёниш вақтида материя бир ҳолатдан иккинчи бир ҳолатга ўтади. Катта миқдордаги энергияни ҳосил қилиш учун жуда оз миқдордаги материя кифоя қилади. 28 грамм материя ажратиб чиқарадиган энергия 1 миллион тоннадан ошиқ тоғ жинсларини эритиш учун етарлидир.
Агар фаннинг фикри тўғри бўлса, Қуёш материянинг энергияга айланиш жараёни доимий бўлгани учун ҳам нур сочади. Қуёш массасининг бир фоизигина у 150 млрд йил давомида ҳозиргидай иссиқ бўлиб туриши учун етади!
Барибир, Қуёш кўриниб турадиган юлдузлар ичида энг каттаси эмас. Ҳисоб-китобларга қараганда, ўта катта юлдуз Бетельгейзенинг диаметри Қуёшникидан 850 баробар каттадир. Ваҳолонки, мунажжимларнинг фикрича, у ҳам энг катта юлдуз эмас. Қуёшга нисбатан кичикроқ юлдузлар «миттивойлар» деб аталади. Энг кичик юлдузлар эса оқ миттивойлардир.