Қадимги ривоятлар ва афсоналарда қирққулоқнинг гули кўп тилга олинади. Уларда айтилишича, қирққулоқ ҳар йили бир марта, яъни 24 июнга ўтар кечаси, Иоанн туғилган кун гуллар эмиш. Қирққулоқ гулини топиб олган киши бахтли ва бой-бадавлат бўлар эмиш. Бошқа бир ривоятда айтилишича, қирққулоқ гуллаган ерда дафина бўлар эмиш.
Ҳақиқатан ҳам қирққулоқ гуллайдими? Маълум бўлишича, у фақат эртакларда гуллар экан. Табиатан қирққулоқ гулламайди, уруғ ҳам ҳосил қилмайди, аксинча, тирик туғувчилар деб аталадиган турларнинг япроқларида ҳосил бўладиган куртаклар ҳамда ўқилдизларнинг бўлиниши натижасида ва споралар ёрдамида кўпаяди.
Споралар ўсимлик ва замбуруғларнинг кўпайиш ва тарқалишга хизмат қиладиган махсус ҳужайраларидир. Нам ерга тушган споралар униб чиқади ва уруғлангандан сўнг янги ўсимликка айланади. Қирққулоқ споралар ёрдамида кўпаядиган ўсимликлар орасида кенг тарқалгандир. Унинг 11 000 га яқин тури бор. Улар бутун Ер шарига тарқалган, аммо аксарияти намликни хуш кўргани учун тропикларнинг тоғли ўрмонларида ўсади.