Қарға нега зарарли қуш саналади?

Аксарият қушларга биз хайрихоҳлик билан қараймиз ва уларни дўстларимиз, деб биламиз. Гап қарға ҳақида кетганда, дарров кайфиятимиз хомуш тортади. Маълумки, фермерлар кўрганда қўрқади ва яқин йўлатмайди, деган уй билан уларга қарши қўрғич ўрнатадилар.

Гарчи қарғаларнинг ахлатчи сифатида сал-пал фойдаси тегса-да, уларнинг фойдасидан зарари бисёр. Биринчидан, қарғалар устаси фаранг ўғри бўлади. Улар нафақат бошқа уялардаги тухумларни, балки полапонларни ҳам ўғирлайди! Улар ҳатто товуқхоналарга ҳам тухум қидириб тушади ва энди очилган жўжаларни ушлаб олса, ўзи билан олиб кетади. Энг ёмони улар ҳосилга жуда катта зиён еткизади. Қарғалар экинларни роса еб ва пайҳон қилганидан фермерлар уларни ўзларининг ашаддий душмани, деб биладилар.

Қарғаларнинг узунлиги 48 сантиметр атрофида бўлади. Унинг туси, жумладан, панжа ва тумшуғи ҳам қоп-қора. Ҳар ерда ҳозир нозир бу қуш ўзининг каттагина тумшуғидан ҳар хил мақсадларда фойдаланади. Унинг иштаҳаси ёмон эмас, у меваларни, уруғу донларни, паррандалар тухумию ҳашаротларни ёки қурбонининг тоза гўштини ейди. У ҳар хил овқатларни тановул этгани учун ҳам бирон жойга учиб кетишга эҳтиёж сезмайди (айримлари қишда жануб томонларга учиб кетади).

Қарғалар фавқулодда ўткир нигоҳли ва эшитувчан. Уларни кўпинча катта ва кичик гала бўлиб юрган ҳолатда кўриш мумкин, гала бўлганда улар душмандан унчалик ҳайиқмайди. Қарғалар жуда айёр ҳисобланади, аммо уларни алдаш учун ҳам кўпгина усуллар ўйлаб топилган. Қарғалар ўз полапонларига жуда садоқатли бўлади. Шунинг учун ҳам улар макиён қарғанинг хириллаган ва кескин товуш чиқариши билан бир жойга тўпланади. Яна улар баъзи пайтлари қирғий ва бойўғлиларга ҳужум қилади, шунинг учун уларни тутиш мақсадида қирғий ва бойўғлилар тулумидан фойдаланилади.

Қарғалар уяларини дарахтларга 9 метрдан кам бўлмаган ҳолда қуради ва эрта баҳорда бола очади. Мана шу вақтда улар якка ҳолда кун кечиради. Ёш қарға учиши билан гала яна тўпланади. Қишда улар кенг бир дарахтзор жойга тўпланади ва тунни шу ерда ўтказади. Эрталаб улар ҳар ёққа овқат излаб учиб кетади ва кун ботиши билан шу ерга қайтиб келади.