Канарейканинг ватани қаерда?

Вьюроклар катта оилани ташкил этиб, дарахтда яшайдиган қушлар туркумига мансуб қуш. Унга Британияда кенг тарқалган қушлар (масалан, чумчуқлар, сариқ тумшуқлар ва коноплянкалар) ва канарейкалар киради.

Канарейкаларни жуда кўп мамлакатларда парваришлашади, аммо унинг асл ватани Канар, Мадейра ва Азор оролларидир. Эркин яшайдиган канарейкалар вьюроклар оиласига мансубдир, узунлиги 14 сантиметр атрофида, тўқ яшил, елкаси пушти йўлли, бўғзи яшилтоб сариқ тусда бўлади.

Канарейкаларни илк бор XVI асрда қафасларда парваришлашган, бугунги хонаки канарейкалар ёввойи турдошларидан бироз фарқланади. Бу одамларнинг канарейкаларни муайян хусусиятларига қараб парваришлагани ва айримларидан воз кечишга урингани билан боғлиқдир. Канарейкаларнинг айрим турларини сайроғи учун, бошқаларини чиройли қомати, учинчиларини ранги учун парваришлашади.

Сайрайдиган хонаки канарейкалар анча кенг тарқалган. Бу қушлар ҳозирги вақтда Америкада муваффақиятли кўпайтирилмоқда, аммо уларнинг энг чиройли сайроқчилари Германиянинг Гарц тоғларида яшайди.

Ёш канарейкалар бошқа қушларнинг овозига тақлид қилишини биласизми? Канарейкаларни сайроқи қилиш учун катта сайроқи канарейкалардан фойдаланишади. Баъзан канарейкаларни булбулдай сайратиш мумкин, бунинг учун булбул хиргойиси ёзилган магнит лентаси бўлса кифоя.

Канарейкаларни парваришлаш осон. Уларнинг қафаси тагида доимо тоза қум бўлиши керак. Қушларга ҳар куни тоза сув берилиши ва ҳар куни ванна қабул қилдириш лозим. Уларга қандайдир қуш таомлари ва озроқ кўкат, масалан, майдаланган майса ёки салат баргларидан бериш зарур. Уларга нордон мевалар беришни тавсия этмаймиз. Улар каракатица (денгиз моллюскаларининг бир тури) данакларини чўқилашни яхши кўради ва улардан танасига зарур бўлган оҳак олади.

Канарейкалар елвизакни жуда тез илғайдилар, шу сабабли улар солинган қафасларни қишда деразалар ёнига қўймаслик керак. Вақти-вақти билан уларнинг қанотчаларини учиш учун машқ қилдириб туришга тўғри келади, шу боисдан уни ёпиқ хонага қўйиб туриш керак. Канарейкаларнинг тирноғи ўсиб кетганда, уларни қирқиб туриш лозим.