Гўнгқарғалар нега шудгорда сайр қилишни ёқтиради?

Гўнгқарғалар учиб келиши ҳамоно сокин дарахтзорлар чуғур-чуғур ва пир-пирлар оғушида қолади. Дастлабки кунлар улар қувонч ҳиссига тўлиб, гала-гала ва яккам-дуккам бўлиб далалар узра учади, ҳатто парвоз чоғи бир-бирлари билан тўқнашиб, жанжаллашадилар, дарахтларга келиб қўнгач, бошини пастга эгиб, думларини кериб ва қанотларини силкитиб, тебранадилар. Бир неча кун ўз эркида учиб юрадилар, сўнг бошқа қушлар каби уя қуришга киришадилар. Уяларини қуриб битиргач, гўнгқарғалар бироз жимиб қолишади: макиёнлари тухум босади, нарларининг янги ташвишлари бошланади — уларни, кейин очиб чиққан полапонларини боқиш керак. Бу вақтга келиб, майдонларда қор қолмайди, озиқ муаммоси ҳал этилади. Гўнгқарғалар ўзларининг узун тумшуқларини ерга ботириб, личинкалар, шиллиққурт ва бошқа зараркунандаларни, қўнғизларни тутадилар, кўзлари сичқонга тушиб қолса, уни ҳам тинч қўймайдилар.

Кейин ер ҳайдови бошланади. Далаларда тракторлар тариллайди, аммо бу товуш гўнгқарғаларга халақит бермайди. Ҳатто аксинча, ёрдам беради. Гўнгқарғалар машиналардан ҳам, одамлардан ҳам чўчимайди. Моторлар гувиллашини эшитишлари ҳамоно далага ёғилиб келади. Машиналарга тиркалган тишлар ерни ағдаради. Тишлар ортидан гўнгқарғалар изма-из эргашади, сал довюраклари тиш тагига киргудай бўлади, мақсади личинка ва чувалчанглар ерга тушиб кетмаса. Гўнгқарға ўлжасини олиши билан полапонларини овқатлантиргани уяси томон шошилади. Гўнгқарғачалар уни тумшуқларини катта очиб кутади ва жон-жаҳди билан чирқ-чирқ қилади. Ота гўнгқарға тумшуқчалардан бирига чувалчангни тиқади ва яна янги улуш олиш мақсадида ҳайдов трактори ёнига учади.