Европалик сайёҳлар Янги Дунёга борганларида ўзларига ғаройиб ва янги туюлган нарсаларни олиб қайтганлар. Масалан, Жанубий Америка опоссуми (қопчиқли каламуш) 1500 йили Бразилиядан олиб келинган, 1770 йили эса капитан Кук ўзи Австралияда кўрган кенгуру тўғрисида гапириб берган. Ўша вақтгача Европада ҳеч ким бундай ҳайвонлар тўғрисида эшитмаганди — улар халталилар эди.
Халталилар сут эмизувчиларнинг алоҳида туркуми ҳисобланади. Уларнинг илмий номи «халта» деган маънони англатувчи «марсупион» сўзидан келиб чиққан. Бу ҳайвонлар туғилганидан сўнг онаси танасидаги халтадан чиқмай яшашлари ва озиқланишлари билан ажралиб туради.
Бу улар учун жуда зарур, чунки халталилар туғилганда шу қадар кичик ва заиф бўладики, улар ўзини-ўзи эплай олмайди. Улар ҳатто озиқланишни ҳам билмайди. Ёш кенгуру ва опоссумлар ҳатто бир мунча катта бўлиб қолганларида ҳам бирор хавф туғилиб қолгудай бўлса, югуриб келиб оналарининг халталарига кириб яширинади.
Тоғларда топилган тошга айланган ҳайвонлар қолдиқларига асосланадиган бўлса, қачонлардир ҳалталилар курраи заминнинг ҳамма ерида яшаган. Ҳозирги кунда халталиларнинг деярли барча турини Австралия ва унинг атрофидаги ороллардагина учратиш мумкин. Шимолий ва Жанубий Америкада яшовчи халталиларнинг ягона вакили бўлган опоссум уларнинг ҳар хил турлардан биридир.
Австралияда халталиларнинг ғоят хилма-хил турларини: узунлиги бир неча дюйм бўлган кўрсичқонга ўхшаш мўъжаз жонзотлардан то улкан кенгуругача учратиш мумкин. Улардан айримлари, масалан, бандикутлар қуёнга ўхшаб кетади. Бошқалари, айтайлик, вомбатлар қундузга, тилатсинлар (ёки тасман бўрилари) бўрига ўхшаш бўлади.
Ҳалталилар ерда ёки маймунлар каби дарахтларда яшай олади. Ҳалталилар оиласига мансуб кускусларнинг айримлари ҳатто учувчи олмахон каби дарахтдан дарахтга учиб ўтиши мумкин. Ҳалталилар жуда хилма-хил емишлар билан озиқланади. Уларнинг айримлари фақат сабзавот, бошқалари ҳашарот ёки гўшт, яна бошқалари эса топган-тутганини истеъмол қилади.