Биз одамни ялқов деганимизда, унинг дангасалигини ва сусткашлигини назарда тутамиз. Бундай хусусиятлар кун ва тун 18 соат ухлайдиган шу номдаги ҳайвонни эслатади.
Ялқовлар Марказий ва Жанубий Америкада Никарагуадан то Бразилиягача бўлган ҳудудда яшайдиган ғаройиб кўринишдаги ҳайвонлар ҳисобланади. Улар дарахтларда яшайди, ўрмонсиз ерларда ҳеч қачон учрамайди. Ялқовлар — сут эмизувчилардир. Улар чумолихўр, броненосец, найтиш билан ўхшашликка эга.
Ялқовнинг иккита: икки бармоқли ва уч бармоқли тури мавжуд. Уч бармоқлари ҳар бир оёғида учтадан бармоққа эга. Икки бармоқлилари — олдинги оёқларда иккита ва орқа оёқларда учта бармоққа эга бўлади.
Улар шохларда оёқларини юқорига, орқаларини пастга қилиб осилиб туришда оёқлари ва бармоқларидан фойдаланади. Тунда улар ўзлари озиқланадиган барглари ва новдаларни излаб, шохларда сустлик билан ҳаракат қилади.
Ялқовлар дарахтларда, бақувват шохларнинг тепасида ухлайди. Баъзида улар ерга сирпаниб тушади, дарё ёки кулга етгач, ҳеч бир ҳадиксиз унга шунғийди ва енгил сузиб кетади.
Ялқовнинг ақлий қобилияти жуда заиф, чунки мияси нихоятда кичкина. Тана ҳарорати барча сут эмизувчилар орасида энг паст бўлган бу ҳайвон баъзида ўзини иссиққонлидан кўра кўпроқ совуққонли ҳайвон сингари тутади.
Ялқовнинг муйнаси кулранг ва пахмоқ бўлади. Баъзида муйнасида сув ўти ўсади ва у яшил тус касб этади. Бу ялқовга қўл келади, чунки яшил ранг уни бургутлар, ягарлар ва бошқа йиртқичларга мутлақо сездирмайди.