Кўпчилигимиз пальмани манзарали дарахт деб биламиз. Суратларда уни айрим шаҳарларнинг кўчаларида ёки тропик пляжлар олдида ўсиб ётган ҳолда ҳаммамиз кўрганмиз, албатта.
Аслида тўрт мингга яқин турли-туман пальмалар бор, улар орасида инсонга жуда катта фойда келтирадиганлари ҳам йўқ эмас. Фойдали пальмаларнинг меваси, танаси ва нозик япроқлари инсонни озиқ билан таъминлайди. Япроқлари, шохлари, танасидан ёғоч олинади, томларни ёпиш, ҳасса ва арқон тайёрлашда фойдаланилади. Пўстлоғи ва япроқларидан эса қоғоз, газмол, сават, шляпа, чўтка ва бўйра тайёрланади. Фил пальмаси ёнғоғидан тугма олинади. Пальманинг айрим турлари шарбати қайта ишланиб, шакар, шароб ёки асал тайёрланади.
Пальмаларнинг аксарияти бир хил кўринишга эга. Уларнинг танаси тўғри ва шох-шаббасиз ўсади, фақат тепа қисмида бир боғ япроқлари бўлади. Бошқа турдагиларининг эса танасидан ҳам шохлар ўсади, улардан бир тури чийралган чирмовуқни эслатади. Пальмаларнинг бўйи бир неча сантиметрдан 23 метргача етади. Барча пальмаларнинг япроғи қўл кафтига ухшайди.
Ялтироқ ва қалин япроқлар елпиғич ёки паррандалар патига монанддир. Уларнинг эни бир неча сантиметрдан 3 метргача, бўйи эса 9 метргача етади. Пальманинг мевалари ўлчами ҳам ҳар хил. Улар нўхатдай кичкина ёки кокос ёнғоғи сингари (футбол тўпидай келади) катта бўлиши ҳам мумкин. Мевалари хурмо сингари юмшоқ, баъзиларининг пўчоғи ёғочдай қаттиқ бўлади.
Пальма АҚШ жанубида, Мексикада, Жанубий Америкада, Осиёда, Африкада ва Европанинг жанубида, шунингдек, Тинч океанининг барча тропик оролларида ўсади. Пальманинг айрим турлари чўллардаги қуруқ қумлоқларда, бошқалари эса унумдор ва нам тупроқда унади.
Гарчи пальма, асосан, тропикларда ўсса-да, унинг Анд тоғларининг шимолидаги 3960 метр баландликда ўсадиган бир тури ҳам бор. Унинг турлари ранг-баранг эканини тасаввур қилиш учун зайтун пальмаси, саго пальмаси, пальма-пальмира, карам пальмаси (Австралияда ўсади), тугма пальмаси, тожбаргли пальма ва кокос пальмасини санаб ўтиш кифоя. Сават тўқиш учун рафия — толалар Малага пальмасидан олинади.