Океан улкан сув кенглигидир. Ер юзида жами тўртта океан бор: Тинч, Атлантика, Ҳинд ва Шимолий Муз океанлари.
Шуни унутмангки, Тинч океанининг ғарбий чеккаси Осиё, шарқий чеккаси Америка билан туташ. Американинг шарқий ва Европа ва Африканинг ғарбий соҳиллари Атлантика океани билан, Африканинг шарқий, Осиёнинг жанубий ва Австралиянинг ғарбий соҳиллари Ҳинд океани билан чегарадош.
Океанлар ичида энг кичиги Шимолий Муз океанидир. У Осиё, Европа ва Американинг шимолий соҳилларидадир.
Океанлар анча чуқурдир. Уларнинг ўртача чуқурлиги 5000 метргача етади. Аммо уларда бундан ҳам чуқурроқ жойлар, ботиқлар бор. Марианна ботиқлигининг чуқурлиги 11 022 метрдир. У Ердаги энг чуқур жой ҳисобланади.
Денгизлар ҳам икки турга бўлинади: ички ва ташқи денгизлар. Ички денгиз қитъанинг ичкарисида, ташқи денгиз эса қитъа билан туташ бўлади.
Шимолий денгиз Атлантика океанига туташдир, демак у ташқи денгизлар сирасига киради. Ички денгизларга Ўрта Ер денгизини мисол қилиб келтириш мумкин.
«Қўлтиқ» ва «кўрфаз» сўзлари ўзаро маънодош. «Кўрфаз» сўзи кўпроқ ишлатилади. Одатда, қуруқлик ичига ботиб кирган, янаям тўғрироғи, уч томони қуруқлик билан ўралган сувлик шу сўзлар билан ифодаланади. Биафра ва Форс кўрфазлари шулар жумласидандир.
Қўлтиқ ва кўрфазлар суви унчалик чуқур бўлмайди. Бу табиий. Денгиз туби аста-секин кўтарилаётгани сабабли кўрфаз бир кун келиб қуруқликнинг бир қисмига ҳам айланиши мумкин.
Харитадан денгиз, кўрфаз ва қўлтиқларни бемалол топиш мумкин.