Чор атрофда ҳаёт учун ўта зарур, аммо фойдаланиш учун «тутиб олиш» керак бўлган нарса нима эканини биласизми? Бу — азот.
Биз нафас олаётган ҳавонинг 4/5 қисми азот газидан таркиб топган. Биз уни қандай ютган бўлсак, шундай чиқарамиз. Ундан кислородни «суюлтириш» учун фойдаланамиз. Негаки, уни биратўла кўп миқдорда ютиб бўлмайди. Барча тирик ҳужайралар таркиб топган модда — протоплазма ҳосил бўлиши учун кислород керак. Асосий озуқа материяси бўлмиш протеин эса таркибида азот бўлган моддалардан ҳосил бўлади.
Шундай қилиб, азотни ҳаводан ажратиб олиш ўта муҳим аҳамиятга эга. Бу жараён азотнинг йиғилиши деб аталади. Бу жараённинг асосий қисмини бактериялар бажаради.
Азотни йиғувчи бактерияларнинг икки тури мавжуд. Уларнинг биттаси ўсимликларнинг илдизида, иккинчиси эса тупроқда эркин ҳолда бўлади. Улар қандай қилиб азотни «йиғишади»? Бу бактериялар азотни тўғридан-тўғри ҳаводан олишади ва кислород билан бириктириб, протеинлар ҳосил қилишади.
Илдиз бактериялари фақат ловия, себарга, йўнғичқа ва нўхат каби экинлар илдизига ўрнашиб олади. Аммо улар бу ўсимликларга керагидан ошиқча азот йиғади, натижада уларнинг илдизида керагидан ортиқ азот йиғилиб қолади. Экинлар қуриб қолганда ёки устки қисми ўриб олинганда, ошиқча азот ерга ўтади. Далаларга устма-уст қишлоқ хўжалик экинлари экилганда ва ҳосил йиғиб олинганда, азот тупроққа қайтмайди. Тупроқ шу тариқа экинларни ундириш хусусиятини йўқотади. Шунинг учун ҳам деҳқонлар ўғитдан фойдаланишади. Тупроққа натрий селитраси, аммоний сульфати, ҳайвон ва паррандаларнинг тезаги сингари азот ўрнини босадиган ўғитлар билан ишлов берилади.
Бугунги кунда тупроқдаги азот миқдорини қайта тиклаш учун уни сунъий равишда йиғиш усулларидан фойдаланилади.