Нима учун зайтун «тинчлик дарахти» деб аталади?

Зайтун доимий яшил дарахт (ёки бута) бўлиб, ёввойи ҳолда ўсади. У бундан тўрт минг йилдан ошиқ вақт муқаддам Сурия ва Эгей денгизи оролларида маданийлаштирилган, кейинчалик Ўрта Ер денгизи атрофига тарқалган.

Кўпгина халқлар ушбу ажойиб мевали ва манзарали дарахтни муқаддас деб билишган. Унга ҳурмат бажо келтирилган, афсона ва ривоятларда улуғланган. Шулардан бирини эътиборингизга ҳавола этамиз. Кунлардан бир кун денгиз худоси Посейдон ва донишмандлик илоҳаси Афина ўртасида Аттика устидан ким ҳукмронлик қилиши тўғрисида мунозара туғилади. Худолар машварат ўтказиб, улардан қайси бири Аттика аҳолисига кўпроқ наф келтирса, шу ғалаба қозониши тўғрисида қарор қабул қилинади. Посейдон уч айрили найзасини ерга санчганида, ундан шўр сув фаввораси отилиб чиқади. Афина ҳам ўз найзасини ерга санчади. Найза гўзал ва гуллаётган зайтунга айланади. Донишманд худолар Афинани ғолиб деб топишади. Бу афсона одамларнинг зайтунга нисбатан ҳурмати ва миннатдорчилиги белгисидир.

Шундан бери зайтун хуш ният, тинч меҳнат билан йўғрилган ҳаёт белгиси ва тинчлик рамзи ҳисобланади. Қадимги Олимпия ўйинлари ғолиблари бошига зайтун шохларидан тайёрланган чамбар кийдирилган. Олимпия ўйинлари ўтказилаётган пайт барча урушларни тўхтатишдай ажойиб анъана бўлган. Илк марта буюк рассом Пабло Пикассо тумшуғида зайтун шохини тишлаб олган кабутар суратини чизган эди. Барча мамлакатларнинг рассомлари ҳозир ҳам бу суратни тинчлик рамзи сифатида қайта-қайта чизишади.

Ўхшаш мақолалар: