Ростдан ҳам, нима учун? Ахир, фақат тошбақа ва мушукларгина ўзига ўхшаш наслларини дунёга келтирмайди-ку! Кунгабоқар уруғидан фақат кунгабоқар, момоқаймоқдан — момоқаймоқ униб чиқади. Одамларнинг болалари ўз ота-оналарига икки томчи сувдек ўхшаш бўлиши ажабланарли эмасми? Бунинг сабаби нимада экан?
Бу жумбоқ устида бундан 100 йил муқаддам Чехиянинг Брно шаҳрида яшайдиган, ҳали ҳеч кимга таниш бўлмаган ўқитувчи Грегор Мендел бош қотирганди. У рангли нўхотча устида кўп йиллар тажриба олиб борган ва тирик организмда ўзининг кўпгина белгилари — шакли, ранги ва бошқаларни наслдан-наслга ўтказиш имконини берадиган қандай хусусиятлар борлигини аниқлашга уринган.
Узоқ давом этган тадқиқотлар натижасида Грегор Мендел барча тирик организмлар таркиб топадиган ҳужайраларда жуда майда, оддий кўз билан кўриб бўлмайдиган зарралар борлигини, айнан шу зарралар ирсий белгиларнинг ўтиш ҳодисасини бошқариб туришини таъкидлайди. Грегор Мендел бу зарраларни генлар деб атайди.
Кўп йиллардан сўнг олимлар Мендел фаразини тасдиқладилар. Кимёгарлар ишончли асбоблардан фойдаланган ҳолда тирик организмларда молекулалар борлигини аниқладилар ва бу молекулаларни ДНК деб атадилар. Бу молекула таркибидаги модданинг ҳар бир заррачаси ҳужайрага у қандай организмни, қандай шакл, жинс, ранг ва шу кабиларни яратиши кераклиги тўғрисида «буйруқ беради».
Бу ҳайратомуз молекулада баъзан хатоликлар ҳам рўй бериб туради, шунга қарамай, ҳеч қачон бўридан қуёнча, итдан мушукча туғилмайди.