Аксари ҳайвонлар ўзаро мулоқотда бўлиши мумкин, аммо уларнинг ҳеч қайси бири одам сингари гаплаша олмайди. Яъни бирорта ҳайвон сўздан фойдаланмайди.
Қушлар сайрайди, бошқа қушларга тушунарли бўлган товушларни чиқаради. Ҳайвонлар мулоқотда ҳид, ҳаракат, товушлардан фойдаланади, улар шодлик, ғазаб, қўрқувни ифодалаши мумкин.
Аммо инсон нутқи — жуда мураккаб жараён ва бирорта ҳайвон уни такрорлашга қодир эмас. Бунинг сабабларидан бири инсонда бутун бошли органлар туркуми мавжудлигида бўлиб, булар ёрдамида у сўзлар таркиб топадиган товушларни талаффуз қилади. Бизнинг товуш тилчаларимиз алоҳида усулда титрайди, бўғиз, оғиз ва бурун бўшлиқлари алоҳида усулда созланади! Лаблар тишлар, пастки жағ, тил ва танглай ўзига хос усулда ҳаракат қилади. Буларнинг барчаси унли ва ундош товушларни талаффуз қилишга мослашган, буни ҳайвонлар такрорлашга қодир эмас. Ҳайвонлар сўз ва гап тузиш учун товушларнинг бутун бир туркумини талаффуз қилолмайди.
Ҳайвонлар нима учун гаплаша олмаслигининг яна бошқа, муҳимроқ сабаби бор. Сўзлар — нарсалар, хатти-ҳаракатлар, сезгилар, тажрибалар, ғоялар рамзи. Масалан, «қуш» сўзи — учадиган жонли объектни ифодалаш учун қўлланган рамз. Бошқа сўзлар унинг ранги, шакли, учиши ва сайрашини ифодалайди. Учинчи гуруҳ сўзлардан қуш ва унинг хатти-ҳаракатлари тўғрисидаги фикрни ифодалаш мақсадида фойдаланиш мумкин.
Бошқа киши билан мулоқотда бўлиш мақсадида сўзларни қўллаш маълум йўсинда уюштирилган рамзлардан фойдаланишни англатади. Бунинг учун маълум даражада ақл-идрок бўлиши талаб этилади, бу эса ҳайвонларда йўқ. Шунинг учун улар инсон сингари гаплаша олмайди.